язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар/ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 18.04.2017 й. ПҚ-2896-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 18 апрелдаги

ПҚ-2896-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

бош бошқармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси (кейинги ўринларда - Бош бошқарма) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг (кейинги ўринларда - ИИВ) ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятига қонун ҳужжатларига мувофиқ услубий раҳбарлик қилишни ва уни мувофиқлаштиришни таъминловчи таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


2. Бош бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги, "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги, "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги ва бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруқлари ва фармойишлари, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармасининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси;

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (кейинги ўринларда - ИИББ), вилоятлар ички ишлар бошқармалари (кейинги ўринларда - ИИБ)нинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари;

ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари;

туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари), транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари (бўлинмалари, гуруҳлари);

ички ишлар органларининг қишлоқ, овул ва маҳаллалардаги таянч пунктлари.


4. Бош бошқарма Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўзининг тўлиқ номи ёзилган бланки ва муҳрига, штампига эга бўлади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан таъсис этиладиган ва Бош бошқарма фаолиятининг ўзига хос хусусиятини ифодаловчи рамзий белгисига эга бўлиши мумкин.



2-БОБ. БОШ БОШҚАРМАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Бош бошқарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

мамлакатдаги криминоген вазият тўғрисидаги ахборотни комплекс ва тизимли таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасида мавжуд куч ва воситалардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек уларнинг содир этилиш сабабларини ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини, шу жумладан вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолиятини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва услубий таъминлаш, кадрлар салоҳиятининг доимий равишда мустаҳкамланишини таъминлаш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни, шунингдек қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораларини ижро этиш бўйича фаолиятни белгиланган тартибда назорат қилиш;

қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш амалиётини, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси шакллари ва усулларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, ўзга давлат органлари ва ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш.


6. Қуйидагилар Бош бошқарманинг асосий функциялари ҳисобланади:


а) мамлакатдаги криминоген вазият тўғрисидаги ахборотни комплекс ва тизимли таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасида мавжуд куч ва воситалардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек уларнинг содир этилиш сабабларини ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш соҳасида:

ички ишлар органларининг қуйи ва бошқа бўлинмаларидан вилоят, туман ва шаҳарлар бўйича криминоген вазият ҳақидаги ахборотни талаб қилиб олиш ва умумлаштириш;

криминоген вазият ҳақида олинаётган ахборотни тизимли равишда ўрганишни амалга ошириш, ички ишлар органларининг мавжуд куч ва воситаларини жойлаштиришда йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни, шунингдек ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берувчи омилларни аниқлаш;

мамлакатнинг таълим, маданий-кўнгилочар, спорт-соғломлаштириш муассасаларида ва бошқа ташкилотларида вояга етмаганлар билан тарбиявий ишлар аҳволини ўрганиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, уларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этишга йўналтирилган, шу жумладан бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ўтказиладиган тадбирларнинг истиқболли ва жорий режалаштирилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, куч ва воситаларни оқилона жойлаштириш ва қайта тақсимлаш бўйича таклифлар тақдим этиш;

давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабабларини ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш, шу жумладан тегишли инфратузилмани ривожлантириш бўйича тақдимномалар киритиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида маълумот-ахборот фондини шакллантириш, ҳисобга олишларни марказлаштириш, статистик ҳисобот юритиш;


б) ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини, шу жумладан вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолиятини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва услубий таъминлаш, кадрлар салоҳиятининг доимий равишда мустаҳкамланишини таъминлаш соҳасида:

ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини ўрганишни ташкил этиш;

ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларига амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ишини самарали ташкил этиш учун методик ва бошқа материаллар ишлаб чиқиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимлари томонидан қонунчилик талабларини, хизмат интизомини ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари, шунингдек ички ишлар органлари ходимлари обрўсини туширадиган бошқа хатти-ҳаракатлар бўйича текширувлар ўтказиш;

ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлашга, ходимлар томонидан суистеъмолчилик ва бошқа ноқонуний ҳаракатларга йўл қўйилишининг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид қонунчилик, давлат дастурлари ва бошқа дастурлар бажарилиши устидан мониторинг ва назорат қилиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида белгиланган тартибда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишни амалга ошириш;

ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, замонавий таълим технологияларидан, жадал ўқитиш услубларидан кенг фойдаланиш;

ички ишлар органлари таянч пунктларининг моддий-техник жиҳозланиши ва инфратузилмасининг ривожланишини таъминлаш бўйича чоралар ишлаб чиқиш, профилактика инспекторлари учун муносиб хизмат шароитларини яратиш;


в) ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни, шунингдек қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораларини ижро этиш бўйича фаолиятни белгиланган тартибда назорат қилиш соҳасида:

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни, шунингдек қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораларини ижро этиш бўйича фаолиятини текширишни амалга ошириш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни, шунингдек қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораларини ижро этиш чоғида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишига йўл қўймаслик бўйича ўз ваколатлари доирасида зарур чораларни кўриш;

ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни, шунингдек қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораларини ижро этиш бўйича фаолиятига замонавий технологияларни кенг татбиқ этиш юзасидан чоралар ишлаб чиқиш;

ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турувчи шахсларнинг ахлоқан тузалиши ва қайта ҳуқуқбузарлик содир этишларининг олдини олиш мақсадида улар билан олиб бориладиган профилактика ишларини такомиллаштириш;


г) қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш амалиётини, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси шакллари ва усулларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ва идоравий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқиш ва ушбу жараёнда бевосита иштирок этиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига замонавий криминалистик техника, ахборот-коммуникация технологиялари, криминалистик ва маълумотлар тезкор-маълумот базаларининг жорий қилинишини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси усулларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини такомиллаштириш масалалари юзасидан ахборот-таҳлилий материаллар, обзорлар ва тавсиялар тайёрлаш;

ички ишлар органлари фаолиятида, шу жумладан хорижий давлатларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида самарали фойдаланилаётган ижобий тажрибани ўрганиш, умумлаштириш ва ёйиш;

олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш бўйича самарали шакл ва усулларни ҳамда ишлашнинг ягона принципларини ишлаб чиқиш;


д) ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, ўзга давлат органлари ва ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш соҳасида:

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг ишчи органи функциясини бажариш;

давлат органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, жамоат бирлашмалари билан биргаликда вояга етмаганларни ўқитиш ва ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишларини ташкил этиш бўйича тадбирлар ўтказиш, вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлашдаги умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш;

аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий кескинликни юмшатиш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этишнинг асосий шарти сифатида тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўмаклашиш;

таълим муассасаларида ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ва ташкилотлардан мутахассисларни жалб қилган ҳолда, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг долзарб масалалари бўйича семинарлар ва "давра суҳбатлари" ўтказиш.

Бош бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. БОШ БОШҚАРМАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


7. Бош бошқарма ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси ИИВ бўлинмалари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлардан бошқарув қарорларини қабул қилиш, ахборот-таҳлилий ва ҳисобот маълумотларини тайёрлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар (уларнинг нусхалари), маълумотлар ва бошқа материалларни сўраш ҳамда олиш;

ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг ҳужжатлари ва материаллари билан танишиш, уларнинг ижроси ҳақида зарур маълумотларни олиш;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига давлат органларига ва бошқа ташкилотларга, мансабдор шахсларга ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича, бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар йўллаш ҳақида таклифлар киритиш;

ички ишлар органларининг бошқа бўлинмаларидан ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари зиммасига юклатилган тадбирларни амалга оширишда кўмаклашишни талаб қилиш;

ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари зиммасига юклатилган вазифаларни ҳал қилиш мақсадида ички ишлар органлари маълумотлар базасидан фойдаланиш;

ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида қонунийлик ва хизмат интизомига риоя этилиши аҳволини ўрганиш;

ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимлари томонидан қонунийлик ва хизмат интизомини бузишга оид аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўриш;

ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш, ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таклифлар киритиш.

Бош бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Бош бошқарма қуйидаги мажбуриятларга эга:

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида зарур чоралар кўриш;

ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг иш фаолияти ҳақида зарур маълумотларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига тақдим этиш.

Бош бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Бош бошқарма ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни самарали бажарилиши учун жавобгардир.



4-БОБ. БОШ БОШҚАРМА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Бош бошқармага Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

11. Бош бошқарма бошлиғининг Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан ўрнатилган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар ўринбосари бўлади.


12. Бош бошқарма бошлиғи:

Бош бошқарма фаолиятига бевосита раҳбарликни амалга оширади ва Бош бошқарма зиммасига юклатилган вазифалар, функциялар ва мажбуриятларнинг тегишли тарзда бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарлари ўртасида функционал вазифаларни тақсимлайди, улар зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

Бош бошқарманинг иш режаларини тасдиқлайди;

ўз ваколат доирасида кўрсатмалар чиқаради ва ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари жами шахсий таркиби томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқ ва фармойишлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига киритади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси жараёнида ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари билан ҳамкорликни мувофиқлаштиради;

кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, лавозимга ўтказиш ва уларнинг касбий тайёргарлигини ҳамда хизмат интизомига риоя этилишини ташкил қилади, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимларини ўрнатилган тартибда қайта тайёрлаш ва малака оширишга юборади;

Бош бошқарма ходимларига махсус унвонлар бериш, рағбатлантириш, шу жумладан, мукофотлаш ҳамда уларга интизомий жазолар қўллаш ҳақидаги таклифларни ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига тақдим этади;

ўрнатилган тартибда Бош бошқарма ходимларини хизмат сафарларига юборади;

ўз ваколати доирасида Бош бошқарма ходимларига меҳнат таътили беради;

Бош бошқармада ўрнатилган тартибда сафарбарлик тайёргарликни ташкил этади ва таъминлайди, шунингдек, фуқаро муҳофазаси бўйича тадбирларнинг бажарилишини таъминлайди;

Бош бошқарма бўлинмаларида махфийлик режимига риоя этилиши, шу жумладан ахборотнинг техник ҳимояси бўйича тадбирларнинг ташкил этилиши учун жавоб беради;

ўз ваколати доирасида ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари раҳбар ходимларини танлаш ва жой-жойига қўйишда иштирок этади;

ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолияти устидан бевосита ва ўзининг ўринбосарлари орқали назоратни амалга оширади;

ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари раҳбарлари ҳисоботларини эшитади;

ўзига бўйсунувчи ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимлари ҳаракатларининг қонунга мувофиқлиги юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича шунингдек, ходимлар томонидан қонун бузилишининг ҳар бир аниқланган ҳолати бўйича ўрнатилган тартибда текширувлар ўтказилишини таъминлайди;

ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари штат бирликлари сонини қайта тақсимлаш ҳақида таклифлар киритади;

Бош бошқарма зиммасига юклатилган вазифалар ва функциялардан келиб чиққан ҳолда бошқа ваколатларни амалга оширади.


13. Сафдорлар таркибидан ташқари, Бош бошқарма ходимлари Бош бошқарма бошлиғи тақдимига биноан, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан, Ўзбекистон Республикаси ИИВ транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармасининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ходимлари эса транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғининг Бош бошқарма бошлиғи билан келишилган тақдимига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


14. Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ, вилоятлар ИИБнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБ бошлиқлари тақдимига мувофиқ лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


15. Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ, вилоятлар ИИБнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБ бошлиқлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ, вилоятлар ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари тегишли бошлиқларининг тақдимига мувофиқ лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


16. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари - ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиғи Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси тавсияси асосида ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади.


5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


17. Бош бошқарма фаолияти устидан назорат Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан амалга оширилади.


18. Иш юритиш ва махфийлик тартиби бўйича тадбирлар Бош бошқарма томонидан мустақил равишда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.


19. Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларини қурол-аслаҳа, махсус техника ва бошқа моддий-техника воситалари ҳамда мулк билан таъминлаш ўрнатилган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 1 май, 17-сон, 288-модда