ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Уй-жой қонунчилиги / Умумий қоидалар /Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига Шарҳ
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
"2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой
фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш
тизимини янада такомиллаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига
ШАРҲ
Кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш ва ундан самарали фойдаланиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш, шунингдек, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларда тозаликни сақлаш ва уларни ободонлаштириш бундай уйларда яшайдиган аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратишда муҳим ҳаётий омиллардан бири саналади.
Бугунги кунда мамлакатимизда таркибий ислоҳотларнинг мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий базага таянган ҳолда изчил амалга оширилаётгани уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишнинг мутлақо янги тизимини ташкил этиш имконини бермоқда.
Кейинги 5 йилда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштириш, кўп хонадонли уй-жой фондини капитал ва жорий таъмирлаш бўйича қабул қилинган қарорлар асосида кўп хонадонли уйларнинг томи, подвал иншоотлари, фасад, подъезд, лифт ва ирригация тармоқлари, шунингдек, йўлакларни бетонлаштириш ҳамда уй-жойлар атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалаларини ўз ичига олган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 4 мингдан зиёд хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан 32,4 мингдан ортиқ кўп хонадонли уйга хизмат кўрсатилмокда.
Шу билан бирга, ушбу тармоқда олиб борилаётган ишлар таҳлили хусусий уй-жой мулкдорларининг кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш борасидаги фаолиятида ҳал этилмаган қатор муаммолар борлигини кўрсатмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишда жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўртасида комплекс ёндашув ҳамда ўзаро ҳамкорлик механизми шаклланмаганини қайд этиш зарур.
Кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш борасида таъсирчан назорат ўрнатилмаган, кўп ҳолларда ундан техник фойдаланиш ва аҳолининг хавфсиз яшашини таъминлаш борасидаги меъёр ва талаблар бузилишига йўл қўйилмокда. Кўп хонадонли уйларда таъмирлаш-тиклаш ишларини ўтказишнинг қоида ва муддатларига риоя этилмаяпти, бу эса, табиийки, аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш ва ундан оқилона фойдаланиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини белгиланган муддатларда олиб бориш, шунингдек, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларни янада ободонлаштириш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида қабул қилинди.
Қарорда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини ташкил этишнинг асосий йўналишлари белгиланган бўлиб, улар қуйидагиларни назарда тутади:
аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, кўп хонадонли уйларда жойлашган хонадонлардаги муҳандислик-коммуникация тизими ва умумий тарзда фойдаланиладиган инфратузилмаларни ўз вақтида ва сифатли таъмирлаш, шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фондига туташ ҳудудларни ободонлаштириш, у ерларда болалар ва спорт майдончаларини барпо этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш бозорини ривожлантириш имконини берадиган уй-жой коммунал хўжалигини бошқаришнинг таъсирчан вертикал тизимини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
уй-жой коммунал соҳа ташкилотлари, хусусан, таъмирлаш-тиклаш хизматларининг моддий-техника базасини яратиш ва мустаҳкамлаш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва малакали мутахассислар билан таъминлаш.
Қарорга мувофиқ, 2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш дастури тасдиқланди. Ушбу Дастурда кўп хонадонли уй-жой фондининг умумий тарзда фойдаланиладиган инфратузилмаларини капитал ва жорий таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, лифт ускуналарини таъмирлаш ва алмаштириш, шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш тизимини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар белгиланди.
Қайд этилган лойиҳаларни амалга ошириш учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, халқаро молия институтлари кредитлари, шунингдек, лизинг ҳисобидан 1,8 триллион сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилмоқда.
Мазкур Дастурни амалга оширишда "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки уй-жой коммунал соҳасига қарашли ташкилотларни молиялаштиришни таъминлайдиган ваколатли банк этиб белгиланди.
Дастурни амалга ошириш доирасида тижорат банкларига "Таъмирлаш-тиклаш хизмати" давлат унитар корхонаси ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилди.
Шунингдек, мазкур қарорда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига шартнома асосида бухгалтерлик ҳисобини юритиш, консалтинг хизматлар кўрсатиш ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидан мажбурий бадаллар йиғиш хизматларини кўрсатадиган "Ягона ҳисоб-китоб маркази" ва шаҳар ҳамда туманларда унинг филиалларини ташкил этиш назарда тутилган.
Қарор билан шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, унга кўра:
кўп хонадонли уй-жой фонди умумий мулки ва унга туташ ҳудудларни сақлаш учун тураржой ва нотураржой бинолар мулкдорларининг мажбурий бадаллари миқдори Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳар йили тасдиқлайдиган энг кам миқдордан кам бўлмаган ҳажмда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан белгиланади;
хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати бошқарувининг раиси "Коммуналўқув" ўқув-услубий маркази" давлат унитар корхонасида ўқигани тўғрисида тегишли сертификатга эга бўлган тақдирда, туман (шаҳар) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи билан келишилган ҳолда сайланади, шунингдек, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларининг умумий йиғилиши қарори асосида туман (шаҳар) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғининг тақдимномасига кўра лавозимидан озод этилади.
Қарорнинг амалга оширилиши қуйидаги натижаларга эришиш имконини беради:
биринчидан, бу қарор кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини ва ундан мақсадга мувофиқ ҳолда фойдаланишни тубдан яхшилаш, таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз вақтида ўтказиш;
иккинчидан, аҳолининг ривожланган инфратузилмага эга бўлган кўп хонадонли уй-жой фондида яшаши учун ҳар жиҳатдан қулай шароит яратиш;
учинчидан, кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишда жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўзаро ҳамкорликда ишлашини таъминлайди.
"Халқ сўзи", 2017 йил 26 апрель