язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.08.2017 й. 571-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 1 августдаги

571-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика

архитектура-шаҳарсозлик кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгашининг (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) фаолиятини тартибга солади.

Кенгаш давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек лойиҳа-қидирув ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди, унинг қисмлари, шу жумладан аҳоли пунктлари ва аҳоли пунктлараро ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатдан ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган ҳисобланади.


2. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 1 майдаги ПФ-5030-сон Фармонининг 1-иловаси билан тасдиқланган таркибда ўз фаолиятини юритади.


4. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради ва ўз ишини Кенгаш раиси томонидан тасдиқланган иш режаси асосида олиб боради.



2-БОБ. КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

шаҳарсозлик ва архитектурани янада ривожлантириш концепциялари ва дастурларини шакллантириш, кўриб чиқиш ва амалга ошириш ишларини ташкил этиш;

шаҳарлар, шаҳар посёлкалари ва архитектура комплексларининг бош режалари лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиб олиш, уларнинг амалга оширилиши, архитектура-режалаштириш ҳужжатларига, муҳим шаҳарсозлик норма ва қоидаларига, давлат стандартларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

илмий асосланган ҳолда аҳолини жойлаштириш, ҳудудларни режалаштириш ва қуриш, замонавий талабларни, миллий архитектура-маданий анъаналарни, шаҳар ҳудудларидан самарали фойдаланиш, табиий муҳитга зиён етказмайдиган муносабатда бўлишни ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктларининг архитектура-режалаштириш тузилмасини уйғун ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

аҳоли пунктларининг ижтимоий ва муҳандислик-транспорт инфратузилмасини комплекс янгилаш, замонавий шаҳар марказларини шакллантириш, эски турар жой муҳитининг шинамлигини сифат жиҳатидан оширишни ҳамда тарихий-архитектура мероси объектлари сақлаб қолинишини назарда тутган ҳолда эски шаҳар туманларини реконструкция қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш.


6. Кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

шаҳарсозлик ва архитектурани янада ривожлантириш концепциялари шакллантирилишини, кўриб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этади;

шаҳарсозлик ва архитектура соҳасида комплекс давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади, уларни муҳокама қилиш ва келишиш ишларини ташкил этади ҳамда уларнинг амалга оширилишига кўмаклашади;

республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг шаҳарсозликка оид қисмларини кўриб чиқади ва келишади;

шаҳарлар, шаҳар посёлкаларининг ва архитектура комплексларининг бош режалари лойиҳаларини кўриб чиқади, келишади ҳамда тасдиқлаш учун тавсия этади;

белгиланган тартибда тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига, шу жумладан шаҳарлар ва туманлар марказларининг бош режаларига асосланган ўзгартиришлар киритилишига розилик беради;

алоҳида ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида ва мақсадли дастурларда кўзда тутилган турар жой ва ижтимоий-фуқаролик мақсадларида фойдаланиладиган объектларни тасдиқланган бош режаларга эга бўлмаган шаҳарларда, туман марказларида жойлаштиришга ва қуришга розилик беради;

шаҳарлар, шаҳар посёлкалари ва архитектура комплексларининг бош режалари лойиҳалари амалга оширилишида архитектура-режалаштириш ҳужжатларига, шунингдек муҳим шаҳарсозлик норма ва қоидаларига, давлат стандартларига риоя этилиши юзасидан назоратни ташкил этади;

аҳоли пунктларининг замонавий архитектура қиёфасини шакллантириш, комплекс равишда қуриш, ижтимоий, муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини таъминлаш бўйича аҳоли пунктлари шаҳарсозлик ҳужжатларининг асосий қоидалари бажарилиши тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ҳамда вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини жойлаштириш бош тарҳини ҳамда Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудини режалаштириш тарҳларини, умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳларини ҳамда муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш лойиҳаларини кўриб чиқади ва уларни тасдиқлаш, амалиётга татбиқ этиш юзасидан таклифлар ва тавсияларни ваколатли органларга киритади;

умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида, шу жумладан табиий ва сув объектлари зоналарини, рекреацион, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг таъсирига учраган, фойдали қазилмалар жойлашган ва бошқа ҳудудларнинг чегараларини белгилайди ҳамда тегишли объектлар ҳудудларида шаҳарсозлик фаолияти тартиботини ўрнатиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқади ва улар юзасидан тавсиялар қабул қилади;

минтақаларда экологик вазиятни яхшилаш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, маданий мерос объектлари ҳудудларини сақлаш, умумдавлат аҳамиятига молик муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш чора-тадбирларини белгилаш ишларини ташкил этади;

ҳудудни ривожлантиришга доир лойиҳа ечимларини кўриб чиқади;

аҳоли пунктларининг ижтимоий ва муҳандислик-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, комплекс қуриш ва янгилаш, замонавий шаҳар марказларини шакллантириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

эски турар жой муҳитининг шинамлигини сифат жиҳатидан оширишни ва тарихий-архитектура мероси объектлари сақлаб қолинишини назарда тутган ҳолда эски шаҳар туманларини ва қисмларини реконструкция қилиш бўйича давлат ва ҳўжалик бошқаруви органларига тавсиялар киритади.



3-БОБ. КЕНГАШНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


7. Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ишчи гуруҳлар тузиш ва уларда ишлаш учун тегишли мутахассисларни жалб этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Кенгаш фаолиятига доир ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда лойиҳа-қидирув ташкилотлари томонидан ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш соҳасида олиб борилган ишларни ўрганиш, шунингдек уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш.

Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Кенгаш ушбу Низом ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш учун жавоб беради.



4-БОБ. КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари раислик қилади ва унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Кенгаш мажлисининг кун тартибини белгилаш ва мажлисни чақириш;

Кенгаш томонидан тузилган ишчи гуруҳлар фаолиятини назорат қилиш;

Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил қилиш;

Кенгашга юкланган вазифаларни бажариш бўйича Кенгаш аъзоларининг фаолиятини назорат қилиш;

Кенгаш аъзолари зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

Кенгаш аъзоларининг шахсий таркибини ўзгартириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга ошириш.


10. Кенгаш аъзолари:

Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишда ва ҳал этишда қатнашадилар;

шаҳарсозликнинг долзарб масалалари бўйича Кенгашга таклифлар киритадилар;

Кенгашда муҳокама қилинадиган масалалар бўйича хулосалар берадилар.

Кенгаш аъзолари Кенгашдаги ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.


11. Кенгаш мажлисининг ўтказилиш вақти, жойи ва кун тартиби тўғрисида Кенгаш аъзолари мажлис ўтказиш кунидан камида уч кун олдин хабардор қилинади.


12. Кенгаш мажлисини унинг раиси олиб боради. Кенгаш раиси бўлмаган тақдирда унинг ўринбосари бошқаради.

Кенгаш, агар мажлисда унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, қарор қабул қилишга ваколатли ҳисобланади.


13. Кенгаш мажлисига унда кўриб чиқилаётган масалаларнинг аҳамиятига кўра давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, лойиҳа-қидирув ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари таклиф этилиши мумкин.



5-БОБ. КЕНГАШНИНГ ИШЧИ ОРГАНИ ВА КОТИБИ


14. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Кенгашнинг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) ҳисобланади.


15. Ишчи орган:

Кенгаш фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

навбатдаги давр учун Кенгашнинг иш режаси лойиҳасини тайёрлайди, Кенгаш муҳокамасига киритади ва тасдиқланган иш режасининг бажарилишини таъминлайди;

Кенгашнинг мажлисига зарур бўлган материалларнинг тайёрланишини таъминлайди ва манфаатдор ташкилотлардан зарур материаллар ва эксперт хулосаларини олади;

Кенгаш мажлиси кун тартиби масаласи бўйича таҳлилий материаллар тайёрланишини ва мажлис ўтказилишини ташкил этади;

тушган мурожаатларни кўриб чиқади ҳамда Кенгаш ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар лойиҳаларини тайёрлайди.


16. Кенгаш котиби:

Кенгаш мажлисига зарур бўлган ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, Кенгаш мажлисига материаллар тайёрлаш бўйича ишчи органнинг ишини ташкил этади;

Кенгаш раиси билан мажлис ўтказиш муддатлари ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар рўйхатини келишади, Кенгаш аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;

кун тартибидаги масалалар бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил қилади, Кенгаш мажлиси баёнларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баёнларнинг Кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборилишини ташкил этади;

Кенгаш қарорлари ижроси мониторингини олиб боради ва унинг натижасини кўриб чиқиш учун Кенгаш мажлисига тақдим этади.



6-БОБ. КЕНГАШ ТОМОНИДАН ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ

ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ БАЖАРИЛИШИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


17. Кенгаш қарори Кенгаш мажлисида қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эга.


18. Кенгаш раиси қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида Кенгашнинг алоҳида масалалар бўйича Кенгаш аъзолари билан келишилган қарорларини сўров йўли билан тасдиқлаши мумкин.


19. Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлиси баёни билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлиси баёни ишчи орган раҳбари ва Кенгаш котиби томонидан имзоланади, Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Кенгаш аъзоларига ҳамда манфаатдор ташкилотларга юборилади.


20. Кенгаш баёнининг асл нусхаси Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаментида сақланади.

21. Кенгашининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча вазирликлар, идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


22. Кенгашнинг ишчи органи ва котиби Кенгаш қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганадилар ва кўриб чиқадилар, зарурият бўлганда Кенгаш раисига тегишли ахборотлар ва таклифлар киритадилар.

Кенгаш қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши ҳолатини ваколати доирасида ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.


23. Кенгашнинг иш тартиби унинг Регламентида белгиланади. Регламент Кенгаш томонидан қабул қилинади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


24. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 7 август, 31-сон, 781-модда