язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Меҳнат муносабатлари соҳасида бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.07.2017 й. 482-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 10 июлдаги

482-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат

муносабатлари вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасидаги сиёсатни амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


2. Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

Вазирлик марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, унга бўйсунувчи Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюролар, Чет элларга ишга кетаётган фуқароларни кўниктириш марказлари ва чет эллардаги ваколатхоналар;

Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш Республика илмий маркази;

Меҳнат органлари ходимларининг малакасини ошириш республика курслари (Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш Республика илмий маркази таъсисчиси ҳисобланади);

ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказлари;

Тошкент шаҳрида ишсизларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув маркази;

масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Ахборот-компьютер маркази "Mehnat.uz"" (Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш Республика илмий маркази таъсисчиси ҳисобланади);

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси.

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари Вазирликка ҳамда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига бўйсунадилар ва ҳисобот берадилар.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. Вазирлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


5. Вазирлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, шу жумладан валюта ҳисоб рақамларига эга бўлади.

Вазирликнинг қисқартирилган номи давлат тилида "Меҳнат вазирлиги", рус тилида "Минтруда" деб юритилади.



2-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФАОЛИЯТИ ЙЎНАЛИШЛАРИ, ШУНИНГДЕК

ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Вазирлик ва унинг ҳудудий тузилмаларининг вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

меҳнат бозоридаги ҳақиқий ҳолатни республикамиз минтақалари бўйича чуқур таҳлил қилиш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмаларини ишлаб чиқиш ва аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари учун иш жойлари квотасини белгилаш юзасидан аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларни ишга жойлаштиришни таъминлаш, аҳолини жамоат ишларига, биринчи навбатда, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмасини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилишга, шаҳарлар ва туманларни ободонлаштиришга, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этишга жалб этиш;

ишга жойлашишга муҳтож шахсларни, айниқса, банд бўлмаган ёшларни, имконияти чекланган шахсларни ва ишсизларни иқтисодиётнинг ҳамда меҳнат бозорининг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш;

вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини улар эгаллаган мутахассисликларга мувофиқ ишга жойлаштиришни таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

меҳнат бозорини тартибга солиш, бандлик, меҳнатга доир муносабатлар, меҳнат муҳофазаси, касбий ва меҳнат стандартлари, тендер тенгликка риоя этилиши, банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ишсизларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида бозор муносабатлари шароитларига мос келадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

илғор ахборот технологияларини ишга жойлаштириш жараёнига фаол жорий этиш, жумладан, Миллий вакансиялар базасини яратиш ва доимий ривожлантириб бориш;

ишга жойлашишга кўмаклашиш бўйича хизматлар кўрсатиш бозорида замонавий инфратузилма ва рақобат муҳитини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари, таълим муассасалари, нодавлат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашнинг самарали механизмларини шакллантириш;

бандлик ва меҳнат муҳофазаси соҳасида қонунчиликка риоя этилиши юзасидан назоратни таъминлаш, меҳнат шароитлари экспертизасини амалга ошириш, меҳнат муносабатларини, меҳнатни моддий рағбатлантириш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

аҳоли ва иш берувчилар ўртасида меҳнат ҳуқуқлари ва муҳофазаси масалалари бўйича кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш;

кам таъминланган оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам тўланиши бўйича мониторингни амалга ошириш, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаоллигини ошириш орқали оилани кам таъминланганликдан чиқариш юзасидан индивидуал дастурларни ишлаб чиқиш.


7. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ҳамда унинг ўринбосарлари қуйидаги вазифа ва устуворликларнинг амалга оширилиши учун шахсан жавоб берадилар:

аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини тизимли равишда мувофиқлаштиришни, бандликнинг самарали шаклларини ривожлантиришни, меҳнат бозорининг ва аҳолининг алоҳида ижтимоий-демографик гуруҳлари талабини ҳисобга олган ҳолда иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмаларини шакллантиришни таъминлаш;

ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш, меҳнат органлари томонидан аҳолига ва иш берувчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва улардан қулай фойдаланишни таъминлаш орқали ишсизларни, ёшларни, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ҳамда аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш;

меҳнат бозорига биринчи маротаба кириб келаётган, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ва амалга оширишда кўмаклашиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш, ишга жойлашишга муҳтож ҳисобланувчи банд бўлмаган аҳоли манфаати учун касбга қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг ушбу мақсадларга ажратиладиган маблағларини мувофиқ равишда кўпайтирган ҳолда, самарали тизимини яратиш;

кам таъминланган оилаларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини ҳамда нафақалар ва моддий ёрдам тўлашнинг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда бундай оилаларни тадбиркорликка ва ҳунармандчиликка жалб этиш ҳамда аҳолининг ўзини ўзи иш билан таъминлашининг турли шаклларини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича амалий чоралар кўриш.


8. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш соҳасида дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш масалалари бўйича:


Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда, жамиятни ислоҳ қилишнинг мақсади ва устуворликларидан келиб чиққан ҳолда, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, илмий-тадқиқот институтларининг замонавий бозор муносабатлари механизмлари ва воситалари асосида аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнат бозорини изчил ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ишларини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда республика ва ҳудудларни демографик ва иқтисодий ривожлантириш прогнозлари асосида меҳнат ресурсларининг прогноз балансларини ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича самарали чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда иш ўринлари ташкил этишнинг ҳудудий ва тармоқ дастурларини, бандликнинг самарали шакларини ишлаб чиқишни ва амалга оширишни мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмаларини, иқтисодиётни тузилмавий ислоҳ ва диверсификация қилиш бўйича дастурлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс дастурлари билан узвий боғлаган ҳолда, қисқа муддатли (бир йил), ўрта муддатли (икки-уч йил) ва узоқ муддатли (уч йилдан ортиқ) даврлар учун шакллантиради;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш, меҳнат органлари томонидан аҳолига ва иш берувчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва улардан қулай фойдаланишни таъминлаш орқали ишсизларни, ёшларни, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ҳамда аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича дастурлар ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги билан биргаликда, меҳнат ресурслари балансининг прогноз параметрлари асосида, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари учун мутахассислар тайёрлаш юзасидан давлат буюртмаларини шакллантиради;

меҳнат бозорида вазият танг бўлган минтақаларда иш ўринлари ташкил этиш бўйича мақсадли дастурлар ишлаб чиқишни мувофиқлаштиради ҳамда манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда уларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини тадқиқ қилади ҳамда унинг натижалари асосида ишчи кадрларнинг ва олий таълим муассасаларида мутахассисларнинг касб тайёргарлиги йўналишларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва таркибий қайта ўзгартириш давомида, шунингдек ташкилотлар қайта ташкил этилганда, банкрот бўлиши ва тугатилиши натижасида ишдан бўшатиладиган ходимларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилишга доир мақсадли минтақавий дастурлар ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради;

бандлик ва иш ўринларини ташкил этиш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига методик ва амалий ёрдам кўрсатади;

манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тижорат банклари билан биргаликда ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларни, шу жумладан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича мақсадли дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

меҳнат бозорига биринчи маротаба кириб келаётган, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ва амалга оширишда кўмаклашиш, ишга жойлашишга муҳтож ҳисобланувчи банд бўлмаган аҳоли манфаати учун касбга қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг ушбу мақсадларга ажратиладиган маблағларини мувофиқ равишда кўпайтирган ҳолда самарали тизимини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

республика ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг меҳнат ресурслари сони ҳамда таркибини ўрганади, уни такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқади;

ташкилотларда иш ўринларининг энг кам миқдори ажратилиши ва уларга иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган аҳолининг айрим тоифаларига мансуб шахсларнинг ишга қабул қилиниши масалаларини ўрганади ва таҳлил қилади, бундай шахсларни ишга жойлаштириш бўйича ташкилотларда квота ўрнатиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;


б) меҳнат бозори ва аҳоли бандлигини таҳлил қилиш масалалари бўйича:


аҳолининг бандлиги даражаси ва таркибини янада тўлиқ ва холисона баҳолашни таъминлаш, меҳнат бозоридаги мавжуд номутаносибликларни ва уларнинг сабабларини, ишга жойлашишга муҳтож шахсларни аниқлаш мақсадида меҳнат бозорининг ҳолати мониторингини ташкил этади ҳамда шу асосда тармоқлар ва ҳудудлар бўйича янги иш ўринлари ташкил этишнинг йиллик буюртмаларини шакллантиради;

аҳоли, шу жумладан ёшлар, аёллар, имкониятлари чекланган шахслар, ишдан бўшатилган ходимлар ва аҳолининг бошқа тоифалари бандлигини ва уларнинг ишга жойлаштирилиши бўйича маълумотлар шакллантирилиши ва таҳлил этилишини ташкил қилади;

бўш иш жойлари тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишни ташкил этади, белгиланган тартибда тақдим этиладиган бўш иш жойлари ҳисобини юритади ва улар ҳақидаги маълумотларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳолига етказади;

иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини ишга жойлаштириш ва меҳнат бозори ҳолати жараёнларининг тизимли мониторингини юритади ва шу асосда, аҳоли бандлигини ошириш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

меҳнат миграцияси жараёнларини таҳлил қилади, ташқи меҳнат миграциясининг сабаблари ва омилларини аниқлайди;

илмий-тадқиқот ташкилотлари билан биргаликда ёшлар ва иш билан банд бўлмаган аҳолининг касб-ҳунарга хоҳишини ва меҳнат йўналишларини аниқлаш учун социологик тадқиқотлар ўтказади;

меҳнат ва бандлик масалаларига доир илмий тадқиқотларни мувофиқлаштиради;


в) банд бўлмаган аҳоли ва мустақил равишда ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг ҳисобини юритиш масалалари бўйича:


ишсизлар ва ишга жойлашишга муҳтож банд бўлмаган аҳоли ҳисобини юритади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолияти билан банд бўлган фуқароларни ҳисобга олишни ташкил қилади;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида чорвачилик, деҳқончилик, паррандачилик, балиқчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа фаолият турларида банд бўлган фуқароларнинг ҳисобини юритиш ва бандлигини тартибга солиш чора-тадбирларини амалга оширади;

деҳқон ва фермер хўжаликларида ишлаётган фуқаролар, шунингдек тадбиркорлар учун белгиланган меҳнат кафолатлари амалга оширилишини ташкил этади;

одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш ишларини белгиланган тартибда ташкил этади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ички ишлар органлари билан биргаликда вақтинчалик бир марталик ва мавсумий ишларда, - меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини расмийлаштирмасдан банд бўлган шахсларни ҳисобга олиш чора-тадбирларини амалга оширади;


г) аҳоли бандлиги шаклларини кенгайтириш масалалари бўйича:


аҳолининг бандлиги шаклларини кенгайтириш бўйича, бу борада янги шаклларни жорий этиш ва анъанавий шаклларни кенгайтиришга қаратилган, услубий ва меъёрий-ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқади;

касаначилик, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик фаолияти ва аҳолининг ўзини ўзи иш билан таъминлашининг бошқа шакллари ривожлантирилишини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва бошқа ташкилотларга йирик корхоналар билан фуқаролар ўртасида кооперация асосида касаначиликни ташкил этишни кенгайтириш, шунингдек оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш масалаларида ёрдам кўрсатади;

нодавлат нотижорат ташкилотларига ва бошқа ташкилотларга ногиронлар учун иш ўринлари ташкил этишда ва уларни ишга жойлаштиришда ёрдам кўрсатади;

ногиронлар меҳнатидан фойдаланиш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотлар ташкил этишга ва ривожлантиришга, ногиронлар бандлигини таъминлашда касаначилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантиришга кўмаклашади;


д) олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини иш билан таъминлаш соҳасида:


олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларига, уларни келгусида иш билан таъминлаш мақсадида аниқ иш берувчиларни бириктириш бўйича тизимли комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда битирувчиларнинг иш билан таъминланганлиги тизимли мониторингини амалга оширади, уларни ишга жойлаштиришда тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлайди ва, шу асосда, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ёшлар, шу жумладан умумтаълим мактабларининг юқори синфлари ўқувчилари ўртасида, меҳнат бозори ва бандликнинг ривожланиши истиқболларига мос равишда, келажакдаги меҳнат фаолияти йўналишини танлаш ва касбий-малакавий режаларни шакллантириш бўйича ахборот ва касбга йўналтириш ишларини мувофиқлаштиради;


е) ишсизларни, ногиронларни ва аҳолининг меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган бошқа тоифаларини меҳнат бозорида рақобатбардошликларини ошириш соҳасида:


ишсиз фуқароларни, ногиронларни ва аҳолининг меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган бошқа тоифаларини касб-ҳунарга қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилишда иштирок этади;

ишсизларни ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни касб-ҳунарга қайта тайёрлашни ва малакасини оширишни ташкил этиш масалаларида давлат-хусусий тадбиркорлик ҳамкорлигининг самарали механизмларини шакллантиришда кўмаклашади;

меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахсларни ишга жойлаштириш учун ташкилотларда квоталанган иш ўринларини (энг кам иш ўринлари сонини) белгилаш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради ва бундай шахслар ишга жойлашиши учун иш берувчилар томонидан иш ўринлари ажратилиши юзасидан назоратни таъминлайди;


ж) банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштиришни таъминлаш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш хизматлари кўрсатишни кенгайтириш масалалари бўйича:


туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига иш қидириб мурожаат қилган фуқароларнинг ишга жойлашишини таъминлайди;

аҳолига ишга жойлашиш ва бандликни таъминлаш соҳасида хизматлар кўрсатишда нодавлат секторининг ролини ошириш ва ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга ишга жойлашишларида кўмаклашиш фаолиятини амалга ошираётган нодавлат ташкилотларига, шу жумладан уларга услубий ёрдам кўрсатиш орқали уларнинг малакавий рақобатбардошлигини ошириш бўйича пулли хизматлар кўрсатади;

ишга жойлаштириш соҳасида, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари базасида, "ягона ойна" тамойили асосида комплекс хизматлар кўрсатиш бўйича замонавий офислар ташкил этилишини таъминлайди;

ишга жойлаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳаларига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилишини, фуқароларни ишга жойлаштириш жараёнларини енгиллаштириш имконини берувчи ҳаммабоп маълумотлар базаси яратилишини таъминлайди;

вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказлари фаолиятини ташкил этади;

ишсизлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий қўллаб-қувватлаш таъминланишини белгиланган тартибда ташкил этади;


з) ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини касбга қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаллари бўйича:


меҳнат органлари тизимида ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказларини ташкил этади ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

ишсизларни "Уста-шогирд" усулида касбга якка тартибда қайта тайёрлашни ташкил этади;

касб-ҳунар коллежлари базасида ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини (касб-ҳунарга қайта тайёрлашнинг махсус қисқа муддатли дастурлари бўйича) касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини, меҳнат бозорида талабга эга бўлган касблар ва мутахассисликлар бўйича касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш қисқа муддатли курсларининг ўқув дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;


и) жамоат ишларини ташкил этиш масалалари бўйича:


маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда жамоат ишларининг ҳажми ва турларини аниқлайди ва вақтинчалик банд бўлмаган фуқароларни йирик инвестиция лойиҳаларида, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмасининг қурилишида, уларни таъмирлаш ва реконструкция қилишда, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида ташкил этиладиган жамоат ишларидаги иштирокини ташкил қилади;

банд бўлмаган фуқароларнинг жамоат ишларидаги иштирокининг белгиланган тартибда молиялаштирилишини таъминлайди;

Вазирлик ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ўазначилигида, ўазначиликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармаларида очиладиган ғазначилик шахсий ҳисоб рақамларидаги, жамоат ишлари молиялаштириладиган маблағлар жамланишини таъминлайди;


к) меҳнатга ҳақ тўлаш ва нормалаштириш, меҳнат стандартларини жорий этиш ва меҳнат муносабатларини такомиллаштириш масалалари бўйича:


давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатни нормалаш ва ишчи касбларининг ҳамда мутахассислар ва хизматчилар лавозимларининг тариф-малака тавсифномаларини ишлаб чиқиш, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишчиларнинг асосий касблари бўйича ишчиларга малака разрядлари бериш масалалари бўйича ишларни мувофиқлаштиради;

манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда энг муҳим ижтимоий-меҳнат нормалари ва нормативларининг рўйхатини аниқлайди ва уларнинг ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради;

манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар иштирокида меҳнат ва бандлик соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқади;

меҳнат ва бандлик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши юзасидан белгиланган тартибда давлат назоратини амалга оширади;

ходимларнинг меҳнат соҳасида ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

белгиланган тартибда асосий хизматчилар лавозимлари ва ишчи касбларининг классификаторини, тармоқлараро характерга эга бўлган алоҳида лавозимлар ва касблар бўйича касбий-малакавий таснифларни ишлаб чиқади;

Хизматчилар лавозимлари ва ишчи касбларининг тасдиқланган Классификаторида кўрсатилган ишчи касблари ва хизматчилар лавозимлари номларининг илгари норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларда ишлатилган касблар ва лавозимларга айнанлигини ва мутаносиблигини белгилайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига ва бошқа ташкилотларга меҳнатни нормалаш, замонавий меҳнат стандартларини жорий этиш, меҳнатга ҳақ тўлашни ташкил этиш, ишлар, касблар ва лавозимларнинг тариф-малака маълумотномаларида акс эттирилмаган лавозимлар ва ишларни тариф сеткасининг тегишли разрядларига киритиш масалаларида амалий ва услубий ёрдам беради;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари ва секторлари учун ходимлар сонининг ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг минимал нормативларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда давлат ва хўжалик бошқарув органлари учун лавозимлар киритиш ва бошқарув ходимлари, хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлар сонининг нормативларини белгилаш шартларини ишлаб чиқишда қатнашади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар, стипендияларнинг энг кам миқдорини белгилашга доир таклифлар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда аҳоли даромадларини давлат томонидан тартибга солиш механизмини такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлашда қатнашади;

меҳнатни моддий рағбатлантириш механизмларини ва меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш усулларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқишда қатнашади;

меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини, ягона тариф сеткасини, иш ҳақини туманлар бўйича тартибга солишни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда иш берувчиларнинг республика даражасидаги бирлашмалари ўртасидаги Бош битимни тайёрлашда ва тузишда қатнашади;

тегишли касаба уюшмалари органларининг (ходимлар бошқа вакиллик органларининг) ҳамда иш берувчиларнинг (улар бирлашмаларининг) таклифларига кўра тармоқ ва ҳудудий битимлари тузишда қатнашади;

меҳнат шартномаларининг, шу жумладан электрон шаклда (масофадан) тузиладиган шартномаларнинг янги шаклларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

ҳар йили, жорий календарь йилига, Иш вақтининг нормаси ҳисобини ярим йилликлар, чораклар ва ойлар бўйича ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

иш вақтини ҳисобга олиш масалаларида ташкилотларга услубий ёрдам кўрсатади;


л) меҳнат ва меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонунчиликнинг бажарилишини таъминлаш масалалари бўйича:


ташкилотлар томонидан, уларнинг ташкилий ҳуқуқий шакли ва хўжалик фаолияти туридан қатъи назар, меҳнат қонунчилигига ва меҳнатни муҳофаза қилиш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ва ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш, шунингдек меҳнат шароитлари ноқулай ишларда ишлаётган ходимларга кафолатлар ва компенсациялар берилиши юзасидан давлат назорати ва текширувини амалга оширади;

ташкилотлар томонидан ногиронлар учун ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз кириш шароитлари таъминланиши юзасидан белгиланган тартибда давлат назоратини амалга оширади;

меҳнат ва меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонунчиликнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқади;

меҳнат ва аҳоли бандлиги масалаларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базасининг комплекс ва тизимли таҳлили асосида аҳоли бандлигининг ўсишини таъминлашдаги мавжуд ғов ва тўсиқларни аниқлайди ҳамда уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;

фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига доир ҳуқуқларини ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлигини таъминлаш бўйича таклифлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда болалар меҳнатидан фойдаланиш мониторингини ташкил этади ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланишга барҳам бериш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;

меҳнат муҳофазаси соҳасида давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади;

меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ва шароитларни баҳолаш бўйича қонунчилик базасини яратиш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилишини ва қайта кўриб чиқилишини, уларни келишиш ва тасдиқлашни ташкил қилади, меҳнат шароитлари бўйича иш жойларини аттестациядан ўтказиш юзасидан методик ёрдам кўрсатади;

давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан меҳнат муҳофазаси масалалари бўйича ҳамкорлик қилади ва уларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимнинг меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ равишда унинг соғлиғига етказилган зарарни махсус текширишни ўтказишни ёки ўзининг вакилларини бундай текширишларда қатнашишини ҳамда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олишни белгиланган тартибда амалга оширади;

меҳнат шароитлари, иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш материалларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини ва тегишли хулоса берилишини таъминлайди;

Меҳнат муҳофазаси соҳасидаги хизматлар бозори профессионал қатнашчиларининг Ягона реестрини юритади ва уларга тегишли тартибда уларнинг Меҳнат муҳофазаси соҳасидаги хизматлар бозори профессионал қатнашчиларининг Ягона реестрига киритилганлиги тўғрисида гувоҳнома беришни амалга оширади;

иш ўринларини меҳнат шароитларининг ва асбоб-ускуналарининг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассиснинг малака сертификатини қонунчиликда белгиланган тартибда беради ва уларнинг реестрини юритади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг таклифларига кўра имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатига ўзгартиришлар киритиш, қўшимча таътил, қисқартирилган иш кунини белгилаш бўйича хулосалар беради;

ноқулай меҳнат шароитларида ишлаганлик учун имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг, қўшимча таътил, қисқартирилган иш кунида ишлаш бўйича бериладиган имтиёзларнинг амалдаги рўйхатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

меҳнат муҳофазаси бўйича баҳолаш натижаларига кўра белгиланган мезонларга мувофиқ ташкилотларни касбий хавфлилик тоифасига киритади;

ташкилотларда меҳнат муҳофазаси ҳолати бўйича мониторинг юритади;

ишлаб чиқаришда жароҳатланиш сабабларини таҳлил қилади ва давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг олдини олиш бўйича таклифлар киритади;

меҳнат муҳофазаси соҳасида хизматлар кўрсатиш бозорининг малакали қатнашчилари фаолиятини, қонунчиликда белгиланган тартибда мониторинг қилади;

ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат ва меҳнат муҳофазаси қонунчилигини қўллаш масалалари бўйича тушунтириш ва ахборот бериш ишларини амалга оширади;


м) кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича:


кам таъминланган оилаларга нафақалар тўланиши бўйича тизимли мониторингни амалга оширади;

кам таъминланган оилаларни оилавий тадбиркорликка ва ҳунармандчиликка жалб этиш, шунингдек ўзини ўзи банд қилишнинг турли шаклларини ривожлантиришни рағбатлантириш, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаоллигини ошириш орқали кам таъминланганликдан чиқариш индивидуал дастурларини ишлаб чиқади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, тижорат банклари, аҳолига ижтимоий ҳимоя ва ёрдам чоралари кўрсатаётган бошқа давлат органлари, шу жумладан нодавлат нотижорат органлари билан биргаликда амалга оширади;

кам таъминланган оилалар аъзоларига, якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорлик шаклидаги тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун микрокредитлар олишида кўмаклашади;


н) ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш масалалари бўйича:


ташқи меҳнат миграцияси жараёнларининг комплекс таҳлили асосида аҳоли ташқи меҳнат миграциясининг ўрта муддатли ва узоқ муддатли прогнозларини ҳамда норасмий ташқи меҳнат миграциясини кескин қисқартириш, шу жумладан ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солишнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда қатнашади, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элларда ва хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикасида ишга жойлаштириш учун квоталар ажратиш ва рухсатномалар бериш масалалари бўйича ҳамкорликни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элларда ишга жойлаштириш ва уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини таъминлаш жараёнларини тартибга солиш бўйича белгиланган тартибда хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан самарали ҳамкорликни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, чет элда ишга жойлаштиришни ташкиллаштириш, чет элда ишга жойлашишга номзодлар учун аввалдан кўниктириш чора-тадбирларни амалга ошириш орқали, уларнинг чет элларда меҳнат фаолиятини юритиш бўйича ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига - чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ва иш берувчиларга - хорижий ишчи кучини жалб этиш учун рухсатномалар беришни амалга оширади;

фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича нодавлат ташкилотлар фаолиятини лицензиялашни амалга оширади;

хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқини амалга оширишга рухсатнома (тасдиқнома)ларнинг белгиланган тартибда берилишини амалга оширади ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ташкилотларда ишлаётган хорижий фуқароларнинг ҳисобини юритади;

иш берувчилар томонидан Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучидан фойдаланишни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишини назорат қилади;


о) меҳнат ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги хизматларнинг сифатини ошириш ва кўламини кенгайтиришни таъминловчи замонавий ахборот-компьютер технологияларини жорий этиш масалалари бўйича:


ягона техник сиёсатни амалга ошириш, тармоқнинг ахборот тизимларини яратишда ягона усул ва воситаларни қўллаш орқали меҳнат ва бандлик соҳасида ахборот тизими шакллантирилиши ва ривожлантирилишини таъминлайди;

Миллий вакансиялар базасини яратади ва доимий янгилаб боради ҳамда ундан аҳолининг интерактив усулда қулай фойдаланишини таъминлайди;

меҳнат ва аҳоли бандлиги соҳасида ахборот-қидирув тизимини ва интерактив хизматлар кўрсатишни янада ривожлантиришни таъминлайди;


п) халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича:


меҳнат ва бандлик масалаларида халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан халқаро ҳамкорлик соҳасида ўзаро самарали ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

меҳнат ва бандлик масалалари юзасидан Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларда белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади ва Ўзбекистон Республикасининг манфаатлари бўйича иш кўради;

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларининг, меҳнат ва бандлик масалалари бўйича тузилган бошқа халқаро шартномалар бажарилиши мониторинги олиб борилишини ташкил этади, белгиланган тартибда тегишли ҳисобот ва маърузалар тайёрлайди ва тақдим этади;

манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича халқаро ташкилотлар вакилларининг ишини ташкил этади;

чет эллик донорлар ва кредит ташкилотларининг аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнат муҳофазаси мақсадларига йўналтирилган маблағларини белгиланган тартибда жалб этишни ва улардан фойдаланишни ташкил этади;

бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасида халқаро шартномаларни имзолаш ҳақида таклифлар ишлаб чиқади;

хорижий давлатларнинг тегишли тузилмалари ва халқаро ташкилотлар билан вазирликнинг ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича ҳамкорликни амалга оширади;


р) аҳоли ва иш берувчилар билан ўзаро ҳамкорлик ва мулоқот масалалари бўйича:


бандлик ва ишга жойлаштириш муаммоларининг ечими бўйича фуқаролар ва иш берувчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ва қонуний талабларини ўрганади ва таҳлил қилади ҳамда, шу асосда, уларнинг ечимига қаратилган амалий чоралар бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини таъминлайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда меҳнат органларининг юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашини такомиллаштириш бўйича таклифлар ва амалий чоралар ишлаб чиқади;

ижтимоий шерикчилик доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ҳамда меҳнат ва бандлик масалалари бўйича қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалда бажарилиши юзасидан жамоат назоратини такомиллаштиришга иш берувчиларни жалб этишга кўмаклашади;

ўз ваколатлари доирасида юридик ва жисмоний шахсларга меҳнат ва меҳнат муҳофазаси қонунчилигини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради;


с) молия-хўжалик фаолияти соҳасида:


Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этади ва жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан назоратни таъминлаш ишларини ташкил этади;

Вазирлик тизимида молия ишларини, идоравий мансуб ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларни, шунингдек ушбу соҳадаги илмий тадқиқотларни маблағ билан таъминлашни белгиланган тартибда ташкил этади;

Вазирлик идоравий мансуб ташкилотларининг штатлар жадвалларини келишади, молия-хўжалик фаолияти бўйича баланслар ва ҳисоботларни кўриб чиқади;

идоравий мансуб ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тадбирларини амалга оширади;

идоравий мансуб ташкилотларнинг марказлаштирилган капитал қўйилмалардан самарали фойдаланишини таъминлайди, Вазирлик тизимидаги объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича истиқболли дастурларнинг ишлаб чиқилишини ташкил этади;


т) фаолиятининг бошқа соҳаларида:


жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади, шунингдек Вазирлик ваколатига кирувчи масалаларда қонунчилик бузилишини бартараф этиш бўйича зарур ҳаракатларни амалга оширади;

ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда ўзининг ваколати доирасида одам савдоси жабрдийдаларини реабилитация қилиш ва уларга ёрдам кўрсатишга кўмаклашади, жабрланган фуқаролар ҳуқуқларини тушунтиради;

Вазирлик ва идоравий мансуб ташкилотларнинг ходимларини қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади, раҳбарлари ва мутахассислари аттестациясини ўтказади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда ўз ваколати доирасида иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, бошқа вазирликлар, идоралар ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан биргаликда аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлиги юзасидан тадқиқотлар ўтказишда ва уни янада ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади.


9. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бевосита ўзи томонидан, шунингдек ҳудудий бўлинмалар ва бошқа идоравий мансуб ташкилотлар орқали бажарилишини таъминлайди.



3-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳамда бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларидаги фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун давлат бошқаруви органларининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ахборотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан зарур статистик маълумотларни давлат статистика органларидан бепул олиш;

ташкилотларда меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат шароитлари ва стандартлари масалалари бўйича қонунчиликка, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро конвенциялар қоидалари ва талабларига риоя этилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрганиш ва текширишлар ўтказиш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимларни ҳамда фуқаро-ҳуқуқий шартномалар асосида иш бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) шахсларни меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ равишда уларнинг соғлиғига етказилган зарар юзасидан белгиланган тартибда махсус текширишларни ўтказиш ва текширишларда қатнашиш;

меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мансабдор шахсларга маъмурий жазолар бериш;

ташкилотлар фаолиятини ҳамда меҳнат хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ва ходимлар соғлиғи ёки ҳаётига хавф туғдирадиган ишлаб чиқариш воситаларидан фойдаланишни улар меҳнат хавфсизлиги талабларига мувофиқлаштирилгунга қадар ўз ваколатлари доирасида ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб туриш;

ўзининг ташкилий тузилмаси доирасида, Вазирликка ва унга идоравий мансуб тузилмаларга тегишли давлат мулкини бир тузилмадан иккинчисига, белгиланган тартибда, бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан бериш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига бириктирилган бинолар, иншоотлар ва хоналарни сотиш ёки бузиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига белгиланган тартибда таклифлар киритиш ҳамда туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларини жойлаштириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан янги бинолар, иншоотлар ва хоналар сотиб олиш, реконструкция қилиш ва қуриш бўйича қарорлар қабул қилиш;

Вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг тузилмасини аниқлаш ва штатлар бирлигини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини белгилаш;

Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюролар ташкил этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда - бошқа давлатларда Вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналарини очиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идоравий мансуб ташкилотларнинг ходимларини, улар томонидан фаолиятнинг асосий параметрлари бажарилишини ҳисобга олган ҳолда, моддий рағбатлантириш тартибини, миқдорларини ва шартларини белгилаш;

қуйидаги буюртмаларни тендер ўтказмасдан жойлаштириш: Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан илмий ишлар бажариш ва тадқиқотлар ўтказишни - идоравий мансуб Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий марказида; соҳага оид ахборот-компьютер технологияларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва сақлашни - идоравий мансуб "Ахборот-компьютер маркази "Mehnat.uz" МЧЖ"да;

меҳнат органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни - Республика меҳнат органлари тизими ходимларининг малакасини ошириш курсларида;

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идоравий мансуб ташкилотларга учинчи шахсларга кўрсатилган пулли хизматлар учун тўловларнинг тарифларини ва уларнинг миқдорларини белгилаш тартибини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда аниқлаш;

янги иш ўринлари ташкил этаётган ҳамда аҳолининг ижтимоий заиф тоифаларига кирувчи шахсларни, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини, имконияти чекланган шахсларни, ҳарбий хизматдан бўшатилганларни ишга жойлаштираётган иш берувчиларга нисбатан ижтимоий рағбатлантириш чораларини қўллаш, иш берувчиларни Вазирликнинг фахрий нишонлари, ёрлиқлари ва гувоҳномалари билан тақдирлаш ҳамда оммавий ахборот воситаларида бу борадаги энг яхши иш берувчилар ҳақида мақола ва материалларни жойлаштириш;

иш берувчиларнинг янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини ишга жойлаштириш борасидаги самарали фаолиятларини рағбатлантириш ва ижтимоий масъулиятини кучайтириш мақсадида улар ўртасида белгиланган тартибда танловлар ўтказиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

аҳоли бандлиги, ишга жойлаштириш ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ижтимоий реклама маҳсулотларига буюртма бериш ҳамда уларни давлат оммавий ахборот воситаларида, стендларда, баннерларда ва ушбу маҳсулотлардан аҳолининг кенг фойдаланиши имкониятини таъминловчи бошқа усулларда бепул жойлаштириш;

биноларга хизмат кўрсатиш, инвентарлар ва хўжалик воситалари, автотранспорт, алоқа воситалари, ҳисоблаш, компьютер ва ташкилий техникаларни сақлаш ва улардан фойдаланиш ишларини бажариш, дастурий маҳсулотларни сотиб олиш юзасидан белгиланган тартибда, шу жумладан аутсорсинг шартларида шартномалар тузиш;

Вазирлик ваколатига тегишли масалаларни ҳал қилишга илмий ташкилотларни, олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан хорижий олимлар ва мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда қабул қилинган буйруқлари ва бошқа ҳужжатларини бекор қилиш юзасидан белгиланган тартибда тақдимномалар киритиш;

бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғида ва ижтимоий тармоқларда белгиланган тартибда расмий веб-сайтлар яратиш;

Ҳукумат топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси манфаатларини халқаро ташкилотларда ифодалаш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ бошқа мамлакатларнинг ваколатли ташкилотлари билан меҳнат, бандлик ва меҳнат миграцияси масалаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисида шартномалар тузиш.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.


11. Вазирлик ўз ваколатлари доирасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга ҳақлидир.

Вазирлик, зарур ҳолларда, давлат бошқаруви бошқа органлари билан биргаликда белгиланган тартибда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқариш ҳуқуқига эга.


12. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган вазир бошчилик қилади.

Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


14. Вазир:

якка бошчилик асосида Вазирлик фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

вазир ўринбосарларининг ва Вазирлик тизимидаги бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини, Вазирлик фаолиятининг алоҳида йўналишлари ва участкаларига раҳбарлик қилиш юзасидан ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар иши юзасидан шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради ва Вазирлик тизими ходимлари бажариши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

Вазирлик марказий аппаратининг харажатлари сметасини ва штатлар жадвалини ходимларнинг белгиланган сони доирасида тасдиқлайди, Вазирликнинг республика бюджетидан молиялаштириладиган идоравий мансуб ташкилотларининг харажатлари ва даромадлари сметасини, штатлар жадвалларини ҳисобга олади;

зарурат бўлганда, ходимларнинг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппаратининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, шунингдек Вазирлик идоравий мансуб ташкилотларининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритади;

Марказий аппарат бўлинмалари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари тўғрисидаги намунавий низомларни ҳамда Вазирлик тизимига кирувчи идоравий мансуб ташкилотларнинг уставларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

марказий аппарат ходимларини, Вазирлик тизимига кирувчи идоравий мансуб ташкилотлар ва ҳудудий органлар раҳбарларини қонунчиликда белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Қуйидагиларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш:

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирини- Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан;

давлат бош меҳнат ҳуқуқ инспекторини ва давлат бош техник инспекторини - тегишлича - Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ҳамда Меҳнат муҳофазаси инспекцияси ва меҳнат шароитлари давлат экспертизаси раҳбарларини - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан;

вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари бошлиқларини - тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари директорларини - тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари бошлиқлари томонидан;

Жамоат ишлари жамғармасининг ижрочи директорини - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан;

давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторларини, давлат меҳнат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертларини - тегишли равишда Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ва Давлат меҳнат муҳофазаси ва шароитлари экспертизаси тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан амалга оширилади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий бандлик бош бошқармалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилишнинг қонунчиликда белгиланган тартибдаги жараёни якунига етгунга қадар кўрсатиб ўтилган таркибий бўлинмалар фаолиятини таъминлаш мақсадида Вазир раҳбарнинг вазифасини вақтинча бажарувчини тайинлайди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири "Микрокредитбанк" АТБ Кузатув кенгашининг раиси ҳисобланади.


16. Вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари тўғрисидаги низомлар тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишган ҳолда Вазирликнинг буйруқлари билан тасдиқланади.

Туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари тўғрисидаги низомлар тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари билан келишган ҳолда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармаларининг буйруқлари билан тасдиқланади.


17. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Вазирликнинг ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элдаги ва хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш бўйича Вазирликнинг ваколатли органи ҳисобланади ва давлат унитар корхонаси шаклида юридик мақомга эга.

Вазирлик Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг муассиси ҳисобланади.


18. Меҳнат органлари тизими ходимларининг малакасини ошириш Республика курслари меҳнат органлари тизими ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича базавий ўқув-методик марказ ҳисобланади.

Меҳнат органлари тизими ходимларининг малакасини ошириш Республика курслари ташкилотларнинг кадрлар хизматлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни шартнома асосида амалга оширади.


19. Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари, меҳнат муҳофазаси бўйича давлат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари ва тариф коэффициентлари бўйича, тегишли равишда, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг бош мутахассисларига тенглаштирилади.


20. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосарлари, шунингдек Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи Вазирлик таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат зиммасига қуйидаги вазифалар юкланади:

бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиққан ҳолда вазирлик фаолиятининг қонунчиликда белгиланган асосий йўналишларини танқидий кўриб чиқиш;

меҳнат ва бандликни таъминлаш борасида қонунчиликда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида ва Ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича вазирлик ва унинг тузилмавий бўлинмалари раҳбарларининг шахсий масъулиятини оширишга доир аниқ чоралар кўрган ҳолда, қуйи ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб боришни ташкил қилиш,

аҳолини иш билан таъминлашнинг ҳудудий ва тармоқлар дастурларининг ҳамда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича бешта устувор йўналишларининг - меҳнат бозорини тартибга солиш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш қисмида назарда тутилган чора-тадбирларнинг бажарилиши натижадорлигини ҳар чоракда тизимли равишда кўриб бориш;

ижро интизоми даражасини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва халқ қабулхоналаридан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида сифатли кўриб чиқиш, аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги энг муҳим муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси топшириқларининг бажарилиши юзасидан самарали назоратни таъминлаш;

Ҳайъатнинг кенгайтирилган кўчма мажлисларини ўтказишни ташкил этиш, уларда бандлик, меҳнат бозори, меҳнат муносабатлари ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг муҳим масалаларини жойида муҳокама қилишни таъминлаш ҳамда юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Вазирлик номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларини кўриб чиқиш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруқлари билан амалга оширилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.



5-БОБ. ВАЗИРЛИК ТИЗИМИНИ МОДДИЙ-

ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ ВА ХОДИМЛАРИНИ

РАҒБАТЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


21. Вазирлик тизимининг моддий-техник таъминоти ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ажратиладиган маблағлар доирасида, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Меҳнат органлари ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш жамғармаси ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


22. Вазирлик ходимларини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


23. Вазирлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш тўловларидан иборат бўлади.


24. Вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий органларининг ходимларига меҳнат органлари тизимидаги узоқ муддат узлуксиз хизмати учун ҳар йиллик бир йўла тўлов қуйидаги миқдорда амалга оширилади (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда): 3 йилдан 5 йилгача - 0,5; 5 йилдан 10 йилгача - 0,8; 10 йилдан 15 йилгача - 1,0; 15 йилдан ортиқ - 1,5. Узоқ муддат узлуксиз хизмати учун ҳар йиллик бир йўла тўлов олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажи касаба уюшма қўмитаси билан келишилган ҳолда Вазирлик томонидан тасдиқланадиган тартибда ҳисоблаб чиқилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 17 июль, 28-сон, 657-модда