язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Тадбиркорлик субъектлари/ Ўзбекистон Республикасида хусусий тадбиркорлик тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.02.1992 й. 85-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 26 февралдаги

85-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида хусусий

тадбиркорлик тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Хусусий тадбиркорлик - бу ташаббускорлик, амалдаги қонунчилик доирасидаги хўжалик фаолияти бўлиб, шахсий даромад (фойда) олиш мақсадида таваккалчилик билан ва ўз зиммасига мулкий жавобгарлик олиб, ёлланма меҳнатни жалб этган ҳолда фуқаролар (алоҳида фуқаро) томонидан амалга оширилади.

Хусусий тадбиркорлик юридик шахс бўлмасдан амалга ошириладиган якка тадбиркорлик фаолиятини ҳам ўз ичига олади.


2. Хусусий тадбиркорнинг мулки давлат, кооператив ёки бошқа корхона мулкининг ҳаммаси ёки бир қисми фуқаро мол-мулкига утиши ёки сотиб олиниши, ижарадаги мол-мулкнинг сотиб олиниши ёки қонунда назарда тутилган бошқа воситалар билан шахсий жамғармалар, банк кредитлари асосида сотиб олиниши, шунингдек, тадбиркорнинг давлат мулкидан ва жамоат ташкилотларининг мулкидан фойдаланиши асосида, юқорида санаб ўтилган мулк шаклларини уйғунлаштириш асосида вужудга келади.


3. Фуқаролар - тадбиркорларнинг хусусий мулкчилигига асосланган корхона хусусий корхона бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик ҳақида" ва "Ўзбекистон Республикасида корхоналар ҳақида"ги Қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик хужжатларига ва мазкур Низомга мувофиқ фаолият кўрсатади.

Хорижий юридик шахслар ва фуқароларнинг хусусий тадбиркорлигини вужудга келтиришнинг, фаолиятининг, уни тугатишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий асослари Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасида хорижий сармоялар ҳақида", "Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида"ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 12 ноябрдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган хорижий сармоялар билан корхоналар, халқаро бирлашмалар, уларнинг таркибий бўлинмаларини тузиш, фаолият кўрсатиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомлар билан тартибга солинади.


4. Қоракалпоғистон Республикасида хусусий тадбиркорликни вужудга келтириш, фаолият кўрсатиш ва уни тугатишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий асослари Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан тартибга солинади.



II. ХУСУСИЙ КОРХОНАНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА

УНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ТАРТИБИ


5. Хусусий корхоналар юридик шахс ҳисобланадилар, улар мустақил балансга, муҳрга, ҳисоб-китоб счётига эга бўладилар.


6. Хусусий корхона ўзи жойлашган ердаги ноҳия, шаҳар ва шаҳарлардаги ноҳиялар ҳокимликларида давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб юридик шахс ҳуқуқини олади.

Юридик шахс бўлмасдан ўз фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган Тадбиркор яшаш жойидаги ноҳия, шаҳар ва шаҳарлардаги ноҳиялар ҳокимликларига ариза беради.

Давлат рўйхатига олиш "Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслардан рўйхатга олганлик учун ундириладиган йиғим ва бундай шахсларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

7. Хусусий корхоналар ўз филиалларига, тармоқ корхоналарига ва ваколатхоналарига эга бўлишлари мумкин.


8. Хусусий корхонани давлат рўйхатига олиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган корхоналарни давлат рўйхатига олиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Ноҳия, шаҳар ва шаҳарлардаги ноҳиялар ҳокимликларида давлат рўйхатига олиш учун тадбиркорнинг аризаси ва корхонанинг устави тақдим этилади.


9. Хусусий корхонани рўйхатга олиш ёки уни рўйхатга олмасликни асосли равишда рад этиш зарур ҳужжатлар билан ариза берилган кундан бошлаб 10 кун ичида амалга оширилади. Агар корхона белгиланган муддатда давлат рўйхатига олинмаган бўлса ёхуд корхонани рўйхатга олиш асосли равишда рад этилган бўлсаю, Тадбиркор уни асоссиз деб билса, у судга мурожаат этиши мумкин,


10. Корхонани давлат рўйхатига олганлик учун Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда давлат божи олинади.


11. Якка тартибдаги меҳнат фаолияти хусусий тадбиркорликнинг шаклларидан бири ҳисобланади ва жисмоний шахслар томонидан юридик шахс бўлмасдан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан рухсат берилган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган жисмоний шахсни давлат рўйхатига олиш бу шахс доимий яшайдиган жойдаги туман, шаҳар, шаҳардаги туман ҳокимлиги томонидан амалга оширилади.

Давлат рўйхатига олганлик тўғрисидаги гувоҳнома рўйхатга олувчи орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги белгилайдиган шакл бўйича уч нусхада расмийлаштирилади. Гувоҳноманинг бир нусхаси тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган жисмоний шахсга берилади, иккинчи нусхаси тадбиркор рўйхатга олинган жойдаги солиқ органига юборилади, учинчи нусхаси рўйхатга олган органда қолади.

Аҳолига енгил автомобиль транспортида хизмат кўрсатиш, расмга тушириш, қурилиш, фуқароларга тегишли квартираларни (уйларни ва бошқа хоналарни) тузатиш ва ободонлаштириш, фуқаролар томонидан уюштириладиган тўйларда, тантаналарда ва бошқа тадбирларда маданий хизмат кўрсатиш, мол-мулкни (қурилмалар, квартиралар, хоналар ва автомобиллардан ташқари) прокатга (ижарага) бериш, аквариум балиқлари кўпайтириш бўйича юридик шахс бўлмасдан давлат рўйхатига олинганлик тўғрисида ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга деган гувоҳнома фуқаролар томонидан даромад солиғининг белгилаб кўйиладиган суммаси тўлангандан сўнг берилади. Даромад солиғининг белгиланган суммалари ноҳия, шаҳар ва шаҳарлардаги ноҳиялар ҳокимликлари томонидан белгиланади.



III. ХУСУСИЙ КОРХОНАНИНГ

МУЛКИ ВА ФАОЛИЯТИ


12. Хусусий корхонанинг мулкини асосий ва айланма маблағлар, шунингдек, қиймати корхонанинг мустақил балансида акс эттириладиган бошқа бойликлар ташкил этади.


13. Хусусий корхона мулкини шакллантириш ва кўпайтириш манбалари қуйидагилар бўлиши мумкин:

мулкдорнинг пул ва моддий маблағлари;

маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан, шунингдек, хўжалик фаолиятининг қонун билан тақиқланмаган бошқа турларидан олинган даромадлар;

банклар ва бошқа кредит берувчиларнинг кредитлари;

қимматдор қоғозлар билан бўлган муомалалардан олинган дивидендлар;

қимматдор қоғозларни сотишдан олинган даромадлар;

мерос бўйича, айирбошлаш ва инъом қилиш йўли билан олинадиган мол-мулк;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


14. Хусусий корхонанинг эгаси ўз мол-мулки бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид келмайдиган исталган хатти-ҳаракатларни қилишга ҳақлидир.


15. Хусусий корхона мулкдорга хусусий ва шахсий мулк ҳуқуқида тегишли бўлган ўз мулки билан мажбуриятлар бўйича жавоб беради.


16. Хусусий корхона эгаси ишлаб чиқариш, тижорат ва юридик мустақилликка эга бўлади. Хусусий корхонани бошқаришни унинг эгаси ташкил қилади.


17. Хусусий корхона ўз маҳсулотларини (ишларни, хизматларни), ишлаб чиқариш чиқиндиларини мустақил равишда ёки шартнома асосида белгиланган нархлар ва тарифлар бўйича, амалдаги қонунлар билан назарда тутилган ҳолларда эса, бошқариладиган нархлар бўйича реализация қилади.


18. Барча ишлаб чиқариш харажатларини қоплашга кетган маблағларни (иш ҳақи, ижара учун тўлов, қарзларни ва ссудалар бўйича фоизларни тулаш ва ҳоказо шунга киради) маҳсулотни реализация қилишдан тушган тушумдан чиқариб ташлагандан кейин келадиган соф фойда мулкдорнинг тадбиркорлик даромади ҳисобланади, ундан у ўз хоҳишига кўра фойдаланади.


19. Хусусий мулк асосида фаолиятни амалга оширувчи корхонанинг даромадларига корхона эгасининг шахсий даромадлари сифатида қаралади ва "Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан, хорижий шахслардан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан даромад солиғи олиш тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ солиқ олинади.


20. Хусусий Тадбиркор пул маблағларини сақлаш ва барча турдаги ҳисоб-китоб, кредит ва касса операцияларини амалга ошириш учун исталган банкда ҳисоб-китоб ва бошқа счётларни очиши мумкин.


21. Хусусий корхона томонидан ишлаб чиқарилган буюмлар фирма белгиси ёки ишлаб чиқарувчининг фамилияси, буюмларнинг номи ёки рамзи, буюмни тавсифловчи бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳолда албатта тамғаланиши керак.


22. Ўзга фирма ва товар белгиларини, шунингдек, бир ишлаб чиқарувчининг маҳсулотларини бошқа Тайёрловчининг буюмлари билан аралашиб кетишига йўл қўядиган исталган маълумотларни ўзлаштириб олишга йўл қўйилмайди.


23. Рақобатчининг обрўсига путур етказишга қаратилган хатти-ҳаракатлар қилишга ишлаб чиқариш квоталари тўғрисида барча тил бириктиришларга, сотиш ва таъминот бозорларини бўлиб олишга, эркин рақобатни чеклаш мақсадида танҳо Юкори ёки паст нархларни ушлаб туришга йўл қўйилмайди.


24. Хусусий корхона ўз маҳсулотини ва капитал қурилишни ихтисослаштирилган таъминот-сотиш ташкилотлари, биржаларнинг хизматларидан фойдаланиш, ярмаркаларда, кимошди савдосида ва бевосита маҳсулот ишлаб чиқарувчилардан, шунингдек, импорт бўйича сотиб олиш йўли билан мустақил равишда моддий-техник таъминлашни ташкил этади.

Давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот ишлаб чиқарувчи, ишларни (хизматларни) бажарувчи хусусий корхоналар белгиланган тартибда фондли моддий-техника ресурслари билан таъминланадилар.


25. Хусусий корхона эгаси белгиланган муддатларда давлат солиқ органларига шахсий даромадлари тўғрисидаги декларацияни, статистика органларига эса хусусий корхонанинг ишлаб чиқариш ва молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этади.


26. Хусусий корхона белгиланган формалар бўйича статистика ва бухгалтерия ҳисобини юритади. Хусусий корхона эгаси ҳисобот маълумотларининг ишончлилиги учун қонун билан белгиланган тартибда жавоб беради.


27. Хусусий корхонанинг молия ва хўжалик фаолиятини текшириш Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари билан юклатилган солиқ ва бошқа давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Хусусий корхонанинг молия-хўжалик фаолияти текширилаётганда текширувчи органлар томонидан корхонанинг тижорат сирларидан иборат маълумотларнинг сақланишига ва ошкор қилинмаслигига риоя этиш таъминланади.



IV. ХУСУСИЙ КОРХОНАДА ИШЧИ КУЧЛАРИНИ

ЁЛЛАШ ВА МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


28. Хусусий корхоналар ходимларни меҳнат шартномаси (контракти) бўйича ёллайди. Меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилади, унда Томонларнинг ҳуқуқи ва бурчлари кўрсатилади.


29. Меҳнат шартномаси (контракти) қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

муайян мутахассислик, малака ёки лавозим бўйича ишларни бажариш мажбуриятлари;

шартнома тузилган муддат;

меҳнат ва унга ҳақ тўлаш шартлари, ижтимоий ва тиббий су-гурта ҳамда ижтимоий таъминот тартиби;

Ходимнинг ижтимоий ҳимояланганлиги;

меҳнат шартномасини бузганлик учун жавобгарлик;

Томонларнинг келишуви бўйича бошқа маълумотлар.


30. Хусусий корхоналар Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ҳақидаги қонунчилиги талабларига риоя этишга, корхонада ички меҳнат тартиби қоидасини белгилашга, хавфсизлик, санитария ва меҳнат гигиенаси талабларига риоя қилишга мажбурдирлар.


31. Хусусий корхонада ишлайдиган ходимларга белгиланган тартибда меҳнат дафтарчаси берилади.


32. Ёлланма ишчиларнинг шартнома ёки контрактда келишилган меҳнат ҳақи давлат томонидан белгиланган энг кам миқдорлардан паст бўлмаслиги керак.


33. Хусусий Тадбиркор Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ижтимоий ва тиббий суғурта ҳамда ижтимоий таъминот жамғармаларига мажбурий ажратмаларни амалга оширади.


34. Хусусий корхоналарда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланган иш куни, иш ҳафтаси ва меҳнат таътилининг давом этиш муддатига риоя қилинади.


35. Хусусий корхонада ишлаш вақти корхонанинг Ўзбекистон Республикаси Пенсия жамғармасига ажратмалари асосида пенсия олиш ҳуқуқини берувчи меҳнат стажига қўшилади.


36. Хусусий корхоналардаги меҳнатга оид низолар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ҳал этилади.


37. Хусусий корхонадаги ёлланма ходимлар сони (филиаллар, тармоқ, корхоналар ва ваколатхоналардаги ишловчилар сонини қўшганда) куйидагилардан кўп бўлиши мумкин эмас:


Саноатда ва қурилишда - 200 кишигача;

ишлаб чиқариш соҳасининг бошқа тармоқларида - 50 кишигача;

ноишлаб чиқариш соҳаси тармоқларида - 25 кишигача;

чакана савдода - 15 кишигача.



V. ХУСУСИЙ КОРХОНАНИ ТУГАТИШ


38. Хусусий корхонани тугатиш мулк эгасининг қарорига кўра ёки суднинг (ҳакамлик судининг) қарори билан таъсисчиларнинг корхона ташкил этиш тўғрисидаги актлари суд томонидан ҳақиқий эмас, корхона инқирозга учраган, фаолият кўрсатиши Ўзбекистон Республикаси қонунига хилоф деб топилган ҳолларда амалга оширилади.


39. Хусусий корхона давлат рўйхатидан чиқарилган пайтдан бошлаб тугатилган ҳисобланади.


40. Бюджет ва ташкилотлардан, тугатилган хусусий корхона ходимларидан қарзлар белгиланган тартибда тўлангандан кейин қолган маблағларнинг бир қисми корхона эгасига тегишли бўлади.



VI. ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИККА

ДАВЛАТ КАФОЛАТЛАРИ


41. Давлат хусусий тадбиркорнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишига кафолат беради, эркин равишда виждонан рақобатлашиш учун шароит яратади, моддий-ашёвий, молиявий, меҳнат, ахборот ва бошқа ресурслардан фойдаланиш учун тенг имкониятларни таъминлайди, ушбу ресурслар бозорининг монополия қилинишига йўл қўймайди.


42. Агар давлат органи ёки бошқа орган томонидан ўзининг ваколатига ёхуд қонунчилик талабига мос келмайдиган акт чиқарилиши натижасида хусусий тадбиркорнинг ҳуқуқлари бузилса, у бундай ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир.


43. Давлат органлари ёки бошқа органларнинг ёхуд уларнинг мансабдор шахсларининг хусусий тадбиркорнинг ҳуқуқларини бузувчи кўрсатмаларини бажариш натижасида хусусий тадбиркорга етказилган зарарлар, шунингдек, бундай органлар ёки мансабдор шахслар томонидан хусусий тадбиркорга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган мажбуриятларнинг етарли даражада амалга оширилмаслиги оқибатида етказилган зарарлар ана шу органлар томонидан қопланади. Зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар суд томонидан ҳал этилади.