язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекцияси тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 01.08.2017 й. 571-сон қарорига 9-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 1 августдаги

571-сон қарорига

9-ИЛОВА



Давлат архитектура-қурилиш назорати

ҳудудий инспекцияси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциясининг (кейинги ўринларда Ҳудудий инспекция деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқларини ҳамда фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Ҳудудий инспекция Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг (кейинги ўринларда Давархитектқурилиш деб аталади) таркибий бўлинмаси ҳисобланади, ўз фаолиятида Давархитектқурилишга, шунингдек тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаларига ҳисобот беради ва бўйсунади.


3. Ҳудудий инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда Давархитектқурилишнинг буйруқлари ва қарорларига амал қилади.


4. Ҳудудий инспекция юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига эга бўлади.



2-БОБ. ҲУДУДИЙ ИНСПЕКЦИЯНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Ҳудудий инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳоли пунктларининг белгиланган тартибда тасдиқланган бош режаларига қатъий мувофиқ равишда комплекс қурилишини, юридик ва жисмоний шахслар томонидан аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуришда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига сўзсиз риоя этишлари, лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши, қурилиш материаллари ва буюмлар ишлаб чиқарилиши ва қўлланилиши юзасидан таъсирчан назоратни амалга ошириш;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги буюртмачининг техник назоратини ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчиларнинг муаллифлик назоратини олиб бориш;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, лойиҳа ҳужжатларида қабул қилинган техник ечимлар, қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари ишлаб чиқариш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар, қурилиш-монтаж ишларининг барча босқичларида уларни амалга ошириш технологияси талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсат берган ҳолда қурилиш объектларини рўйхатдан ўтказиш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;

қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишларида мажбурий равишда қатнашиш, якка тартибдаги уй-жой қурилиши бундан мустасно;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилишни ташкил этиш соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш ва унда қатнашиш;

қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш.


6. Ҳудудий инспекция ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги назорат функцияларини бажаради:

аҳоли пунктларининг белгиланган тартибда тасдиқланган бош режаларига қатъий мувофиқ равишда комплекс қурилишини шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига риоя этишлари юзасидан назоратни амалга оширади;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуришда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига риоя этишлари юзасидан назоратни амалга оширади;

лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши, қурилиш материаллари ва буюмлар ишлаб чиқарилиши ва қўлланилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги буюртмачининг техник назорати ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчиларнинг муаллифлик назорати ўтказилишини текширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурилиш, қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари ишлаб чиқариш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатларга риоя этилишини назорат қилади;

қурилиш объектида ижро ҳужжатлари юритилишини, шаҳарсозлик фаолияти субъектларида архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини яратиш ва қурилиш соҳасидаги фаолиятни қонун ҳужжатларида назарда тутилган лицензияланадиган турларини амалга ошириш ҳуқуқига лицензияларнинг мавжудлигини назорат қилади;

қурилиш объектида норматив-техник ва лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган синовлар, суратга олишлар ва ўлчашлар ўтказилишини назорат қилади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ мураккаблилик (хавфлилик) даражасига кўра объектларда назорат функцияларини амалга оширади;

бинолар, иншоотлар, уларнинг қисмлари ва конструктив элементларининг авария ҳолатларини ва авариялари сабабларини текшириш бўйича техника комиссияларининг ишларида қатнашади;

шартнома асосида мавжуд бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолатини уларни тиклаш ёки реконструкция қилишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан текширади ва тегишли хулосалар беради;

қурилиш маҳсулотларининг сифатини таъминлаш, шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш масалалари бўйича давлат бошқа ваколатли органлари, илмий-тадқиқот, лойиҳалаштириш ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўйган ташкилотларнинг архитектура-шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун ҳамда қурилиш соҳасида фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун берилган лицензияларининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида Давархитектқурилишга таклифлар киритади;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузади;

қурилиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатлари инсон соғлиғи ва ҳаётига зиён етказилишига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар беради;

назорат натижаларини таҳлил қилади, халқаро тажрибани ўрганади, қурилиш сифатини яхшилаш ва қурилиш материалларидан оқилона фойдаланиш бўйича техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқади;

"Ўзстандарт" агентлиги билан биргаликда сифатга оид халқаро талабларга мувофиқ қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини олиб боради;

ҳар чоракда бажарилган ишлар юзасидан Давархитектқурилиш ҳузуридаги Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекциясига ҳисоботларни тақдим этади.



3-БОБ. ҲУДУДИЙ ИНСПЕКЦИЯНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


7. Ҳудудий инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча қурилишларда, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жой қурилиш объектларида рухсат берилган ҳужжатлар мавжудлиги ва шаҳарсозлик норма ҳамда қоида талабларига риоя этилаётганлиги борасида, назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ҳудудий комиссия билан келишмаган ҳолда, ҳеч бир тўсиқларсиз қисқа муддатли (субъектнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмасдан) инспекторлик текширувлари ўтказиш;

текширувни амалга ошириш жараёнида аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш бўйича, зарурият бўлса, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

Ҳудудий инспекцияда рўйхатдан ўтказилган объектларда тўсқинликсиз бўлиш ва назорат функцияларини амалга ошириш;

шаҳарсозлик фаолияти субъектларидан лойиҳа, технология ва ижро ҳужжатларини ҳамда қўлланилаётган материаллар, буюмлар, конструкциялар ва бажарилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифатини текшириш учун зарур бўлган маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

объектлар қурилиши бўйича пудратчиларга конструкциялар, узеллар ва деталларнинг айрим элементларини очишни, тагзаминдаги тупроқни синашни ва қайта ёпиб қўйишни, қўлланилган қурилиш материаллари, буюмлари, конструкцияларини, муҳандислик тизимларини синаб кўришни топшириш, зарурат бўлганда, тегишли хулоса тайёрлаш учун экспертларни, илмий-тадқиқот ташкилотларининг мутахассисларини жалб қилиш;

ўз функционал вазифалари доирасида ташкилотларнинг объектлар қурилиши сифатини назорат қилувчи техник назорат хизматлари ҳамда синов қурилиш лабораториялари ишларини назоратдан ўтказиш;

давлат стандартлари ва техник шартлар бузилганлиги аниқланган тақдирда, қурилиш материаллари ҳамда буюмлари ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ва қўлланилишини, норматив талаблар ҳамда тасдиқланган лойиҳа ечимлари чидамлилик, пухталик хусусиятлари пасайишига сабаб бўлган даражада бузилганда, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг авария хавфи бўлган, объектлар ўзбошимчалик билан қурилган тақдирда қурилиш-монтаж ишларини давом эттиришни тўхтатиб туриш. Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб қўйишга олиб келадиган қурилиш материаллари ва буюмлари ишлаб чиқариш, уларни реализация қилиш ва қўллаш, қурилиш-монтаж ишларини давом эттиришни тўхтатиб қўйиш суд тартибида амалга оширилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳолатлари мустасно;

шаҳарсозлик фаолияти субъектларининг шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузаётган (уларнинг буйруқлари билан тайинланган) мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимномалар киритиш;

лойиҳа бўйича бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва тўлиқлиги, қурилиш объектларининг техник ҳолати ҳақида эксперт хулосаларини бериш;

қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилишда қоидалар бузилган ҳолда топширилган объектларни статистика ҳисоботидан чиқариш тўғрисида статистика органларига тақдимнома киритиш.


8. Ҳудудий инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ҲУДУДИЙ ИНСПЕКЦИЯ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Ҳудудий инспекцияга тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бош бошқармалари бошлиқларининг тақдимномасига биноан Давархитектқурилиш раисининг буйруғи билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ бошчилик қилади.


10. Ҳудудий инспекция бошлиғи:

Ҳудудий инспекциянинг штат жадвалини Давархитектқурилиш билан келишилган ҳолда тасдиқлайди;

ходимларининг лавозим йўриқномаларини ва функционал вазифаларини тасдиқлайди;

Ҳудудий инспекция ходимларини ишга қабул қилади ва улар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилади.


11. Ҳудудий инспекция бошлиғининг ўринбосари Давархитектқурилиш раиси билан келишган ҳолда Ҳудудий инспекция бошлиғининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


12. Ҳудудий инспекция инспекторлари ўз функционал фаолиятини Давархитектқурилиш томонидан ҳар уч йилда ўтказиладиган аттестация натижаларига кўра бериладиган сертификатлар асосида амалга оширадилар.


13. Ҳудудий инспекциялар фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобига молиялаштирилади:

а) Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурига киритилган объектлар бўйича бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қийматининг (қўшилган қиймат солиғидан ташқари):

0,08 фоизи миқдорида - янги қурилиш ва реконструкция қилиш объектлари бўйича;

0,05 фоизи миқдорида - мукаммал таъмирлаш объектлари бўйича;

б) бошқа объектлар бўйича - лойиҳа-смета ҳужжатларида назарда тутилган қурилиш-монтаж ишлари қийматининг:

0,01 фоизи миқдорида - мураккабликнинг I тоифасидаги объектлар бўйича;

0,02 фоизи миқдорида - мураккабликнинг II тоифасидаги объектлар бўйича;

0,03 фоизи миқдорида - мураккабликнинг III тоифасидаги объектлар бўйича;

в) қурилиш материалларини сертификатлаштириш, мавжуд бинолар ва иншоотларни тиклаш ёки реконструкция қилиш юзасидан уларнинг техник ҳолатини текшириш бўйича шартнома асосида ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан, шунингдек лаборатория хизматлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган хизматларнинг бошқа турларини кўрсатишдан олинган даромадлар.


14. Қурилиш материалларини сертификатлаштириш, мавжуд бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолатини текшириш бўйича бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг, шунингдек лаборатория хизматлари ва Ҳудудий инспекция томонидан кўрсатилаётган хизматлар бошқа турларининг қийматини аниқлаш методикаси Давархитектқурилиш томонидан тасдиқланади.


15. Ҳудудий инспекциянинг шартнома асосида тушадиган даромадларининг 10 фоизи ҳар ойда Давархитектқурилишга ўтказилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


16. Ҳудудий инспекцияни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 7 август, 31-сон, 781-модда