язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Таълим/ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 19-1-сон, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 4-2016-сон, Халқ таълими вазирлигининг 10-мҳ-сон "Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш мезонлари ва технологиялари бўйича йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги 15.08.2016 й. Қарори (АВ томонидан 09.09.2016 й. 1836-2-сон билан рўйхатга олинган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

09.09.2016 й.

N 1836-2

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ

ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИНИНГ

15.08.2016 й.

N 19-1


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ

ВАЗИРЛИГИНИНГ

15.08.2016 й.

N 4-2016


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИНИНГ

15.08.2016 й.

N 10-мҳ


ҚАРОРИ



"Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини

аттестациядан ўтказиш мезонлари ва технологиялари

бўйича йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорга

ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 136-сон "Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 2008 йил 12 июндаги 01-193, 173 ва 25-сон "Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш мезонлари ва технологиялари бўйича йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига (рўйхат рақами 1836, 2008 йил 14 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 29-30-сон, 287-модда) иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Давлат тест маркази директори

          

Ж. Исмоилов

Олий ва ўрта махсус таълим вазири

А. Вахабов

Халқ таълими вазири

У. Иноятов

       





Қарорга

ИЛОВА



"Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини

аттестациядан ўтказиш мезонлари ва технологиялари

бўйича йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорга

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Қарорнинг номи ва 1-бандидан "ва технологиялари" деган сўзлар чиқариб ташлансин.


2. Йўриқномада:


а) номи ва 2-бобнинг номидан "ва технологиялари" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


б) муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 июндаги 293-сонли "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги ҳамда 2006 йил 10 февралдаги 21-сонли "Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган барча мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим, олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасаларини (бундан кейинги ўринларда таълим муассасалари деб юритилади) аттестациядан ўтказиш мезонларини белгилайди.";


в) 1-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари аттестацияси ҳудудий аттестация комиссиялари томонидан, бошқа таълим муассасалари аттестацияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (бундан кейинги ўринларда ДТМ деб юритилади) томонидан ташкил этилади ҳамда ўтказилади.";


г) 2-банддан "ушбу Йўриқномада белгиланган технологиялар асосида" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


д) 5-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин;


е) 8-бандда:

"б" кичик бандда:

учинчи - бешинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Комиссиянинг қарорига биноан назорат иши олинадиган синфлар қуръа ташлаш йўли билан аниқланади (синфлар сони тўлиқ келтирилади ва таълим муассасаси раҳбари иштирокида ўтказилади). 4 ва 9-синфлардан параллель синфларнинг камида ярми, қолган синфлардан Комиссия томонидан қуръа ташлаш йўли билан биттаси танланади (1-синф ўқувчилари назорат ишларида қатнашмайди). Таълим бир нечта тилда олиб бориладиган таълим муассасаларида 4 ва 9-синфларда таълим тилига қараб, уларнинг ҳар биридан биттадан синф танланади. Назорат ишларида ўқувчиларнинг 100 фоизи қатнашиши таъминланиши зарур. Назорат ишларида узрсиз сабабга кўра қатнашмаган ўқувчиларга "қониқарсиз" баҳо қўйилади ва унинг натижаси умумий натижа чиқарилаётганда ҳисобга олинади. Комиссия фаолияти даврида сабабли асосга кўра назорат ишида қатнашмаган ўқувчилар натижа чиқарилаётганда ҳисобга олинмайди ва ўқувчилар умумий сонидан чиқариб ташланади.

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари билим даражаси 2-синфда: она тилидан ёзма (диктант - ўқув йили биринчи ярмида 25 - 30 та сўз, ўқув йилининг охирида 30 - 40 та сўз), математикадан ёзма (3 та мисол);

3-синфда она тилидан ёзма (диктант - ўқув йили биринчи ярмида 45 - 55 та сўз, ўқув йилининг охирида 50 - 60 та сўз), таълим рус ёки бошқа тилда олиб бориладиган синфлар учун ўзбек тилидан ёзма (диктант - 12 - 16 та сўз), таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар учун рус тилидан ёзма (диктант - 40-45 та сўз);";

олтинчи хатбоши "3 та мисол" деган сўзлардан кейин "ва 2 та масала" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"6-синфда ботаникадан 20 та тест саволи, хорижий тилдан 20 та тест саволи, ўзбек тилидан (таълим рус ёки бошқа тилда олиб бориладиган синфлар учун) ёзма (диктант - 25 - 30 та сўз), рус тилидан (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар учун) ёзма (диктант - 60 - 65 та сўз);";

"з" кичик банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"таълим муассасалари ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш ишларининг сифатига оид амалий ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 октябрдаги 473-сонли "Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига изчил ўтишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳамда 2010 йил 7 июндаги 109-сонли "Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан қамраб олишни таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорларига кўра ўрганилади;";


ж) 10-бандда:

"б" кичик банднинг учинчи хатбошисиданқувчилар қабулининг ташкил этилиши ва ўтказилиши," деган сўзлар чиқариб ташлансин;

"в" кичик бандда:

иккинчи хатбошидаги "II-курс ўқувчиларидан умумтаълим, III-курс" деган сўзлар "2-курс ўқувчиларидан умумтаълим, 3-курс" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошининг биринчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Назорат ишларига ҳар бир таълим йўналиши (мутахассислик)дан 2-курс гуруҳларидан 1 та гуруҳ, 3-курс гуруҳларининг камида ярми жалб этилади.";

тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Умумтаълим фанларидан назорат ишлари она тили ва адабиёти, хорижий тил, математика, тарих, физика, биология, кимё, информатика фанлари орасидан йўналиш (мутахассислик)нинг хусусиятига қараб танланади. Умумтаълим фанларидан назорат ишлари академик лицейларда камида 3 та фандан, касб-ҳунар коллежларида камида 2 та фандан ўтказилади.";

бешинчи ва олтинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Академик лицейда таълим йўналиши бўйича 3 та асосий чуқурлаштирилган фанлардан назорат ишлари ўтказилади. Касб-ҳунар коллежида ўқувчиларнинг ўқув режасидаги фанларни ўзлаштириш даражаси 1 та мутахассислик фанидан назорат иши ва охирги ўқув йилида ўтказилган касбий амалий имтиҳон натижалари бўйича чиқарилади.

Тест саволлари касб-ҳунар коллежлари 2-курс ўқувчилари учун 2 та умумтаълим фанидан 18 тадан (академик лицей ўқувчилари учун 3 та фандан 12 тадан), жами 36 та, 3-курс ўқувчилари учун 3 та умумкасбий ва махсус (чуқурлаштирилган) фанлардан 12 тадан, жами 36 та саволни ташкил этади. Тест саволларини ечиш учун бир астрономик соат, белгиланган жавобларни жавоблар варақасига кўчириш учун қўшимча 10 дақиқа вақт берилади.";


з) 11-банднинг "д" кичик бандидан "бўйича таълим муассасаси" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


и) 12-банднинг "и" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"и) катта илмий ходим-изланувчилар институти орқали ҳамда мустақил изланувчилик асосида илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш фаолияти бўйича:

олий таълим муассасасининг катта илмий ходим-изланувчилар институти ва мустақил изланувчилик орқали олий малакали (фан докторлари) кадрлар тайёрлаш фаолияти таҳлил этилади. Катта илмий ходим-изланувчилар институтини тугатиб, ўз муддатида ҳимоя қилганлар сони, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўйича ишлар, мутахассисликлар бўйича катта илмий ходим-изланувчилар институти ва мустақил изланувчиликнинг мавжудлиги, уларнинг ихтисослиги йўналиши олий ўқув юртидан кейинги, таълим ихтисослиги мансуб бўлган фан соҳасига мувофиқлиги ўрганилади;

катта илмий ходим-изланувчилар институти ва мустақил изланувчилик асосида илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш фаолияти олий таълим муассасасининг умумий кўрсаткичи сифатида баҳоланади;";


к) қуйидаги мазмундаги 4-1-параграф билан тўлдирилсин:


"4-1-§. Олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи

олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларини баҳолаш


12-1. Олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:

а) давлат талабларининг таълим жараёнига жорий этилиши бўйича:

олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талабларининг бажарилиши ўрганилади;

олий ўқув юртидан кейинги таълим институтларида ўқитиш шакллари ва муддатлари, уларга қабул қилиш талабларининг бажарилиши ўрганилади;

катта илмий ходимлар-изланувчилар сифатида ўқишга кирувчи талабгорларга қўйиладиган талабларнинг бажарилиши ўрганилади;

олий ўқув юртидан кейинги таълим институтларида ўқишни ташкил этиш ҳолати таҳлил қилинади;

б) докторлик диссертацияси мавзулари ва бажарилаётган илмий-тадқиқот ишларнинг республика илмий-техник ҳамда технологик ривожланиш ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларига мослиги бўйича:

белгиланган муддатларда давлат илмий-техник дастурлари доирасида докторлик диссертацияларининг тавсия этиладиган мавзулари ишлаб чиқилганлиги, мавзулар олий таълим муассасаси кенгашида ёки илмий-тадқиқот муассасасининг илмий кенгашида уларнинг фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор вазифаларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилганлиги;

тавсия этиладиган докторлик диссертациялари мавзулари олий таълим муассасаси ёки илмий-тадқиқот муассасаси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, ўзлари тизимига кирадиган вазирликлар, идоралар ёки ташкилотлар билан келишилганлиги;

катта илмий ходимлар-изланувчиларнинг докторлик диссертациялари мавзуларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг Интернет-саҳифасида эълон қилинганлиги;

тасдиқланган докторлик диссертацияси мавзулари "ОАК Бюллетени" журналида эълон қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясига (бундан буён матнда ОАК деб юритилади) ўз муддатида тақдим этилганлиги;

в) илмий маслаҳатчилар таркибининг сифат кўрсаткичлари ҳамда уларнинг илмий-ташкилий фаолияти натижалари бўйича:

илмий маслаҳатчиларнинг фаол илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб бораётган, шу жумладан давлат илмий-техник дастурлари доирасида илмий-техник лойиҳаларни амалга оширишда қатнашаётган фан докторлари таркибидан танлаб олинганлиги;

илмий маслаҳатчилар тавсия этган докторлик диссертацияси мавзуларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг Интернет-саҳифасида эълон қилинганлиги;

илмий маслаҳатчилар бир вақтнинг ўзида нечта катта илмий ходимлар-изланувчилар ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилаётганлиги;

илмий маслаҳатчи катта илмий ходим-изланувчи билан биргаликда диссертация ишини тайёрлашнинг якка тартибдаги режасини ишлаб чиққанлиги ва унинг белгиланган муддатда олий таълим муассасаси кенгаши ёки илмий-тадқиқот муассасасининг илмий кенгашида тасдиқланганлиги;

илмий маслаҳатчи танланган мутахассислик бўйича назарий-методологик курснинг ўқув режасини ишлаб чиққанлиги ва унинг белгиланган муддатда олий таълим муассасаси кенгашида ёки илмий-тадқиқот муассасасининг илмий кенгашида тасдиқланганлиги;

назарий-методологик дастур катта илмий ходим-изланувчи томонидан ўқишнинг биринчи йили мобайнида илмий маслаҳатчининг ёрдамида ўзлаштирилганлиги;

илмий маслаҳатчи раҳбарлигида ўз вақтида ҳимоя қилган катта илмий ходимлар-изланувчилар ва мустақил изланувчилар сони ўрганилади;

г) кадрлар тайёрлаш бўйича истиқбол режанинг устувор йўналишларга мослиги бўйича:

кадрлар тайёрлаш бўйича истиқбол режанинг мавжудлиги;

истиқбол режанинг давлат илмий-техник дастурларига мувофиқлиги ўрганилади;

д) таълимни амалга ошириш жараёнига жалб этилган педагог ва илмий ходимларнинг ОАК эътироф этган журналларда, шунингдек хорижий нашрларда илмий мақолаларни чоп этиш фаолияти бўйича:

таълимни амалга ошириш жараёнига жалб этилган педагог ва илмий ходимларнинг олиб бораётган илмий-тадқиқот ишлари натижалари ўрганилади;

таълимни амалга ошириш жараёнига жалб этилган педагог ва илмий ходимлар томонидан ОАKнинг докторлик диссертацияларининг асосий илмий натижаларини эълон қилиш учун тавсия этиладиган етакчи илмий журналлар ва нашрлар, шу жумладан электрон илмий-техник журналлар рўйхатига киритилган илмий нашрларда илмий мақолаларнинг нашр этиш фаолияти таҳлил қилинади;

е) илмий-экспериментал, моддий-техник базанинг ҳолати бўйича:

илмий-экспериментал лабораториялар билан таъминланганлик даражаси, уларнинг замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланганлиги ва улардан фойдаланилиши ҳолати;

олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ахборот ресурс марказларида тадқиқот соҳаси бўйича илмий манбаларнинг мавжудлиги;

илмий-тадқиқотларни олиб бориш учун асбоб-ускуналар, материаллар, ахборот-коммуникация воситалари, компьютер техникаси, оргтехника ва бошқа зарур воситаларнинг етарли даражада мавжудлиги ўрганилади ва таҳлил қилинади;

ж) катта илмий ходим-изланувчиларга ижтимоий, илмий, ижодий ҳамда лойиҳалаш ишларини олиб боришлари учун яратилган шарт-шароитлар бўйича:

катта илмий ходим-изланувчилар учун илмий ишларини бажариши учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилади.

Бунда:

катта илмий ходим-изланувчиларнинг турар жойлар билан таъминланганлик ҳолати;

олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасасида катта илмий ходим-изланувчиларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитларнинг мавжудлиги;

катта илмий ходим-изланувчилар учун олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ахборот ресурс марказидан, замонавий компьютерлардан ҳамда Интернет тармоғидан фойдаланиш бўйича, шунингдек бошқа зарур шарт-шароитларнинг яратилганлиги ўрганилади;

з) катта илмий ходим-изланувчиларнинг шахсий иш режаларининг бажарилиши, ҳисоботларининг олий таълим муассасаларининг кенгаши ёки илмий тадқиқот муассасаларининг илмий (илмий-техникавий) кенгашлари, тегишли бўлим, лаборатория ва бошқаларда муҳокама қилинганлиги ҳамда тасдиқланган режага мос деб топилганлиги бўйича:

катта илмий ходим-изланувчиларнинг шахсий иш режаларининг бажарилиши;

ҳисоботларнинг олий таълим муассасаларининг кенгаши ёки илмий тадқиқот муассасаларининг илмий (илмий-техникавий) кенгашлари, тегишли кафедра, бўлим, лаборатория ва бошқаларда муҳокама қилинганлиги ҳамда тасдиқланган режага мос деб топилганлиги йиллар кесимида ўрганилади.

Бунда:

катта илмий ходим-изланувчи томонидан эълон қилинган илмий ишларда ҳимоя қилинаётган докторлик диссертациясининг асосий натижалари акс этганлиги ҳамда илмий натижалар халқаро ва республика доирасида ўтказиладиган илмий конференцияларда, семинарларда, давра суҳбатларида муҳокамадан ўтказилганлиги;

катта илмий ходим-изланувчи томонидан илмий ишларнинг ОАКнинг докторлик диссертацияларининг асосий илмий натижаларини эълон қилиш учун тавсия этиладиган етакчи илмий журналлар ва нашрлар, шу жумладан электрон илмий-техник журналлар рўйхатига киритилган илмий нашрларда эълон қилинганлиги;

катта илмий ходим-изланувчилар томонидан эълон қилинган илмий ишлар сонининг диссертация бўйича эълон қилиниши лозим бўлган илмий ишларнинг умумий сонига қўйилган талабларга мувофиқлиги;

ижтимоий-гуманитар ва иқтисодиёт соҳалари бўйича диссертация натижалари юзасидан монография эълон қилинганлиги ўрганилади;

и) катта илмий ходим-изланувчилар фаолияти самарадорлиги мониторингининг олиб борилиши ҳолати бўйича:

катта илмий ходим-изланувчиларнинг олий таълим муассасаси ва илмий-тадқиқот муассасасидаги фаолияти самарадорлиги бўйича ўтказилган мониторинг натижаси таҳлил қилинади;

к) олий ўқув юртидан кейинги таълимни битирган катта илмий ходим-изланувчиларнинг докторлик диссертациясини ҳимоя қилиш ҳолати бўйича:

сўнгги 3 йилда катта илмий ходим-изланувчилар институтини битирганлар ва улардан докторлик диссертациясини ҳимоя қилганлар ҳамда илмий кенгашга ҳимояга тақдим этганлар сони ихтисосликлар бўйича аниқланади;

л) докторлик диссертациялари доирасида олинган илмий натижаларнинг амалиётга жорий этиш ҳолати ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий самарадорлиги бўйича:

диссертация натижаларининг фанга, амалиётга татбиқ этилганлиги ёки ташкилотлар томонидан жорий қилиш учун қабул қилинганлиги юзасидан асосли ҳужжатлар мавжудлиги, ушбу ҳужжатлар ташкилотларнинг илмий-техникавий кенгашлари томонидан кўриб чиқилганлиги, маъқулланганлиги ва унинг раҳбарияти томонидан тасдиқланганлиги;

ўтказилган тадқиқотлар ва яратилган ишланмалар асосида муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик долзарб илмий ёки амалий муаммоларнинг ҳал қилинганлиги;

тегишли фан соҳасининг истиқболли йўналишини ривожлантиришда маълум бир ютуқ деб баҳолаш мумкин бўлган янги назарий қоидалар мажмуи ишлаб чиқилганлиги;

илмий-тадқиқот ишлари натижалари фан ва техникани ривожлантиришга ҳамда ижтимоий-сиёсий соҳани ва иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилишда ўз ифодасини топганлиги.";


л) 13-бандда:

биринчи хатбошидан "(500 баллгача)" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

"а" кичик бандда:

биринчи хатбошидан "(100 баллгача)" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

учинчи хатбошидаги "фанларнинг намунавий ва ишчи ўқув режалари билан" деган сўзлар "фанларнинг намунавий ва ишчи дастурлари билан" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

"б" кичик банднинг биринчи хатбошисидан "(200 баллгача)" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

"в" ва "г" кичик бандларнинг биринчи хатбошисидан "(100 баллгача)" деган сўзлар чиқариб ташлансин.


3. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, Ташқи ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, "Навоий кон-металлургия комбинати" ДК, Ўзбекистон Бадиий академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 13 сентябрь, 36-сон, 416-модда