язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича "Mirzo Ulugbek Innovation Center" инновация маркази тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.08.2017 й. 631-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 15 августдаги

631-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий

қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича "Mirzo Ulugbek

Innovation Center" инновация маркази тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича "Mirzo Ulugbek Innovation Center" инновация маркази фаолиятини ташкил қилиш тартибини, асосий йўналишларини, юридик шахсларни унинг резидентлари сифатида рўйхатга олишни, резидентлар учун солиқ ва божхона имтиёзларини, махсус валюта режимини қўллашни, шунингдек, резидентлар билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича ходимлар томонидан солиқ имтиёзларининг қўлланилиши тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича "Mirzo Ulugbek Innovation Center" инновация маркази (кейинги ўринларда Инновация маркази деб аталади) - Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида экстерриториаллик принципи асосида, ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг максимал даражада қулай шароитларини яратиш учун республиканинг бутун ҳудудида Инновация маркази резидентларини жойлаштирган ҳолда тузилган ташкилот;


Инновация марказининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши (кейинги ўринларда Мувофиқлаштирувчи кенгаш деб аталади) - Инновация марказининг юқори бошқарув органи ҳисобланадиган ҳамда Инновация маркази фаолиятини ривожлантиришни мувофиқлаштирувчи коллегиал орган. Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади;


Инновация маркази дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) - Муассиси Тошкент шаҳридаги Инха университети бўлган Инновация маркази фаолиятини оператив бошқариш учун тузиладиган, масъулияти чекланган жамият шаклидаги юридик шахс;


Инновация маркази резидентларининг ягона реестри (кейинги ўринларда реестр деб аталади) - бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғида, ушбу Низомга мувофиқ Инновация марказида рўйхатга олинган юридик шахсларнинг тўлиқ рўйхатини ичига оладиган очиқ ва ҳамма фойдалана оладиган ахборот ресурси;


Инновация маркази резиденти - белгиланган тартибда Инновация марказида рўйхатга олинган ва Дирекция томонидан реестрга киритилган юридик шахс.



2-БОБ. ИННОВАЦИЯ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


3. Қуйидагилар Инновация маркази фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

хўжалик юритувчи субъектлар ва олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш учун ахборот технологиялари маҳсулотини ишлаб чиқаришга ҳамда ички ва ташқи бозорларда сотишга йўналтирилган зарур ташкилий-техник, молиявий-иқтисодий шароитларни яратиш;

Инновация маркази резидентларига ички ва ташқи бозорларда ахборот-коммуникация технологиялари (кейинги ўринларда АКТ деб аталади) соҳасида рақобатбардош лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвестицияларни жалб қилишда ёрдам бериш;

олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг "ахборот технологиялари" ихтисослиги бўйича битирувчиларини иш билан таъминлаш, шу жумладан, қобилиятли ёшларни улар томонидан "старт-ап" лойиҳалар амалга оширилишида қўллаб-қувватлаш;

қисқа муддатли ва ўртача муддатли ихтисослаштирилган курслар ўтказиш олиб бориш орқали, шу жумладан, чет эллик мутахассисларни таклиф этган ҳолда, АКТ соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил қилиш;

истиқболли йўналишлар бўйича ахборот технологиялари маҳсулотини ишлаб чиқиш соҳасида ўз фаолиятини бошлаётган тадбиркорлар томонидан инновацион лойиҳалар амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш.


4. Инновация маркази фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидаги функцияларни амалга ошириш орқали бажарилади:

ушбу Низомда ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорларида белгиланган тартибда юридик шахсларни Инновация маркази резидентлари сифатида рўйхатга олишни ташкил қилиш;

Инновация маркази резидентлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ишлаб чиқадиган ахборот технологиялари маҳсулотларининг халқаро ярмарка ва кўргазмаларини ўтказиш, шунингдек, Инновация маркази резидентларининг халқаро семинарларда, конференцияларда ва республика ҳамда халқаро миқёсда ўтказиладиган бошқа тадбирларда иштирокини ташкил этиш;

Дирекция ва Инновация маркази резидентлари ўртасидаги ёзма келишувлар асосида Инновация маркази резидентларига йирик хориж компаниялари, венчур фондлар ва бошқа хорижий инвесторлар билан алоқаларни йўлга қўйишда ёрдам кўрсатиш;

Инновация маркази резидентларининг олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида тайёрланадиган кадрларга қўйиладиган талабларини, жумладан, малакага бўлган ўзгаришларни ва янги ихтисосликларга бўлган талабни, кейинчалик бу маълумотни тегишли таълим муассасаларига юборган ҳолда, мунтазам ўрганиш;

ўз тасарруфида бўлган моддий-техник ресурсларни (офис хоналар, компьютерлар ва бошқа ускуна, бошқа зарур ресурслар ва материаллар) ажратиш орқали қобилиятли ёшларнинг "старт-ап" лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, зарур мутахассисларни жалб қилишда ёрдам кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан ёки хорижликлардан бўлган АКТ соҳаси мутахассисларини ёки юқори малакали ўқитувчиларни таклиф қилган ҳолда мутахассислар учун қисқа муддатли семинарлар ва тренинглар ўтказиш;

республика ва бошқа мамлакатларнинг таълим муассасалари билан биргаликда иш берувчиларнинг АКТ соҳаси мутахассисларига бўлган эҳтиёжини ҳисобга оладиган махсус ишлаб чиқиладиган ўқув дастурлари бўйича кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил қилиш;

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг сўровига кўра - фаолиятда ахборот технологияларининг янги маҳсулотларини самарали жорий қилиш ва фойдаланиш учун, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил қилишда ёрдам кўрсатиш;

истиқболли инновацион лойиҳаларга эга бўлган, ўз фаолиятини бошлаётган тадбиркорлик субъектларига лойиҳани молиялаштириш юзасидан инвесторлар ёки кредиторлар излашда ёрдам кўрсатиш;

ўз фаолиятини бошлаётган тадбиркорлик субъектларига инвесторлар ва кредиторлар билан шартнома тузишда, шунингдек, юридик шахслар ташкил этишда молиявий, юридик ёки бошқа маслаҳатлар бериш;

янги маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорларга кириб боришини ташкил қилиш;

Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан белгиланадиган бошқа функциялар.



3-БОБ. РЕЗИДЕНТ МАҚОМИНИ ОЛИШ МЕЗОНЛАРИ

ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИ ИННОВАЦИЯ МАРКАЗИ

РЕЗИДЕНТЛАРИ СИФАТИДА РЎЙХАТГА ОЛИШ


5. Юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтган жойдан қатъи назар, Инновация маркази резиденти мақомини олишга талабгорлик қилишлари мумкин.


6. Юридик шахслар Инновация маркази резиденти мақомини олиш учун қуйидаги мезонларга мос келишлари керак:

а) Ўзбекистон Республикаси иқтисодий фаолият турларининг, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 августдаги 275-сон қарори билан тасдиқланган Умумдавлат таснифлагичига мувофиқ қуйидаги фаолият турларидан бирини амалга оширишлари керак (кейинги ўринларда ИФУК деб аталади):

"Компьютер дастурлаш, маслаҳат бериш ва бошқа қўшимча хизматлар";

"Маълумотларни жойлаштириш ва қайта ишлаш бўйича хизматлар, Web-порталлар";

Мувофиқлаштирувчи Кенгаш томонидан белгиланадиган фаолиятнинг бошқа турлари;

б) ушбу банднинг "а" кичик бандида кўзда тутилган фаолият турлари бўйича иқтисодий асосланган бизнес-режаларга эга бўлиш.


7. Инновация маркази резидентлари сифатида рўйхатдан ўтиш учун, юридик шахслар Дирекцияга (шахсан ўзи келиб, почта алоқаси орқали ёки бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи орқали) қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ ариза;

устав ёки бошқа таъсис ҳужжатининг нусхаси;

юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси. Агар юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада ушбу Низомнинг 6-банди "а" кичик бандида кўрсатилмаган ИФУК фаолият тури кўрсатилган бўлса, юридик шахс ўз фаолиятини ушбу Низомнинг 6-банди "а" кичик бандида кўрсатилган фаолият турлари бўйичагина амалга ошириши ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ИФУК кодини ўз ихтиёри асосида ўзгартириш тўғрисида мажбуриятлари акс этган кафолат хати тақдим этади.

юридик шахснинг Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ ушбу Низомнинг 6-банди "а" кичик бандида кўрсатилган фаолият турларига тўғри келадиган бизнес-режаси.

Барча ҳужжатлар раҳбар томонидан имзоланиши ва юридик шахснинг муҳри билан (тадбиркорлик субъектларидан муҳр билан тасдиқлаш талаб қилинмайди), ҳужжатлар бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи ёрдамида тақдим этилганда - электрон рақамли имзо орқали тасдиқланиши керак.

Инновация маркази резиденти мақомини олиш учун ариза берган юридик шахсдан ушбу Низомда кўзда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


8. Юридик шахсларнинг аризаси ва ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳужжатлар Дирекцияга тақдим этилади.

Дирекция юридик шахсларнинг аризаларини рўйхатга олади ва уларни кўриб чиқиш тўғрисидаги ахборотни Инновация марказининг расмий веб-сайтида жойлаштиради.


9. Дирекция юридик шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларни, улар Инновация марказининг расмий веб-сайтида рўйхатга олинган кундан бошлаб етти иш куни мобайнида кўриб чиқади.

Дирекция Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан белгиланадиган тартибда юридик шахс томонидан тақдим этилган бизнес-режани қўшимча илмий-техник экспертизадан ўтказиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда, кўриб чиқиш муддати икки ҳафтадан кўп бўлмаган экспертиза муддатига узайтирилиши мумкин.


10. Юридик шахс томонидан тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар Дирекция томонидан тегишли хулоса билан Инновация маркази резиденти мақомини тақдим этиш масаласини кўриб чиқиш учун Мувофиқлаштирувчи кенгашга киритилади.


11. Мувофиқлаштирувчи кенгаш тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, юридик шахсни Инновация маркази резиденти сифатида рўйхатга олиш ёки рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


12. Мувофиқлаштирувчи кенгаш юридик шахсларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун бир ойда бир марта мажлис ўтказади ва Дирекция томонидан кўриб чиқиш учун тайёрланган барча таклифларни кўриб чиқади.


13. Қуйидагилар юридик шахсни Инновация маркази резиденти сифатида рўйхатга олишни рад этиш учун асос ҳисобланади:

ҳужжатларни талаб даражасига мос бўлмаган ва ушбу Низом талабларини бузган ҳолда расмийлаштириш, шунингдек, ҳужжатларда ноаниқ ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;

фаолиятни маънавий эскирган, истиқболи йўқ ёки аҳамияти катта бўлмаган йўналишлар бўйича амалга ошириш, бу илмий-техник экспертиза хулосаси билан тасдиқланади;

юридик шахс ёки у билан боғлиқ шахсларнинг Инновация маркази олдида Инновация маркази резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги олдинги шартномалар бўйича бажарилмаган мажбуриятларининг мавжудлиги.

Рад этишнинг асоси Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг юридик шахсни Инновация маркази резиденти сифатида рўйхатга олишни рад этиш тўғрисидаги қарорида кўрсатилади, Дирекция томонидан юридик шахсга ушбу қарордан кўчирма тақдим этилади.


14. Юридик шахс томонидан юридик шахсни Инновация маркази резиденти сифатида рўйхатга олишни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар бартараф этилган ҳолда, ариза ва бошқа ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ушбу Низомнинг 9-бандига мувофиқ амалга оширилади.


15. Юридик шахсни Инновация маркази резиденти сифатида рўйхатга олиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ҳолда, Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қарори Инновация марказининг расмий веб-сайтида жойлаштирилгандан кейин беш иш куни мобайнида юридик шахс Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тасдиқланадиган шаклга биноан Дирекция билан Инновация маркази резидентининг фаолияти шартлари тўғрисида шартнома тузади.


16. Инновация маркази резиденти:

ушбу Низомнинг 6-банди "а" кичик бандида кўрсатилган фаолият турларинигина амалга ошириши;

Дирекциянинг сўровига кўра ўз фаолияти тўғрисида Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тасдиқланадиган муддатларда ва шаклга кўра ахборот, жумладан статистик ва солиқ ҳисоботи нусхаларини тақдим этиши;

ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 июлигача молия-хўжалик фаолияти мажбурий аудитини ўтказиши ва аудиторлик хулосасининг бир нусхасини Дирекцияга юбориши шарт. Бу хулосада, шунингдек, олинган тушум ва юридик шахснинг ҳақиқатда амалга оширган фаолияти ушбу Низомнинг 6-банди "а" кичик бандида кўрсатилган фаолият турларига тўғри келиши тўғрисида хулоса ҳам бўлиши керак;

ҳар ойда Дирекциянинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамига, Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорида белгиланган ставкалар бўйича (соф фойданинг бир фоизидан кўп бўлмаган миқдорда) ажратма ўтказиши шарт.


17. Ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган шартнома тузилгандан кейин беш иш куни мобайнида Дирекция:

юридик шахсга Инновация маркази резиденти сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳнома беради;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига ва Давлат солиқ қўмитасига, юридик шахсга хизмат кўрсатадиган тижорат банкига у Инновация маркази резиденти сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида расмий билдириш юборади;

юридик шахснинг номи, ИФУМ, почта ва электрон манзили кўрсатилган ҳолда реестрга юридик шахс рўйхатга олинганлиги тўғрисида тегишли ёзувни киритади.


18. Юридик шахс қайта ташкил этилганда, Инновация маркази резиденти мақоми давлат рўйхатига олинган санадан бошлаб барча ҳуқуқлар ва илгари қабул қилинган мажбуриятлар сақланган ҳолда қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтади. Бунда, давлат рўйхатига олингандан сўнг ўн кун муддатда юридик шахс реестрга ва бошқа ҳужжатларга ўзгартириш киритиш учун ёзма равишда Дирекцияга мурожаат қилади, шунингдек, Инновация маркази резиденти фаолиятининг шартлари тўғрисида шартнома тузади. Бундай тартиб юридик шахснинг номи ўзгарганда ҳам қўлланилади.


19. Инновация маркази резидентининг мақомидан маҳрум қилишга Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорига кўра, шу жумладан, Дирекция хулосаси бўйича Инновация маркази резиденти томонидан Инновация маркази резиденти фаолиятининг шартлари тўғрисидаги шартномада белгиланган талаблар ва шартларга риоя қилинмаганда, шунингдек, ихтиёрий тарзда ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўл қўйилади.

Дирекция Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тегишли қарор қабул қилинган санадан бошлаб ёки Инновация маркази резидентининг уни бундай мақомдан маҳрум қилиш тўғрисидаги аризаси олинган санадан бошлаб ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ тугатилганда уч иш куни мобайнида реестрга юридик шахсни Инновация маркази резиденти мақомидан маҳрум қилиш тўғрисида ёзув киритади.


20. Дирекция Инновация маркази резидентлари реестрига тегишли ёзув киритилган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида юридик шахс жойлашган жойдаги давлат солиқ ва божхона хизматларини юридик шахс Инновация маркази резиденти мақомидан маҳрум қилинганлиги тўғрисида хабардор қилади.



4-БОБ. ИННОВАЦИЯ МАРКАЗИ РЕЗИДЕНТЛАРИ УЧУН

МАХСУС СОЛИҚ ВА БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИНИ

ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ


21. Инновация маркази резидентлари 2028 йил 1 январгача бўлган муддатга:

барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек, ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуна, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот учун (божхона йиғимларидан ташқари) божхона тўловларини тўлашдан;

ўзи ишлаб чиқарадиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод этилади.


22. Ушбу Низомнинг 21-бандида кўзда тутилган имтиёзлар:

солиқлар ва мажбурий ажратмалар бўйича - юридик шахс реестрга киритилган ойдан кейинги ойнинг 1-кунидан;

божхона тўловлари бўйича - юридик шахс реестрга киритилган санадан бошлаб қўлланилади.


23. Инновация маркази резиденти молия операциялари ва кўчмас мулкдан фойда олишга ҳақлидир. Бунда қонун ҳужжатларида Инновация маркази резидентлари учун назарда тутилган имтиёзлар ушбу даромадларга тааллуқли бўлмайди ва улар умумий белгиланган тартибда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлайдилар.


24. Инновация маркази резидентлари йил чораги тугашининг охирги ойининг биринчи кунидан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуна, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминотни рўйхатга киритиш учун Дирекцияга ўзларининг таклифларини киритадилар.

Бу таклифларда Инновация маркази резидентлари Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминотнинг тўлиқ номини, миқдорини ва зарурлигининг қисқа асосланишини кўрсатишлари керак.

Инновация маркази резидентлари бу таклифларнинг тўғрилиги ва асосланганлиги юзасидан тўлиқ жавобгардирлар.


25. Инновация маркази резидентлари томонидан божхона имтиёзлари қўлланилган ҳолда ўзларининг эҳтиёжлари учун олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси йил чорагида бир марта Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тайёрланади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу қарор лойиҳаси келишилишини ва тасдиқлаш учун киритилишини таъминлайди.


26. Инновация маркази резидентлари томонидан божхона имтиёзлари қўлланилган ҳолда ўзларининг эҳтиёжлари учун олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот рўйхати тасдиқлангандан сўнг Дирекция ҳужжатлар нусхаси олинган санадан бошлаб беш кун мобайнида уни Инновация марказининг тегишли резидентларига юборади.


27. Агар ҳисобот йили якунлари бўйича, тақдим этилган аудиторлик хулосасидан келиб чиқиб, Инновация маркази резиденти ушбу Низом билан белгиланган мезонларга тўғри келмайдиган фаолиятни амалга оширган ҳолда, ушбу Низомнинг 21-бандида кўрсатилган имтиёзлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига уларни тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланган ҳолда бекор қилинади.

Бунда Дирекция Инновация маркази резиденти аудиторлик хулосасини ўрганиш натижалари бўйича 5 иш куни мобайнида давлат солиқ хизмати, давлат божхона хизмати органларига расмий равишда билдиришнома юборади, шунингдек, Мувофиқлаштирувчи кенгашга ушбу юридик шахсни Инновация маркази резиденти мақомидан маҳрум қилиш тўғрисида таклиф киритади.


28. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан Инновация маркази резидентларининг ушбу Низом билан белгиланган мезонларга мос келмаслик ҳолатлари аниқланганда, улар 10 иш куни мобайнида аниқланган ҳолатлар тўғрисида;

давлат божхона хизмати органларини - белгиланган тартибда божхона тўловларини ундириш бўйича чоралар кўриш учун;

Мувофиқлаштирувчи кенгашни - ушбу юридик шахсни Инновация маркази резидентлари реестридан чиқариш учун хабардор қилади.


29. Инновация маркази резидентлари томонидан, эркин муомалага чиқарилган санадан бошлаб 5 йил мобайнида имтиёзлар қўлланилган ҳолда олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар ва дастурий таъминотдан ўз эҳтиёжларидан ташқари фойдаланганлик ҳолатлари аниқланганда, давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолияти текширувини ўтказиш чоғида аниқланган ҳолатлар тўғрисида ҳужжатлар тузадилар ва уларни уч иш куни мобайнида давлат божхона хизматининг ҳудудий органларига юборадилар.

Ўз эҳтиёжларидан ташқари фойдаланилган, олиб кирилган ускуна, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминотга тўғри келадиган божхона тўловлари бўйича имтиёзлар суммаси, белгиланган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундирилиши зарур.


30. Инновация маркази резиденти мақомидан ихтиёрий равишда воз кечилганда, ушбу Низомнинг 21-бандида кўрсатилган имтиёзлар, Инновация маркази резидентлари белгиланган мезонларга мос келган олдинги ҳисобот даври (йил чораги, ярим йиллик, 9 ой) учун сақланади.



5-БОБ. ИННОВАЦИЯ МАРКАЗИ РЕЗИДЕНТЛАРИ

БИЛАН ТУЗИЛГАН МЕҲНАТ ШАРТНОМАЛАРИ БЎЙИЧА

ХОДИМЛАР ТОМОНИДАН СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИНИНГ

ҚЎЛЛАНИЛИШИ ТАРТИБИ


31. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари тармоғини ривожлантириш учун шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 30 июндаги ПФ-5099-сон Фармонига мувофиқ ходимлар томонидан Инновация маркази резидентлари билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича 2028 йил 1 январгача олинган меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадларга:

қайд этилган 7,5 фоизли ставка бўйича жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқ солинади, 4,5 фоизли ставка бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадаллари тўланади;

ушбу даромадлар жисмоний шахсларнинг солиқ солиш мақсадларида белгиланадиган жами йиллик даромадлари ҳажмига киритилмайди.


32. Жисмоний шахсларнинг бюджетга тўланиши лозим бўлган, ушбу Низомнинг 31-бандида кўрсатилган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган даромадларига солинадиган солиқ суммаси жисмоний шахсларнинг солиқ солиниши керак бўлган даромадларининг 2 фоизи миқдорида ҳисобланадиган, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларига ўтказиладиган ҳар ойдаги мажбурий бадаллари суммасига камаяди.

33. Ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқаролар тўлайдиган суғурта бадалларини ва жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқни ҳисоблашнинг ва тўлашнинг тўғрилиги Инновация маркази резидентларига юкланади.



6-БОБ. ИННОВАЦИЯ МАРКАЗИ РЕЗИДЕНТЛАРИ

УЧУН МАХСУС ВАЛЮТА РЕЖИМИНИ

ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ


34. Инновация маркази резидентлари:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан, ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар) экспортидан олинадиган тушум доирасида нақд пулсиз шаклда дивидендлар ва ходимларга иш ҳақи тўлаш бўйича хорижий валютада ҳисоб-китобларни амалга оширадилар;

экспорт контрактисиз бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги онлайн дўконлар орқали хорижий валютага ишлар ва хизматлар экспортини амалга оширадилар.


35. Инновация маркази резидентлари хизмат кўрсатиш учун ваколатли тижорат банкларини мустақил танлайдилар ва хорижий валютада Ўзбекистон Республикасининг бир ёки бир қанча ваколатли тижорат банкларида (кейинги ўринларда ваколатли банк деб аталади) ҳисоб рақами очишга ҳақлидирлар.


36. Инновация маркази резидентлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ хориждаги тижорат банклари ҳисоб рақамларида хорижий валютада маблағлар сақлаш ва ҳисоб рақамига эга бўлиш, улардан мустақил равишда фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.


37. Инновация маркази резидентлари томонидан олинадиган, шу жумладан, ўзи ишлаб чиқарадиган товарлар (ишлар, хизматлар) экспортидан олинадиган хорижий валютадаги тушум уларнинг ваколатли банклардаги ҳисоб рақамларига ўтказилиши шарт. Бунда резидентнинг ваколатли банк номига ёзилган хати резидентнинг экспорт контрактисиз бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғининг онлайн дўконлари орқали хорижий валютага ишлар ва хизматлар экспортидан олинган тушуми тасдиғи бўлиб ҳисобланади.

Инновация маркази резидентларининг хориждаги тижорат банкларида очилган ҳисоб рақамларига хорижий валютада маблағларнинг тушиши, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга оширилади.


38. Инновация маркази резидентларининг Ўзбекистон Республикасининг ваколатли банкларидаги валюта ҳисоб рақамларига хорижий валютада маблағлар ўтказилиши мумкин:

ташқи савдони юритиш билан боғлиқ тўловлар бўйича;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатли банклар орқали сотиб олинган;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Инновация маркази резидентларининг устав фондига (устав капиталига) қўйилган;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олинган кредитлар, хорижий инвестициялар ва қарзлар ҳамда уларни ошириш билан боғлиқ тўловлар бўйича;

халқаро тўлов карталари бўйича амалга оширилган тўловлар бўйича;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда носавдо хусусият касб этадиган тўловлар бўйича;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хориждан беғараз ёрдам тарзида тушадиган;

ҳисоб рақам эгасининг бошқа тижорат банкларидаги бошқа ҳисоб рақамларидан ўтказилган;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа ҳолларда.


39. Инновация маркази резидентларининг Ўзбекистон Республикасининг ваколатли банкларидаги валюта ҳисоб рақамларида бўлган хорижий валютадаги маблағлари ҳисоб рақам эгасининг фармойишига кўра:

жорий халқаро операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ тўловлар бўйича ўтказилиши;

халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан ўз ходимларига иш ҳақи тўлашда фойдаланилиши;

халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан Инновация маркази резидент муассисларига дивидендлар тўлашда фойдаланилиши;

ваколатли банкнинг хорижий валютадаги операциялари бўйича воситачилик ҳақи тўлаш учун, белгиланган тартибда Инновация маркази резиденти ходимларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига хизмат сафари билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун фойдаланилиши;

кредитлар, қарзлар, фоизларни қайтариш ҳисобига тўловлар учун фойдаланилиши;

қонунда белгиланган тартибда юридик шахсларнинг устав фондига (устав капиталига) киритиш бўйича харажатлар учун ўтказилиши;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат кўрсатадиган тижорат банкига сотилиши;

ҳисоб рақами эгасининг Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли банкларида очилган бошқа ҳисоб рақамларига ўтказилиши;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда носавдо хусусият касб этадиган тўловлар бўйича ўтказилиши;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа ҳолларда фойдаланилиши мумкин.


40. Инновация маркази резидентларининг хориждаги тижорат банкларида очилган ҳисоб рақамлари орқали маблағларнинг барча ҳаракати Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.


41. Ички валюта бозорида хорижий валютани сотиш ва сотиб олиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли ҳужжатлар ва буюртмани тақдим этиш йўли билан ваколатли банклар орқали Инновация маркази резидентлари томонидан амалга оширилади.


42. Ваколатли банклар томонидан Инновация маркази резидентларининг экспорт ва импорт контрактлари мониторинги ташқи савдо операциялари Ягона электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади, ишлар ва хизматларни бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги онлайн дўконлар орқали хорижий валютага экспорт қилиш ҳолатларидан ташқари.

44. Инновация маркази резидентлари бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб рақамларига хорижий валютадаги тушум ўз вақтида ва тўлиқ тушмаганлиги юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



7-БОБ. МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ КЕНГАШ

ИШИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


45. Мувофиқлаштирувчи кенгаш ишига раҳбарликни унинг раҳбари, раҳбар бўлмаганда эса - унинг ўринбосари амалга оширади.


46. Мувофиқлаштирувчи кенгаш раҳбари:

Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлислари кун тартибини тасдиқлайди;

Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлисини олиб боради;

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий функциялари ўз вақтида амалга оширилишини таъминлайди.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш раҳбари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.


47. Мувофиқлаштирувчи кенгаш бир ойда бир марта ўтказиладиган мажлисларда ўзининг ваколатига тааллуқли масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг навбатдан ташқари мажлиси Мувофиқлаштирувчи кенгаш раҳбарининг ёки унинг ўринбосарининг ташаббуси бўйича чақирилиши мумкин.


48. Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлиси унинг таркибидаги аъзоларнинг камида учдан икки қисми қатнашса ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади.


49. Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарори мажлисда ҳозир бўлган аъзолар сонидан келиб чиқиб, овозларнинг оддий кўпчилиги билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда, раҳбарнинг (раҳбар бўлмаганда унинг ўринбосарининг) овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарори баённома билан расмийлаштирилади, Мувофиқлаштирувчи кенгаш раҳбари (раҳбар бўлмаганда унинг ўринбосари) томонидан тасдиқланади ва Дирекция ҳамда резидентлар томонидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республикада ахборот технологиялари тармоғини ривожлантириш учун шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 30 июндаги ПФ-5099-сон Фармонига кўра Мувофиқлаштирувчи кенгашга берилган ваколатлар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


50. Мувофиқлаштирувчи кенгаш баённомаларини ҳисобга олиш Дирекция томонидан олиб борилади. Бунда Дирекция қарорлар қабул қилингандан сўнг уч иш куни мобайнида Инновация марказининг расмий веб-сайтида Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорлари эълон қилинишини таъминлайди.



8-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ИШИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


51. Дирекцияни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошқаради.

Директорнинг ваколатлари Дирекция уставида белгиланади.

Директор Дирекция ўз функцияларини амалга ошириши юзасидан шахсан жавоб беради ва ҳар йили Мувофиқлаштирувчи кенгашга Инновация маркази ҳамда Дирекция фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади.


52. Дирекция:

Мувофиқлаштирувчи кенгашга юридик шахсларни Инновация маркази резидентлари сифатида рўйхатга олиш, уларни резидент мақомидан маҳрум қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган материалларни юборади;

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг Инновация маркази резидентлари сифатида рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорлари асосида резидентлар реестрига тегишли маълумотларни киритади;

юридик шахсларга, улар Инновация маркази резидентлари сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳномалар беради;

ушбу Низомга мувофиқ юридик шахслар томонидан тақдим этилган бизнес-лойиҳаларнинг илмий-техник экспертизасини (экспертизаларни), шу жумладан, экспертларни (илмий ва бошқа ташкилотлар, олимлар ҳамда мутахассисларни) жалб этган ҳолда ташкил қилади;

Инновация маркази доирасида резидентлар томонидан амалга ошириладиган фаолият таҳлилини ўтказади;

оммавий ахборот воситаларида Инновация маркази ва унинг резидентлари фаолиятини ёритади;

ўзининг ваколати доирасида ахборот ва таҳлилий материаллар тайёрлайди ва нашр этади;

Дирекция уставида, ушбу Низомда, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорлари билан белгиланадиган бошқа вазифаларни бажаради.


53. Дирекция белгиланган тартибда расмий талаблар юборишга ва давлат органларидан, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ўзига юклатилган функцияларни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотни олишга ҳақли.


54. Дирекция фаолиятини молиялаштириш:

Инновация маркази резидентларининг, уларнинг Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан белгиланадиган ставкалар бўйича олинадиган соф тушумидан фоизлардаги (бир фоиздан кўп эмас) ҳар ойлик ажратмалари;

Инновация маркази резидентларига қўшимча пулли хизматлар кўрсатилишидан олинадиган даромадлар;

Дирекция муассисининг маблағлари;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларнинг беғараз техник кўмаги (грантлари);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


55. Дирекция маблағлари унинг уставида ва ушбу Низомда белгиланган мақсадларда ишлатилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


56. Инновация маркази фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўхтатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 21 август, 33-сон, 860-модда