язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.11.2003 й. 498-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 11 ноябрдаги

498-сон қарорига

1-ИЛОВА



Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.

2. Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

3. Концерт-томоша фаолияти юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.

4. Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия 5 йил муддатга берилади. Лицензия фақат ижрочиларга - жисмоний шахсларга ва ижодий жамоаларга - юридик шахсларга берилади.

5. Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуи учун намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

6. Лицензия концерт-томоша фаолиятининг 6 рейтинг гуруҳлари бўйича берилади:

а) I, II, III, IV рейтинг гуруҳлари бўйича:

якка ижрочи концерти (битта ижрочининг концерт дастури);

битта жанрнинг икки ёки ундан кўп ижрочиси иштирокидаги концерт дастури;

турли жанрларнинг бир нечта ижрочилари иштирокидаги концерт дастури;

б) V ва VI рейтинг гуруҳлари бўйича - тўй, юбилей ва бошқа тантаналарга хизмат кўрсатиш (ресторанлар, қаҳвахоналар, барлар ва хусусий уйларда тўй, юбилей ва бошқа тантаналарга хизмат кўрсатиш), шу жумладан ҳордиқ чиқариш муассасалари (клублар, дискотекалар, ресторанлар, барлар ва қаҳвахоналар)да концерт хизмати кўрсатиш.

I, II, III, IV рейтинг гуруҳлари бўйича лицензия тўй, юбилей ва бошқа тантаналарга хизмат кўрсатиш ҳуқуқини ҳам беради.

Лицензия талабгорнинг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёки унинг бир қисмига берилиши мумкин.


II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


7. Қуйидагилар концерт-томоша фаолиятини амалга оширишдаги лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш;

рейтинг гуруҳларидан бири ижрочиларининг лицензияловчи орган томонидан тасдиқланадиган мезонларга ва малака талабларига мувофиқлиги;

лицензияловчи органга ўтказилган концерт-томоша тадбирлари сони тўғрисида лицензияловчи орган томонидан белгиланадиган шакл бўйича ҳар чораклик ҳисоботлар тақдим этиш.



III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


8. Лицензия олиш учун лицензия талабгори - юридик шахс лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а)лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб рақами;

лицензия талабгори амалга оширишни мўлжаллаётган лицензияланадиган фаолият йўналиши;

б) юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

в) лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгори аризаси кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

г) ижрочида мусиқа маълумоти мавжудлигини, унинг давлат мукофотлари, мукофотлар, совринлар ва шу кабиларни олганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (гувоҳномалар, аттестатлар, дипломлар)нинг тасдиқланган нусхалари. Истисно ҳолларда (алоҳида иқтидор, талант яққол мавжуд бўлганда) Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи қарорига кўра лицензия олишга ҳужжатлар мусиқа маълумоти мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаларини тақдим қилмасдан қабул қилиниши мумкин.

д) лицензия талабгори томонидан тузилган ижрочилар репертуари тўғрисидаги маълумотнома;

е) лицензия талабгорининг малакаси тўғрисида янада яққолроқ тасаввурни шакллантириш мақсадида лицензия талабгори қўшимча равишда мустақил тақдим этишни хоҳлайдиган бошқа ҳужжатлар.


9. Лицензия талабгори - жисмоний шахс лицензия олиш учун лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:

фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатга доир маълумотлар;

лицензия талабгори амалга оширишни мўлжаллаётган лицензияланадиган фаолият йўналиши ва мазкур фаолият йўналиши амалга ошириладиган муддат;

б) лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгори аризаси кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

в) 4х6 катталикдаги 2 дона фотосурат;

г) ижрочида мусиқа маълумоти мавжудлигини, унинг давлат мукофотлари, мукофотлар, совринлар ва шу кабиларни олганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (гувоҳномалар, аттестатлар, дипломлар)нинг нотариал тасдиқланган нусхалари. Истисно ҳолларда Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи қарорига кўра лицензия олишга ҳужжатлар мусиқа маълумоти мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаларини тақдим қилмасдан қабул қилиниши мумкин.

д) лицензия талабгори томонидан тузилган ижрочилар репертуари тўғрисидаги маълумотнома;

е) лицензия талабгорининг малакаси тўғрисида янада яққолроқ тасаввурни шакллантириш мақсадида лицензия талабгори қўшимча равишда мустақил тақдим этишни хоҳлайдиган бошқа ҳужжатлар.


10. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


11. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар лицензияловчи органнинг масъул шахси томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда аризачига юборилади (топширилади).


12. Ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



IV. АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


13. Лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.

14. Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.

15. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан бошлаб ўн беш кундан ошмайдиган муддатда қабул қилинади.


16. Лицензиялар бериш (муддатини узайтириш) тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш, улар бўйича хулосалар тайёрлаш Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи томонидан амалга оширилади. Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи мажлислари ўн беш кунда камида бир марта ўтказилади.

Лицензия талабгорининг барча зарур ҳужжатлар билан биргаликдаги аризаси улар қабул қилиб олинган кунда Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳига кўриб чиқиш учун киритилади.

Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи тақдим этилган ҳужжатларни ўн кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқади ва улар бўйича лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги хулосани тайёрлайди. Хулоса Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи мажлиси протоколи билан тасдиқланади.


17. Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи лицензия талабгорлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида ижрочиларнинг малака (касб) сифатларини баҳолайди ва уларни лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган мезонларга ва малака талабларига мувофиқ муайян (биринчидан олтинчигача) рейтинг гуруҳларига киритади.

Рейтингнинг тўртинчи гуруҳи берилган тақдирда ижрочи фаолиятининг биринчи йилида бошланғич ставка бўйича давлат божи тўланади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш юзасидан ариза берилган тақдирда илгари рейтингнинг тўртинчи гуруҳини олган ижрочига Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи томонидан белгиланган тартибда ё рейтингнинг учинчи гуруҳи берилиши, ёхуд тегишли давлат божи тўлатилган ҳолда рейтингнинг тўртинчи гуруҳи тасдиқланиши, ёхуд у малака талабларига мувофиқ бўлмаганда унинг бундан буён концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи рад этилиши мумкин.

18. Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи томонидан вокалчи-солистга ва унинг ансамбли аъзоларига ҳар бирининг малакаси ва касб маҳорати даражасига қараб рейтингнинг турли гуруҳлари берилиши мумкин.

Академик ва халқ бадиий жамоалари томонидан концерт-томоша фаолияти амалга оширилганда Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи томонидан умуман жамоа ва солист учун рейтинг гуруҳи берилиши, шунингдек лицензия бериш учун давлат божи ставкалари алоҳида кўриб чиқилиши мумкин.

19. Лицензияловчи орган беш кун муддатда Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Лицензияловчи орган лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида хабардор қилади.

Лицензия бериш юзасидан қарор қабул қилингани тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божини тўлаш муддатлари кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда жўнатилади (тақдим этилади).


20. Лицензияловчи орган билан лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгиловчи лицензия битимида қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган концерт-томоша фаолияти рейтинг гуруҳлари ва йўналишлари;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.


21. Лицензиялар махсус бланкаларда расмийлаштирилади. Лицензия бланкаси намунаси лицензияловчи орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 20 декабрдаги 488-сон қарорига мувофиқ тасдиқланади.

Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкалари лицензияловчи орган буюртмаси бўйича "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида босмахона усулида тайёрланади. Лицензияловчи орган раҳбари лицензия бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун белгиланган тартибда шахсан жавоб беради.

Лицензиялар лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин уч кун муддатда расмийлаштирилади ва берилади.


22. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


23. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида белгиланган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


24. Лицензия бериш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

25. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатлар лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда такроран кўриб чиқилади.

Бунда такроран тақдим этилган ҳужжатлар Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳига кўриб чиқиш учун улар қабул қилиб олинган кунда тақдим этилади.

Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи тақдим этилган ҳужжатларни олти кундан ошмайдиган муддатда қайта кўриб чиқади ва улар бўйича лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди.

Лицензияловчи орган тўрт кун муддатда Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


26. Лицензия талабгорининг аризаси қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.


V. ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УЛАРНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


27. Лицензиат - юридик шахс қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Лицензиат - жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки турар жойи ўзгарган тақдирда лицензиат қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза бериши шарт.

28. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолият илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


29. Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияларни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.

30. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


31. Амал қилиш муддати ўтмаган йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензия дубликати беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.


VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


32. Лицензиат томонидан лицензия шартлари ва талабларига риоя этилишини назорат қилиш лицензияловчи орган томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


33. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензия талаблари ва шартларининг лицензиат томонидан аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қонун бузилишларини бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор чиқариш ёки судга мурожаат қилиш.

34. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


35. Лицензияловчи орган томонидан лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Суд томонидан лицензияловчи органнинг қарори асоссиз деб эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида унинг кўрган зарари миқдорида жавоб беради.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


36. Лицензияловчи орган концерт-томоша фаолиятининг лицензиялар реестри юритади.

Лицензиялар реестрида лицензиатлар тўғрисида қуйидаги асосий маълумотлар кўрсатилиши керак:

юридик шахслар учун - юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

жисмоний шахслар учун - лицензиатнинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг паспортига оид маълумотлар, уй манзили, телефони;

лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияларнинг амал қилиш муддати;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликат беришнинг асослари ва санаси.


37. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.


IХ. ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ.

ЛИЦЕНЗИЯЛАШДАН ТУШГАН

МАБЛАҒЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


38. Лицензия бериш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш учун давлат божи ундирилади.

Лицензия бериш ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш учун давлат божи миқдори ҳар қайси лицензия талабгори учун у амалга оширадиган концерт-томоша фаолияти турига ва унга берилган рейтинг гуруҳига қараб белгиланади.


39. Давлат божи лицензия талабгори томонидан Эстрада санъатини ривожлантириш жамғармасининг депозит ҳисоб рақамига тўланади.

Давлат божи лицензия берилган муддат мобайнида бирйўла ва чораклар бўйича тўланиши мумкин.


40. Лицензия талабгорлари ва лицензиатлар аризаларини кўриб чиқишдан тушган маблағлар лицензияловчи орган томонидан лицензиялашни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.


41. Эстрада санъатини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан:

эстрада фаолиятини ривожлантиришда;

ёш ижрочиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашда;

мусиқа танловлари, фестиваллар ўтказишда ва уларнинг ғолибларига мукофотлар беришда;

умумдавлат тадбирлари ва бошқа байрам тадбирларини ўтказишда;

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда фойдаланилади.





Низомга

ИЛОВА



Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар




Субъектлар



Тадбирлар


Бажариш муддатлари







1-босқич

Лицензия талабгори - юридик ва жисмоний шахс

     

1. Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Лицензияловчи органга ("Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасига) ҳужжатларни бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси орқали тақдим этади.

       

лицензия талабгорининг хоҳишига кўра
































2-босқич

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси

      

1. Масъул шахс ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади, нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

2. Ҳужжатларни кўриб чиқиш учун Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳига киритади.

    

- ҳужжатлар қабул қилинган кунда





























3-босқич



Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи


     

1. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрлайди.

2. Хулоса Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи мажлиси протоколи билан тасдиқланади ва Гуруҳ раҳбари (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.

      

- ҳужжатлар олинган кундан бошлаб

10 кундан ортиқ бўлмаган муддатда;

ҳужжатлар қайта тақдим этилган тақдирда 6 кун мобайнида
































4- босқич

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси

       

1. Гуруҳ хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

2. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.

3. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).

4.Реестрга тегишли ёзувни ёзиб қўяди.

      

1- Гуруҳ хулосаси олинган кундан бошлаб 5 кун мобайнида

2,3,4-тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида













































Лицензиат


     

Лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

     

- лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилин-ганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб уч ойдан кечикмай



































5-босқич

















Лицензия талабгори


      

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни қайта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

2. Лицензия талабгорларининг аризалари қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

      

- лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда



































6-босқич

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси

     

1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда лицензия битими имзоланган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.

2. Расмийлаштирилган лицензиялар лицензиатга ишчи орган томонидан берилади.

       

лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин 3 кун муддатда