Умная подшивка
Моҳир тахлам / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит / Бошқа /Бирламчи ҳисоб ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби (СБХ, 19-сон, 2017 йил 9 май)
Жавоб газетанинг чиққан санасига ҳақиқийдир*
БИРЛАМЧИ ҲУЖЖАТЛАР
БИЛАН ҚАНДАЙ ИШЛАНАДИ
Корхонадаги барча молиявий-хўжалик операциялари ҳужжатлар билан расмийлаштирилган бўлиши керак. Асосий воситалар, хом ашё, товарларни сотиб олиш, уларни сотиш ва юклаб жўнатиш, пуллик тўловлар маҳсулот ишлаб чиқариш, солиқларни ҳисоблаб ўтказиш - шу ва бошқа операцияларни ҳисоб ҳужжатларида акс эттириш лозим. "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонуннинг (бундан кейин - Қонун) 14-моддаси ҳамда Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 14.01.2004 йилда 1297-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин - 1297-сон Низом) 2-банди талаби шундай.
Ҳисоб ҳужжатларининг муҳимлиги Солиқ кодексида ҳам қайд этилган. Бирламчи ҳужжатлар, бухгалтерия ҳисоби регистрлари ҳамда бошқа ҳужжатлар "солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни аниқлаш, шунингдек солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун асос" ҳисобланади (Солиқ кодексининг 41-моддаси). Даромадлар ва харажатларни тасдиқлаш учун ҳам ҳисоб ҳужжатлари зарур (Солиқ кодексининг 42-моддаси 3-қисми).
Бинобарин, ҳисоб ҳужжатларисиз бухгалтерия ҳисобини ҳам, солиқ солишни ҳам амалга ошириб бўлмайди. Шу сабабли уларнинг мавжуд эмаслиги ёки нотўғри тўлдирилганлиги ва бунинг оқибатида келиб чиқувчи солиқ ва бухгалтерия хатолари учун жавобгарлик назарда тутилган.
ЎзР Молия вазирлигининг бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти бошқармаси бошлиғи Шарофиддин ҲАЙДАРОВ тайёрлаган тавсиялар жарималардан қочиш ҳамда бирламчи ҳужжатлар ва бухгалтерия ҳисоби регистрлари билан иш юритишни тўғри ташкил этишда сизга ёрдам беради.
БИРЛАМЧИ ҲИСОБ
ҲУЖЖАТЛАРИ ВА РЕГИСТРЛАРИ
Бирламчи (бошланғич) ҳужжатлар билан ишлашнинг асосий қоидалари Қонуннинг 14-моддасида белгиланган. Ундан келиб чиқишича, бирламчи ҳужжатлар:
• молиявий-хўжалик операциялари ҳақиқатда амалга оширилганлигини тасдиқлайди. Улар корхонадаги у ёки бу иқтисодий хатти-ҳаракат амалда содир этилганлигини исботлайди. Шу сабабли уларни оқловчи ҳужжатлар деб ҳам атайдилар;
• хўжалик операциялари ўтказилишига доир фармойиш, буйруқни қайд этиб, улар ўтказилишига рухсат беради. Бундай бирламчи ҳужжатлар бошқарув ҳужжатлари ҳисобланади.
Бундан 2 та қоида келиб чиқади:
1) агар бирламчи ҳужжат мавжуд бўлмаса, хўжалик операциясини ҳисобда акс эттиришга ҳақли эмассиз. Масалан, товар харидорга берилганлигини тасдиқловчи бирламчи ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактура, юкхат, далолатнома, бошқа ҳужжат) бўлмагунча буни ҳисобда акс эттириб бўлмайди;
2) агар хўжалик операцияси амалга оширилмаган бўлса, уни амалга оширилган дея бирламчи ҳужжат билан расмийлаштириш ва ҳисобда акс эттириш мумкин эмас. Бу ҳужжатларни сохталаштириш деб баҳоланади.
Қонунда белгиланишича, бирламчи ҳисоб ҳужжатлари хўжалик операциялари амалга оширилаётган пайтда ёки улар амалга ошириб бўлинганидан кейин тузилади. Ушбу талабни қуйидаги тарзда бажаришни тавсия этамиз:
оқловчи ҳужжатларни операция амалга оширилаётган пайтда расмийлаштиринг. Агар бунинг иложи бўлмаса - амалга ошириб бўлинган заҳоти тузинг;
бошқарув ҳужжатларини операция бошлангунга қадар тузинг.
Кўпинча амалиётда хўжалик операцияси амалга оширилган, тасдиқловчи бирламчи ҳужжат эса тузилмаган ҳолатлар учрайди. Қонунда (14-модданинг 3-қисми) бу вазиятда бухгалтер нима қилиши кераклиги қайд этилган. Амалга ошириб бўлинган операцияни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун ўз бирламчи ҳужжатингизни расмийлаштиринг.
1-МИСОЛ. Хом ашё омборга етказиб берилди, ҳисобварақ-фактура эса қаердадир "йўлда" ушланиб қолди ва қачон тақдим этилиши номаълум.
Ташкилот раҳбари - хом ашёни олувчи ўз буйруғи билан етказиб берувчининг ҳужжатларисиз келган товарни (фактураланмаган етказиб бериш) қабул қилувчи комиссия тузади. У қабул қилиш тўғрисида далолатнома тузади. Унда келиб тушган хом ашё миқдори ва шартномада кўрсатилган нархларда ҳисобланган қиймати кўрсатилади.
2-МИСОЛ. Ресторан ма
...