язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.08.2017 й. 571-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 1 августдаги

571-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура

ва қурилиш қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг (кейинги ўринларда Давархитектқурилиш деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқларини ҳамда фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Давархитектқурилиш шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.


3. Давархитектқурилишнинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари, Қурилишда стандартлаштириш ва сертификатлаш республика маркази, Капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотлар ва нархларни шакллантириш маркази, Шаҳарсозлик фаолиятини ахборот билан таъминлаш маркази, шунингдек Давархитектқурилишнинг ташкилий тузилмасига кирадиган бошқа ташкилотлар (кейинги ўринларда Давархитектқурилиш тизимига кирувчи ташкилотлар деб аталади) Давархитектқурилишнинг ягона тизимини ташкил этади.


4. Давархитектқурилиш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


5. Давархитектқурилиш ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, хорижий ва халқаро ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.


6. Давархитектқурилишнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ва норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


7. Давархитектқурилиш юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи туширилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, банк ҳисоб рақамларига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ҳисоб рақамларига эга бўлади.



2-БОБ. ДАВАРХИТЕКТҚУРИЛИШНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Давархитектқурилишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бош режалар асосида аҳоли пунктларини комплекс қуриш, лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш, қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш ҳамда қўллашда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва давлат стандартларига сўзсиз риоя этилиши юзасидан тизимли давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга ошириш, буюртмачилар томонидан техник назорат ва лойиҳа ташкилотлари томонидан муаллифлик назорати ўтказилишини текшириш;

республика ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош тарҳини, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини режалаштириш тарҳларини ҳамда туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ҳамда бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ташкиллаштириш, шаҳарсозлик ҳужжатлари ва давлат шаҳарсозлик кадастри амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш;

шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг узоқ ва ўрта муддатли давлат дастурларини, тармоқ ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда қатнашиш;

шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар олиб бориш соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсат олиб бориш, юқори самарали ва энергияни тежайдиган лойиҳа ечимлари ва қурилиш материалларини, замонавий қурилиш технологиялари ва инновация лойиҳаларини татбиқ этиш;

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш ва янгилаш, идоравий қурилиш нормалари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш, лойиҳалаштириш, қурилиш, қурилиш индустрияси, қурилиш материаллари ва буюмлари ишлаб чиқариш соҳасида стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш;

лойиҳа иши ва қурилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва замонавий талабларга мос келадиган ҳудудий тармоқларни кенгайтириш, якка тартибдаги, намунавий, такроран қўлланиладиган ва экспериментал лойиҳаларни ҳамда лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, муаллифлик назоратининг роли ва масъулиятини ошириш, шаҳарсозлик, лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказиш;

меҳнат унумдорлигини ошириш, қурилиш қийматини пасайтириш ва ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган илғор технологияларни қурилиш соҳасига жорий этиш, Қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрини юритиш;

бозор ислоҳотлари жараёнларини чуқурлаштириш, ҳамма жойда рақобатли нарх белгилаш механизмларини татбиқ этиш, корпоратив нормалар ва нарх белгилашнинг ролини ошириш, лойиҳалаш ва қурилишнинг смета-норматив базасини такомиллаштириш;

капитал қурилишда давлат харид тизимини такомиллаштириш, танлов савдолари ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва уларни экспертизадан ўтказиш, танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказишда белгиланган тартибга риоя этилишини назорат қилиш, шартномавий мажбуриятлар бажарилиши мониторингини олиб бориш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарсозлик фаолиятининг айрим турларини амалга ошириш учун лицензиялаш;

архитектура, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида тизимли асосда малакали кадрлар тайёрлашни таъминлаш, республиканинг ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларида таълим жараёнининг даражаси ва сифатини тубдан ошириш, қурилиш соҳасидаги лойиҳачилар ва мутахассисларнинг малакасини доимий асосда ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этиш.


9. Давархитектқурилиш ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бош режалар асосида аҳоли пунктларини комплекс қуриш, лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш, қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш ва қўллашда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва давлат стандартларига сўзсиз риоя этилиши юзасидан тизимли давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга ошириш, буюртмачилар томонидан техник назорат ва лойиҳа ташкилотлари томонидан муаллифлик назорати ўтказилишини текшириш соҳасида:

бош режалар асосида аҳоли пунктларини комплекс қуриш, лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш, қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш ва қўллашда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва давлат стандартларига риоя этилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга оширади;

буюртмачининг техник назорати ва лойиҳа ташкилотининг муаллифлик назоратини амалга оширишга доир ишини текширади;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, қурилиш материаллари ва буюмлари сифатининг давлат стандартларига, лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифатли бажарилишига риоя этилиши юзасидан давлат назоратни амалга оширади;

қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсатномалар беради;

давлат стандартлари ва техник шартлар бузилганлиги аниқланган тақдирда, қурилиш материаллари ҳамда буюмлари ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ва қўлланилишини, норматив талаблар ҳамда тасдиқланган лойиҳа ечимлари чидамлилик, пухталик хусусиятлари пасайишига сабаб бўлган даражада бузилганда, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг авария хавфи бўлган, объектлар ўзбошимчалик билан қурилган тақдирда қурилиш-монтаж ишларини давом эттиришни тўхтатиб туришни таъминлайди. Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб қўйишга олиб келадиган қурилиш материаллари ва буюмлари ишлаб чиқариш, уларни реализация қилиш ва қўллаш, қурилиш-монтаж ишларини давом эттиришни тўхтатиб қўйиш суд тартибида амалга оширилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари мустасно;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маъмурий баённомаларни тузади ва йўл қўйилган қоида бузилишларида айбдор бўлган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун материалларни судга беради;

қурилиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатлари инсон соғлиғи ва ҳаётига зиён етказилишига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар беради;

қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилишда қоидалар бузилган ҳолда топширилган объектларни статистика ҳисоботидан чиқариш тўғрисида статистика органларига тақдимнома киритади;

шаҳарсозлик қонунчилиги, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва давлат стандартлари бузилганлиги аниқланган ҳолларда уларни бартараф этиш тўғрисида шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар беради;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш комиссиялари ишида иштирок этади;

шаҳарсозлик ҳужжатлари масалалари бўйича буюртмачилар, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги келишмовчиликларни кўриб чиқади;


б) республика ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош тарҳини, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини режалаштириш тарҳларини ҳамда туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ҳамда бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ташкиллаштириш, шаҳарсозлик ҳужжатлари ва давлат шаҳарсозлик кадастри амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш соҳасида:

шаҳарлар, шаҳар посёлкаларининг бош режаларини ва Тошкент шаҳрининг, вилоят марказларини ва маданий мерос объекти аҳамиятига эга бўлган шаҳарларнинг марказий қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларини тасдиқлайди, тасдиқланиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига тегишли бўлган шаҳарларнинг бош режалари бундан мустасно;

турар жой, жамоат бинолари ва бошқа биноларнинг такрор қўлланиладиган, намунавий ва тажриба лойиҳалари ишлаб чиқилишини белгиланган тартибда ташкил этади ва тасдиқлайди;

техник муҳандислик изланишлари соҳасида ягона сиёсатни амалга оширади, капитал қурилиш учун комплекс муҳандислик изланишлари давлат фондини шакллантиради ва юритади;

шаҳарсозлик соҳасида илмий-тадқиқот ишлари, ҳудудларнинг ривожланишини режалаштириш ва қуриш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи функцияларини бажаради;

умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектлари учун чегаралар белгилаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

шаҳарсозлик ҳужжатларининг амалга оширилиши юзасидан мониторингни ва Давлат шаҳарсозлик кадастрини юритади;


в) шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг узоқ ва ўрта муддатли давлат дастурларини, тармоқ ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда қатнашиш соҳасида:

шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлайди;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг узоқ ва ўрта муддатли давлат дастурларини, тармоқ ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда қатнашади;

шаҳарсозлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор вазифаларини белгилашда қатнашади;

ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича республика мақсадли дастурлари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозларининг шаҳарсозлик бўлимларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда қатнашади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош тарҳи ишлаб чиқилишини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар (вилоятлар гуруҳлари) ҳудудини режалаштириш тарҳлари ва умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилишини, шунингдек шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги илмий-тадқиқот ишлари ташкил этилишини таъминлайди;

аҳолини шаҳарсозлик фаолияти тўғрисида мунтазам равишда хабардор қилиб боради;

ўз ваколати доирасида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади;


г) шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар олиб бориш соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсат олиб бориш, юқори самарали ва энергияни тежайдиган лойиҳа ечимлари ва қурилиш материалларини, замонавий қурилиш технологияларини ва инновация лойиҳаларини татбиқ этиш соҳасида:

шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар олиб бориш соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсат олиб боради;

юқори самарали ва энергияни тежайдиган лойиҳа ечимлари ва қурилиш материалларини, замонавий қурилиш технологиялари ва инновация лойиҳаларини татбиқ этади;

пудрат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва унинг мониторингини олиб боради;

шаҳарсозлик ва капитал қурилишда илмий-техника тараққиёти муаммоларини мақбул тарзда ҳал этиш учун илмий-техника ва техник кенгашлар фаолиятини ташкил этади;

капитал қурилишда ислоҳотларни чуқурлаштиради ҳамда пудрат ишлари бозорини ривожлантиради;

лойиҳалаштириш ва қурилиш ташкилотларининг рейтинг баҳоларини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизимини жорий этади;


д) шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш ва янгилаш, идоравий қурилиш нормалари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш, лойиҳалаштириш, қурилиш, қурилиш индустрияси, қурилиш материаллари ва буюмлари ишлаб чиқариш соҳасида стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш соҳасида:

ўз ваколатлари доирасида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишини ташкил этади;

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлайди, белгиланган тартибда уларнинг ишлаб чиқилиши бўйича буюртмачи функцияларини бажаради;

қурилиш индустрияси ташкилотлари ва инвестиция фаолиятининг бошқа қатнашчилари тўғрисидаги маълумотлар базасини, шунингдек қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот базасини шакллантиради;

капитал қурилиш соҳасидаги норматив базанинг бозор муносабатларини жорий этишни назарда тутувчи халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқилишини тизимли равишда ташкил этади;

қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкцияларни стандартлаштириш ва сертификатлаштиришни амалга оширади;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг давлат фондини шакллантиришда иштирок этади;

ўз ваколати доирасида махсус техник регламентларни тасдиқлайди, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилади;


е) лойиҳалаш иши ва қурилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий талабларга мос келадиган ҳудудий тармоқларни кенгайтириш, якка тартибдаги, намунавий, такроран қўлланиладиган ва экспериментал лойиҳаларни ва лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, муаллифлик назоратининг роли ва масъулиятини ошириш, шаҳарсозлик, лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасини ўтказиш соҳасида:

лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида янги концепцияларни яратади;

лойиҳалаш ишини ва қурилиш фаолиятини мувофиқлаштиради;

лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолияти самарадорлигини оширади;

замонавий талабларга мос келадиган ҳудудий тармоқларни кенгайтиради, якка тартибдаги, намунавий, такроран қўлланиладиган ва экспериментал лойиҳаларни ва лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишни ташкил этади;

лойиҳа ташкилотларининг лицензия талаб ва шартларига риоя қилинганлиги, моддий-техника базаси ва тегишли мутахассислар билан таъминланганлиги, мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш даражасини ўрганади;

зарур ҳолатларда, ўрганиш натижаси юзасидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар беради;

шаҳарсозлик ҳужжатлари бажарилиши бўйича муаллифлик назоратининг роли ва масъулиятини ошириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини таъминлайди;

шаҳарсозлик, лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасини ўтказади;


ж) меҳнат унумдорлиги оширилишини, қурилиш қиймати пасайтирилишини, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган илғор технологияларни қурилиш соҳасига жорий этиш, Қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрини юритиш соҳасида:

қурилиш соҳасида янги техника, технология ва механизмларни жорий этиш ҳисобига меҳнат унумдорлигини оширади;

манфаатдор вазирликлар билан биргаликда марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳисобига молиялаштириладиган объектлар қурилишида нархларнинг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаган ҳолда уларнинг шакллантирилиши юзасидан доимий назорат ўрнатади;

қурилиш қиймати пасайтирилишини, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган илғор технологияларни қурилиш соҳасига жорий этади;

қурилиш-монтаж ишлари технологияларини қўллаш масалалари бўйича хорижий мамлакатлар ва ташкилотлар билан халқаро илмий-техник ва иқтисодий ҳамкорликни амалга оширади ва уларда қатнашади;

Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда Қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрини юритади;


з) бозор ислоҳотлари жараёнларини чуқурлаштириш, ҳамма жойда рақобатли нарх белгилаш механизмларини татбиқ этиш, корпоратив нормалар ва нарх белгилашнинг ролини ошириш, лойиҳалаш ва қурилишнинг смета-норматив базасини такомиллаштириш соҳасида:

бозор ислоҳотлари жараёнларини чуқурлаштириш, ҳамма жойда рақобатли нарх белгилаш механизмларини татбиқ этади;

қурилиш қийматини аниқлаш усулларини ишлаб чиқади, моддий-техника ресурслари сарфининг смета-норматив базасини ва норматив кўрсаткичларини ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;

капитал қурилишда шартномавий жорий нархлар ва тарифларни шакллантириш бўйича методологик кўрсатмалар ва тавсиялар ишлаб чиқади;

қурилишнинг техник даражаси ва индустриялаштирилишини ошириш, комплекс механизациялаш ва автоматлаштириш, ресурсларни тежаш, материаллар ва меҳнат сарфини камайтириш, капитал қурилишда ишларнинг сифатини яхшилаш ишларини ташкил этишда қатнашади;

корпоратив нормалар ва нарх белгилашнинг ролини оширади;

лойиҳалаш ва қурилишнинг смета-норматив базасини такомиллаштиради;


и) капитал қурилишда давлат харид тизимини такомиллаштириш, танлов савдолари ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва уларни экспертизадан ўтказиш, танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказишда белгиланган тартибга риоя этилишини назорат қилиш, шартномавий мажбуриятлар бажарилиши мониторингини олиб бориш соҳасида:

капитал қурилишда давлат харид тизимини такомиллаштиради;

намунавий танлов ҳужжатларини ишлаб чиқади ва амалиётга татбиқ этади;

танлов ҳужжатларини ишлаб чиқади ва уларни экспертизадан ўтказади;

танлов савдоларини ташкил этади ва ўтказишда белгиланган тартибга риоя этилишини назорат қилади;

танлов савдолари натижаларига кўра тузилган буюртмачи ҳисоботларини келишади;

пудрат шартномаларида мажбуриятлар бажарилиши мониторингини олиб боради;

танлов савдолари натижалари бўйича объектлар қурилишининг жорий нархлардаги шартномавий қийматини шакллантиради;


к) архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ва қурилиш фаолиятининг айрим турларини лицензиялаш соҳасида:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шаҳарсозлик фаолиятининг айрим турларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда лицензиялар беради;

лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартлари бажарилиши тўғрисидаги ахборот билан тўлдириб бориладиган марказлаштирилган маълумотлар базасини ташкил этади;


л) архитектура, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида тизимли асосда малакали кадрлар тайёрлашни таъминлаш, республиканинг ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларида таълим жараёнининг даражаси ва сифатини тубдан ошириш, қурилиш соҳасидаги лойиҳачилар ва мутахассисларнинг доимий асосда малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этиш соҳасида:

архитектура, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида тизимли асосда малакали кадрлар тайёрлашни таъминлайди;

архитектура ва шаҳарсозлик йўналишидаги таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

таркибидаги олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда ўқув жараёнининг амалий машғулотларини ташкил этишда ҳамкорлик қилади;

шаҳарсозлик фаолиятининг ривожланиш тенденцияларини ва хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда янги йўналишлар бўйича мутахассис кадрлар тайёрлашда ўқув-услубий ҳужжатлар, ўқув адабиётлари билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатади, шунингдек малака талабларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этади;

ўқув жараёнларида шаҳарсозлик фаолияти бўйича, шу жумладан етакчи хорижий таълим муассасаларининг мутахассисларини ва экспертларни жалб этган ҳолда таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар сифат таркибини ошириш, соҳага кириб келаётган замонавий техника ва технологияларни инобатга олган ҳолда қисқа муддатли малака ошириш курсларининг дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда бевосита иштирок этади;

таркибидаги олий таълим муассасалари ҳамда касб-ҳунар коллежларига талабалар қабул қилиш квоталари бўйича белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига таклифлар киритади. Бунда қурилиш соҳасига оид мутахассисликларга бўлган талабни ўрганади, шунингдек янги замонавий мутахассисликлар бўйича таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги Таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига шаҳарсозлик фаолияти соҳасида, таркибидаги олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг иқтидорли талабалари ва ўқувчилари учун Давархитектқурилишнинг стипендияларини белгилайди;

касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида қурувчилик касблари бўйича республика миқёсида касб маҳорати кўрик-танловларини, замонавий ҳамда миллий архитектура лойиҳалари муаллифлари танловларини ташкил қилади ва ғолибларни рағбатлантиради;

таркибидаги олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларида дарс бериш ва маҳорат дарслари ўтказиш учун республика ва хорижий мамлакатларнинг таниқли педагог-мутахассисларини таклиф қилади;

талабаларнинг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида мамлакатимизда амалга оширилаётган қурилиш объектларида кўчма дарслар ташкил этади;

таркибидаги олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчи курс талабаларининг тайёр кадр сифатида етишиб чиқишини таъминлаш ҳамда амалиёт дарслари самарадорлигини ошириш мақсадида уларни ишлаб чиқариш амалиётларини ўташ базаси сифатида лойиҳалаштириш институтлари ва қурилиш ташкилотларига жойлаштиришга кўмаклашади, уларга тажрибали мутахассисларни бириктиради ва уларни ижтимоий муҳофаза қилиш чораларини кўради;

таркибидаги олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларида етакчи лойиҳа ташкилотлари, йирик қурилиш ташкилотлари ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги бошқа ташкилотларнинг тажрибали мутахассислари маърузаларини ташкил этади;

касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясида иштирок этади, касбий амалий имтиҳонларни замонавий қурилиш ташкилотлари базасида ўтказишни ташкил этади;

қурилиш соҳасидаги лойиҳачилар ва мутахассисларнинг доимий асосда малакасини оширади ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этади.

Давархитектқурилиш қонунчиликка мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.


10. Давархитектқурилиш ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўзининг тизимидаги таркибий ва ҳудудий бўлинмалари орқали ҳал қилади.



3-БОБ. ДАВАРХИТЕКТҚУРИЛИШНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Давархитектқурилиш ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ва хўжалик юритувчи субъектлардан ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этишга доир маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ўз ваколатлари доирасида шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида капитал қурилишдаги иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш масалалари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш;

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида энг муҳим муаммоларни аниқлаш ва кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссиялар ва кенгашлар ташкил этиш;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги энг яхши илмий-техник ишланмаларни ҳамда ҳудудларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларини танлаш учун танловлар эълон қилиш ва танлов комиссиялари ташкил этиш;

капитал қурилиш соҳасида товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш бўйича ишлаб чиқилган танлов ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, марказлаштирилган ва унга тенглаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган объектлар учун ўтказиладиган танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказишнинг белгиланган тартиботларига риоя этилишини назорат қилиш;

молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга оширилаётган қурилишда танлов савдолари натижалари тўғрисида буюртмачиларнинг ҳисоботларини келишиш;

молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга оширилаётган қурилиш объектлари бўйича танлов савдолари ва тузилган шартномалар шартларининг буюртмачилар ва пудратчилар томонидан бажарилиши мониторингини ўтказиш;

текширувни амалга ошириш жараёнида аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш бўйича, зарурият бўлса, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этиш мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

шаҳарсозлик фаолияти субъектларидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини талаб қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда белгиланган тартибда иштирок этиш, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида халқаро шартномалар тузиш.

Давархитектқурилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Давархитектқурилиш ўз ваколати доирасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга ҳақлидир.

Давархитектқурилиш зарур ҳолларда бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатларни чиқаришга ҳақлидир.


13. Давархитектқурилиш ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ДАВАРХИТЕКТҚУРИЛИШ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Давархитектқурилишга Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис раҳбарлик қилади.

Давархитектқурилиш раисининг Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган ўринбосарлари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


15. Давархитектқурилиш раиси:

Давархитектқурилиш фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда Давархитектқурилишга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўзининг ўринбосарлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, Давархитектқурилиш тизимидаги раҳбарларнинг ваколатлари ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Давархитектқурилишнинг марказий аппарати штат жадвалини тасдиқлайди;

Давархитектқурилиш ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар тузилмаларига чекланган умумий штатлар сони доирасида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;

ўз ваколати доирасида Давархитектқурилиш тизими ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар, шунингдек шаҳарлар ва шаҳар посёлкаларининг бош режаларини тасдиқлаш бўйича қарорлар қабул қилади;

Давархитектқурилиш тизимига кирувчи ташкилотлар тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларида, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар вакиллари иштирокида ўтказиладиган расмий тадбирларда Давархитектқурилиш номидан вакиллик қилади;

Тошкент архитектура-қурилиш институти ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти проректорларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, уларнинг ректорларини тайинлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

ўз ваколати доирасида ходимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


16. Давархитектқурилишда раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича), шунингдек Давархитектқурилиш фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи бошқарма бошлиқларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Давархитектқурилиш раисининг тақдими бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


17. Ҳайъат:

ушбу Низомда белгиланган Давархитектқурилиш фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Давархитектқурилишнинг марказий аппарати ва унинг тизимига кирадиган лавозимлар номенклатурасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Давархитектқурилиш номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларида, Ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни таъминлаш учун ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда Давархитектқурилиш раҳбарлари ва ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.

Ҳайъат Давархитектқурилиш ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Давархитектқурилиш ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Давархитектқурилишнинг қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.


18. Давархитектқурилишда шаҳарсозлик ва капитал қурилишда илмий-техника тараққиёти муаммоларини мақбул тарзда ҳал этиш йўлларини кўриб чиқиш ва излаш учун илмий-техника кенгаши ва техник кенгаши тузилади. Илмий-техник кенгашга ва техник кенгашга Давархитектқурилиш раисининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади. Кенгашларнинг таркиби ва улар тўғрисидаги низомлар Давархитектқурилиш раиси томонидан тасдиқланади.

Давлат ва хўжалик бошқарув органлари ҳамда бошқа ташкилотлар мутахассислари илмий-техника кенгаш ва техник кенгашда ишлашга жамоатчилик асосида жалб қилиниши мумкин.


19. Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш Давархитектқурилиш раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бош бошқармалари бошлиқлари Давархитектқурилишнинг тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишилган ҳолда берилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш Давархитектқурилиш раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бош бошқармалари бошлиқлари ўринбосарлари, шунингдек туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш бўлимларининг бошлиқлари Давархитектқурилиш раисининг буйруғи билан, тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бош бошқармалари бошлиқларининг тақдимига биноан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Давархитектқурилиш тизимига кирувчи ташкилотлар раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тўғрисидаги буйруқни Давархитектқурилиш раиси қабул қилади.


20. Давархитектқурилиш тизимига кирувчи ташкилотлар ўз фаолиятини Давархитектқурилиш раиси томонидан тасдиқланган низом (устав)ларга мувофиқ амалга оширадилар.


21. Давархитектқурилишнинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бош бошқармалари, шаҳар ва туман архитектура ва қурилиш бошқарма (бўлим)лари таъминоти харажатларини маблағ билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади.


22. Давархитектқурилиш марказий аппаратининг, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бош бошқармаларининг штат жадвали ва харажатлар сметаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади ва рўйхатдан ўтказилади.

Давархитектқурилиш тизимига кирувчи ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари Давархитектқурилиш билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


23. Давархитектқурилиш ходимларини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Давархитектқурилишда Ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Жамғарма маблағлари бюджетдан ташқари манбалар, шу жумладан давлат экспертизаси ҳудудий бошқармалари, давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциялари ҳамда Қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш ҳудудий консалтинг марказлари даромадларидан 10 фоиз ажратмалар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.

Ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Давархитектқурилиш ҳайъатининг қарори билан тасдиқланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


24. Давархитектқурилишни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 7 август, 31-сон, 781-модда