язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ёқилғи-энергетика комплекси/ Кўмир саноати/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.06.2017 й. ПҚ-3054-сон "2017-2021 йилларда кўмир саноатини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

13.06.2017 й.

N ПҚ-3054



2017-2021 ЙИЛЛАРДА

КЎМИР САНОАТИНИ ЯНАДА

РИВОЖЛАНТИРИШ ВА МОДЕРНИЗАЦИЯ

ҚИЛИШ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА


Кейинги йилларда кўмир саноатида геология қидирув ва кон юзини очиш ишларини жадаллаштириш, кўмир конларининг янги уфқларини ишлаб чиқишга фаол жалб этиш йўли орқали кўмир қазиб олиш захиралари ва ҳажмларини оширишга йўналтирилган таркибий янгиланишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 6 июндаги 2013-2018 йиллар даврида кўмир саноати корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда уни мувозанатли ривожлантириш дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги 161-сонли қарори билан тасдиқланган Дастурини амалга ошириш натижасида кон юзини очиш ишлари ҳажмлари 2012 йилдаги 14,2 млн куб. м га қараганда 2016 йилда 20,9 млн куб. м ни ташкил қилди, кўмирни қазиб олиш ҳажмлари 125 минг тоннага ошди ва 3,9 млн тоннани ташкил этди, товар маҳсулотларининг ўсиш ҳажмлари 111,2 фоиз даражасида таъминланди.

Шу билан бирга "Ўзбеккўмир" АЖ томонидан белгиланган Дастурни бажариш ҳолатининг танқидий таҳлили унда кўрсатилган параметрлар ва муддатлардан қолиб кетиш ва жиддий камчиликлар мавжудлигини келтириб чиқарди. 9 та инвестиция лойиҳасидан 5 тасини амалга оширишда орқада қолиб кетилган. Мавжуд техника парки ва туркум-узатув конвейер линияларидан самарасиз фойдаланиш, суст ишлаб чиқариш интизоми, янги ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларни ўз вақтида харид қилинилишининг таъминланмаганлиги оқибатида кон юзини очиш ишлари ҳажмлари бўйича 128,9 млн куб. м кўмир - 4,0 млн тонна йўл-йўлакай ажратиб олинадиган каолиннинг - 320,5 минг тоннасини қазиб олишда орқада қолинган.

Кўмир тармоқлари корхоналарини янада барқарор ва мувозанатли ривожлантириш, устувор инвестиция лойиҳаларини илдам амалга ошириш, 2017-2021 йиллар мобайнида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва аҳоли эҳтиёжлари учун прогноз қилинаётган истиқболдаги талабни ҳисобга олган ҳолда, кўмир ва кўмир маҳсулотларини қазиб олиш ва етказиб бериш ҳажмлари суратларини ошириш мақсадида:


1. 2013-2018 йиллар даврида кўмир саноати корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда уни мувозанатли ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни ташкил этмаганлиги учун "Ўзбеккўмир" АЖ бош директори Ш. Пулатовга ҳайфсан эълон қилинсин.


2. Республика кўмир саноатини янада ривожлантиришнинг устувор вазифалари этиб, қуйидагилар белгилансин:

замонавий юқори ишлаб чиқариш қувватига эга тоғ техникаси ва ускуналаридан фойдаланиш ҳисобига ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда кўмир саноатини модернизация ва диверсификация қилиш;

янги конларни ишлаб чиқишга жалб этиш йўли орқали, жумладан, кўмирни ер остидан қазиб олишни жорий этишни назарда тутган ҳолда, кўмир саноатининг хом ашё базасини кенгайтириш;

тоғ-кон ишларини олиб боришда саноат хавфсизлиги талабларига сўзсиз риоя этган ҳолда кон юзини очиш ишлари ҳажмлари билан бир вақтнинг ўзида кўмир қазиб олиш суратларини ошириш;

кўмир саноати ва йўл-йўлакай қазиб олинадиган фойдали қазилмаларнинг хом ашё базасидан оқилона фойдаланиш;

куз-қиш давридаги эҳтиёжларни тўлиқ ҳажмда қондирилишини назарда тутган ҳолда, республика иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа муассасалари ва аҳолига кўмир маҳсулотларини етказиб бериш ва сотиш тизимини тубдан такомиллаштириш;

кўмир маҳсулотлари сифатини белгилаш бўйича замонавий технологиялар ва ускуналарни, шунингдек, қаттиқ ёқилғига бўлган аҳолининг эҳтиёжи ва унинг сифатига бўлган талабни реал вақт миқёсида ўрганиш учун сўровлар ўтказишга имкон берадиган ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

кўмир саноатини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли вазифаларни амалга оширишга, кўмирни ер қаъридан қазиб олиш соҳасида талаб этилаётган мутахассисликлар бўйича кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ўз ичига олган кўмир саноати корхоналари кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш.


3. "Ўзбеккўмир" АЖ, "Ўзбекэнерго" АЖ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси билан биргаликда ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда кўмир саноатини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш Дастури (кейинги ўринларда - Дастур) қуйидагиларни ўз ичига олган ҳолда тасдиқлансин:

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси корхоналари томонидан бажариладиган кўмирни аниқлаш бўйича геология қидирув ишларини олиб бориш ҳажмларининг мақсадли параметрлари 1-иловага* мувофиқ;

2017-2021 йилларда кон юзини очиш ишлари ҳамда кўмирни қазиб олиш ҳажмларининг мақсадли параметрлари 2-иловага* мувофиқ;

2017-2021 йилларда янги кўмирни қайта ишлаш корхоналарини қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш бўйича устувор инвестиция лойиҳаларининг рўйхати 3-иловага* мувофиқ;

2017-2021 йилларда кўмир тармоғи корхоналари учун мутахассисларни тайёрлаш бўйича мақсадли параметрлар 4-иловага* мувофиқ;

"Ўзбеккўмир" АЖ раҳбарлари зиммасига, Дастурда назарда тутилган мақсадли параметрлар ва инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб этилаётган кредитларни (қарзларни) ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда қайтаришни таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик юклансин.


4. "Ўзбеккўмир" АЖ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда:

2-иловада* назарда тутилган, 2017-2021 йилларда кон юзини очиш ишларини ҳамда кўмирни қазиб олиш бўйича мақсадли параметрларга эришишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар комплексини;

3-иловага* киритилган ҳар бир инвестиция лойиҳаси бўйича, уларда ТИАларни ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини назарда тутиб, кўмир қазиб олишнинг таннархини пасайтириш ва тоғ-кон ишларини хавфсиз олиб боришни таъминлайдиган илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда замонавий технология ва ускуналарни жорий этиш орқали "йўл хариталари"ни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:


5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси:

етказиб берилаётган ускуна ва технологияларни, мазкур кўринишдаги етакчи технологиялар ва ускуналарга жаҳон бозорлари талабларига, шунингдек, жаҳон нарх-навоси даражасига мос келиши параметрларининг мувофиқлиги бўйича тендер ҳужжатларни;

мазкур қарорнинг 3-иловасига* киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида тузилган импорт шартномалари бўйича хулосаларни берган ҳолда ускуналар, техника, технологиялар, бутловчи буюмларнинг нарх-наво параметрларини белгиланган тартибда пухта экспертиза қилинишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги кўмирнинг улгуржи чиқиш нархига қўшимча белгиланган махсус устамадан тушадиган "Ўзбеккўмир" АЖнинг шахсий маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, 2017 ва кейинги йилларда геология қидирув Дастурига мазкур қарорнинг 1-иловасида* назарда тутилган геология қидирув ишлари киритилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, "Ўзбеккўмир" АЖ 2018 йилнинг 1 январигача лойиҳа олди ҳужжатлари параметрларидан келиб чиққан ҳолда "Ниш-Бош" конини қуриш" янги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбалари бўйича, жумладан, халқаро молия институтлари, ҳукумат молия ташкилотларининг инвестицияларини жалб қилишни назарда тутадиган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. "Ўзбеккўмир" АЖ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур бўлган ускуналар, бутловчилар ва эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Қуйидагиларга:

а) "Ўзбеккўмир" АЖ ва "Шаргункўмир" АЖга - мазкур қарорнинг 3-иловасига* киритилган, "Ниш-Бош" конини қуриш" ҳамда "Шаргункўмир" АЖни модернизация қилиш" инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида:

хорижнинг илғор лойиҳа институтлари ва консалтинг компаниялари билан юқорида қайд этилган лойиҳаларни экспертиза қилиш, консалтинг ва техник ҳамроҳлик қилиш бўйича тўғридан-тўғри импорт шартномаларини тузишга;

2019 йилнинг 1 январигача лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга;

қурилиш ишларини ўз кучлари билан амалга ошириш ва зарур ҳолларда тузилган тўғридан-тўғри шартномалар асосида субпудрат ишларини бажариш учун ихтисослаштирилган қурилиш-монтаж ва бошқа республика ташкилотларини жалб этишга;

б) "Ўзбеккўмир" АЖга - мазкур қарорнинг 3-иловасига* киритилган, "Маънан ва жисмонан эскирган ускуналарни (алмаштириш) янгилаш", ""Ўзбеккўмир" АЖнинг ишлаб чиқариш қувватларини қўллаб-қувватлаш", ""Ўзбеккўмир" АЖнинг темир йўл хўжалигини модернизация қилиш" инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида:

энг афзал таклифларни танлаб олиш асосида, туширишдан олдинги инспекцияни албатта ўтказган ҳолда, тоғ-кон ва транспорт техникаси, технологик ускуна, транспорт воситалари, материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчилар, дастурий таъминот, техник ҳамда лойиҳа ҳужжатлари, хизматлар кўрсатишни харид қилишга ишлаб чиқарувчи заводлар ёки уларнинг расмий диллерлари билан шартномалар тузишга;

мазкур қарорнинг 3-иловасига* киритилган инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини тайёрлаган ҳолда, лойиҳа олди ҳужжатларини бир томонлама тартибда ишлаб чиқишни амалга оширишга;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва республика тижорат банклари билан биргаликда инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари тасдиқланганига қадар Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида экспертизадан ўтган, имзоланган импорт шартномалари бўйича молиялаштиришни очишга истисно тариқасида рухсат этилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги белгиланган тартибда инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказишни ҳамда қурилиш-монтаж ишларини сифатли бажариш устидан тегишли давлат архитектура-қурилиши назорати ўрнатилишини таъминласин.

11. Мазкур қарорнинг 3-иловасига* киритилган, "Маънан ва жисмонан эскирган ускуналарни (алмаштириш) янгилаш", ""Ўзбеккўмир" АЖнинг ишлаб чиқариш қувватларини қўллаб-қувватлаш", ""Ўзбеккўмир" АЖнинг темир йўл хўжалигини модернизация қилиш" инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича "Ўзбеккўмир" АЖ томонидан олиб кириладиган, (шу жумладан, вақтинча олиб кириладиган) республикада ишлаб чиқарилмайдиган, тоғ-кон ва транспорт техникаси, технологик ускуна, транспорт воситалари, материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчилар, дастурий таъминот, техник ҳамда лойиҳа ҳужжатлари 2021 йилнинг 31 декабригача божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Касб-ҳунар таълими маркази, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, "Ўзбеккўмир" АЖ бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

икки ой муддатда янгиланган "Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчиларнинг касб Классификатори" асосида кўмир саноати учун малакали кадрларни тайёрлаш бўйича олий таълимнинг йўналишлари ва мутахассисликлари, йўналишлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими касб-ҳунар ва мутахассисликлари, уларни тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳамда касб-ҳунар коллежларининг аниқ рўйхатини белгиласин, тармоқ корхоналарида таълим олиш, амалиёт ва стажировкаларни мажбурий ўташни ўз ичига олган, замонавий талаб ва халқаро тажрибаларни ҳисобга олган уларга доир таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларини танқидий қайта кўриб чиқсин;

ҳар йили турдош олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш квоталарини шакллантиришда, кўмир саноатининг малакали кадрларга бўлган реал эҳтиёжини ҳисобга олсин;

танлаган касблари ва мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини "Ўзбеккўмир" АЖ корхоналари ва ташкилотларига ишга жойлаштириш юзасидан энг аввало ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари раҳбарларининг жавобгарлигини назорат қилиш ва кучайтиришнинг таъсирчан механизмларини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Ўзбеккўмир" АЖнинг талабномаларига кўра, мазкур қарорнинг 3-иловасига* киритилган инвестиция лойиҳасини амалга оширишда жалб этиладиган хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмаган ҳолда кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин.


14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "Ўзбеккўмир" АЖнинг талабномаларига кўра, мазкур қарорнинг 3-иловасига* киритилган инвестиция лойиҳасини амалга оширишда жалб этиладиган хорижий мутахассисларга белгиланган тартибда давлат божи ундирилмаган ҳолда кўп маротабалик визалар бериш ва муддатини узайтириш, шунингдек, вақтинчалик яшаш жойида рўйхатга олиш ва вақтинчалик рўйхатда туриш муддати узайтирилишини таъминласин.


15. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги "Ўзбеккўмир" АЖнинг талабномаларига кўра, мазкур қарорнинг 3-иловасига* киритилган инвестиция лойиҳасини амалга оширишда қатнашаётган юқори малакали хорижий мутахассисларни (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан топилмаган) Ўзбекистон Республикасига жалб қилишга рухсатномаларни беришни (муддатини узайтиришни), шунингдек, юқорида қайд этилган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб боришга ҳуқуқ берадиган тасдиқномалар берилишини (муддатини узайтиришни) таъминласин.


16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 6 июндаги "2013-2018 йиллар даврида кўмир саноати корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда уни мувозанатли ривожлантириш Дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги" 161-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 27 июнь, 25-сон, 523-модда