язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Электрон рақамли имзо. Электрон ҳужжат айланиши/ Шартномаларни тузишда электрон рақамли имзоларни қўллаш ва электрон ҳужжатларни ҳамда электрон тижоратда қўлланиладиган электрон хабарлардаги мавжуд ахборотни сақлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.06.2016 й. 185-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 2 июндаги

185-сон қарорига

2-ИЛОВА



Шартномаларни тузишда электрон рақамли

имзоларни қўллаш ва электрон ҳужжатларни

ҳамда электрон тижоратда қўлланиладиган

электрон хабарлардаги мавжуд ахборотни

сақлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Электрон тижорат тўғрисида", "Электрон рақамли имзо тўғрисида" ва "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ шартномалар тузишда электрон рақамли имзоларни қўллаш ва электрон ҳужжатларни ва электрон тижоратда қўлланиладиган электрон хабарлардаги мавжуд ахборотни сақлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


акцепт - оферта йўлланган шахснинг унинг қабул қилинганлиги тўғрисидаги жавоби;


электрон рақамли имзоларнинг ёпиқ калити (ЭРИ ёпиқ калити) - фақат имзоловчи шахсга маълум бўлган ва электрон ҳужжатда электрон рақамли имзоларни яратиш учун мўлжалланган электрон рақамли имзолар воситаларидан фойдаланилган ҳолда олинган рамзларнинг изчиллиги;


ахборот тизими - ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш имконини берадиган ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситаларининг ташкилий тартибга солинган жами;


ахборот воситачиси - электрон тижоратда электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлар айланиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи юридик шахс;


электрон рақамли имзоларнинг очиқ калити (ЭРИ очиқ калити) - электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитига мос бўлган ахборот тизимидан исталган фойдаланувчи кира оладиган ва электрон ҳужжатдаги электрон рақамли имзоларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун мўлжалланган электрон рақамли имзолар воситаларидан фойдаланган ҳолда олинган рамзларнинг изчиллиги;


оферта - бир шахсга, бир нечта аниқ шахсларга ёки шахсларнинг номуайян доирасига йўналтирилган, ундан таклиф билдираётган шахснинг (оферентнинг таклифда кўрсатилган шартларда ким жавоб берса у билан шартнома тузишга бўлган иродаси билинадиган шартноманинг барча шартлари мавжуд бўлган таклиф;


электрон рақамли имзолар калитининг сертификати (ЭРИ калитининг сертификати) - ЭРИ очиқ калитининг Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатдан ўтказиш маркази томонидан ЭРИ ёпиқ калити эгасига берилган ЭРИ ёпиқ калитига мувофиқлигини тасдиқлайдиган электрон ҳужжат;


ноёб идентификатор - объектнинг бир хиллигини таъминлайдиган ва уни бошқа объектлардан фарқлаш имконини берадиган белги;


электрон тижорат иштирокчиси - электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи ёки уларнинг харидори бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


электрон тижорат - ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси;


электрон рақамли имзо (ЭРИ) - ЭРИ ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда муайян электрон ҳужжатдаги ахборотни махсус қайта ўзгартириш натижасида олинган ва ЭРИ ёпиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда бузиш йўқлигини аниқлаш ва ЭРИ ёпиқ калити эгасини идентификациялаш имконини берадиган электрон ҳужжатдаги имзо;


электрон хабар - электрон ҳужжат ҳисобланмайдиган, электрон воситалар ёрдамида жўнатилган, олинган ва сақланадиган электрон шаклдаги ахборот;


электрон ҳужжат - электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификациялаш имконини берадиган бошқа реквизитларга эга бўлган ахборот.



II. ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТДА ШАРТНОМАЛАР ТУЗИШДА

ЭЛЕКТРОН РАҚАМЛИ ИМЗОЛАРНИ ҚЎЛЛАШ


3. ЭРИлар электрон тижоратда шартномаларни тузишда:

юридик аҳамиятли электрон ҳужжатлар айланишини таъминлаш ҳамда ўзгартиришларни аниқлаш ва электрон тижорат шартномаси (кейинги ўринларда шартномалар деб аталади) тузиш доирасида ҳуқуқий муносабатларни тўхтатишни;

ахборот хавфсизлигининг зарур талабларини таъминлаш, шу жумладан, имзолангандан кейин ахборотнинг яхлитлиги ва ўзгармаслигини тасдиқлаш учун;

электрон ҳужжатни имзолаган ЭРИ эгасининг шахсини идентификациялашни таъминлаш мақсадида қўлланилиши керак.


4. Шартномани тузишда ЭРИлар калитларини рўйхатдан ўтказишнинг бир ёки бир нечта марказлари томонидан берилган ЭРИ калитлари қўлланилиши мумкин.


5. Электрон ҳужжатларнинг яхлитлигини текшириш жараёни ЭРИ калити сертификатининг амал қилишини ва электрон ҳужжатдаги ЭРИнинг ҳақиқийлигини текшириш йўли билан амалга оширилади.


6. ЭРИ калити сертификатининг амал қилишини текшириш сотувчи ёки ахборот воситачиси томонидан бериладиган ЭРИлар воситаларидан фойдаланган ҳолда электрон тижорат иштирокчилари томонидан мустақил амалга оширилади.

8. Электрон ҳужжатлардаги ЭРИнинг ҳақиқийлигини текшириш ахборот тизими билан ёхуд ЭРИ калитларини рўйхатдан ўтказиш марказига мурожаат қилиш йўли билан амалга оширилади.


9. Операция муваффақиятли якунланганлиги тасдиқланишидан олдин электрон тижорат иштирокчилари шартномани тузишда шартнома тузиш доирасида фойдаланиладиган электрон ҳужжатларнинг яхлитлигини текширадилар.


10. ЭРИ шакллантиришда ЭРИ калити сертификатининг амал қилишини текшириш ЭРИ калитларини рўйхатдан ўтказиш марказида:

ЭРИ калитининг амал қилиш муддатини ва электрон ҳужжатни имзоланган ёпиқ калит эгасининг ЭРИ калити сертификати мақомини;

электрон ҳужжатни имзоланган ёпиқ калит эгасининг очиқ калити сертификатининг амал қилиш муддатини;

ЭРИ калити сертификати мақомини (амал қилади, амал қилиши тўхтатиб қўйилган ЭРИ шакллантириш пайтида бекор қилинган);

ЭРИ амал қилиш муддатини ва текширилаётган сертификатни чиқарган ЭРИ калитларини рўйхатдан ўтказиш маркази ваколатли шахсининг ЭРИ калити сертификати мақомини текширишни ўз ичига олиши керак.


11. Электрон ҳужжат яхлитлигини текшириш жараёнининг ижобий натижаси электрон ҳужжатда ахборотни (шартнома тузиш доирасида фойдаланиладиган) бузиш йўқлигини тасдиқлайди.


12. ЭРИни яратиш ва текшириш тартиб-таомили шартнома мажбуриятларининг ҳақиқийлиги ва амалда эканлигининг, шунингдек уларни ҳар томонлама ўзгартириш ёки бекор қилишдан ҳимоя қилишнинг кафолати ҳисобланади.



III. ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШДА

ЭЛЕКТРОН ҲУЖЖАТЛАРНИ ВА БОШҚА ЭЛЕКТРОН

АХБОРОТНИ САҚЛАШ ТАРТИБИ


13. Электрон маълумотлар базаларида:

электрон ҳужжатларни яратиш, уларнинг ҳаракати ва уларни йўқ қилиш;

оферталарни ва уларнинг қабул қилиниши ҳолатларини эълон қилиш (акцепт);

электрон хабарларни юбориш ва олиш;

электрон тижоратда шартномалар тузиш билан боғлиқ барча электрон ҳужжатлар, электрон хабарлар ва операциялар сақланиши керак.


14. Барча маълумотлар:

тузилган шартноманинг тарафларини идентификациялаш ва шартномаларни амалга оширишнинг барча шартларини аниқлаш;

операциялар, шартномаларни амалга оширишнинг аниқ санаси ва вақтини ҳамда шартнома ва оферта шартларини ўзгартиришни аниқлаш имконини берадиган тарзда сақланиши керак.


15. Сотувчи ёки ахборот воситачисининг ахборот тизимлари доирасида ҳар бир электрон шартнома ва офертага унинг бир хиллигини таъминлайдиган ва бошқа объектлардан фарқлаш имконини берадиган ноёб идентификатор берилиши керак.


16. Электрон ҳужжатлар ва хабарларни сақлаш муддати шунга ўхшаш ўзгартиришнинг қоғоз манбадаги ҳужжат учун белгиланган муддатдан кам бўлмаслиги керак.


17. Тузилган шартномалар бўйича барча сақланадиган маълумотлар шартномага ва оферта шартларига муносабатни аниқ белгилаш имконини бериши керак.


18. Электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларни яратиш, ҳисобга олиш, сақлаш ва уларнинг архивларидан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ электрон ҳужжатларни сақлайдиган ташкилот томонидан белгиланади.


19. Электрон ҳужжатларни, электрон хабарларни ва электрон тижоратда тузиладиган шартномалар билан боғлиқ бошқа маълумотларни сақлаш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилиши керак.



IV. ТУЗИЛАДИГАН ШАРТНОМАЛАР БЎЙИЧА

ЭЛЕКТРОН ҲУЖЖАТЛАРНИ, ХАБАРЛАРНИ ВА

БОШҚА ЭЛЕКТРОН АХБОРОТНИ САҚЛАШДА

ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ ИШТИРОКЧИЛАРИ

ВА АХБОРОТ ВОСИТАЧИЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


20. Электрон тижорат иштирокчилари ва ахборот воситачилари, агар қонун ҳужжатларида ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, ушбу Низомга мувофиқ электрон тижоратни амалга ошириш давомида шакллантириладиган электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларни сақлаш тартибига риоя этишлари шарт.


21. Агар тузилган шартномада ҳамма фойдаланадиган ахборот ресурсида жойлаштирилган электрон ҳужжатга хавола қилиш йўли билан унга киритилган алоҳида шартлар мавжуд бўлса, электрон ҳужжатни жойлаштирган электрон тижорат иштирокчиси қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган муддат мобайнида унга эркин кириш имкониятини, бундай муддат тамом бўлгач эса - ушбу электрон ҳужжатни ушбу Низомга мувофиқ сақлашни таъминлаши шарт.


22. Сотувчи ахборот воситачиси билан ахборот воситачисига электрон тижоратни амалга ошириш давомида шакллантириладиган электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларни сақлаш ҳуқуқини берадиган икки томонлама шартнома тузиш ҳуқуқига эга.


23. Сотувчи ва (ёки) ахборот воситачиси:

электрон тижоратдаги электрон ҳужжатлар ва хабарлар сақланишини;

қонун ҳужжатларида ёки шартнома шартларида белгиланган муддат мобайнида шартнома иштирокчилари ва ваколатли шахсларнинг электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлардан фойдаланишини;

қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳам харидорлар, ҳам бошқа жисмоний шахсларнинг электрон тижорат шартномаларини тузиш давомида уларга маълум бўлган шахсий маълумотлари сақланишини;

ўз ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, электрон ҳужжатлар, хабарларни сақлаш воситалари ва муҳити ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.


24. Электрон тижорат иштирокчилари, шунингдек ахборот воситачилари:

сақланаётган маълумотларнинг мазмунини ўзгартириш;

маълумотларни учинчи шахсларга бериш ҳуқуқига эга эмас, қонун ҳужжатларида ёки тузилган шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


25. Шартномаларни тузишда ЭРИни қўллаш, электрон ҳужжатларни ва электрон тижоратда қўлланиладиган электрон хабарлардаги мавжуд ахборотни сақлаш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


26. Электрон тижорат иштирокчилари ва ахборот воситачиси ушбу Низом талабларига риоя этилмаганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 13 июнь, 23-сон, 266-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 6-сон, 46-модда