язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Стандартлар ЎзР ВМ 06.04.2017 й. 187-сон Карорига мувофик 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб ўз кучини йўкотади

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим/ Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти (ЎзР ВМ 16.08.1999 й. 390-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар  Маҳкамасининг

1999 йил 16 августдаги

390-сон қарорига

ИЛОВА



Умумий ўрта таълимнинг

ДАВЛАТ ТАЪЛИМ СТАНДАРТИ


АСОСИЙ  ҚОИДАЛАР


Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти ўқувчилар умумтаълим тайёргарлигига, савиясига қўйиладиган мажбурий минимал даражани белгилаб беради.


Давлат таълим стандарти таълим мазмуни, шакллари, воситалари, усулларини, унинг сифатини баҳолаш тартибини белгилайди. Таълим мазмунининг ўзаги ҳисобланган стандарт воситасида мамлакат ҳудудида фаолият кўрсатаётган турли муассасаларда (давлат ва нодавлат) таълимнинг барқарор даражасини таъминлаш шарти амалга оширилади. Давлат таълим стандарти ўз моҳиятига кўра ўқув дастурлари, дарсликлар, қўлланмалар, низомлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларни яратиш учун асос бўлиб хизмат қилади.


Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти ўзининг тузилиши ва мазмунига кўра давлат, ҳудуд, мактаб манфаатлари ва воситалари мувозанатини акс эттиради ҳамда энг асосийси ўқувчи шахси, унинг интилишлари, қобилияти ва қизиқишлари устуворлигидан келиб чиқади.


Давлат таълим стандартини бажариш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар барча таълим муассасалари учун мажбурийдир.



УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМНИНГ ДАВЛАТ ТАЪЛИМ

СТАНДАРТИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ВА ЖОРИЙ

ЭТИШ АСОСЛАРИ


Умумий ўрта таълим давлат таълим стандартини ишлаб чиқишда қуйидаги меъёрий ҳужжатлар асос қилиб олинди:


Таълим тўғрисида”, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;


Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълим-тарбия ва кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ фармонлари,  фармойишлари ва асарлари;


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Узлуксиз таълим тизими учун давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш тўғрисида” 1998 йил 5 январдаги 5-сон ҳамда “Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида” 1998 йил 13 майдаги 203-сон қарорлари;


ЎзРСТ 1.0 - 92. Ўзбекистон Республикасининг давлат стандартлаштириш тизими;


ЎзРСТ 1.1 - 92. Ўзбекистон Республикасининг давлат стандартлаштириш тизими. Ўзбекистон Республикаси стандартини ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби;


ГОСТ 1.5 - 93. Давлатлараро стандартлаш ишларини олиб бориш қоидалари. Стандартларнинг тузилиши, баёни, расмийлаштирилиши ва мазмунига бўлган талаблар;


ЎзРСТ 1.9 - 95. Ўзбекистон Республикасининг давлат стандартлаштириш тизими. Тармоқлар стандартларини ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби.



УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМНИНГ ДАВЛАТ ТАЪЛИМ

СТАНДАРТИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ПРИНЦИПЛАРИ


Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти қуйидаги принципларга таянган ҳолда ишлаб чиқилди:


- давлат таълим стандартининг давлат ва жамият талабларига, шахс эҳтиёжига мослиги;


- ўқув дастурлари мазмунининг жамият ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳамда фан-техника ривожланиши билан боғлиқлиги;


- умумий ўрта таълимнинг бошқа таълим турлари ва босқичлари билан узлуксизлиги ва таълим мазмунининг узвийлиги;


- умумий ўрта таълим мазмунининг инсонпарварлиги;


- таълим мазмунининг республикадаги барча ҳудудларда бирлиги ва яхлитлиги;


- умумий ўрта таълимнинг мазмуни, шакли, воситалари ва усулларини танлашда инновация технологияларга таяниш;


- педагогик тафаккурда қарор топган анъанавий қарашлар билан “Таълим тўғрисида” ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастуриқонунларида ифодаланган замонавий талабларнинг узвийлиги;


- илғор демократик хорижий мамлакатларнинг таълим соҳасида меъёрларни белгилаш тажрибаларидан миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда фойдаланиш.



УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ ДАВЛАТ ТАЪЛИМ

СТАНДАРТИНИНГ ТАЯНЧ ЎҚУВ РЕЖАСИ

Умумий ўрта таълим муассасалари учун таянч ўқув режаси давлат таълим стандартининг таркибий қисми бўлиб, таълим соҳаларини меъёрлашга асос бўладиган давлат ҳужжатидир (жадвал). Таянч ўқув режаси ўқув фани бўйича бериладиган таълим мазмунини ўқувчига етказиш учун ажратилган ўқув соатларининг энг кам ҳажмдаги миқдорини ифодалайди. У ҳар бир синфда муайян ўқув фани бўйича давлат таълим стандартларига мувофиқ бериладиган таълим мазмунини аниқлашга асос бўлади:

Т/р

Ўқув фанлари


Синфлар


Ҳафталик

умумий

соат


1

2

3

4

5

6

7

8

9

Давлат ихтиёридаги соатлар


22

24

26

26

30

32

33

34

35

262

1.

Она тили ва адабиёт


8

8

10

10

9

7

5

5

5

67

2.

Ўзбек тили/рус тили



2

2

2

2

2

2

2

2

16

3.

Чет тили*


2

2

2

2

3

3

3

3

3

23

4.

Тарих






2

2

3

3

3

13

5.

Давлат ва ҳуқуқ асослари









1

1

2

6.

Иқтисодий билим асослари









1

1

2

7.

Математика


5

5

5

5

5

5

5

5

5

45

8.

Информатика









1

2

3

9.

Физика







2

2

2

2

8

10.

Кимё








2

2

2

6

11.

Биология






1

2

2

2

2

9

12.

Табииёт ва география


1

1

1

1

1

2

2

2

2

13

13.

Одобнома


1

1

1

1






4

Ватан туйғуси






1

1




2

Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари








1

1

1

3

14.

Мусиқа маданияти


1

1

1

1

1

1

1



7

15.

Тасвирий санъат


1

1

1

1

1

1

1



7

16.

Чизмачилик









1

1

2

17.

Меҳнат


1

1

1

1

2

2

2

1

1

12

18.

Жисмоний тарбия


2

2

2

2

2

2

2

2

2

18


Мактаб ихтиёридаги соатлар


0,5




0,5

0,5

1

0,5

2

5


Умумий соатлар


22,5

24

26

26

30,5

32,5

34

34,5

37

267


Амалий меҳнат машғулоти (кун ҳисобида)






6

6

10

16



   

*) "Чет тили" ўқув фани босқичма-босқич 2013-2014 ўқув йилидан 1-синфда, 2014-2015 ўқув йилидан 2-синфда, 2015-2016 ўқув йилидан 3-синфда ва 2016-2017 ўқув йилидан 4-синфда жорий этилади."

ЎҚУВЧИЛАРНИНГ ТАЙЁРГАРЛИК ДАРАЖАСИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН МАЖБУРИЙ МИНИМАЛ

ТАЛАБЛАР


Умумий ўрта таълим икки босқичдан иборат бўлиб, бошланғич (1-4-синфлар) ва умумий ўрта таълим (1-9-синфлар)ни қамраб олади.


Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти бошланғич ҳамда умумий ўрта таълим ниҳоясида ўқувчилар эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма ва малакаларнинг минимал даражасини белгилаб беради.


Ҳар бир синф якунида ўқувчилар эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма ва малакалар таълим предметлари бўйича ишлаб чиқилган ўқув дастурларида ўз аксини топган.


1-4-СИНФЛАР


1. Она тили ва ўқиш


Бошланғич синфларда ўқувчилар она тили ва ўқиш бўйича қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


а) Ўқиш техникаси бўйича:


Миқдорий кўрсаткич: бир дақиқада 80-90 сўзни ўқий олиш.

Талаблар:


- ҳарфларни тўғри талаффуз этиш;

- сўзларни тўғри ўқиш;

- гап оҳангига риоя қилган ҳолда равон ва образли ўқиш;

- гапдаги тиниш белгиларини талаффузда акс эттириш;

- санаш ва ажратиш оҳангларидан тўғри фойдаланиш;

- сўз урғуларига риоя қилиш;

- оҳангга риоя қилиш;

- илмий атама ва рамзларни тўғри талаффуз этиш.


б) Матн мазмунини ва ўзгалар фикрини англаш малакаси бўйича:


Миқдорий кўрсаткич: 10 дақиқада 4-5 саҳифали матнни ўқиб, қайта сўзлаб бера олиш.

Талаблар:


- оғзаки нутқнинг тўғри, равон, аниқ, тушунарли ва таъсирчан бўлиши;

- монологик нутқнинг равон бўлиши;

- диалогик нутқда таъсирчан, изчил, мантиқий жиҳатнинг аниқ бўлиши.


в) Диктант ёзиш малакаси:


Миқдорий кўрсаткич: 75-80 сўздан иборат диктант ёза олиш.

Талаблар:


- имло хатоларга йўл қўймаслик;

- ижодий матннинг мантиқий жиҳатдан изчиллиги;

- берилган изоҳларнинг аниқлиги;

- луғатларнинг тўғри ва аниқ берилиши.


г) Фикрни ёзма шаклда баён этиш малакаси бўйича:


Миқдорий кўрсаткич: 5-6 гапдан иборат бўлган матнни (фикр эҳтиёжи билан боғлиқ мавзу асосида) яратиш.

Талаблар:


- матндаги гапларнинг мазмунан ўзаро боғлиқлиги ва алоқадорлиги кўрсатилган мавзу доирасида бирлашиши;

- ҳарф ва тиниш белгиларини тўғри ёзиш;

- ҳуснихатда қаторларни тўғри жойлаштириш;

- сўзлар орасидаги оралиқни тўғри белгилаш;

- тасвирда тилнинг ифода воситаларидан фойдаланиш;

- матнда сўзларни такрорлашдан сақланиш ва синонимларни қўллай олиш;

- матнда хат бошиларнинг яхлитлиги ва фикр изчиллигини таъминлаш;

- уядош сўзлардан фойдалана олиш.


Бошланғич таълим якунида ўқувчилар камида 20 та кичик ҳажмдаги шеърни ёддан айтиб бера олишлари шарт.



2. Ўзбек тили


(Таълим ўзбек тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун)

Таълим ўзбек тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 1-4-синфларида давлат тили таълимидан ўқувчилар қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- ўзбек тилидаги 700 та сўзни нутқларида қўллай олиш;

- ёзма ва оғзаки нутқ малакаларига эга бўлиш;

- фикр баён қилиш учун зарур бўлган айрим грамматик воситаларни ўз ўрнида қўллай олиш;

- боғланишли нутқ элементларидан тўғри фойдаланган ҳолда содда матн туза олиш;

- халқ оғзаки ижоди ҳамда болалар адабиёти намуналаридан олинган парчаларни ўқиб тушуна олиш;

- мамлакатимиз мустақиллиги, рамзлари ва байрамлари ҳақида сўзлаб бериш.



3. Математика


Бошланғич синфларда ўқувчилар математикадан қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


а) Сонлар ва ҳисоблашларга оид:


- сонларни ўқиш ва ёзиш, уларни хона қўшилувчиларининг йиғиндиси кўринишидаги ёзувини тушуниш;

- саноқ техникасини эгаллаш (тўғри ва тескари тартибда санаш, жуфтликлар ва ўнликлар билан санаш, сондан олдин ва кейин келувчи сонни айтиш каби);

- натурал сонларни ўзаро таққослаш ">", "<" ва "=" белгиларини тўғри қўллаш;

- сонларни ёзма қўшиш, уч хонали ва тўрт хонали сонларни айириш, бир хонали ва икки хонали сонга кўпайтириш ва бўлиш;

- қўшиш, айириш, кўпайтириш ва бўлишнинг жадвалли ҳоллари натижаларини билиш, мураккаб бўлмаган ҳолларда 100 ичида оғзаки ҳисоблашларни бажара олиш;

- "йиғинди", "айирма", "кўпайтма" ва "бўлинма" атамалари маъносини тушуниш ва сонли ифодаларни ўқишда уларни  қўллай олиш;

- 2-3 амалли сонли (шу жумладан, қавсли) ифоданинг қийматини топиш;

- "...та ортиқ", "...та кам", "... марта ортиқ","... марта кам" муносабатларининг, "ҳаммаси", "қолди", "тенг" муносабатларининг маъносини тушуниш ва уларга таянган ҳолда содда масалаларни еча олиш;

- миқдорлар (маҳсулот нархи, миқдори ва қиймати, тўғри чизиқли ҳаракатда йўл, тезлик ва вақт) орасидаги боғланишларни қўллаб, амалий мазмундаги масалаларни ечиш;

- "ярми", "учдан бири", "тўртдан бири" атамалари маъносини тушуниш ва уларни қўллаш, касрлар ёрдамида улушларни ёзиш, доира ва бошқа геометрик фигуралар моделида 1/2 , 1/3 ларни кўрсатиш, амалий мазмундаги масалаларни ечишда соннинг улушини ва улушига кўра сонни топа олиш.


б) Геометрик фигураларга оид:


- расмларда кесма, учбурчак, тўртбурчаклар (жумладан, тўғри тўртбурчак ва квадратлар), бешбурчак ва айланани таниш;

- теварак атрофдаги геометрик шаклларни таниш ва топа олиш;

- кесма узунлигини ўлчаш, берилган узунликдаги кесмани ясаш, кесма узунлигини кўз билан чамалаб ўлчай олиш;

- чизғич ва циркулдан фойдаланиб тўғри тўртбурчак, квадрат, учбурчак ва айланалар ясай олиш;

- кўпбурчак периметрини, тўғри тўртбурчак юзини ва квадрат бирликлардан тузилган фигураларнинг юзини ҳисоблай олиш;

- узунлик (мм, см, дм, м, км) ва юза (см, кв, дм, кв, м, кв) ўлчови бирликларини, улар орасидаги асосий нисбатларни билиш, уларни ўз ўрнида қўллай олиш.



4. Табииёт


Бошланғич синфларда ўқувчилар табииёт ўқув фанига оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


а) Тасаввур қилиш ва билиш:


- жонли ва жонсиз табиатни, жисм ва моддаларни;

- табиат ҳодисалари: ҳаракат, иссиқлик, товуш, электр,  ёруғлик ҳодисаларини;

- Ер, Қуёш, Ой ва юлдузларнинг қиёсий катталикларини ҳамда бир-биридан қанчалик узоқлигини;

- Ернинг ўз ўқи атофида ва Қуёш атрофида айланишини, кеча ва кундуз алмашинишини;

- сувнинг cуюқ, қаттиқ ва газ ҳолатларини;

- табиатда сувнинг айланишини;

- сувни тежаш ва асраш зарурлигини;

- ҳавонинг аҳамияти ва уни муҳофаза қилиш зарурлигини;

- атмосферадаги табиат ҳодисалари (шамол, туман, булут, ёмғир ва қорнинг пайдо бўлиши)ни;

- кундалик турмушда қўлланиладиган электр асбоблари ва улардан фойдаланишни;

- компьютер ва унинг имкониятларини;

- ҳозирги замон фан-техникасининг тараққиётини;

- Ер юзининг асосий шакллари (тоғ, текислик ва океан)ни;

- тупроқ ва тоғ жинсларини, фойдали қазилмаларни;

- уфқнинг асосий томонларини;

- маданий ва ёввойи ўсимликларни;

- дарахт, бута ва ўтларни;

- уй ҳайвонлари ва ёввойи ҳайвонларни;

- ҳашаротлар, қушлар, сувда яшайдиган ҳайвонлар, сувда ҳам, қуруқликда ҳам яшайдиган ҳайвонлар, йиртқич ҳайвонларни;

- ўсимлик ва ҳайвонларнинг инсон ҳаётидаги ўрнини.

- Ўзбекистон табиатини;

- Ўзбекистон Республикасининг пойтахти, вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасини;

- ўзи яшайдиган қишлоқ (шаҳар) табиатини;

- Ўзбекистондаги йирик қўриқхоналарни.


б) Амалда қўллай олиш:


- термометр ёрдамида сув ва ҳаво ҳароратини ўлчай олиш;

- тарози ёрдамида жисм массасини ўлчай олиш;

- Қуёшга, компасга, маҳаллий белгиларга қараб уфқнинг асосий томонларини топа олиш;

- Дунё харитасидан Ўзбекистон ҳудудини топа олиш;

- Ўзбекистон харитасидан мамлакатимиз пойтахти, ҳар бир вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасини кўрсата олиш;

- кундалик турмушда қўлланиладиган электр асбобларидан ва табиий газдан хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда фойдалана олиш;

- хона ўсимликларини ва уй ҳайвонларини парвариш қила олиш.



5. Инсон ва жамият


Бошланғич синфларда ўқувчилар инсон ва жамият, таълим соҳаси бўйича қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


а) Жисмоний камолотга оид:


- инсон саломатлиги ва жисмоний камолотига оид тушун-чаларни билиш;

- чиниқишнинг моҳиятини англаш;

- гимнастика машқларини бажара олиш;

- шахсий гигиена меъёрларини билиш ва уларга амал қилиш;

- жисмоний машқларнинг инсон камолотини таъминлашдаги аҳамиятини англаш;

- жисмоний тарбия машқларини хавфсизлик  қоидаларига  риоя  қилган  ҳолда  бажара олиш;

- миллий ўйинлар қоидаларини билиш;

- турли спорт ўйинларининг элементларини қўллай  олиш;

- жароҳатланишнинг олдини олиш, жароҳат олган тақдирда биринчи ёрдам кўрсата олиш;


б) Мусиқага оид:


- мусиқа бадиий санъат эканлигини билишлари, куйга тавсиф бера олиш;

- халқ мусиқа мероси ҳақида тушунчага эга бўлиш;

- чолғу асбобларини билиш ва товуш тембрларидан уларни фарқлай олиш;

- мусиқага  оид  оддий  атамаларни билиш;

- нота ёзувларини билиш ва амалда қўллай олиш;

- биргаликда ва якка ҳолда  куйлай  олиш;

- мусиқанинг  ифода воситаларини билиш;

- ижрочилик  турларини ижро садоларидан фарқлай олиш;


в) Тасвирий санъатга оид:


- тасвирий санъат ва унга оид айрим ибораларни билиш;

- асосий рангларни фарқлай олиш;

- бадиий материаллар, асбоблар ва жиҳозларни  фарқлай олиш;

- расм ишлаш босқичларини билиш;

- нақшлар ва уларнинг хусусиятини  билиш;

- бўёқни ўз ўрнида  ишлата  олиш;

- табиат  манзараларини кузатиш ва тасвирлай олиш;

- буюмлар ясаш, уларни безата олиш;

- турли рангларни ҳосил қила олиш;

- бадиий тасвирнинг жамият ҳаётида тутган ўрнини билиш;


г) Инсоннинг моддий ва маънавий эҳтиёжига оид:


- Ватан тушунчасига эга бўлиш;

- давлат тушунчасини, давлатнинг рамзий белгиларини, она-Ватан  туйғусини англаш;

- Ўзбекистон аҳолиси ва миллий таркибини билиш;

- мамлакат ҳаётидаги буюк саналарни билиш;

- ахлоқ ва кийиниш меъёрларини билиш;

- уй тутишни билиш;

- меҳмонларга, атрофдагиларга мулозамат кўрсата олиш;

- дастурхон тузатишни билиш;

- орасталик меъёрларини билиш;

- ўз туғилган жойи ва ўлкаси ҳақида тушунчага эга бўлиш;

- техник  моделлаштиришга  оид  ишларни бажара олиш;

- уй-рўзғор ишларини бажара олиш;

- содда конструкторлик ишларини бажара олиш;

- дурадгорликка оид содда ва енгил ишларни бажара олиш (ўғил болалар учун);

- оддий бичиш-тикиш ишларини бажара олиш (қиз болалар учун);

- инсон меҳнатини, фаолият турларини англаш;

- ҳуқуқ ва ҳуқуқбузарлик ҳақида тасаввурга эга бўлиш;

- қишлоқ ва шаҳар аҳолиси ҳаётини билиш;

- уй хўжалиги ҳақида маълумотга эга бўлиш;

- оила ва унинг қандай ташкил топишини билиш;

- оилада фарзанднинг бурчини билиш;

- бозор,  сотувчи,  харидор  каби тушунчаларни билиш;

- инсоннинг пулга бўлган эҳтиёжини англаш;

- пул тўлов, савдо-сотиқ  воситаси эканлигини билиш;

- пул бирликларини билиш;

- нарх ва унинг ўзгарувчанглигини билиш.



6. Чет тиллар

Бошланғич синф ўқувчиларининг тайёргарлик даражасига қўйиладиган мажбурий минимал талаблар


Лингвистик компетенция


а) Нутқий компетенция (А1)


Тинглаб тушуниш:

содда йўриқномаларни тушуна олади ва уларга амал қила олади;

содда саволлар ва гапларни тушуна олади;

содда шеърлар, ҳикоялар, қўшиқларни тушуна олади;

таниш контекстларда содда аутентик нутқни тушуна олади.

Гапириш:

Диалог: маълумот сўрай олади ва маълумот бера олади;

ёрдам сўраб мурожаат қила олади;

содда савол-жавоб қила олади.

Монолог: яшаш жойи, оила, дўстлари ва танишлари ҳақида гапира олади;

ўзини таништира олади, ёқтирган ва ёқтирмаган нарсалари ҳақида гапира олади;

таниш мавзуда жуда қисқа тақдимотлар қила олади.

Ўқиш:

таниш мавзулардаги маълумот берувчи матнларнинг асосий мазмунини тушуна олади;

жой ёки инсонлар тасвирланган қисқача матнни (зарур ҳолларда кўргазмалардан фойдаланган ҳолда) тушуна олади;

содда хабарларни (масалан, оддий хатлар, электрон хатлар) тушуна олади;

содда ёзма йўриқнома ёки кўрсатмаларни тушуна олади ва уларга амал қила олади.

Ёзиш:

шахсий содда хабарларни ёза олади (табриклар, қайдлар, электрон хатлар);

шахсий маълумотлар (исм-шариф, яшаш манзили ва ҳоказо) билан содда анкетани тўлдира олади;

содда шеър ва ҳикоялар ёза олади.


б) Тил компетенцияси (А1)


Фонетик компетенция:

чет тилининг барча товушларини аниқ талаффуз эта олади;

сўз ва гап урғусини тўғри қўя олади;

коммуникатив вазиятларда интонация моделларини фарқлай билади ва улардан фойдалана олади.

Лексик компетенция:

ўзлаштирилган лексик воситаларни контекст (матн)да қўллай олади;

мавзуга оид содда сўзларни коммуникатив вазиятларда қўллай олади;

баъзи байналминал сўзлар ва турдош сўзларни фарқлай олади ҳамда уларни қўллай олади.

Грамматик компетенция:

коммуникатив вазиятларда содда грамматик ва синтактик тузилмаларни қўллай олади;

сўз ва сўз бирикмаларини "ва" боғловчиси билан боғлай олади;

феъл шакллари ва содда пайт равишдошларидан фойдаланган ҳолда гапларни тўғри баён қила олади, ҳикоялар ҳамда воқеаларни тўғри кетма-кетликда гапира олади.



5-9-СИНФЛАР


1. Она тили


Ўқувчилар она тилидан қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


а) грамматикага оид ўзлаштириладиган меъёрлар:


- фонетика, лексикология, сўзнинг таркиби, сўз ясалиши, морфология, синтаксис, ёзув ва имло, тиниш белгилари, боғланишли нутқ, нутқ услублари, стилистикага оид тушунчалар, уларнинг муҳим белгиларини билиб олишлари, изоҳлай билишлари ва шу тушунчалар билан боғлиқ грамматик атамаларни ўзлаштириш;

- ўзбек адабий тили грамматикасининг меъёр ва имкониятларини билиш;

- нутқ услубларининг чегара ва имконияларини билиш;

- оғзаки ва ёзма нутқда сўз ўзгартирувчи ва шакл ҳосил қилувчи қўшимчалар, грамматик маъно ифодаловчи воситаларни танлай олиш;

- синонимик ва услубий имкониятлардан тўғри фойдалана олиш;

- гапда сўз тартибига риоя қилиш, гап бўлакларини турли туркумга оид сўзлар, отлашган сўзлар, сўз бирикмалари ва иборалар воситасида ифодалай олиш;

- гап турларидан, ундалмали, кириш сўзли ва бирикмали, уюшиқ бўлакли, ажратилган изоҳ бўлакли гаплардан, қўшма гап турларидан, кўчирма ва ўзлаштирма гаплардан тўғри ва ўринли фойдалана олиш;


б) амалий кўникма ва малакалар:


- ўқиш техникаси бўйича: миқдорий кўрсаткич - 1 минутда 120-130 сўз. Сифат кўрсаткичлар - мураккаб типдаги илмий атамаларни, рамзларни, мумтоз адабиёт намуналарини, сўз ва ибораларни тўғри талаффуз қила олиш, маъносини англаган ҳолда тўғри ва равон ўқиш.

-ўзгалар фикри ва матн мазмунини англаш малакаси бўйича: Миқдорий кўрсаткич - 10 дақиқада 5-6 саҳифа. Сифат кўрсаткичлар- оғзаки нутқнинг аниқлиги, матн мазмунининг мос бўлиши, тўғри, равон ва таъсирчан бўлиши.

- фикрни ёзма шаклда баён этиш малакаси бўйича: Миқдорий кўрсаткич - 12-14 гапдан иборат бўлган тугал матн яратиш. Сифат кўрсаткичлар - матндаги гапларнинг мазмунан ўзаро боғлиқлиги ва алоқадорлиги кўрсатилган мавзу доирасида бирлашиши, тиниш белгиларини тўғри қўйиш, матндаги хат бошиларнинг яхлитлиги ва фикр изчиллигини таъминлаш, ўрганилган ифода воситаларини ўринли қўллай олиш ва уларнинг услубий имкониятларидан фойдалана олиш, иш қоғозларини ёза олиш.



2. Адабиёт


Ўқувчилар адабий таълимга оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- матнни тўғри, тез ва ифодали ўқий олиш;

- 4-5 та бадиий матнни ёддан айтиб бера олиш;

- Президент асарларини билиш, уларда илгари сурилган ғоялар асосида мушоҳада юрита олиш;

- мамлакатимиз мустақиллиги ва байрамлари ҳақидаги, она-Ватанга муҳаббат уйғотувчи адабий асарлар мазмунини англаган ҳолда сўзлаб бериш;

- мумтоз адабиёт жанрлари билан замонавий адабиёт жанрларини фарқлай олиш;

- берилган ҳар қандай мавзуда оғзаки ва ёзма равишда мус-тақил фикр юрита олиш;

- бадиий тасвир воситалари ҳақида матнга таянилган ҳолда мустақил фикр юритиш ва таҳлил қила олиш;

- ўқиган асаридан олган таассуротларини ёрқин ифодалаб бера олиш;

- ўзга инсоннинг туйғулари ва ҳиссий кечинмалар хусусида фикр юрита олиш;

- турли мавзуларда иншо ёза билиш;

- ўрганилган адиблар табиатига хос бўлган хислатларни баҳолай билиш;

- адабий қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларига муносабат билдира олиш ва уни асослай билиш;

- юксак дидли ва ақлан баркамол адабий қаҳрамонларнинг хислатларини очиб бера олиш;

- мусиқа ёки ранг тасвир асари замиридаги бадиий жозибани ҳис қилиш ва уни сўз билан ифодалаб бериш;

- ўрганилган асарларда тасвирланган бадиий тимсоллар хусусиятига хос бўлган хислатларни англаб, уларга муносабат билдира олиш;

- ўрганилган асарлардаги адабий қаҳрамонлар хусусиятига хос бўлган фазилатларга мустақил фикр билдира олиш;

- ўрганилган бадиий асарлар тимсолларининг табиатидаги миллий хусусиятларни англай билиш;

- адабиёт назариясига доир билимларни китобхонлик амалиётида мустақил қўллай олиш;

- адабий-тарихий даврларга ва адиблар ижодига тўғри баҳо бера олиш.



3. Ўзбек тили


(Таълим ўзбек тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун)


Таълим ўзбек тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда давлат тили таълимидан ўқувчилар қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- морфология ва синтаксисга доир асосий тушунчаларни ҳамда шу тушунчалар билан боғлиқ равишда грамматик атамаларни билиш;

- сўзларнинг ёзилиши, грамматик воситаларнинг сўзларга қўшилиши билан боғлиқ имло қоидаларини билиш ва бу қоидаларга амал қилиш;

- мустақил гапларни, мураккаб синтактик бутунликларни ўзаро тўғри боғлай олиш;

- ўзбек мумтоз адабиётининг ҳамда XX аср замонавий ўзбек адабиёти намояндаларини билиш, уларнинг асарларидан намуналар айта олиш;

- бадиий асар тимсолларига оғзаки ва ёзма тавсиф бера олиш;

- ўрганилган мавзу доирасида ва расмларга қараб мустақил фикрни 15-20 гап билан изчил ва боғланишли монологик нутқ шаклида баён қила олиш;

- айрим матнлар мазмунини ўз сўзи билан (асосий мазмунни қамраб олган ҳолда) қайта ҳикоя қила олиш;

- матнни (бадиий асар, ҳикоя, илмий мақола, хабар) тўғри, равон, тушуниб, бир дақиқада 130 сўз тезлигида ўқий олиш;

- бадиий асар (ёки ундан олинган парча)ни, шеърни ифодали ўқий олиш;

- ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналаридан (мақол, топишмоқ, қўшиқ, матал) айта олиш;

- 80-90 сўздан иборат матн асосида диктант ёзиш;

- 120-130 сўзли матн асосида баён ёза билиш;

- 6-8 гапдан иборат бўлган матн туза олиш;

- иш қоғозлари(ариза, таржимаи ҳол, хат, эълон, мақола, тушунтириш хати, ишонч қоғози)ни ёза олиш.



4. Рус тили


(Таълим рус тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун)

По окончании девятого класса учащиеся должны:


а) По русскому языку:


- овладеть базовыми фонетико-орфоэпическими, лексико-фразеологическими, грамматическими, орфографическими, коммуникативно-речевыми, этнокультурроведческими знаниями, навыками и умениями;

- активно усвоить 2500 лексических единиц и определенный потенциальный словарь; овладеть коммуникативно-речевыми действиями в соответствии с основными сферами общения (обиходно-бытовая, учебная, общественно-политическая, социально-культурная) и типовыми ситуациями;

- освоить средства выражения обобщенных типов семантики высказывания, а также формулы речевого этикета.


б) По литературе


- знать основные вехи жизненного и творческого пути выдающихся русских писателей;

- самостоятельно формулировать основную тему прочитанных произведений; уметь давать развернутые ответы с элементами описания, рассуждения, оценки событий и героев произведений с позиций нравствено-эстетических ценностей;

- уметь выявлять средства художественной изобразительности с целью углубления восприятия идейно-художественного содержания и активизиции их в собственной речи.

В целом образовательная область "Русский язык" должна заложить коммуникативно-языковую базу для дальнейшего межличностного общения, сформировать и углубить положительное отношение к русскому языку, выработать потребность пользоваться русским языком как средством общения.



5. Чет тиллар

Умумий ўрта таълимнинг 5 - 9-синф ўқувчиларининг тайёргарлик даражасига қўйиладиган мажбурий минимал талаблар:


Лингвистик компетенция


а) Нутқий компетенция (А2 ва А2+)


Тинглаб тушуниш:

(А2) ўз эҳтиёжлари ва қизиқишларига бевосита боғлиқ бўлган гап ва ибораларни тушуна олади;

бирор ерга бориш бўйича содда йўриқномаларни тушуна олади;

содда хабарлар ва эълонлардаги асосий маъноларни тушуна олади.

(А2+) кундалик мавзулардаги тасмага ёзилган парчалардан муҳим маълумотларни тушуна олади;

муҳокама этилаётган масаланинг асосий мавзусини аниқлай олади.

Гапириш:

Диалог:

(А2) тўғри маълумот ола билади ва бера олади;

саломлаша олади ва мурожаат қила олади, таклиф, тавсия қила олади ва таклифга жавоб бера олади, узр сўрашнинг содда кундалик шаклларини ишлата олади;

қисқа мулоқотда иштирок эта олади;

содда иборалардан фойдаланиб таниш мавзуда ўз фикрини ифода эта олади;

содда юмушлар (чипталар сотиб олиш, харид қилиш, ошхонада таом буюра олиш)ни амалга ошира олади;

тушунмаганлигини билдира олади.

(А2+) Оммавий вазиятларда одамлар билан мулоқотга кириша олади;

қисқа суҳбатларда ўз режалари ҳақида муаммосиз иштирок эта олади (масалан, кечқурун ёки дам олиш кунлари режалари бўйича);

кундалик ҳаётга оид ўзи қизиққан ёки ўзига бевосита алоқадор мавзуларда қисқа суҳбатларда иштирок эта олади;

олдиндан режалаштирилган кундалик суҳбатларда маълум мавзуларда савол-жавоб қила олади, фикр ва маълумот алмаша олади;

бошқалар фикрига қўшилиш ёки қўшилмасликни ифодалай олади;

чет тилида маълумот, йўриқномалар ва бошқалар юзасидан тегишли жавобларни қайтара олади (масалан, кўчада ўрганилаётган тил соҳиби бўлган сўзлашувчи мурожаат қилганда);

маълумотни аниқлаштириш ёки такрорлашни илтимос қила олади.

Монолог:

(А2) одамлар, яшаш ёки иш жойи шароитлари, кундалик ишлар, ёқтирган/ёқтирмаган нарсалар ва бошқаларни содда қилиб тасвирлай олади ёки тақдимот қила олади;

содда иборалар билан одамлар, жойлар ва буюмларни тасвирлай олади.

(А2+) Таниш мавзуда қисқа тақдимот қила олади;

нимани ёқтириши ёки ёқтирмаслигини тушунтира олади;

тадбир ёки воқеа-ҳодиса ҳақида қисқа маълумот бера олади;

режалар, тадбирлар, одатлар ва тажрибаларни тасвирлай олади;

содда иборалар билан предметлар ва ўзига тегишли нарсаларни қиёслай олади.

Ўқиш:

(А2) жуда қисқа содда аутентик ва ярим-аутентик матнларни тушуна олади;

қисқа шахсий содда хабарлар ва хатларни тушуна олади;

жамоат жойларидаги умумий белгилар ва эълонларни тушуна олади;

содда ёзма кўрсатмаларни тушуна олади;

рўйхатлар, веб сайтлар, қўлланмалар ва бошқалардаги махсус маълумотларни қидириб топа олади.

(А2+) расмий хатларнинг асосий турларини тушуна олади (масалан, тасдиқлаш хати каби);

оммавий ахборот воситаларида чоп этилган қисқа хабар ва кичик мақолаларини тушуна олади;

товарлар ва асбоб-ускуналарни ишлатиш бўйича йўриқномаларни тушуна олади ва уларга амал қила олади;

фактларга асосланган матнларда, масалан брошюралар, рекламалар, газета эълонларидан махсус маълумотларни топа олади;

баъзи нотаниш сўзларнинг маъносини контекстга қараб аниқлай олади.

Ёзиш:

(А2) содда қисқа хат ва хабарлар ёза олади (масалан, миннатдорчилик билдириш хатлари, узр сўраш хатлари);

анкетани турли шахсий маълумотлар билан тўлдира олади (исм-шарифи, манзили, телефон рақами, миллати, ота-онаси билан уланиш ҳақида маълумотлар ва ҳоказо);

кундалик турмуш ҳақида ёза олади;

содда биография ёза олади;

содда шеърлар ёза олади.

(А2+) Тадбирлар ва шахсий тажрибаларни тасвирлаб ёза олади;

оғзаки хабарни тушунарли қилиб ёза олади.


б) Тил компетенцияси (А2 ва А2+)


Фонетик компетенция:

чет тилининг барча товушларини аниқ талаффуз қила олади;

сўз ва гап урғусидан тўғри фойдалана олади;

коммуникатив вазиятларда интонация моделларидан тўғри фойдалана олади ва уларни фарқлай олади.

Лексик компетенция:

ўзлаштирилган лексик бирликларни контекстда қўллай олади;

мавзуга оид содда сўзларни коммуникатив вазиятларда қўллай олади;

баъзи байналминал ва ўзлашган сўзларни таний олади ва уларни қўллай олади;

сўз ясашнинг турли йўлларини фарқлай олади (қўшма сўзлар, префикслар ва суффикслар).

Грамматик компетенция:

коммуникатив вазиятларда асосий грамматик ва синтактик тузилмаларни қўллай олади;

сўз бирикмалари ва қўшма гапларни "аммо", "ва", "чунки" каби содда боғловчилар билан боғлай олади;

феъл шакллари ва содда пайт равишларидан фойдаланган ҳолда баён қила олади ва ҳикояларни гапириб беришда воқеаларни тўғри кетма-кетликда ифодалай олади.



6. Тарих


Ўқувчилар тарих таълими жараёнида қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- жаҳон ва Ўзбекистон тарихининг даврлари, ижтимоий тузумлар, уларнинг аталиши ва уларга хос хусусиятлар ҳақида тасаввурга эга бўлиш;

- аср ва йил ҳисобини билиш, тарихий воқеа ва ҳодисаларнинг давомийлигини, уларнинг қайси даврга мансублигини айта олиш, эрамиздан олдинги асрларни ҳисоблай олиш;

- инсоният доимо олдинга интилганлиги, бу эса тарихий тараққиётнинг асоси бўлганлигини англаш;

- жамиятда ва дунёда кечаётган жараёнларга ўзининг мустақил муносабатини билдира олиш;

- тарихий манбаларни мустақил ўрганиш асосида хулосалар чиқара олиш;

- тарихий жараёнлар ҳақида маълумотга эга бўлиш ва қиёсий таҳлил қила олиш;

- бобомиз Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни ҳақида билимга эга бўлиш;

- Ўрта Осиёдаги хонликларнинг ижтимоий,  иқтисодий ва маданий ҳаёти ҳақида маълумотга эга бўлиш;

- Ўрта Осиё хонликларидаги феодал муносабатларнинг шаклланиши ва ривожланиши ҳақида маълумотга эга бўлиш;

- Россия босқини, унинг бешафқат генераллари ва уларга қарши курашган ватанпарвар саркардалар, қаҳрамонлар, миллий озодлик ҳаракатлари тўғрисида тасаввурга эга бўлиш;

- Шўро ҳукумати ва большевикларнинг халқимизга қилган адолатсиз қатағонлик сиёсати, мулкий ва маънавий ҳуқуқлари паймол  этилгани ҳақидаги маълумотларни билиш;

- Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, халқимизнинг фронт ва меҳнат соҳасидаги жасорати ҳақида тушунчаларга эга бўлиш;

- миллий мустақиллик ва унинг дастлабки ютуқлари, мамлакатимиз байроғи, герби, мадҳияси, давлат рамзлари, Президенти, ташқи алоқаларига доир тушунчаларга эга бўлиш;

- жаҳон ва Ўзбекистон тарихининг янги даври ҳақида  маълумотга эга бўлиш;

- Президент асарларини билиш, уларда илгари сурилган ғоялар асосида мушоҳада юрита олиш;

- Ўзбекистоннинг мустақил, суверен, демократик давлат сифатидаги тарихий ривожланиши ҳақида маълумотга эга бўлиш;

- мустақил Ўзбекистон Республикасининг бозор  иқтисодиёти шароитида ривожланишининг умумий хусусияти тўғрисида тасаввурга эга бўлиш;

- дунё халқлари олдида турган жаҳоншумул муаммолар, уларни бартараф этиш вазифалари, Ўзбекистон Республикасининг бу муаммоларни ҳал этиш йўлида амалга ошираётган ишлари ҳақида маьлумотга эга бўлиш.

- харита устида ишлай олиш, тарихий воқеалар юзасидан мустақил мулоҳаза юрита олиш, баён қила олиш, мунозара ва баҳсларда фаол иштирок эта олиш;

- дарслик, қўлланма, харита, тарихий ҳужжат матни устида ҳамда кўргазмали қуроллар билан мустақил ишлай олиш;

- тарих таълими жараёнида эгаллаган билимларини эркин баён эта олиш, ўз синфдошларининг фикрларига муносабат билдира олиш.

- ўз мактаби, кўчаси, тумани, қишлоғи, шаҳрининг ўтмиши, бугуни тўғрисида маълумотга эга бўлиш.



7. Давлат ва ҳуқуқ асослари


Ўқувчилар давлат ва ҳуқуқ асосларига оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- ҳуқуқий таълимга оид асосий тушунча, қонуният ва ғояларни билиш;

- давлат тузилиши, бошқарув шакллари, бошқарувни амалга оширишнинг демократик ва антидемократик усулларини, уларнинг ўзига хос хусусиятларини тушунтира олиш;

- давлат органларининг тузилиш асосларини тавсифлаб бериш;

- ахлоқ ва ҳуқуқнинг ўзаро боғлиқлиги ва тафовутларни билиш;

- ҳуқуқ меъёрларини билиш ҳамда ҳаётда ўзларининг хатти-ҳаракатини ана шу меъёрларга монанд бошқара олиш малакасига эга бўлиш;

- ҳуқуқ тизимларини, унинг соҳаларга бўлинишини, бу соҳаларнинг ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишдаги аҳамиятини тушуниш;

- ҳуқуқни қўллашнинг ташкилий ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи функцияларини ҳамда ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш кўникмасига эга бўлиш;

- ҳуқуқий давлатнинг белгиларини, уни шакллантириш йўллари ва муаммоларини, Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш асосларини тушунтира олиш;

- Президент асарларини билиш, уларда илгари сурилган ғоялар асосида мушоҳада юрита олиш;

- ўзбек миллий давлатчилиги ва унинг тараққиёти ҳақида тасаввурга эга бўлиш;

- Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши, унинг тузилиши ва мазмунини тавсифлай олиш;

- инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари тизимларини ва улардан фойдаланиш кафолатларини билиш;

- Конституция ва қонунларга риоя қилиш, уларни ҳурмат қилиш малакаларига эга бўлиш;

- Ўзбекистон Республикасининг миллий давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишини ва уларнинг ҳуқуқий асосларини билиш;

- Ўзбекистон Республикасининг давлат ҳокимият тизими: қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимиятига бўлинишини, уларнинг тузилиши ва вазифаларини тушунтира олиш;

- Ўзбекистон Республикаси Президенти - давлат ва ижро этувчи ҳукумат бошлиғи сифатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Республика Конституцияси ва қонунларига риоя этилишига кафил бўлишини, Республика суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш, миллий давлат тузилиши масалаларига оид қарорларни рўёбга чиқариш борасида зарур чора-тадбирлар белгиланишини, халқаро муносабатларда Республика номидан иш кўришини билиш;

- иқтисодий, сиёсий, маънавий, маърифий соҳаларга оид қонунларнинг мазмунини билиш ва улардан ҳаётда фойдалана олиш;

- таълим соҳаси ва ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий тамойиллари, ёшларнинг маънавий, маърифий, жисмоний камолоти учун барча ҳуқуқий асослар мавжудлигини билиш, ўзини келажаги буюк давлат бунёдкори сифатида ҳис этиб,  мамлакат тараққиётига муносиб улуш қўшишга астойдил интилиш.



8. Иқтисодий билим асослари


Ўқувчилар иқтисодий билим асосларига оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- асосий иқтисодий қонуниятлар, тушунча ва атамаларни билиш, уларнинг моҳиятини тушуниш;

- маркетинг, талаб ва таклиф ҳақида билимга эга бўлиш;

- тадбиркорлик ва рақобат ҳақида фикр юрита олиш;

- меҳнат муносабатлари ва иш ҳақи ҳақида тушунчага эга бўлиш;

- солиқ тизими ҳақида тасаввурга эга бўлиш;

- мулк ва мулкий муносабатларни билиш;

- пул, нарх, молия, давлат бюджети ва банк фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлиш;

- маркетинг ва менежмент фаолиятини билиш;

- оила хўжалигини юритишнинг умумий қоидаларини, оила бюджетини шакллантиришда фойда, чиқим ва уларнинг манбаларини билиш;

- бозор  шароитида (шаҳар ва қишлоқ  шароитидаги)   оилаларнинг иқтисодий алоқаларини таққослай олиш;

- истеъмол товарлари рекламаси таҳлилини билиш;

- мактаб хўжалигини юритиш механизмини тушунтира олиш;

- тадбиркорлик турларини (ишлаб чиқариш, тижорат, молиявий) билиш;

- Президент асарларини билиш, уларда илгари сурилган ғоялар асосида мушоҳада юрита олиш;

- Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш тамойилларини билиш;

- Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтишнинг дастлабки тушунчаларини билиш;

- бозор ва унинг турларини билиш;

- ижтимоий фойдали ва унумли меҳнат кўникмаларига эга бўлиш.



9. Математика


Ўқувчилар математикага оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- натурал, бутун, рационал ва ҳақиқий сонлар ҳақида тушунчага эга бўлиш ва уларга оид ҳисоблашларни бажара олиш;

- сонларнинг ўрта арифметиги, нисбат, пропорция ва фоизларни билиш, уларни қўллай олиш;

- сонли ва ҳарфий ифодалар ҳақида тасаввурга эга бўлиш;

- буюк алломаларимиз ва уларнинг математика ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида тасаввурга эга бўлиш;

- формулалар ёрдамида ҳисоблашларни бажара олиш;

- тенглама, унинг илдизи тушунчаларининг маъносини билиш;

- чизиқли ва квадрат тенгламалар, икки номаълумли тенгламалар системасини еча олиш;

- сон ўқида ва координата текислигида нуқтани ифодалай олиш;

- икки нуқта орасидаги масофани топа олиш;

- график ва диаграммалар чиза олиш;

- алгебраик ифодаларнинг сон қийматини топа олиш;

- кўпҳадлар устида арифметик амалларни бажара олиш ва уларни стандарт кўринишга келтира олиш;

- қисқа кўпайтириш айниятларини билиш ва қўллай олиш;

- даража қатнашган каср ва ифодалар устида амалларни бажара олиш;

- бир номаълумли тенгсизликларни еча олиш;

- арифметик ва геометрик прогрессияларни билиш, уларнинг исталган ҳадини ва ҳадлар йиғиндисини ҳисоблай олиш;

- асосий тригонометрик функцияларнинг графиги ва хоссаларини, асосий тригонометрик айниятларни билиш ва қўллай олиш;

- алгебраик формулалар ва ҳисоблашларга оид масалаларни еча олиш;

- асосий геометрик фигуралар ва содда геометрик жисмларга оид тушунча ва атамаларни билиш;

- чизмачилик асбоблари ёрдамида геометрик фигураларни текисликда тасвирлай олиш;

- ясси геометрик фигуралар ва геометрик муносабатлар ҳақидаги тартибга солинган маълумотга эга бўлиш;

- геометрик масалаларни еча олиш;

- геометрия курсидан олинган билимларни ижтимоий ҳаётда қўллай олиш.



10. Информатика


Ўқувчилар информатикага оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- информатика ва ҳисоблаш техникаси асосларига оид тушунчаларни билиш;

- замонавий компьютер техникаси, асосий қурилмалари ва  уларнинг  иш  принципларини  билиш;

- ахборотни тасвирлаш, кодлаш, ўлчаш ва қайта ишлаш усулларини билиш;

- алгоритмлашнинг асосий кўникмаларига эга бўлиш;

- компьютерда масалалар ечиш босқичлари ҳақида тасаввурга эга бўлиш;

- замоновий ахборот технологиясининг  жамиятимиздаги   истиқболи ҳақида тасаввурга эга бўлиш;

- дастурлаш тилларининг хиллари, тузилиши ва қўлланилишини билиш;

- компьютер саводхонлигини минимал  даражада намойиш қила олиш;

- инсон фаолиятининг турли соҳаларига кирган замонавий ахборот  технологиясини намойиш қила олиш.



11. Физика


Ўқувчилар физика асосларига оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- физик ҳодисалар ҳақида тасаввурга эга бўлиш ва уларни таҳлил қила олиш;

- механика, молекуляр физика ва термодинамика асослари, электр, ёруғлик, атом ва ядро физикаси асосларига оид асосий тушунчалар, атамалар, катталиклар ва уларнинг бирликлари, қонуниятлар, формулаларни билиш ва уларни қўллай олиш;

- физик ҳодисаларни кузатишни режалаштириш ва ўтказиш, кузатиш натижаларини умумлаштириш ишларини бажара олиш;

- ўлчов асбоблари (секундомер, штангенциркуль, тарози, мензурка, динамометр, манометр, барометр, термометр, электрометр, амперметр, вольметр, омметр)дан фойдалана билиш, асбобларнинг ўлчаш хатолигини баҳолай олиш;

- мустақил равишда тажриба ўтказа олиш, тажриба натижаларини схема, жадвал, график кўринишда тасвирлай олиш, уларни таҳлил қила олиш ва хулосалар чиқариш;

- буюк алломаларимиз ва уларнинг физика ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида тасаввурга эга бўлиш;

- дарсликлар, ўқув қўлланмалар ва қўшимча адабиётлардан фойдаланиб мустақил билим олиш ва уларни амалиётда қўллай билиш;

- масалалар ечиш бўйича кўникма ва малакага эга бўлиш;

- физик асбоблар билан ишлаш жараёнида техник хавфсизлик қоидаларига риоя қила олиш;

- физикага оид олган билимларини амалиётда қўллай олиш.



12. Кимё


Ўқувчилар кимё асосларига оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- модда, унинг таркиби, тузилиши, хоссалари, таркибини билиш;

- кимёвий элемент ва уларнинг бирикмадаги валентлигини ҳамда кимёвий формулани туза билиш;

- кимёвий қонунлар ва назарияларни, атом-молекуляр таълимотни билиш;

- анорганик бирикмаларнинг энг муҳим бирикмалари  таркиби, хоссалари  ва қўлланилишини  билиш;

- кимёвий элементлар даврий қонуни ва даврий системасини билиш;

- кимёвий боғланиш турларини  билиш;

- кимёвий реакциядаги асосий қонуниятларни англаш;

- кичик даврда жойлашган кимёвий элементлар тавсифини билиш;

- кислота, ишқор, тузларнинг диссоциацияланишини ёза олиш;

- ион алмашиниш тенгламаларини ёза олиш;

- металл ва металлмасларнинг айрим вакиллари хоссалари ва қўлланишини билиш;

- буюк алломаларимиз ва уларнинг кимё ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида тасаввурга эга бўлиш;

- Ўзбекистонда олинадиган кимёвий хом ашёлар ва уларнинг моҳиятини англаш;

- органик моддаларнинг тузилиш назариясини тушунтира олиш;

- органик бирикмаларнинг хоссалари ва қўлланилишини тушунтира олиш;

- анорганик ва органик кимёга оид масалалар еча олиш;

- полимерларнинг хоссалари ва қўлланилишини тушунтира олиш;

- кимёвий реактивлар ва жиҳозлардан фойдалана олиш;

- кимёвий ишлаб чиқариш жараёни, кимёвий моддалардан фойдаланишни экологик нуқтаи назардан тушунтира олиш.



13. Биология


Ўқувчилар биология асосларига оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- ботаника, зоология, одам ва унинг саломатлиги, умумий биология курслари мазмунида бериладиган асосий биологик қонунлар ва назарияларни билиш;

- тирик организмлар турли-туманлигини билиш;

- ўсимликнинг илдизи, пояси, барги, вегетатив кўпайиши, гули, мева ва уруғлари, ўсимлик органларининг атроф муҳит билан боғлиқлиги, ўсимликлар системаси, ўсимликларнинг асосий бўлимлари, ўсимликлар оламининг ривожланиши, ўсимликлар қоплами, манзарали ўсимликлар ҳақида билимга эга бўлиш;

- тур, уруғ, оила, туркум, синф, тип тўғрисидаги асосий таксономик тушунчаларни билиш;

- ҳайвонларнинг ҳужайравий тузилишини билиш;

- ҳайвонларнинг асосий органлари ва уларнинг вазифаларини тушунтира олиш;

- асосий  систематик гуруҳларни билиш;

- организмларнинг ҳаёт ва фаолият жараёнлари (озиқланиши, нафас олиши, модда ва энергия алмашинуви,  ўсиши, ривожланиши, кўпайиши)ни билиш ва идрок этиш;

- тирик организмларнинг умумий белгилари, тузилишидаги ўзига хосликларни тушунтира олиш;

- организмлар, турлар, табиий системаларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишнинг зарурлигини билиш ва унга амал қила олиш;

- одам органлари ва уларнинг вазифаларини тушунтира олиш;

- одамнинг пайдо бўлиши, кўпайиши ва ривожланишини тавсифлай олиш;

- цитология ва генетика асослари бўйича умумий маълумотга эга бўлиш;

- Ўзбекистонда биология фанининг ривожланиш тарихини билиш;

- биологияга оид билимлардан қишлоқ хўжалиги ишларида фойдалана олиш.



14. География


Ўқувчилар географияга оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- Ер шарининг шакли ва катталиги ҳақида тасаввурга эга бўлиш, ўлчамини билиш;

- план ола билиш;

- глобус, харита, атлас ва ёзувсиз харита билан мустақил ишлай олиш;

- Ер  шари қобиқлари табиатини билиш, ҳар бир қобиқ табиатини тушунтира олиш;

- Ер юзининг асосий шаклларини билиш ва уларни харитадан кўрсата олиш;

- табиат комплекси ва табиат зоналарини тавсифлай олиш;

- дунё аҳолиси ва сиёсий харитасини билиш;

- ҳар бир қитъалар ва океанлар табиатини билиш;

- умумий географик қонуниятларни билиш;

- Туркистон табиий-географик ўлкаси ва Ўзбекистон ҳудудининг табиатини билиш;

- иқтисодий географик тушунча,  қонуният ва жараёнларни билиш;

- географик ўрин, табиий шароит ва табиий ресурслар иқтисодиётига ва умуман мамлакат ривожидаги аҳамиятини янги  иқтисодий  муносабатлар қарор топаётган шароитда меҳнатнинг географик тақсимланишини, социал муаммолар ечимини тушунтира олиш;

- мамлакат аҳолиси ва меҳнат ресурслари ўзига хослигининг сабаб ва оқибатларини билиш;

- иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқлараро мажмуаларини билиш;

- иқтисодиётнинг ҳудудий ташкил этилиши ва иқтисодий  районлаштириш  тамойилларини  билиш;

- Ўзбекистоннинг  ҳар  бир иқтисодий географик районидаги ихтисослик тармоқларининг жойлашиш ва ривожланишига хос хусусиятларни тушунтира олиш;

- ўзи яшайдиган қишлоқ(шаҳар) географиясини билиш;

- жаҳоннинг умумий иқтисодий географик тавсифини билиш;

- жаҳоншумул табиий бойликларни ҳамда экологик муаммоларни билиш;

- жаҳон хўжалиги ҳақида тасаввурга эга бўлиш;

- мамлакатларнинг  тараққиётига  кўра гуруҳлаш мезонларини билиш;

- жаҳон давлатларининг минтақавий тавсифини билиш;

- инсониятнинг жаҳоншумул (глобал) муаммоларини идрок эта олишлари керак.



15. Мусиқа маданияти


Ўқувчилар мусиқа маданиятига оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- ҳар бир маҳаллий услубда ўзига хос ижрочилик услублари ва чолғу асбобларини билиш;

- Фарғона-Тошкент, Самарқанд-Бухоро, Сурхондарё-Қашқадарё, Хоразм ижрочилик услублари хусусиятлари, машҳур мусиқа жанрлари (достон, катта ашула, яллачилик)ни билиш, уларнинг машҳур ижрочиларини билиш;

- мақом ҳақида тушунча, ўзбек мақомлари ва уларни асосий туркумлари, шашмақом, унинг чолғу ашула йўллари, Фарғона-Тошкент мақомлари, Хоразм мақомлари, чолғу ва айтиш йўлларини билиш;

- Ўзбекистон ҳудудида мумтоз мусиқанинг кўп тармоқли ва маҳаллий анъаналарга эга эканлиги, уларнинг ўхшашлиги ва ўзига хослиги, маҳаллий мусиқий анъаналарнинг замонавий мусиқа, бастакорлик ва композиторлик ижоди соҳасида намоён бўлишини билиш;

- икки овозли қўшиқларни соф оҳангда куйлаш, мажор уч товушлигидан минор уч товушлигига мустақил куйлаб ўта олиш;

- куйлашда форте ва пиано динамик тусларини бажариш, ўзи ва ўртоқлари ижро этган қўшиқларнинг ижрочилик савияси ва бадиий сифатини баҳолай билиш;

- машҳур қўшиқ ва ашулалар, ёр-ёрлар ҳамда ушшоқларнинг маҳаллий услуб вариантларини тинглаб ажрата олиш;

- куйлаш ва тинглаш маданиятига эга бўлиш;

- мусиқа нақадар қадимий санъат эканлиги, ўзбек халқ мусиқасининг илдизлари узоқ даврларга тақалиб, асрлар, йиллар давомида сайқал топиб, ривожланиб келганлиги, шу боис халқимизнинг бой маданиятини, миллий қадриятларимизни ўзида акс эттиришини ва ниҳоят, ўзбек миллий мусиқамиз умумбашарий жаҳон мусиқа маданиятининг ажралмас бир бўлаги эканлигини тасаввур қила олиш.



16. Тасвирий санъат


Ўқувчилар тасвирий санъатга оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- тасвирий санъатнинг кишилар ҳаётидаги аҳамиятини тасаввур қилиш;

- тасвирий, декоратив-амалий, меъморчилик санъатида ишлатиладиган асосий атама ва тушунчаларни ҳамда уларнинг маъносини билиш;

- миниатюра санъати ҳақида умумий маълумотга эга бўлиш;

- тасвирий санъатнинг назарий асосларини билиш ва уларга амалда риоя қила олиш;

- тасвирий санъат асарларининг ифодалилик воситалари (чизиқ, силуэт, ранг, ритм, симметрия, ассимметрия, композиция)ни билиш ва уларни амалда қўллай олиш;

- тасвирий санъатнинг асосий тур ва жанрларини билиш;

- ўзбек халқ амалий санъатининг турлари ва унинг машҳур усталарини билиш;

- тасвирий санъатда ижод қилувчи энг машҳур ўзбек ва чет эл рассомларининг ҳаёти ва ижодини, уларнинг айрим асарларини билиш;

- Ўзбекистон ва чет эл мамлакатларининг энг машҳур меъморчилик асарларини билиш;

- 15-20 ранг номларини айта олиш;

- тасвирий ва амалий санъат асарларини эркин ўқий олиш;

-  нақшлар билан боғлиқ бадиий безак ишларини эркин бажара олиш;

- қуш, ҳайвон, одамни аслига ўхшатиб расми ва ҳайкалини тасвирлай олиш;

- расм, нақш, ҳайкал, қуриш-ясаш ишларини бажарганда турли материал ва услублардан фойдалана олиш;

- афсонавий мавзуларда расм ва ҳайкаллар ишлаганда уларни фантазия асосида тасвирлай олиш;

- тасвирлар ишлаганда ўзбек санъатининг миллий бадиий анъаналаридан мақсадга мувофиқ фойдалана олиш;

- тасвирий ишларни бажарганда техника хавфсизлиги ва гигиена қоидаларига риоя қила олиш.



17. Чизмачилик


Ўқувчилар чизмачиликка оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- тўғри бурчакли проекциялаш асосларини ва содда аксанометрик тасвирларни ясаш усуллари тўғрисида тушунчага эга бўлиш;

- чизмаларни бажаришнинг ўрганилган усулларини ва асосий туташмаларни ясаш усулларини билиш;

- чизмачилик асбобларидан рационал фойдалана олиш;

- буюмларнинг шаклини асл кўринишига ҳамда уларнинг  чизмаларига  қараб  таҳлил  қила  олиш;

- тасвирларнинг график таркибини таҳлил қила олиш;

- содда буюмларнинг чизмаси, эскизи ва яққол тасвирларини ўқий олиш ва бажариш;

- чизмаларда кесимлар ва қирқимларни бажариш ҳамда белгилашнинг асосий қоидаларини билиш;

- ўйма нақш солишнинг шартли тасвирлари ва белгиланишини билиш;

- йиғиш ва қурилиш чизмаларини бажариш хусусиятлари  тўғрисида тушунчага эга бўлиш;

- деталларнинг  асосий  бирикмалари, чизмаларини чиза олиш;

- оддий қурилиш чизмаларини ўқий олиш.



18. Меҳнат таълими


Ўқувчилар меҳнат таълимига оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- политехник дунёқарашга эга бўлиш;

- умуммеҳнат билим, кўникма ва малакаларини эгаллаган   бўлиш;

- касблар  ҳақида  умумий тасаввурга эга бўлиш;

- қишлоқ хўжалиги ва маиший  соҳалардаги ишлаб чиқариш асослари ҳақида билим ва дастлабки кўникмаларга эга бўлиш;

- материалларга бадиий ишлов бериш кўникмаларига эга бўлиш;

- муайян механизм, мослама ва машиналарнинг чизмаларини тайёрлаш кўникмасига эга бўлиш;

- уй-рўзғор электр асбобларидан ва газдан хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда фойдалана олиш;

- электротехник меҳнат (уй-рўзғор асбобларини тузатиш) кўникмаларига эга бўлиш;

- содда дурадгорлик ишларини бажара олиш (ўғил болалар учун);

- кундалик турмушда зарур бўладиган бичиш-тикиш ишларини бажара олиш (қиз болалар);

- пазандалик маҳоратини эгаллаш;

- уй-тутиш маданияти (уйни  дид  билан  безатиш, рўзғор тутиш, кийим-кечакларни саранжом-саришта тутиш, маданиятли кийиниш) кўникмасига эга бўлиш;

- оила иқтисодиёти (оила бюджети - кирим-чиқими, оилада меҳнат тақсимоти,  оилавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш) кўникмаларига эга бўлиш;

- Ўзбекистон Республикасидаги касб-ҳунарлар ҳақида билимга  эга  бўлиш;

- айрим касблар бўйича дастлабки меҳнат кўникмаларини эгаллаш.



19. Жисмоний тарбия


Ўқувчилар соғломлаштириш ва жисмоний тарбияга оид қуйидаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шарт:


- овқатланиш гигиенасини билиш ва унга риоя қилиш;

- ўзини ўзи тиббий назорат қила олиш;

- жисмоний машқларни бажариш қоидаларини билиш;

- асосий туркум ҳаракатлар кўникмаларига эга бўлиш;

- гимнастика машқларини бажара олиш;

- сафланиш, югуриш, узунликка ва баландликка сакраш, мувозанат сақлаш, осилиш ва таяниш машқларини бажара олиш;

- ҳаракатли ўйинларни ва спорт ўйинларидан бирор турини ўйнай олиш;

- жисмоний  тарбия  бўйича мустақил  машғулотлар ўтказиш учун зарурий билимга эга бўлиш;

- ўзини ўзи жисмоний жиҳатдан назорат қилишнинг асосий кўникмаларига эга бўлиш;

- организмнинг асосий системаларига жисмоний машғулотларни таъсирини билиш;

- узоқ давом этадиган югуришда ўзини ўзи назорат қилиш усулларидан фойдалана олиш;

- чидамлиликни оширишга қаратилган машқларни мустақил бажариш қоидаларини билиш ва уларга амал қилиш;

- сафланиш машқларини бажара олиш;

- 100 м гача бўлган масофага югуриш, 60-100 м масофага босқич билан эстафетали югуриш, 2 км масофага нотекис жойлар бўйлаб бир меъёрда секин югуриш машқларини бажара олиш;

- югуриб келиб узунликка “оёқ букиш” усулида  сакраш машқини бажара олиш;

- гимнастика, умумривожлантирувчи машқлар ва содда акробатика машқларини бажара олиш.