язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 01.08.2017 й. 571-сон қарорига 6-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 1 августдаги

571-сон қарорига

6-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш

қўмитаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар архитектура

ва қурилиш бош бошқармалари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаларининг (кейинги ўринларда Бош бошқарма деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқларини ҳамда фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Бош бошқарма республикада архитектура ва шаҳарсозликни бошқариш органларининг ягона тизимидаги ҳудудий бўғин (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) ҳисобланади, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига (кейинги ўринларда Давархитектқурилиш деб аталади) бўйсунади ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимларига ҳисобот беради.


3. Бош бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низомга, шунингдек Қўмитанинг буйруқлари ва қарорларига амал қилади.


4. Бош бошқарма ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


5. Бош бошқарма юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи туширилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, банк ҳисоб рақамларига ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича Ғазначилик бошқармаларида ҳисоб рақамларига эга бўлади.



2-БОБ. БОШ БОШҚАРМАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Бош бошқарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ҳудудларини режалаштириш схемаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ҳамда бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ташкиллаштириш;

ўз ваколати доирасида шаҳарсозлик ҳужжатларини амалиётга татбиқ этиш мониторингини ва давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш;

шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг узоқ ва ўрта муддатли давлат дастурларини, тармоқ ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда қатнашиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига шаҳарсозлик фаолияти объектларини жойлаштириш ҳамда тегишли ҳудудда муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш юзасидан таклифлар киритиш;

шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсат олиб бориш, юқори самарали ва энергияни тежайдиган лойиҳа ечимлари ва қурилиш материалларини, замонавий қурилиш технологиялари ва инновация лойиҳаларини татбиқ этиш;

бозор ислоҳотлари жараёнларини чуқурлаштириш, ҳамма жойда рақобатли нарх белгилаш механизмларини татбиқ этиш;

лойиҳалаштириш ва пудрат ишлари, қурилиш материаллари бозорларида рақобат муҳитини янада шакллантириш бўйича таклифлар киритиш;

шаҳарсозлик, лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказиш, танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказишда белгиланган тартибга риоя этилишини назорат қилиш, шартномавий мажбуриятлар бажарилиши мониторингини олиб бориш;

архитектура ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар ва мутахассисларнинг малакасини доимий асосда ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этиш.


7. Бош бошқарма ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилиши юзасидан назорат олиб бориш соҳасида:

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, қурилиш материаллари ва буюмлари сифатининг давлат стандартларига, лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифатига риоя этилиши юзасидан давлат назорати амалга оширилишини таъминлайди;

бош режалар асосида аҳоли пунктларини комплекс қуриш, лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш, қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш ва қўллашда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва давлат стандартларига риоя этилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назорати амалга оширилишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларни тузади ва йўл қўйилган қоида бузилишларида айбдор бўлган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун материалларни судга беради;

қурилиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатларининг инсон соғлиғи ва ҳаётига зиён етказишига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар беради;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва давлат стандартлари бузилганлиги аниқланган ҳолатларда уларни бартараф этиш тўғрисида шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар беради;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатларда ва тартибда қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш комиссиялари ишида иштирок этади;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан доимий мониторинг олиб боради;


б) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини режалаштириш тарҳларини ҳамда туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ҳамда бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ташкиллаштириш соҳасида:

ҳудудларнинг ривожланишини режалаштириш ва қуриш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи функцияларини бажаради;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар (вилоятлар гуруҳлари) ҳудудини режалаштириш тарҳлари ҳамда туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳалари, умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари, аҳоли пунктларининг бош режаларини, батафсил режалаштириш лойиҳаларини ҳамда бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш ишларини ташкил этади;

умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектлари учун чегаралар белгилаш ҳақида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритади;

аҳоли пунктларининг бош режаларида ва батафсил режалаштириш лойиҳаларида кўзда тутилмаган объектларни жойлаштиришда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар (муаллиф) билан келишиш ишларини олиб боради;

тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида шаҳарсозлик фаолияти объектлари, бино-иншоотлар, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси объектлари қурилишини ёки реконструкциясини, шунингдек ҳудудларни ободонлаштиришни лойиҳалаштириш учун архитектура-режалаштириш топшириқларини (АРТ-1 ва АРТ-2) ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва қурувчи - шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги буюртмачиларга тақдим этади;


в) ўз ваколати доирасида шаҳарсозлик ҳужжатларини амалиётга татбиқ этиш мониторинги ва давлат шаҳарсозлик кадастрини олиб бориш соҳасида:

шаҳарсозлик ҳужжатларининг амалга оширилиши юзасидан мониторингни олиб боради;

Давлат шаҳарсозлик кадастри юритилишида иштирок этади;

ер ажратиш ва иморат қуришга оид, шунингдек ер ости муҳандислик коммуникациялари жойлашиши навбатчи режаларини юритади;

ер участкаларини ажратиш, лойиҳа-режалаштириш ҳужжатларини сақлашга доир ягона техник архивни ташкил этади;


г) шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг узоқ ва ўрта муддатли давлат дастурларини, тармоқ ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда қатнашиш соҳасида:

шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлашда қатнашади;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг узоқ ва ўрта муддатли давлат дастурларини, тармоқ ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда қатнашади;

ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича ҳудудий мақсадли дастурлари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозларининг шаҳарсозлик бўлимларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда қатнашади;

аҳолини шаҳарсозлик фаолияти тўғрисида мунтазам равишда хабардор қилиб боради;

тегишли ҳудудни ривожлантириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

Давархитектқурилиш билан келишган ҳолда қурилиш қоидаларини ишлаб чиқади;

шаҳарсозлик фаолияти, инвестиция жараёнини бошқариш, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, пудрат ишлари ва қурилиш материаллари бозорини такомиллаштириш, янги техника ва қурилиш-монтаж ишларига замонавий технологияларни қўллаш масалалари бўйича хорижий мамлакатлар ва ташкилотлар билан халқаро илмий-техник ва иқтисодий ҳамкорликни амалга оширишда вилоятдаги корхона ва ташкилотларга яқиндан ёрдам беради, хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишда кўмаклашади;


д) маҳаллий давлат ҳокимияти органларига шаҳарсозлик фаолияти объектларини жойлаштириш ҳамда тегишли ҳудудда муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш юзасидан таклифлар киритиш соҳасида:

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига шаҳарсозлик фаолияти объектларини жойлаштириш юзасидан таклифлар киритади;

тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида қурилиш объектларини жойлаштириш, барча турдаги қурилиш объектлари учун ер танлаш ва ажратиш тўғрисида маҳаллий давлат органларининг қарорлари асосида ажратилган ер майдонларини натурада белгилаш ва чегаралаш ишларини амалга оширади;

тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида ҳудудлардаги ерлардан самарали фойдаланиш ҳамда тегишли ҳудудда муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органига таклифлар киритади;

маданий мерос объектларининг муҳофаза ҳудудларини аниқлаш чора-тадбирларини белгилайди;

капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларнинг боришини мувофиқлаштиради ва унинг мониторингини олиб боради, капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Давархитектқурилишга тақдим этади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органига шаҳар, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ аҳоли пунктларининг чегараларини белгилаш тўғрисида таклифлар киритади;


е) шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсат олиб бориш, юқори самарали ва энергияни тежайдиган лойиҳа ечимлари ва қурилиш материалларини, замонавий қурилиш технологиялари ва инновация лойиҳаларини татбиқ этиш соҳасида:

шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсат олиб боришда иштирок этади;

юқори самарали ва энергияни тежайдиган лойиҳа ечимлари ва қурилиш материалларини, замонавий қурилиш технологиялари ва инновация лойиҳаларини амалиётга татбиқ этишда иштирок этади;

тегишли ҳудуддаги шаҳарсозлик фаолияти объектлари бўйича лойиҳалаштириш ишларини ва комплекс муҳандислик қидирувларини ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчиларнинг муаллифлик назоратини мувофиқлаштириб боради;

бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг лойиҳалари тасдиқланишига розилик беради;

тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида якка тартибда уй-жой қуриш учун қурилиш паспортини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги буюртмачиларга тақдим этади;


ж) бозор ислоҳотлари жараёнларини чуқурлаштириш, ҳамма жойда рақобатли нарх белгилаш механизмларини татбиқ этиш соҳасида:

манфаатдор вазирликлар билан биргаликда марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳисобига молиялаштириладиган объектлар қурилишида нархларнинг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаган ҳолда уларнинг шакллантирилиши юзасидан доимий назорат ўрнатади;

қурилиш қиймати пасайтирилишини, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган илғор технологияларни қурилиш соҳасига жорий этади;

қурилишнинг техник даражаси ва индустриялаштирилишини ошириш, комплекс механизациялаш ва автоматлаштириш, ресурсларни тежаш, материаллар ва меҳнат сарфини камайтириш, капитал қурилишда ишларнинг сифатини яхшилаш ишларини ташкил этишда қатнашади;


з) лойиҳалаштириш ва пудрат ишлари, қурилиш материаллари бозорларида рақобат муҳитини шакллантириш бўйича таклифлар киритиш соҳасида:

шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар ва объектлар қурилиши бўйича пудратчиларнинг рейтинг баҳоларини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизимини жорий этишда иштирок этади;

шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар фаолияти самарадорлигини оширади;

капитал қурилишда ислоҳотларни чуқурлаштиради ҳамда пудрат ишлари бозорини ривожлантиради;

қурилиш индустрияси корхоналари ва инвестиция фаолиятининг бошқа қатнашчилари тўғрисидаги маълумотлар базасини, шунингдек қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот базасини шакллантиради;

қурилиш соҳасида янги техника, технология ва механизмларни жорий этиш ҳисобига меҳнат унумдорлигини оширади;


и) шаҳарсозлик, лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказиш, танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказишда белгиланган тартибга риоя этилишини назорат қилиш, шартномавий мажбуриятлар бажарилиши мониторингини олиб бориш соҳасида:

шаҳарсозлик, лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлайди;

танлов савдоларини ташкил этишда ва ўтказишда белгиланган тартибга риоя этилганлиги назорат қилинишини таъминлайди;

пудрат шартномаларидаги мажбуриятлар бажарилиши мониторинги олиб борилишини таъминлайди;

танлов савдолари натижалари бўйича объектлар қурилишининг жорий нархлардаги шартномавий қиймати шакллантирилишини таъминлайди;


к) архитектура ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар ва мутахассисларнинг малакасини мунтазам ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этиш соҳасида:

соҳага кириб келаётган замонавий техника ва технологияларни инобатга олган ҳолда қисқа муддатли малака ошириш курсларининг дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда бевосита иштирок этади;

олий таълим муассасалари ҳамда касб-ҳунар коллежларига талабалар қабул қилиш квоталари бўйича белгиланган тартибда Давархитектқурилишга таклифлар киритади. Бунда қурилиш соҳасига оид мутахассисликларга бўлган талабни ўрганади;

талабаларнинг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида мамлакатимизда амалга оширилаётган қурилиш объектларида кўчма дарслар ташкил этишда кўмаклашади;

олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари талабаларининг ишлаб чиқариш амалиётларини ўташ базаси сифатида уларни лойиҳалаштириш институтлари ва қурилиш ташкилотларига жойлаштиришга кўмаклашади;

шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар мутахассисларининг малакасини мунтазам оширади ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этади.

Бош бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. БОШ БОШҚАРМАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Бош бошқарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ва хўжалик юритувчи субъектлардан ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этишга доир маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ўз ваколатлари доирасида шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида капитал қурилишдаги иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш масалалари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш;

ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун шартнома асосида ташкилотларни, олим ва мутахассисларни, шу жумладан чет эл олимлари ва мутахассисларини жалб этиш;

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида муҳим муаммоларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссиялар ва кенгашлар ташкил этиш;

шаҳарсозлик, экологик талабларга ва архитектура органлари томонидан берилган архитектура-режалаштириш топшириқларига (АРТ-1 ва АРТ-2) жавоб бермайдиган лойиҳаларга розилик беришни рад этиш;

шаҳарсозлик фаолияти субъектларидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини талаб қилиш;

молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга оширилаётган қурилиш объектлари бўйича танлов савдолари ва тузилган шартномалар шартларининг шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги буюртмачилар ва объектлар қурилиши бўйича пудратчилар томонидан бажарилиши мониторингини ўтказиш;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида энг яхши лойиҳанинг илмий-техник ишланмаларини ҳамда ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларини танлаш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, манфаатдор ташкилотлар ва Ўзбекистон Республикаси Архитекторлар уюшмаси билан биргаликда белгиланган тартибда лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун танловлар ўтказиш ва танлов комиссияларини ташкил этиш;

ўз фаолиятида шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ўзаро ижодий ҳамкорликни амалга ошириш;

Давархитектқурилишга шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларини бузган ҳолда ишлаётган шаҳарсозлик фаолияти субъектларининг қурилиш соҳасидаги ҳамда архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини яратиш фаолияти ҳуқуқини берувчи лицензияларининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида таклифлар киритиш.

Бош бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Бош бошқарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. БОШ БОШҚАРМА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Бош бошқармага Давархитектқурилишнинг тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишилган ҳолда берилган тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига мувофиқ лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

Бош бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

Бош бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари тегишли равишда бош архитектор ҳисобланади.

Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциясининг бошлиғи Бош бошқарма бошлиғининг ўринбосари ҳисобланади.

Бош бошқарма бошлиғи лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик Кенгашининг аъзоси ҳисобланади.

Бош бошқарма ҳузурида доимий идоралараро орган - Ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) тузилади.

Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ амалга оширади.

Кенгашнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 1 майдаги ПФ-5030-сон Фармонининг 1а-иловасига мувофиқ шакллантирилади.

Бош бошқарма таъминоти харажатларини маблағ билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Бош бошқарманинг штат жадвали ва харажатлар сметаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади ва рўйхатдан ўтказилади.


11. Бош бошқарма бошлиғи:

Бош бошқарма фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда Бош бошқармага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Бош бошқарма таркибига кирувчи давлат экспертизаси ҳудудий бошқармаси, давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекцияси ҳамда Қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш ҳудудий консалтинг маркази фаолиятини мувофиқлаштиради ва унга бевосита раҳбарлик қилади;

ўзининг ўринбосарлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Бош бошқарманинг ва Архитектура-режалаштириш бюросининг штат жадвалини ва смета харажатларини тасдиқлайди;

ўз ваколати доирасида Бош бошқарма тизими ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради;

Бош бошқарма ходимларининг ички меҳнат тартиби қоидаларига, лавозимлар йўриқномаси талабларига ҳамда хизматга оид ҳужжатлар билан ишлаш тартибига риоя қилишини таъминлайди;

давлат органларида, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ва судда, бошқа ташкилотларда Бош бошқарма номидан вакиллик қилади ва Бош бошқарма манфаатини ҳимоя қилади;

Бош бошқарма ходимларини ишга қабул қилади ва улар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилади.

Бош бошқарманинг мулкини бошқаради;

Бош бошқарма таркибий бўлинмалари низомларини тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бухгалтерия ҳисоб-китоби ва статистика ҳисоботи ташкил қилинишига жавоб беради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


12. Бош бошқарма таркибига қуйидагилар киради:

Давлат экспертизаси ҳудудий бошқармаси;

Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекцияси;

Қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш ҳудудий консалтинг маркази;

шаҳарлар архитектура ва қурилиш бошқармалари;

туманлар архитектура ва қурилиш бўлимлари;

Бош бошқарма ҳузуридаги Архитектура-режалаштириш бюроси.


13. Бош бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, шунингдек туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш бўлимларининг бошлиқлари Давархитектқурилиш раисининг буйруғи билан, тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бош бошқармалари бошлиқларининг тақдимномасига биноан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


14. Бош бошқармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 7 август, 31-сон, 781-модда