ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Халқаро кўргазмалар, танловлар, савдолар, кимошди савдолари, ярмаркалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 31.07.2017 й. ПҚ-3166-сон "Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлар тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

31.07.2017 й.

N ПҚ-3166



ТОВАРЛАР (ИШЛАР, ХИЗМАТЛАР)НИНГ

ДАВЛАТ ВА КОРПОРАТИВ ХАРИДЛАР

ТИЗИМИНИ ЯНАДА ИСЛОҲ ҚИЛИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*



Ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотишда кўмаклашиш, маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтириш, аҳолининг бандлиги ва саноат маҳсулотлари ҳажмининг ўсишини таъминлаш мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан ҳисобланади.

Ушбу мақсадда тузилган "Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси Дирекцияси" давлат корхонаси (кейинги ўринларда Дирекция деб юритилади) томонидан кўргазма-ярмарка савдоларини ташкил этиш, уларда иштирок этишга товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни жалб этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар Дирекция фаолиятини ташкил этишнинг амалдаги тартиби давлат ва корпоратив харидларнинг очиқлиги ва шаффофлигини лозим даражада таъминламаётганлигини кўрсатди.

Хусусан, тендерлар ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида Кооперация биржаси доирасида асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хом ашё ва материалларнинг харидини амалга оширишга имкон берувчи амалдаги тартиб турли хил коррупция кўринишлари, шу жумладан, олдиндан белгиланган етказиб берувчилар билан шартномалар тузиш мақсадида биржалардан фойдаланиш учун шароит яратмоқда.

Кўргазма-ярмарка тадбирларини ўтказишнинг тартиб-таомиллари, энг аввало, кичик бизнес субъектларининг товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш учун давлат ва корпоратив буюртмаларни олишга бўлган имкониятларини, оқибатда соғлом рақобат муҳитини янада ривожлантиришни лозим даражада таъминламаяпти.

Дирекция томонидан тузилган шартномаларни таҳлил қилиш ва улар асосида тегишли лойиҳаларни Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш, маҳаллий хом ашё базасида тайёр маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш учун саноат кооперациясининг роли ва аҳамиятини ошириш бўйича асосий вазифалар амалда бажарилмаган.

Бундан ташқари, Дирекция фаолиятига илғор ахборот-коммуникация технологияларининг паст даражада жорий этилганлиги давлат ва корпоратив харидларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шартномаларни рўйхатга олишнинг самарасиз тизими, тузилган шартномалар ижросини назорат қилишнинг таъсирчан механизмлари мавжуд эмаслиги аксарият ҳолларда қабул қилинган шартнома мажбуриятлари ва тасдиқланган тармоқ жадвалларининг бажарилмаслигига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари маблағларидан самарали фойдаланилишини, рақобатнинг янада ривожланишини ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб беришга давлат ва корпоратив буюртмалардан тенг фойдаланиш имкониятини, шунингдек, мазкур жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг "Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси Дирекцияси" давлат корхонасини тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Дирекцияни тугатиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда зарур чораларни кўрсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлар тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими доирасида давлат харидлари ягона ахборот порталини ҳамда ресурслар ягона миллий маълумотномасини яратиш орқали уларнинг очиқлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган таклифлар киритсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи савдо вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

"Ўзэкспомарказ" Миллий кўргазма мажмуасининг кўргазма-ярмарка фаолиятини янада ривожлантириш бўйича таклифларни;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


5. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи" 2017 йил 1 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 7 август, 31-сон, 772-модда





































Время: 0.1917
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск