язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатда сақланишига жавобгар бўлган муҳандис-техник ходимлар учун Намунавий йўриқнома (АВ томонидан 12.05.2016 й. 2786-сон билан рўйхатга олинган "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси бошлиғининг 02.05.2016 й. 47-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 12 майда 2786-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Ер қаърини геологик ўрганиш,

саноатда, кончиликда ва коммунал-

маиший секторда ишларнинг бехатар

олиб борилишини назорат қилиш давлат

инспекцияси бошлиғининг

2016 йил 2 майдаги

47-сон буйруғига

ИЛОВА



Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатда сақланишига

жавобгар бўлган муҳандис-техник ходимлар учун

НАМУНАВИЙ ЙЎРИҚНОМА


Мазкур Намунавий йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 11 майдаги 131-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси тузилмасини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатда сақланишига жавобгар бўлган муҳандис-техник ходимларнинг иш фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган талаблар, уларнинг вазифалари, ҳуқуқ ва жавобгарлигини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Намунавий йўриқнома юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатда сақланишига жавобгар бўлган муҳандис-техник ходимларга (бундан буён матнда муҳандис-техник ходим деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Юк кўтариш машиналарига эга бўлган ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) ушбу Намунавий йўриқнома асосида муҳандис-техник ходимларнинг сони, таркиби, шунингдек юк кўтариш машиналарини ишлатишга оид маҳаллий шароитларни инобатга олган ҳолда муҳандис-техник ходимлар учун лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқишлари ва тасдиқлашлари зарур.


3. Мазкур Намунавий йўриқномада юк кўтариш машиналари деганда минора кранлар, портал кранлар, кўприксимон кранлар, харрак кранлар, стрелали кранлар (автомобиль, темир йўл, занжирли, пневмо-ғилдиракли, кран-манипуляторлар, қувурётқизгичлар), кабелли кранлар ва ишлаш жараёнида кўчмас асосга ўрнатиладиган бошқа кранлар, электр таллар тушунилади.



2-БОБ. МУҲАНДИС-ТЕХНИК ХОДИМЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР ВА УЛАРНИНГ

ИШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


4. Муҳандис-техник ходимларнинг билимларини синаш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


5. Муҳандис-техник ходим лавозимига Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ синовдан ўтган шахслар ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тайинланади.


6. Муҳандис-техник ходимларнинг сони ва таркиби ташкилотда мавжуд бўлган юк кўтариш машиналарининг сони ва уларни ишлатиш шароитини ҳисобга олган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.


7. Муҳандис-техник ходим ташкилотнинг бош муҳандисига, агар ташкилотда бундай лавозим мавжуд бўлмаса, тўғридан-тўғри ташкилот раҳбарига бўйсунади.


8. Муҳандис-техник ходим меҳнат таътилида, хизмат сафарида бўлган вақтда ёки бошқа узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган ҳолларда, унинг вазифаларини вақтинча бажариш ташкилот раҳбарининг буйруғи билан зарур малакага эга бўлган бошқа муҳандис-техник ходимга юклатилиши лозим.


9. Муҳандис-техник ходимлар қуйидагиларни билишлари зарур:

Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) талабларини;

Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) талабларини;

муҳандис-техник ходимнинг лавозим йўриқномасида белгиланган вазифа ва мажбуриятларини;

юк кўтариш машинасидан фойдаланишга оид техник йўриқнома (техник паспорт) талабларини;

юк кўтариш машинасидан фойдаланиш бўйича қўлланмаларда назарда тутилган талабларни;

юк кўтариш машинасига ва унинг механизмларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш муддатларини;

юк кўтариш машинасининг металл-конструкцияларидаги гидротизим қисмларининг уланган жойларида содир бўлиши мумкин бўлган носозликларни;

юк кўтариш машинасида емирилиш даражаси юқори бўлган, вақти-вақти билан алмаштириб турилиши лозим бўлган эҳтиёт қисмларини ва уларнинг техник ҳужжатларида фойдаланишга рухсат этилган яроқлилик даражасини.



3-БОБ. МУҲАНДИС-ТЕХНИК ХОДИМЛАРНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ, ҲУҚУҚ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Қуйидагилар муҳандис-техник ходимларнинг вазифалари ҳисобланади:

юк кўтариш машиналарини ўз вақтида техник шаҳодатлашдан ўтказилишини таъминлаш;

юк кўтариш машиналаридаги аниқланган носозликларни ўз вақтида бартараф қилинишини таъминлаш;

ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланадиган юк кўтариш машиналарини даврий кўрикдан ўтказиш жадвали асосида юк кўтариш машиналарини ўз вақтида даврий кўрикдан ўтказилишини таъминлаш;

юк кўтариш машиналарини режавий-огоҳлантириш таъмирланиши, бунда юк кўтариш машиналарини таъмирлашга чиқариш ва таъмирлашдан сўнг ишга туширилишини таъминлаш;

юк кўтариш машиналаридан фойдаланиш ҳамда ишларни бажариш вақтида юк кўтариш машинасида носозликлар келиб чиққан ҳолларда ва авария ҳолатлари содир этилишининг олдини олиш мақсадида барча машинист ва юк илувчиларга тегишли услубий кўрсатмалар бериш;

юк кўтариш машиналарига тегишли бўлган техник ҳужжатларнинг бут ҳолатда сақланишини таъминлаш;


11. Муҳандис-техник ходим юк кўтариш машиналарини техник шаҳодатлашдан, даврий кўрикдан ўтказишда ва таъмирлашда иштирок этиш ҳуқуқига эга.


12. Муҳандис-техник ходим ўзига юклатилган вазифалар бажарилиши юзасидан жавобгар ҳисобланади. Бунда муҳандис-техник ходим юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатдалигини аниқлаши ва аниқланган ҳолатлар бўйича ташкилот раҳбарини хабардор қилиши шарт.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


13. Мазкур Намунавий йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ўзмахсусмонтажқурилиш" Акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 16 май, 19-сон, 219-модда