язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқарув/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.02.2017 й. ПФ-4956-сон "Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

15.02.2017 й.

N ПФ-4956



МАДАНИЯТ ВА СПОРТ СОҲАСИДА

БОШҚАРУВ ТИЗИМИНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Қайд этиб ўтилсинки, мустақиллик йилларида халқимизнинг бой маданий меросини қайта тиклаш, юксак маънавият, миллий ўзига хослик ва халқ анъаналарининг мавжуд кўп асрлик сарчашмаларини бутун чоралар билан ривожлантириш, жисмонан соғлом, маънан етук ва ҳар томонлама баркамол шахслар жамиятини барпо этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Аҳолининг маданий ва эстетик эҳтиёжларини янада тўла қондиришга, театр, мусиқа, тасвирий санъат ҳамда бошқа санъат турларини ривожлантиришга, халқимиз тарихи ва бугунги ҳаётининг энг ёрқин саҳифаларини, мамлакатимизнинг эркин демократик тараққиётини акс эттирувчи асарлар яратишда ижодий жамоаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди. Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш бўйича тизимли ва аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилди. Нуфузли халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш ва юксак марраларни забт этишга қодир маҳоратли спортчилар тайёрлашнинг самарали тизими яратилди.

Шу билан бирга, мавжуд давлат бошқаруви тизими маданият ва спортни ривожлантириш муаммоларини комплекс ҳал этиш, шунингдек мазкур соҳаларда давлат сиёсатини самарали амалга оширишни тўлиқ даражада таъминлаш имконини бермайди. Зиммасидаги вазифалар кўлами кенглиги ва аҳамияти катталигига қарамай, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ҳокимият органлари билан фаол ҳамкорлик таъминланмаяпти, унинг фаолияти эса кўпинча маданий-оммавий ва спорт тадбирларини ўтказиш билангина чекланиб қолмоқда.

Маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш муассасалари, объектлари ва иншоотларининг моддий-техник базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ҳамон ўз ечимини топган эмас. Маданият ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими замонавий талабларга жавоб бермайди.

Маданият ва спорт соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, мазкур соҳада Ўзбекистон халқининг бой ва ўзига хос маданияти, санъати ва ижодиётини янада ривожлантиришни таъминлашга йўналтирилган давлат сиёсатини амалга ошириш самарадорлигини тубдан юксалтириш, аҳоли кенг қатламлари орасида маънавий-ахлоқий камолот ва соғлом турмуш тарзига интилишни кучайтириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тугатилсин ва унинг негизида:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташкил қилинсин.

2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари этиб белгилансин:

маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, миллий маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш ва кўпайтириш, санъат ва бадиий ижодни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг маънавий-ахлоқий ва маданий даражасини янада юксалтиришни рағбатлантириш, уни миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш борасида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

аҳоли кенг қатламлари, айниқса, ёшлар қалби ва онгига мустақиллик, юксак маънавият, инсонпарварлик анъаналарига садоқат, миллий ўзликни англаш ғояларини янада чуқур сингдириш, радикализм ва экстремизмдек ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш, жамиятнинг муттасил ортиб бораётган интеллектуал, эстетик ва маданий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирларни ўтказишга қаратилган маърифий ишларни амалга ошириш;

бадиий ижод, шу жумладан, театр, мусиқа, хореография, эстрада, цирк ва халқ амалий санъатини янада ривожлантиришни рағбатлантириш, халқимиз тарихи ва бугунги ҳаётининг энг ёрқин саҳифаларини, мамлакатимизнинг эркин демократик тараққиётини акс эттирувчи асарлар яратишда ижодий жамоаларга, айниқса, ижодкор ёшларга ҳар томонлама кўмаклашиш;

маданият муассасалари, жумладан, театрлар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, музейлар ҳамда бошқа маданий-маърифий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, маънавий етук, интеллектуал баркамол ва юксак маданиятли шахсларни тарбиялаш ишида ушбу муассасалар имкониятларидан янада тўлиқ фойдаланиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жумладан, маҳаллий ҳокимият идоралари, жамоат ташкилотлари, ўқув юртлари, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар билан фаолиятнинг асосий вазифа ҳамда йўналишларини, маданий-маърифий тадбирларни амалга оширишда, маданият ва ижодий муассасалар ишининг самарадорлигини таъминлашда мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш;

маданият соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнини миллий ва умуминсоний қадриятлар, инсонпарварлик ва юксак маънавият руҳида такомиллаштириш, бунда замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан, илғор халқаро тажрибалардан фойдаланиш, маданий-маърифий муассасалар ва ўқув юртларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш;

давлатлараро ва халқаро маданий алоқаларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг маданий меросини, мамлакатимиз ижодий жамоалари ва муаллифлари асарларини, жумладан, конференциялар ва кўргазмалар, маданий тадбирлар ва анжуманлар ўтказиш йўли билан чет элларда кенг тарғиб қилиш, маданият соҳасига хорижий инвестициялар ва грантлар жалб этиш, шунингдек маданият соҳасига оид оммавий адабиётларни чоп этиш, видео ва кино материаллар тайёрлаш.

4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида:

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ва "Ўзбекрақс" миллий рақс бирлашмаси негизида "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси;

Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича кенгаш ҳузуридаги Эстрада санъатини ривожлантириш жамғармаси негизида бюджетдан ташқари Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташкил қилинсин.

Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия олиш учун тўланадиган давлат божи ажратмалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва даромадларидан ажратмалар Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси даромадларининг манбалари этиб белгилансин, Жамғарма маблағлари "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси таъминотига, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизими муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ва ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтирилсин.


5. Фаолиятни ўрганиб чиқиш натижаларини ҳисобга олиб, "Ўзбектеатр" ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, "Артмадад" махсус жамғармаси ва "Ўзбекмузей" жамғармаси тугатилсин ҳамда мазкур ташкилотларнинг функциялари ва мол-мулки Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига топширилсин.


6. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тузилмасидаги Р. Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи, В. Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи, Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейи, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, шунингдек "Истиқлол" ва "Туркистон" санъат саройлари - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимига топширилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) 1-иловага* мувофиқ таркибда тузилсин.

Комиссия (А.Н. Арипов) белгиланган тартибда бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигини қайта ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этишга доир барча масалалар ҳал этилишини;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси марказий аппаратига малакали мутахассислар ҳар томонлама танлаб олиниши ва кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин.


8. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг барча мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномаларнинг ўзига тегишли қисми бўйича унинг ҳуқуқий ворислари ҳисобланади.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш юзасидан Ҳукумат қарорларини қабул қилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги ва Меҳнат вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2017 йилнинг 1 июлига қадар маданият ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва уни моддий рағбатлантиришни кучайтириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тақдим этсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи ҳужжатлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.


12. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                         Ш. Мирзиёев



*) 1-илова рус тилидаги матнда берилган.



"Халқ сўзи", 2017 йил 17 февраль






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 15 февралдаги

ПФ-4956-сонли Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ўз кучини йўқотган айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекнаво" гастроль-концерт бирлашмасини ташкил этиш тўғрисида" 1996 йил 5 апрелдаги ПФ-1419-сонли Фармони.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистонда миллий рақс ва хореография санъатини ривожлантириш тўғрисида" 1997 йил 8 январдаги ПФ-1695-сонли Фармони 1 - 4-бандлари.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида" 1998 йил 12 январдаги ПФ-1913-сонли Фармони 1 - 3- ва 7-бандлари.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон театр санъатини ривожлантириш тўғрисида" 1998 йил 26 мартдаги ПФ-1980-сонли Фармони 1 - 4, 7-8, 10 - 13-бандлари.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2004 йил 29 августдаги ПФ-3481-сонли Фармони.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигини ташкил этиш тўғрисида" 2004 йил 27 сентябрдаги ПФ-3491-сонли Фармони.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги марказий аппаратининг тузилмасини тасдиқлаш тўғрисида" 2014 йил 14 мартдаги ПҚ-2146-сонли қарори.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 27 февраль, 8-сон, 105-модда