язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Оммавий ахборот воситалари/ Телерадиоузатиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.08.2017 й. 649-сон "Yoshlar" телерадиоканали" акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.08.2017 й.

N 649




"YOSHLAR" ТЕЛЕРАДИОКАНАЛИ"

АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида" 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон Фармонига мувофиқ "Yoshlar" телерадиоканали" акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Адлия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти, "Ўзбектелеком" акциядорлик компанияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва "Yoshlar" телерадиоканали" акциядорлик жамияти акциядорлари умумий йиғилишининг:

"Yoshlar" телерадиоканали" акциядорлик жамиятининг (кейинги ўринларда "Ёшлар" телерадиоканали деб аталади) устав фондидаги собиқ "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг 19 фоиз, "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятининг 15 фоиз, "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг 15 фоиз акцияларини ва давлат улушининг 1 фоизини Ўзбекистон ёшлар иттифоқига мулк ҳуқуқи асосида бериш;

"Ёшлар" телерадиоканали Васийлик кенгаши таркибига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг раисини киритиш;

"Ёшлар" телерадиоканали директорини Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Марказий Кенгаши томонидан акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига асосан лавозимга тасдиқлаш;

"Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти ва "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг устав фондидаги давлат улушини Ўзбекистон ёшлар иттифоқига берилаётган акцияларнинг баланс қиймати суммасига камайтириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда "Ёшлар" телерадиоканали фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширсин:

эфирга узатилаётган теле- ва радиодастурларнинг ғоявий-бадиий ва профессионаллик даражасини изчил ошириб бориш, бугунги кун замонавий ёшлари талабларига мос бўлган янгича ёндашувлар асосида теле- ва радиодастурлар тайёрлаш;

"Ёшлар" телерадиоканали Бадиий кенгаши фаолияти самарадорлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш ва Бадиий кенгаш таркибига Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг масъул вакилларини киритиш;

"Ёшлар" телерадиоканалининг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш учун тижорат ва ҳомийлик лойиҳаларини йўлга қўйиш;

"Ёшлар" телерадиоканали студияларини энг замонавий мультимедиа технологиялари билан жиҳозлаш ва янги декорациялар билан таъминлаш;

"Ёшлар" телерадиоканалида фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва ўқитиш ишларини доимий равишда амалга ошириб бориш.


3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси в. б. Б.Б. Алихонов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қ.Қ. Қуранбаев ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                   А. Арипов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 28 август, 34-сон, 891-модда