ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Фан / Илмий ташкилотлар /

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий ташкилотлар илмий ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 18.05.2017 й. 292-сон қарорига 11-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 18 майдаги

292-сон қарорига

11-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг

илмий ташкилотлар илмий ходимларини моддий

рағбатлантириш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг (кейинги ўринларда Фанлар академияси деб аталади) илмий ташкилотлар илмий ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини бошқариш, шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Жамғарма Фанлар академиясида юридик шахс ташкил этмасдан ташкил этилади.

Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ўазначилигида ғазна шахсий ҳисоб рақамларида жамланади ҳамда Фанлар академияси илмий ташкилотларининг илмий тадқиқотларда салмоқли натижаларга эришган илмий ходимларини моддий рағбатлантириш ва меҳнатини рағбатлантиришга йўналтирилади.


2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


3. Жамғарма маблағларини бошқариш Фанлар академиясининг Президиуми томонидан амалга оширилади. Қуйидагилар Фанлар академияси Президиумининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Жамғарманинг келгуси йилга даромадлари ва харажатлари сметасини тасдиқлаш;

йил чораги якунлари бўйича Жамғарма даромадлари ва маблағлари харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш;

Жамғармага хорижий грантларни жалб этиш;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.


4. Жамғарма маблағларига жорий хизмат кўрсатиш, шунингдек уларнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш Фанлар академиясининг молия-иқтисодиёт бўлими томонидан амалга оширилади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


5. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Фанлар академияси илмий ташкилотларининг хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушган соф фойданинг 10 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган манбалардан Жамғармага ажратмалар Фанлар академиясининг илмий ташкилотлар томонидан ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-кунидан кечикмай амалга оширилади.

7. Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаси Фанлар академияси Президиуми томонидан ҳар йили 25 декабргача тасдиқланади.


8. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва кейинги йилда ушбу Низомда белгиланган мақсадларда фойдаланилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


9. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш Фанлар академияси Президиумининг қарорлари асосида ҳамда тегишли йилга даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.


10. Фанлар академияси Президиумининг илмий ташкилотлар илмий ходимларини моддий рағбатлантириш тўғрисидаги қарори очиқ овоз бериш шартларида йиғилишда иштирок этаётган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарор Фанлар академияси Президиуми аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда қонуний ҳисобланади. Овозлар тенг бўлганда, Фанлар академияси президентининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

11. Жамғарма маблағлари Фанлар академияси илмий ташкилотларининг илмий тадқиқотларнинг салмоқли натижаларига эришган илмий ходимларини уларнинг базавий маошларига шахсий устамалар белгилаш ва (ёки) бир йўла мукофотлаш йўли билан моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.

12. Қуйидагилар:

илмий тадқиқотлар соҳасида юқори даражадаги янги натижаларга эришган (янги назариялар, қонуниятлар, ҳодисалар, самаралар, тадқиқот усуллари, янги натижаларни нуфузли, иқтибослар кўп олинадиган илмий журналларда эълон қилиш, монографиялар, дарсликлар ва шу кабиларни нашр этиш);

Фанлар академиясининг илмий ташкилотларида бажарилган илмий тадқиқотлар натижалари бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини олишга диссертацияларни муваффақиятли ҳимоя қилган;

янги амалий муҳим натижаларга эришган;

иқтисодиёт тармоқларига ва ишлаб чиқаришга илмий тадқиқотларнинг янги амалий муҳим натижаларини (янги материаллар, технологиялар, приборлар, машиналар, қурилмалар ва шу кабиларни) жорий этган;

олиб борилган илмий тадқиқотлар натижалари бўйича расмийлаштирилган, лицензиялаш ва амалий қўллаш учун истиқболли бўлган Ўзбекистон Республикаси патентлари ва халқаро патентларни олган илмий ходимлар Жамғарма маблағлари ҳисобига моддий рағбатлантирилади.


13. Илмий тадқиқотларда салмоқли натижаларга эришган илмий ходимларга ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган мезонларга боғлиқ равишда Жамғарма маблағлари ҳисобига базавий лавозим маошининг 50 фоизи миқдоригача шахсий устамалар белгиланиши мумкин.

Шахсий устаманинг аниқ миқдори Фанлар академияси Президиумининг қарори билан 3 ойгача бўлган муддатга белгиланади.


14. Илмий ташкилотларининг илмий ходимларига Жамғарма маблағларидан бир йўла мукофотлар тўлаш улар томонидан ярим йилда ва бир йилда олинган илмий тадқиқотлар натижалари якунлари бўйича базавий лавозим маошининг икки баравари миқдорида тўланади. Мукофотнинг аниқ миқдори ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган мезонларга боғлиқ равишда Фанлар академияси Президиумининг қарори билан белгиланади.

15. Шахсий устамалар ва бир йўла тўланадиган мукофотлар илмий ходимлар учун Фанлар академияси Президиумининг қарори асосида Фанлар академияси президентининг буйруғи билан белгиланади.


16. Илмий ходимларга белгиланадиган шахсий устамалар ва бир йўла тўланадиган мукофотнинг умумий ҳажми бир йилда тегишли илмий ходимнинг базавий лавозим маошининг тўрт бараваридан ортиқ миқдорда бўлмаслиги керак.


17. Жамғарма маблағларидан, зарурат бўлганда, илмий ходимларга бир йилда битта базавий лавозим маоши миқдорида бир йўла моддий ёрдам бериш учун ҳам фойдаланилиши мумкин.



5-БОБ. НАЗОРАТ, ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ


18. Жамғарма маблағлари шакллантирилиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши, шунингдек Жамғарма ҳисобидан бир йўла мукофотлар тўланишини белгилашнинг холислиги ва тўғрилиги учун Фанлар академияси президенти жавоб беради.


19. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини текшириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 22 май, 20-сон, 371-модда











































Время: 0.0053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск