язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Умумий қоидалар/ Маблағларни инвестицияга йўналтирувчи юридик шахслар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 25.08.2017 й. 2918-сон билан рўйхатга олинган 17.07.2017 й. Молия вазирлигининг 110-сон, Иқтисодиёт вазирлигининг 140-сон, Давлат солиқ қўмитасининг 2017-37-сон, Давлат божхона қўмитасининг 01-02/8-29-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2017 йил 25 августда 2918-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги,

Давлат солиқ қўмитаси ва

Давлат божхона қўмитасининг

2017 йил 17 июлдаги

110, 140, 2017-37 ва

01-02/8-29-сон қарорига

1-ИЛОВА



Маблағларни инвестицияга йўналтирувчи

юридик шахслар томонидан имтиёзларни

қўллаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низомга АВ 19.05.2018 й. 2918-1-сон билан рўйхатга олинган МВ, ИВ, ДСҚ, ДБҚ Қарорига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган


Муқаддима

1-боб. Умумий қоидалар

2-боб. Солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш

3-боб. Якуний қоидалар

Илова. Фойдаланишга киритилган янги

технологик жиҳоз тўғрисида маълумотнома



Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 14 мартдаги ПФ-3860-сон "Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 сентябрдаги ПҚ-2042-сон "Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг 6-бандига мувофиқ маблағларни инвестицияга йўналтирувчи юридик шахслар томонидан имтиёзларни қўллаш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомни қўллаш мақсадида инвестиция деганда маблағларни қуйидагиларга:

ишлаб чиқаришни модернизациялашга, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, янги технологик жиҳоз харид қилишга, ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтиришга, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишга;

янги технологик асбоб-ускуналар олишга, сифатни бошқариш тизимларини жорий этишга, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификатлаштиришдан ўтказишга, лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш учун комплекслар олишга;

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига ҳар йили киритиладиган ахборот тизимларини яратиш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дастурий таъминот воситаларини сотиб олишга йўналтириш тушунилади.


2. Мазкур Низом мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


янги технологик жиҳоз (асбоб-ускуна) - чиқарилган санадан бошлаб уч йилдан ошмаган маҳсулот, ишлар ва хизматларни ишлаб чиқаришда бевосита иштирок этадиган машиналар, аппаратлар, қурилмалар, механизмлар;


модернизациялаш - асосий воситалар объектини технологик ёки хизмат мақсадини ўзгартириш, уларнинг унумдорлигини ошириш ёки бошқа сифат кўрсаткичларини яхшилашга йўналтирилган ишлар;


техник ва технологик қайта жиҳозлаш - илғор техника ва технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни механизациялаш ва автоматлаштириш, маънан ва жисмонан эскирган ускуналарни янги, унумдорлиги янада юқори бўлганлари билан алмаштириш асосида асосий воситалар ёки уларнинг айрим қисмларининг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ошириш бўйича чора-тадбирлар мажмуи. Техник ва технологик қайта жиҳозлаш янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳамда ишлаб турганларини кенгайтиришни ҳам ўз ичига олади;


ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилиш - ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва унинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ошириш билан боғлиқ бўлган ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, маҳсулот (ишлар, хизматлар) сифатини яхшилаш ва номенклатурасини ўзгартириш мақсадларида реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича амалга ошириладиган товарларни ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматларни кўрсатиш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган мавжуд бинолар ва иншоотларни қайта қуриш;


ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш - маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш жараёнида фойдаланиш мақсадида янги бино ва иншоотларнинг қурилиши.


3. Маблағларни инвестицияга йўналтирувчи юридик шахсларга юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзлар (бундан буён матнда солиқ имтиёзлари деб юритилади) ушбу Низомда белгиланган тартибда тақдим этилади.

Қўшилган қиймат солиғи ва импорт божхона божи бўйича имтиёзлар (бундан буён матнда божхона имтиёзлари деб юритилади) юридик шахслар томонидан олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларга Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 211-моддасининг 7-бандига ва Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси 297-моддаси иккинчи қисмининг 13-бандига мувофиқ тақдим этилади.


4. Лизинг объектини қўшимча лизингга беришда солиқ имтиёзлар қўшимча лизингни олувчига татбиқ этилади. Бу ҳолда лизинг объектини қўшимча лизингга берувчи лизинг олувчига солиқ имтиёзлари татбиқ этилмайди.


5. Солиқ имтиёзлари янги технологик жиҳоз ишлаб чиқаришга жорий этилган ёки ўз ишлаб чиқаришини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилиш, сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификатлаштиришдан ўтказиш, лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш учун комплекслар олиш ва ахборот тизимларини яратиш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дастурий таъминот воситаларини сотиб олиш амалга оширилган солиқ давридан бошлаб қўлланилади.

Солиқ имтиёзлари фойда (тушум) қайси фаолият туридан олинган бўлишидан қатъи назар, солиқ солинадиган фойданинг (солиқ солинадиган базанинг) барча суммасига нисбатан татбиқ этилади.

Фойдаланишга янгитдан киритилаётган янги технологик жиҳоз бўйича имтиёзларни қўллаш учун юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича ҳисоб-китобларга Фойдаланишга киритилган янги технологик жиҳоз тўғрисида маълумотномани ушбу Низом иловасига мувофиқ шакл бўйича илова қилинади.


2-БОБ. СОЛИҚ ВА БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ


1-§. Юридик шахслардан олинадиган фойда

солиғи бўйича имтиёзни қўллаш


6. Юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси ишлаб чиқаришни модернизациялашга, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, янги технологик жиҳоз харид қилишга, ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтиришга, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишга, ахборот тизимларини яратиш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дастурий таъминот воситаларини сотиб олишга, ушбу мақсадлар учун берилган кредитларни қайтаришга, лизинг объекти қийматининг ўрнини қоплашга йўналтириладиган маблағлар суммасига, шу солиқ даврида ҳисобланган амортизацияни чегириб ташлаган ҳолда, бироқ солиқ солинадиган фойданинг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда камайтирилади.


7. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича имтиёз товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқаришни амалга оширувчи солиқ тўловчилар томонидан қўлланилади.


8. Кредитни (лизингни) тўлашда солиқ солинадиган фойдадан асосий қарз суммасини (лизинг объекти қийматини) тўлашга сарфланган сумма чиқариб ташланади.


9. Солиқ солинадиган базани ҳисоблашда жиҳозларни сотиб олиш учун фойдаланилган маблағлар фақат бир марта чегириб ташланади. Масалан, агарда солиқ солинадиган база кредит (лизинг) ҳисобига олинган жиҳоз қийматига камайтирилган бўлса, у ҳолда ушбу кредитни (лизинг объекти қийматини) тўлашга сарфланган маблағлар солиқ солинадиган базасидан чегириб ташланмайди.


10. Солиқ солинадиган фойдани ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган мақсадларга йўналтириладиган маблағлар суммасига камайтириш харажатлар амалга оширилган солиқ давридан эътиборан, янги технологик жиҳоз бўйича эса у фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан беш йил ичида амалга оширилади. Агар жорий солиқ даврида ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган мақсадларга йўналтириладиган маблағлар суммаси солиқ солинадиган фойданинг 30 фоизидан ошса, қолган сумма келгуси солиқ даврларида ўрнатилган муддатда белгиланган чеклашларни ҳисобга олиб чегирилиши мумкин.

Бунда, солиқ солинадиган фойдани камайтириш ҳар ҳисобот (солиқ) даврида ўсиб борувчи якун билан амалга оширилади.


11. Агар маблағлар инвестицияга йўналтирилган ҳисобот (солиқ) даврида ҳисобланган амортизация суммаси ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган мақсадларга йўналтирилган маблағлар суммасидан ошса, ушбу ҳисобот (солиқ) даврида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган фойдани камайтириш амалга оширилмайди.



2-§. Ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзни қўллаш


12. Ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган база янги технологик асбоб-ускуналар олишга, сифатни бошқариш тизимларини жорий этишга, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификатлаштиришдан ўтказишга, лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш учун комплекслар олишга ва ахборот тизимларини яратиш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дастурий таъминот воситаларини сотиб олишга йўналтирилган маблағлар суммасига, бироқ солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 25 фоизига камайтирилади.

Ягона солиқ тўлови бўйича имтиёз маблағлар манбаидан (ўз маблағлари ёки қарзга олинган маблағлар, шу жумладан лизинг) қатъи назар, берилади.


13. Ушбу Низом 12-бандининг биринчи хатбошида кўрсатилган мақсадларга йўналтириладиган маблағлар суммасига солиқ солинадиган базани камайтириш кўрсатилган харажатлар амалга оширилган солиқ давридан эътиборан, янги технологик асбоб-ускуна бўйича эса у фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан беш йил ичида амалга оширилади. Бунда, ҳар бир ҳисобот солиқ даврида солиқ солинадиган базадан чегирилиши лозим бўлган маблағ суммаси солиқ солинадиган базанинг 25 фоизидан ошмаслиги лозим.

Агар ушбу Низом 12-бандининг биринчи хатбошида кўрсатилган мақсадларга жорий солиқ даврида йўналтириладиган маблағлар суммаси солиқ солинадиган базанинг 25 фоизидан ошиб кетса, у ҳолда ортган сумма келгуси солиқ даврларида ўрнатилган муддат доирасида, белгиланган чеклашларни ҳисобга олиб чегирилиши мумкин.



3-§. Божхона имтиёзларини қўллаш


14. Божхона имтиёзлари технологик асбоб-ускуналар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларнинг қўшилган қиймат солиғи ва импорт божхона божларидан озод қилиш кўринишида берилади.


15. Технологик жиҳозни қўшилган қиймат солиғи ва импорт божхона божларидан озод этиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхати (рўйхат рақами 2436, 2013 йил 20 март) бўйича амалга оширилади.


16. Божхона имтиёзлари бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларга, улар контрактга (шартномага) мувофиқ технологик жиҳозлар билан бирга ажралмас қисми сифатида етказиб берилган тақдирда, татбиқ қилинади.


17. Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар татбиқ этиладиган технологик жиҳоз олиб кирилаётганда, божхона юк декларациясининг (БЮД) "Преференция" номли 36-графасида божхона тўловларидан озод қилинишининг тегишли кодлари кўрсатилади.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


18. Технологик жиҳозлар харид (импорт) қилинган пайтдан бошлаб уч йил ичида сотиб юборилган ёки текинга берилган бўлса, солиқ имтиёзлари бекор қилинади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларни тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланади.


19. Божхона имтиёзлари фақатгина божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда импорт қилинган технологик жиҳоз олиб кирилган пайтдан эътиборан уч йил ичида экспортга реализация қилинган ёки бепул берилган тақдирда бекор қилинади. Бунда тўланиши лозим бўлган тўловларни тўлаш бўйича мажбурият технологик жиҳозни экспорт қилувчига юклатилади.

Божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда импорт қилинган технологик жиҳоз экспорт қилинганда экспортёр божхона органларига технологик жиҳозни импорт қилишда божхона расмийлаштируви амалга оширилган БЮДнинг кўчирма нусхасини тақдим этиши лозим.


20. Божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда импорт қилинган технологик жиҳоз Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинган ёки бепул берилган тақдирда божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятлар юзага келмайди.

Бунда импорт қилинган технологик жиҳозни бераётган томон (импорт қилувчи, сотувчи, эгаси) харидорга технологик жиҳозни импорт қилишда божхона расмийлаштируви амалга оширилган БЮДнинг кўчирма нусхасини тақдим этиши лозим.


21. Мазкур Низомда белгиланган имтиёзларнинг тўғри қўлланиши устидан назорат давлат солиқ хизмати органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.






Низомга

ИЛОВА

Ҳужжат тури

/

                


Ҳужжат тури: 1 - маълумотнома, 2 - аниқлаштирувчи (каср орқали аниқлаштирув рақами)

           




га тақдим этилади.


(солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органи)


             


Юридик шахснинг тўлиқ номи


              

СТИР


Фойдаланишга киритилган янги

технологик жиҳоз тўғрисида

МАЪЛУМОТНОМА

Т/р

Янги технологик

жиҳоз номи


Чиқарилган

сана


Харид

қилинган

сана


Фойдала-

нишга топ-

ширилган

сана


Харид

қилишга

йўналти-

рилган

маблағлар

суммаси


Харид қилиш

маблағлари

манбаи


1

2


3

4

5

6

7











Маълумотномада кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқлайман.

Раҳбар ёки у томонидан вакил қилинган шахс:



(Ф.И.О.)

СТИР


Имзо



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 28 август, 34-сон, 911-модда