язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Тиббиёт. Фармацевтика. Ветеринария/ Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.06.2017 й. 405-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 21 июндаги

405-сон қарорига

ИЛОВА



Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


диагностика - мижознинг шикоятлари, анамнези ва кўрик маълумотларини тўплаш ва таҳлил қилиш, ташхисни аниқлаш мақсадида лаборатория, инструментал, паталого-анатомик ва бошқа кўрикларни ўтказиш, мижозни даволаш бўйича тадбирларни танлаш ва (ёки) ушбу тадбирларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича амалга ошириладиган, ҳолатни ойдинлаштиришга ёки касалликнинг бор ёки йўқлиги фактини аниқлашга йўналтирилган тиббий аралашувлар мажмуи;


консультация - тиббий мутахассиснинг касалликни аниқлаш, бартараф этиш ва намоён бўлиш шакллари ёки ҳолатини енгиллаштириш бўйича профессионал маслаҳати;


даволаш - тиббий мутахассиснинг кўрсатмасига кўра бажариладиган, у ёки бу касаллик ёки жароҳат, патологик ҳолат ёки организм фаолиятининг бошқача тарзда бузилиши аломатларини енгиллаштириш, йўқотиш ёки бартараф этиш мақсадида бажариладиган тиббий аралашувлар мажмуаси, ҳаётий фаолиятнинг бузилган жараёнларини нормаллаштириш ва соғломлаштириш, соғлиқни, меҳнатга лаёқатни ва турмуш сифатини тиклаш;


тиббий фаолият - махсус тиббий маълумот ва кўникмаларни талаб қилувчи касалликларнинг профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва мижознинг реабилитациясига йўналтирилган фаолият;


амбулатория туридаги тиббий ташкилотлар - туну-кун кузатишга муҳтож бўлмаган мижозларга даволаш-диагностика ёрдами кўрсатиладиган ташкилот;


стационар турдаги тиббий ташкилотлар - туну-кун кузатиш, парвариш қилиш ва даволаш-сақлаш режимига муҳтож бўлган беморларга даволаш-диагностика ёрдами кўрсатувчи ташкилот;


нодавлат тиббий ташкилотлар - фаолияти лицензияланадиган, давлат соғлиқни сақлаш тизимига кирмайдиган ташкилотлар;


мижоз - касаллиги бор ёки йўқлигидан ва ҳолатидан қатъи назар, унга ёрдам кўрсатилаётган ёки тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган жисмоний шахс;


профилактика - мижознинг соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг юзага келиши ва (ёки) тарқалишининг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш, уларнинг юзага келиши ва ривожланиши сабабларини аниқлашдан иборат бўлган ҳамда одам соғлиғига у яшаётган муҳит омилларининг салбий таъсирини йўқотишга қаратилган тадбирлар мажмуи;


реабилитация - бошдан кечирилган касалликдан сўнг қўлланиладиган, одам организмининг касаллик ёки жароҳат туфайли бузилган ёки тўлиқ йўқотилган нормал руҳий ва физиологик функциялари (эҳтиёжлари)ни, унинг меҳнатга лаёқатини энг юқори даражада тиклаш ёки ўрнини босишга йўналтирилган тадбирлар мажмуи.


3. Тиббий фаолиятни лицензиялаш ушбу Низомга 1 ва 1а-иловаларидаги схемалар бўйича амалга оширилади.

Тиббий фаолиятни лицензиялаш лицензия талабгорининг хоҳишига кўра, умумий (1-илова) ёки тезлаштирилган (1а-илова) тартибда амалга оширилади.

4. Тиббий фаолиятни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни саклаш вазирлиги (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) томонидан, халқ табобати усулларини қўллаган ҳолда тиббий фаолиятни лицензиялаш лицензияловчи орган ҳузурида ташкил этилган халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда Тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш махсус комиссияси томонидан Давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда марказлар деб аталади) ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерфаол давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда Ягона портал деб аталади) орқали амалга оширилади.

Халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тиббий фаолиятни лицензиялаш учун белгиланган тартибда (тиббий таълим маълумоти мавжудлиги талаби бундан мустасно) амалга оширилади.

5. Тиббий хизматлар маслаҳатлар, диагностика, даволаш ва реабилитация шаклида тегишли амбулатория ва стационар турдаги тиббий ташкилотларда кўрсатилади.

Тиббий фаолият лицензияловчи орган томонидан тасдиқланадиган тиббий ихтисослашув шакллари номенклатурасига (кейинги ўринларда ихтисослашув шакллари деб аталади) мувофиқ амалга оширилади.

Тиббий ихтисослашувнинг тегишли турини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник база, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар, шу жумладан тиббий техникага энг кам талаблар (кейинги ўринларда кам талаблар деб аталади), шунингдек тиббий асбоб-ускунанинг маънан эскирганлиги даражасини аниқловчи мезонлар тиббий ташкилотнинг туридан келиб чиқиб, лицензияловчи орган томонидан белгиланади.


6. Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун ушбу Низомнинг 2-иловасидаги шаклга мувофиқ намунавий (оддий) лицензиялар берилади.


7. Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия (кейинги ўринларда лицензия деб аталади) беш йил муддатга берилади.

8. Лицензия талабгорлари лицензия талабларига ва ушбу Низомда назарда тутилган шартларга мувофиқ бўлган юридик шахслар бўлиши лозим.


9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан ташкил этилган давлат тиббий унитар корхоналари ва муассасалари, уларнинг тиббий фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган тақдирда лицензия олмасдан тиббий фаолият юритишга ҳақлидир. Ушбу қоида санаб ўтилган ташкилотларни лицензия талаблари ва шартларини (мутахассисларнинг малакавий тоифасига нисбатан лицензия талаблари бундан мустасно), шунингдек тиббий фаолиятни амалга ошириш бўйича қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларни бажаришдан озод этмайди.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


10. Қуйидагилар тиббий фаолиятни амалга ошириш бўйича лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) қуйидагиларнинг мавжудлиги:

бош шифокорда - олий тиббий маълумот, бошқа врач-мутахассисларда (олий тиббий таълим маълумотига эга бўлмаган, халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланувчи шахслардан ташқари) тегишли тиббий мутахассислик бўйича олий маълумот;

стационар турдаги нодавлат тиббий ташкилотда операция бўлими ташкил этилган тақдирда операция қилувчи врачда - камида биринчи малакавий тоифа;

иш стажи беш йилдан ошган олий тиббий маълумотли шифокорда ихтисослиги бўйича малака тоифа;

туғруқни қабул қилиш ташкил этилганда акушер-гинеколог, анестезиолог-реаниматолог, неонатолог ва клиник лаборант врачларда - камида биринчи малакавий тоифа;

хорижий мутахассис жалб этилган тақдирда операция қилувчи врачда камида етти йиллик иш стажи ёки етакчи тиббий муассасалар ёки клиникаларнинг операция қилувчи врачининг зарур касбий кўникмаларга эга эканлигини тасдиқловчи тавсияномаси;

мутахассис-врачларда белгиланган тартибда олинган малака ошириш бўйича амалдаги сертификат;

хорижий билим юртини тамомлаган мутахассисни ишга жалб қилишда хорижий мамлакатларда олинган маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларнинг нострификацияси (эквивалентлигини белгилаш) ҳақидаги гувоҳноманинг давлат намунаси;

хорижий билим юртини тамомлаган мутахассисни ишга жалб қилишда мутахассислиги бўйича малакасини тасдиқловчи ҳужжат;

лицензия талабгорида - талабгорга мулкчилик асосида ёки бошқа мулкий ҳуқуқлар бўйича тегишли бўлган, санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларга мос бўлган лицензияланган фаолият турини амалга оширишга мўлжалланган хоналар;

лицензия талабгорида - талабгорга мулкчилик асосида ёки бошқа мулкий ҳуқуқлар бўйича тегишли бўлган, тегишли метрологик меъёрлар ва техника хавфсизлиги меъёрларига мос бўлган ускуналар ва бошқа техника воситалари, шу жумладан, тиббий техника;

терапевтик йўналиш ва диагностика ихтисосликлари бўйича тиббий фаолиятни амалга оширишда стерилизация ишларини бажаришга шартнома ёки стерилизация бўлими;

хирургия йўналишидаги ихтисосликлар, шу жумладан, стоматология бўйича тиббий фаолиятни юритишда стерилизация бўлими;

тиббий ходимда - стерилизация ускунасида ишлаш бўйича ўқувдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

б) қонунчиликка қатъиян риоя қилган ҳолда тиббий фаолиятни амалга ошириш, бунда қуйидагиларга риоя қилиш:

лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган намуналар ва шакллар бўйича бирламчи тиббий ҳужжатларни юритиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда статистика маълумотларини тақдим этиш;

туғруқни қабул қилиш ташкил этилганда муассасада туғруқ (жарроҳлик блоки билан), жонлантириш, чақалоқларни жонлантириш, муддатига етмай туғилган чақалоқларни парвариш қилиш, ҳомиладорлар патологияси, эндовизуал гинекология бўлимлари, поликлиника (гинекология, неонатология, педиатрия, ультратовуш диагностикаси), бактериология ва клиник-биокимё лабораториялар ташкил этиш;

санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларга риоя қилиш;

лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган ва (ёки) халқаро тиббий амалиётда синовдан ўтган профилактика усуллари, диагностика ва даволаш стандартларига риоя қилиш;

лицензияловчи орган томонидан рухсат берилган доривор, дезинфекция ва зарарсизлантирувчи воситалар, лаборатория реагентларидан фойдаланиш;

туғруқни қабул қилиш ташкил этилганда ФҲДЁ органлари билан туғилиш ва ўлим тўғрисидаги электрон маълумотлар алмашинуви дастурини мажбурий равишда доимий юритиш;

тиббий фаолиятни қатъиян лицензияда кўрсатилган доирада амалга ошириш;

стационар даволаш хизматларини кўрсатувчи тиббиёт ташкилотлари туристик йиғим ҳисобини юритишнинг ягона тизимига уланиш;

в) ушбу Низомда белгиланган ҳолатларда, муддатда ва миқдорда йиғимларни, давлат божларини тўлаш.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


11. Лицензия олиш учун талабгор марказларга ёки Ягона портал орқали электрон шаклда лицензияловчи орган томонидан белгиланган шаклга мувофиқ лицензия берилиши ҳақидаги аризани тақдим этади ва унда қуйидагиларни кўрсатади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, солиқ тўловчининг идентификация рақами, жойлашган манзили (почта манзили) ва тиббий фаолиятни амалга ошириш манзили, электрон почтаси, банк реквизитлари;

тиббий ташкилотнинг тури ва юридик шахс кўрсатмоқчи бўлган ихтисослашувлар шакллари ва кўрсатилган тиббий фаолият амалга ошириладиган муддат;

лицензия олиш тартиби - умумий ёки тезлаштирилган тартиб;

тасдиқланган энг кам талабларга мувофиқ тиббий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ускуналар ва бошқа техника воситалари, шу жумладан, тиббий техниканинг мавжудлиги ҳақидаги маълумот.


12. Лицензия талабгоридан ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилмаган бошқа ҳужжатларни, шу жумладан бошқа идентификаторли қўшимча ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилишини талаб қилишга ҳамда идоралараро ахборот алмашинувида бошқа идентификаторлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

13. Лицензия берувчи орган лицензия бериш учун зарур бўлган, бошқа ваколатли органларнинг ихтиёрида бўлган маълумотларни мустақил равишда, белгиланган тартибда, шу жумладан электрон шаклда олади, ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган ҳужжатлар бундан мустасно.


14. Лицензия талабгори лицензия бериш ҳақидаги аризани мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган маълумотларни кўрсатган ҳолда марказга шахсан топширади ёки Ягона портал орқали етказади. Лицензия бериш ҳақидаги аризани мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган маълумотларни илова қилган ҳолда электрон шаклда Ягона портал орқали етказишда ариза лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Лицензия талабгори аризада топширилган аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган қарор ҳақидаги хабарномани олиш шаклини кўрсатади.

Лицензияларни бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, улар бўйича хулосаларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Нодавлат ташкилотлари тиббий фаолиятини лицензиялаш бошқармаси (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.

Лицензия талабгори томонидан Ягона портал орқали тақдим этилган, керакли маълумотлар кўрсатилган ариза ишчи органнинг масъул ходими томонидан қабул қилинади ва унинг олинганлиги хабар қилинади, шунингдек автоматик тарзда Ягона порталда рўйхатга олинади ва такрорланмайдиган рўйхатга олиш рақами берилади.

Лицензия талабгори томонидан марказ орқали зарур маълумотлар кўрсатилгани ҳолда ариза берилганда, марказ ходими ушбу аризани қонунчиликда белгиланган тартибда лицензия берувчи органга юборади.

15. Лицензия талабгори ишончли бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилгани учун қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.



4-БОБ. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ

ҲАҚИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


16. Лицензия бериш ҳақидаги аризани умумий тартибда кўриб чиқиш учун лицензия талабгоридан ариза берилган кунда қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади. Аризани тезлаштирилган тартибда кўриб чиқиш учун ушбу хатбошида назарда тутилган йиғимдан ташқари базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида қўшимча тўлов ундирилади.

Лицензия олиш учун Ягона портал орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

17. Лицензия бериш ҳақидаги умумий ёки тезлаштирилган тартибдаги ариза талабгор томонидан Ягона портал орқали берилган тақдирда, аризани кўриб чиқиш учун йиғим суммасининг:

11,25 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган қисми лицензия берувчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

Марказларга ўзи келиб мурожаат қилинган тақдирда, лицензия бериш ҳақидаги умумий ёки тезлаштирилган тартибдаги аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғимлар суммасининг 20 фоизи белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисоб рақамига ўтказилади.

Тезлаштирилган тартибда лицензия бериш бўйича ариза ўз вақтида кўриб чиқилмаган тақдирда, қўшимча тўлов суммаси лицензия талабгорига қайтарилиши шарт.

Лицензия талабгори берилган аризадан бош тортган тақдирда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

18. Лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор талабгор аризаси олингандан сўнг умумий тартиб бўйича йигирма кундан ошмайдиган муддатда, тезлаштирилган тартиб бўйича эса беш иш кунидан ошмайдиган муддатда, унинг берилиши шаклидан қатъи назар, зарур маълумотлар кўрсатилган ҳолда қабул қилинади.

Агар лицензияловчи орган лицензия бериш ёхуд лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ҳақида ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида ёхуд лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақида ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, кўрсатилган муддат ўтганидан сўнг лицензия талабгори аризада кўрсатилган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқига бу ҳақида лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда эга бўлади.

Ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолда лицензияловчи орган лицензия талабгорининг ёзма хабари олинганидан кейин беш иш куни ичида унга лицензия бериши ёки лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириши шарт. Тақдим этилган ҳужжатларнинг улар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган рўйхати ҳамда лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга юборилган ёзма хабар лицензия олингунига қадар лицензияга тенглаштирилади ва шундай фаолиятни амалга ошириш учун асос бўлади. Бунда лицензия талабгори лицензиясиз фаолият билан шуғулланганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

19. Лицензия талабгорининг аризаси барча зарур маълумотлар билан бирга берилган кунда ишчи органга кўриб чиқиш учун киритилади.


20. Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун яратилган шароитларнинг белгиланган лицензия талаблари ва шартларига мослигини аниқлаш учун ишчи орган ариза қабул қилинган кундан бошлаб бир кун мобайнида тиббий фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган хоналарнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларга мувофиқлиги ҳақидаги хулосани олиш учун Санитария-эпидемиология хизматининг тегишли ҳудудий бўлимига уни йўллаши шарт.

21. Давлат санитария-эпидемиология назоратининг ҳудудий маркази умумий тартиб бўйича бир ҳафта давомида, тезлаштирилган тартиб бўйича эса 3 иш куни давомида ишчи органга идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали жойига бориб, ўрганиш хулосалари асосида тузилган хоналарнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мослиги ҳақидаги хулосасини тақдим этади.

22. Ишчи орган эксперти хоналарнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мослиги ҳақидаги хулоса олингандан сўнг жойига борган ҳолда умумий тартиб бўйича бир ҳафта муддатда лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини текшириш бўйича экспертиза ўтказади.

Қўшимча тиббий ихтисослик турини ёки нодавлат тиббиёт ташкилоти филиалини лицензиялашда унинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини ўрганиш фақат сўралаётган тиббий ихтисослик тури ҳамда ташкилот филиали қисмида ўтказилади.

Тезлаштирилган тартибдаги мурожаат қабул қилинган кундан бошлаб, 4 иш куни давомида лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини текшириш бўйича экспертиза ишчи орган эксперти томонидан жойига борган ҳолда ўтказилади.

Лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини текшириш бўйича экспертиза лицензияловчи органнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Экспертизани амалга оширишда эксперт хулосасини асослаш учун зарур ҳужжатларнинг нусхаларини тайёрлашга ҳақли.

Экспертиза натижаларига кўра эксперт томонидан лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш ҳақидаги эксперт хулосаси тузилади.

Тегишли хулосаларни тайёрлаш учун лицензияловчи орган шартномавий асосда қўшимча экспертларни жалб этишга ҳақли.

Лицензияловчи органнинг лицензия бериш, муассаса турини ўзгартириш (амбулатор ёки стационар), филиал очиш, лицензияга янги тиббий ихтисосликларни қўшиш, тиббий хизмат ҳажмини ўзгартириш (консерватив ёки оператив) ёки уни беришни рад этиш ҳақидаги қарори умумий тартиб бўйича уч кун муддатда, тезлаштирилган тартиб бўйича бир иш куни давомида тасдиқланади ва лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Лицензияловчи орган умумий тартиб бўйича икки кун муддатда, тезлаштирилган тартиб бўйича эса лицензия бериш, муассаса турини ўзгартириш (амбулатор ёки стационар), филиал очиш, лицензияга янги тиббий ихтисосликларни қўшиш, тиббий хизмат ҳажмини ўзгартириш (консерватив ёки оператив) ҳақида қарор қабул қилинган куннинг ўзида лицензия талабгорини у ўз аризасида кўрсатган шаклда, банк ҳисоб рақами реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.

Муассаса тури ўзгарганда (амбулатор ёки стационар), филиал очилганда, лицензияга янги тиббий ихтисосликлар қўшилганда, тиббий хизмат ҳажми ўзгарганда (консерватив ёки оператив) тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар мавжуд лицензияга киритилади, бунда лицензиянинг амал қилиш муддати ўзгармайди.

23. Лицензия лицензия талабгори давлат божи тўлаганлиги ҳақидаги ҳужжат ёки тўланганлигининг электрон тасдиғини тақдим этган кунда берилади.


24. Лицензиялар қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Берилган, тўхтатиб турилган, янгиланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган, шунингдек амал қилиши тўхтатилган лицензиялар "Лицензия" ахборот тизимлари комплекси реестрига киритилади.


25. Лицензиат лицензия берилиши тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома юборилган кундан бошлаб уч ой муддатда лицензия берилиши учун давлат божини тўламаган бўлса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли.


26. Ўзбекистон Республикасининг "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича лицензия бериш рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия берувчи органнинг лицензия беришни рад этиш, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


27. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарнома лицензия талабгорига у аризада кўрсатган шаклда йўлланади, унда рад этиш сабаблари ва лицензия талабгори уларни бартараф этган ҳолда қайта кўриб чиқиш учун ариза бериши мумкин бўлган муддат кўрсатилади. Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун етарли бўлиши зарур.

Лицензия беришни рад этишга асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, лицензия бериш тўғрисидаги аризанинг лицензияловчи орган томонидан такроран кўриб чиқилиши лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга тақдим этилгандан сўнг умумий тартибда кўриб чиқиб рад этилган аризалар бўйича ўн кундан, тезлаштирилган тартибда кўриб чиқиб рад этилган аризалар бўйича тўрт иш кунидан ошмаслиги керак.

Бунда такроран берилган ариза ишчи органга кўриб чиқиш учун улар қабул қилинган кунда берилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар ва такрорий экспертиза хулосалари бўйича лицензияловчи органнинг лицензияни бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги протоколи тузилади.

Лицензия талабгорининг аризаси қайта кўриб чиқилиши учун йиғим ундирилмайди.

Талабгорнинг аризасини қайта кўриб чиқишда лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги аввалги хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришнинг рад этилишига йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддатдан сўнг берилган ариза янгидан берилган деб ҳисобланади.


28. Тиббий фаолиятнинг амалга оширилиш жойи, ташкилот тури, ихтисослашув тури ўзгарган ёки филиали очилган тақдирда лицензиат лицензия олиш учун қайта ариза бериши шарт. Бунда янги лицензия олингунгача лицензиат аввал берилган лицензия асосида тиббий фаолиятни амалга оширишга ҳақли.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ,

ДУБЛИКАТ БЕРИШ


29. Лицензиат ўзгартирилган, унинг номи, жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда лицензиат ва унинг ҳуқуқий вориси рўйхатдан ўтгандан сўнг бир ой муддатда лицензияловчи органга марказлар ёки Ягона портал орқали электрон шаклда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши, унга тегишли маълумотларни ва амалдаги лицензиянинг асл нусхасини илова қилиши шарт.

Лицензиатлар - юридик шахслар бирлашган, давлат рўйхатидан ўтган санага кўра янгидан ташкил этилган юридик шахс ташкил қилиб, айнан ўша фаолият тури билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган тақдирда, лицензиянинг ушбу бобда назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштирилишига йўл қўйилади.

Лицензияловчи орган қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини юритиш бўйича автоматлаштирилган тизим орқали кўрсатилган маълумотларнинг тасдиғини олади.

Фаолиятнинг бир қисми (қисмлари) бўйича лицензиянинг амал қилиш муддати тугаган тақдирда лицензия қайта расмийлаштирилиши керак.


30. Лицензия қайта расмийлаштирилгунгача лицензиат унда кўрсатилган фаолият тури билан аввал берилган лицензия асосида фаолият юритади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи орган электрон шаклда шакллантириладиган "Лицензия" ахборот тизимлари комплексидаги лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.

Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензиатга лицензияловчи орган томонидан лицензияни қайта расмийлаштириш бўйича ариза олингани ҳақида хабарнома йўллангандан ёки лицензиянинг амал қилишини лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан сўнг умумий тартиб бўйича беш кун мобайнида, тезлаштирилган тартиб бўйича эса бир иш куни мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни умумий тартибда қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Лицензият Ягона портал орқали мурожаат этганда ушбу бандда кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади. Лицензияни тезлаштирилган тартибда қайта расмийлаштиришда ушбу хатбошида назарда тутилган йиғимдан ташқари базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида қўшимча тўлов ундирилади.

Лицензияни қайта расмийлаштириш учун умумий ёки тезлаштирилган тартибдаги ариза электрон шаклда Ягона портал орқали берилган тақдирда, йиғим суммасининг:

11,25 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган қисми лицензия берувчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

Марказларга ўзи келиб мурожаат қилинганда, умумий ёки тезлаштирилган тартибдаги аризаларни кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг 20 фоизи миқдоридаги маблағлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензиат аризадан воз кечган тақдирда, тўланган сумма қайтарилмайди. Лицензия қайта расмийлаштирилганда давлат божи ундирилмайди.

Тезлаштирилган тартиб бўйича лицензияни қайта расмийлаштириш ҳақидаги ариза ўз вақтида кўриб чиқилмаган тақдирда, қўшимча тўлов суммаси лицензия талабгорига қайтарилиши шарт.

31. Лицензиянинг амал қилиш муддати лицензиатнинг аризасига кўра узайтирилиши мумкин. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензияни олиш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати тугашидан камида икки ой аввал берилиши керак.


32. Лицензия йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, унинг дубликати берилади. Дубликат олиш учун лицензиат марказларга ёки Ягона портал орқали ариза ва лицензиянинг йўқолганлигини тасдиқловчи ҳужжат билан, шунингдек, лицензияни олиш учун назарда тутиладиган йиғимнинг ярмини тўлаган ҳолда умумий тартибда ёки ушбу хатбошида назарда тутилган тўловдан ташқари базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида қўшимча тўлов тўлаган ҳолда тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилиши учун мурожаат қилади. Лицензиат Ягона портал орқали мурожаат этганда ушбу бандда кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Умумий ёки тезлаштирилган тартибдаги ариза электрон шаклда Ягона портал орқали берилган тақдирда йиғим суммасининг:

11,25 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасида электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисоб рақамга ўтказилади;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган қисми лицензия берувчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

Марказларга ўзи келиб мурожаат қилинган тақдирда, аризаларни кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг 20 фоизи миқдоридаги маблағлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисоб рақамига ўтказилади.

Тезлаштирилган тартиб бўйича лицензия дубликатини олиш ҳақидаги ариза ўз вақтида кўриб чиқилмаган тақдирда, қўшимча тўлов суммаси лицензия талабгорига қайтарилиши шарт.


6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


33. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилган ҳолда, нодавлат тиббий ташкилотларда лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан икки ярим йилда кўпи билан бир марта (қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва ижтимоий тармоқлардаги асосланган маълумотлар бўлган ҳолатларда чекланмаган миқдорда) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширувлар ўтказиш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши юзасидан текширувларни ўтказишда пайдо бўладиган саволлар бўйича лицензиатдан зарур маълумотларни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари бўйича далолатномалар (маълумотномалар) тузиш ва унда лицензиат томонидан йўл қўйилган муайян лицензия талаблари ва шартлари бузилишини кўрсатиш;

бажарилиши шарт бўлган, лицензиат томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳақидаги кўрсатмаларни қабул қилиш, бундай бузилишларни тузатиш учун етарли бўлган муддатни белгилаш;

қонунчиликда белгиланган тартибда қарорлар қабул қилиш ҳамда лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномаларни киритиш;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан лицензия олмасдан тиббий фаолият билан шуғулланиш ва/ёки лицензияда назарда тутилмаган тиббий хизматлар кўрсатиш ҳолатлари аниқланган тақдирда қонунчиликда назарда тутилган тартибда чоралар кўриш учун уларга оид материаларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш.


34. Лицензияловчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан текширув ўтказиш пайтида икки нусхада далолатнома тузилади, улардан бири лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.


35. Лицензияловчи орган, шунингдек лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши юзасидан қуйидаги йўллар билан мониторинг олиб бориши мумкин:

фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда қабул қилиш ва ўрганиш;

лицензиатлардан фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларига тегишли бўлган маълумотларни, ахборотларни ва ёзма тушунтиришларни олиш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратида ва соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳудудий органларида ўрнатилган "ишонч телефонлари" орқали маълумотлар олиш;

назорат қилувчи бошқа органлар томонидан ўтказилган текширувлар натижалари бўйича келиб тушаётган маълумотларни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш;

молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда амалга оширилаётган лицензиявий фаолиятнинг ҳолати ва шартлари билан жойида танишиш.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ

ВА УНИ БЕКОР ҚИЛИШ


36. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва уни бекор қилиш Ўзбекистон Республикасининг "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Қонунининг 22, 23 ва 24-моддаларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда амалга оширилади.

Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия талаблари ва шартлари бузилган тақдирда, лицензиянинг амал қилиши фақат бундай бузилишларга йўл қўйилган тиббий ихтисослик тури қисмида тўхтатилади (тугатилади) (амалдаги бошқа тиббий ихтисосликлар фаолиятини таъминловчи ихтисослик турларидан ташқари) ва лицензия амалдаги бошқа тиббий ихтисослик турлари қисмида белгиланган тартибда қайта расмийлаштирилади.

Амал қилиши тўхтатиб турилган, тўхтатилган, бекор қилинган лицензиялар ҳақидаги маълумотлар лицензияловчи орган томонидан тегишли ахборот ресурсларига киритилади.


37. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга ариза берилиши мумкин. Суд томонидан лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги қарор асоссиз деб топилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар ҳисобланади.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


38. Лицензияловчи орган "Лицензия" ахборот тизимлари комплексида лицензиялар реестрини юритади.


39. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

а) лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар, шу жумладан, ташкилотнинг номи ва индентификация рақами, ташкилий-ҳуқуқий шакли, ташкилот раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;

б) тиббий фаолиятнинг лицензияланаётган йўналиши (унинг қисми) амалга ошириладиган манзил, иш жойи телефони, факс;

в) лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

г) лицензиянинг амал қилиши муддати;

д) тиббий ихтисослашувнинг лицензияланаётган тури;

е) лицензияни қайта расмийлаштиришнинг асослари ва санаси, унинг амал қилиш муддатининг узайтирилиши ва тикланиши;

ж) лицензиянинг амал қилиш муддатини тўхтатиш асослари ва санаси;

з) лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси.

Лицензиялар реестридаги маълумотлар "Лицензия" ахборот тизимлари комплексидаги веб-сайтда жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.



9-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИЛИШИ УЧУН

УНДИРИЛАДИГАН ДАВЛАТ БОЖИ


40. Тиббий фаолиятни амалга оширишга доир лицензия бериш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш учун "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи тўланади.

41. Тўланадиган давлат божи суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Ягона портал орқали электрон шаклда мурожаат қилинган тақдирда давлат божининг:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

11,25 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

11,25 фоизи - лицензия берувчи орган ҳисоби рақамига ўтказилади;

22,5 фоизи - бюджетдан ташқари Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармасининг ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган қисми республика бюджетига йўналтирилади;

б) Марказларга ўзи келиб мурожаат қилинган тақдирда давлат божининг:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

20 фоизи - бюджетдан ташқари Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармасининг ҳисоб рақамларига ўтказилади;

қолган қисми республика бюджетига йўналтирилади.


10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


42. Мазкур Низомнинг қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.






Низомга

1-ИЛОВА



Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун

лицензияни умумий тартибда бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддати



1-босқич

Лицензия талабгори


      

1. Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ лицензия олиш учун шароитлар яратади.

    


Лицензия талабгорининг хоҳишига кўра






2. Марказларга шахсан бориб ёки почта алоқаси орқали ёки ЯИДХП орқали ариза беради.

      


































V

























2-босқич

Марказлар


     

1. Тиббий фаолиятни амалга ошириш бўйича лицензия бериш учун аризани қабул қилади. Аризачига ариза қабул қилинган сана қайд этилган рўйхатга олиш нусхасини беради.

       


Ариза қабул қилинган кунда








2. Лицензия талабгорининг аризаси барча зарур маълумотлари билан бирга лицензияловчи органга кўриб чиқиш учун берилади.

      




































V

























3-босқич

Лицензияловчи орган


        

1. Ишчи орган ариза қабул қилинган кундан бошлаб тиббий фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган хоналарнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларга мувофиқлиги ҳақидаги хулосани олиш учун Санитария-эпидемиология хизматининг тегишли ҳудудий бўлимига бир кун мобайнида ариза йўллаши керак.


Бир кун муддатда












2. Санитария-эпидемиология хизматининг тегишли ҳудудий бўлими ишчи органга идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали жойига бориб ўрганиш асосида тузилган хоналарнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мослиги ҳақидаги хулосасини тақдим этади.


Бир ҳафта муддатда












3. Ишчи органнинг эксперти хоналарнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мослиги ҳақидаги хулоса олингандан сўнг жойига борган ҳолда бир ҳафта муддатда лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини текшириш бўйича экспертиза ўтказади. Шунингдек экспертиза натижаларига кўра лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш ҳақидаги эксперт хулосасини беради.

         


Бир ҳафта муддатда












4. Лицензияловчи орган эксперт хулосасига кўра лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

         


Уч кун муддатда




5. Лицензияловчи орган ўз қарори ҳақида лицензия талабгорини у ўз аризасида кўрсатган шаклда, банк ҳисоб рақами реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда хабардор қилади.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарнома лицензия талабгорига у аризасида кўрсатган шаклда йўлланади, унда рад этиш сабаблари ва лицензия талабгори уларни бартараф этган ҳолда қайта кўриб чиқиш учун ариза бериши мумкин бўлган муддат кўрсатилади. Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун етарли бўлиши зарур.

         


Икки кун муддатда















































V

























4-босқич

Лицензияловчи орган


         

Лицензия беришни рад этишга асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, лицензия берувчи орган аризани такроран кўриб чиқади, лицензия беради ёки уни беришни рад этади.

         


Ўн иш кунидан ошмайдиган муддатда







          





Низомга

1а-ИЛОВА


Тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи

лицензияни тезлаштирилган тартибда бериш

СХЕМАСИ

     

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари

1-босқич

Лицензия талабгори

1. Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ лицензия олиш учун шароитлар яратади.


2. Марказга шахсан бориб ёки почта алоқаси орқали ёки ЯИДХП орқали ариза беради.

Хоҳишига кўра







2-босқич

Марказ

1. Тиббий фаолиятни амалга ошириш бўйича лицензия бериш учун аризани қабул қилади. Аризачига ариза қабул қилинган сана қайд этилган рўйхатга олиш нусхасини беради.

2. Лицензия талабгорининг аризаси барча зарур маьлумотлари билан бирга лицензияловчи органга кўриб чиқиш учун беради.

1 иш соати мобайнида







3-босқич

Ишчи орган

Тиббий фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган хоналарнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларга мувофиқлиги ҳақидаги хулосани олиш учун Санитария-эпидемиология хизматининг тегишли ҳудудий бўлимига аризани йўллаши шарт.

Ариза келиб тушгандан сўнг 1 иш куни мобайнида








4-босқич

1. Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий бўлими

2. Ишчи орган

1. Ишчи органга идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали жойига бориб, ўрганиш хулосалари асосида тузилган хоналарнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мослиги ҳақидаги хулосасини тақдим этади.


2. Лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини текшириш бўйича экспертиза жойига борган ҳолда ўтказади. Экспертиза натижаларига кўра лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш ҳақидаги эксперт хулосаси тузади.






1. Ариза ишчи органдан келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида


2. Ариза келиб тушган кундан бошлаб 4 иш куни мобайнида








5-босқич

Лицензияловчи орган

Лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш ҳақида қарор тасдиқлайди. Лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган хабарнома йўллайди.

1 иш куни мобайнида





6-босқич

Лицензия талабгори

Лицензия бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида тўловни амалга оширади.

3 ой мобайнида





7-босқич

Лицензияловчи орган

Лицензияни расмийлаштиради ва лицензия талабгорига беради.

Давлат божи тўланганидан сўнг



         





Низомга

2-ИЛОВА



Серия N _______



(Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири)


ЎЗБЕКИСТОН РЕСУБЛИКАСИ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ


Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун

ЛИЦЕНЗИЯ

N _______________

(лицензия рақами)

Ушбу лицензия



га берилди.

(юридик шахснинг тўлиқ фирма номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли)


Ташкилот жойлашган манзил (почта манзили):


              

Тиббий фаолият амалга ошириладиган жой (манзил):


              

Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР):

Рухсат этилган ихтисосликлар турлари ва тиббий ташкилотнинг тури:


         

       

        

Лицензия берилган сана:

20__й. "___" _____________

(йил, сана, ой)

Лицензиянинг амал қилиш муддати:

20__й. "___" _____________

(йил, сана, ой)

Лицензиялар реестри бўйича тартиб рақами:











Ваколатли шахс:

     




(имзо)


(Лицензияловчи орган раҳбарининг Ф.И.О.)

     

     



      

М.Ў.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 27 июнь, 25-сон, 548-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 6-сон, 111-модда