ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар / Ички ишлар органлари /

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг Марказлаштирилган жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.10.2017 й. 861-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 23 октябрдаги

861-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги

Жазони ижро этиш департаментининг Марказлаштирилган

жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг Марказлаштирилган жамғармаси (кейинги ўринларда Марказлаштирилган жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Марказлаштирилган жамғарма Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментида (кейинги ўринларда - ЖИЭД) юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тузилади.

3. Марказлаштирилган жамғарма маблағлари ЖИЭДнинг махсус ғазна ҳисобварағида жамланади.


2-БОБ. МАРКАЗЛАШТИРИЛГАН ЖАМҒАРМА

МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


4. Қуйидагилар Марказлаштирилган жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятидан, шунингдек, хизматлар кўрсатишдан оладиган даромадларидан ЖИЭД томонидан белгиланадиган миқдорлардаги ажратмалар;

озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг ижро ҳужжатлари бўйича Давлат бюджетига жазони ижро этиш муассасалари томонидан ундирилган маблағларнинг 50 фоизи миқдоридаги ажратмалар натижасида жамғариладиган маблағлари;

бўш турган бюджетдан ташқари маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар;

жазони ижро этиш муассасаларининг солиқлар ва йиғимлар, шунингдек давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар тақдим этилиши натижасида жамғариладиган маблағлари.

Марказлаштирилган жамғармага ажратмалар миқдори жазони ижро этиш муассасаларининг оладиган даромадларига боғлиқ равишда ҳар бир муассаса учун алоҳида белгиланади ва молия йили якунлари бўйича ЖИЭД бошлиғининг буйруғи билан тасдиқланади.


3-БОБ. МАРКАЗЛАШТИРИЛГАН ЖАМҒАРМА

МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


5. Марказлаштирилган жамғарма маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:

ЖИЭД бинолари ва иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш, шунингдек қурилиш материаллари харид қилиш, ЖИЭД ва унинг муассасалари бинолари ва иншоотларини жиҳозлаш;

жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ва модернизация қилиш ҳамда техник қайта жиҳозлаш;

жазони ижро этиш муассасаларига молиявий ёрдам кўрсатиш;

автотранспорт, алоқа воситалари, компьютер ва ташкилий техника, жиҳозлар ва хўжалик буюмлари харид қилиш, шунингдек, уларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш;

маҳкумлар ва қамоққа олинганларни қўриқлаш ва назорат қилишнинг замонавий техник воситаларини, шунингдек, ЖИЭД, унинг муассасалари учун бошқа замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари харид қилиш;

жазони ижро этиш муассасалари жойлашган жойларда ЖИЭД ва унинг муассасалари ходимларининг (ишчиларининг) эгаллаган лавозимда бўлиш муддати давомида яшаши учун мўлжалланган хизмат турар жойлари (квартиралар) қуриш (харид қилиш), шу жумладан, иккиламчи бозорда харид қилиш;

консалтинг ва бошқа хизматлар билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

ЖИЭД ходимларини (ишчиларини) тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш харажатларини қоплаш;

даврий босма нашрлар, махсус адабиётлар, китоб маҳсулотлари, канцелярия буюмлари, ташқи тарғибот-тушунтириш воситалари (баннерлар ва бошқалар) харид қилиш;

ЖИЭД ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларига, ишчи ва хизматчиларига моддий ёрдам кўрсатиш, устамалар белгилаш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилиш;

семинарлар, давра суҳбатлари, конференциялар, амалий машғулотлар, тренинглар, профилактик, маданий ва тантанали тадбирлар ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, бошқа ишлаб чиқариш ва маиший эҳтиёжлар;

Ўзбекистон Республикасида қидирувда бўлган маҳкумлар хорижий давлат судлари томонидан жаримага тортилган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларига биноан кейинчалик маҳкумларнинг ойлик иш ҳақларидан ушлаб қолинишини назарда тутган ҳолда тўланадиган жарима маблағлари.

6. Моддий ёрдам ЖИЭД ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларига (ишчиларига) уларнинг ёзма ариза орқали мурожаатлари ёки тегишли муассасанинг касаба уюшмаси қўмитасининг илтимосномаси асосида истисно ҳолатларда (никоҳ тўйи, яқин қариндошларнинг ўлими, оғир жароҳат олиш, касаллик, оиладаги оғир моддий шароит, табиий офат оқибатларида) кўрсатилади. Бунда кўрсатиладиган моддий ёрдам миқдори бир йилда лавозим маошининг икки баробаридан ошиши мумкин эмас.

7. Марказлаштирилган жамғарма маблағларидан фойдаланиш ЖИЭД бошлиғи томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.

8. Марказлаштирилган жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси ЖИЭД томонидан, қонун ҳужжатларида бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича белгиланган тартибда тузилади ва тасдиқланади.

9. Даромадлар ва харажатлар сметаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.


10. Марказлаштирилган жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси молиявий маблағлар келиб тушишининг прогнозидан келиб чиқиб ва кейинги йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ тузилади.


11. Даромадлар ва харажатлар прогнозини тайёрлаш, Марказлаштирилган жамғарманинг даромадлари ва харажатлари таҳлили ҳамда мониторингини амалга ошириш, Марказлаштирилган жамғарма бўйича ойлик, чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни қабул қилиш ва таҳлил этиш ЖИЭД Молия-иқтисодиёт бошқармаси ва Ишлаб чиқариш-техника бошқармаси томонидан амалга оширилади.

12. Марказлаштирилган жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги молиявий йилга ўтади ва олиб қўйилмайди.



4-БОБ. МАРКАЗЛАШТИРИЛГАН ЖАМҒАРМА

МАБЛАҒЛАРИНИ БОШҚАРИШ


13. Марказлаштирилган жамғарма маблағларини бошқариш ЖИЭД томонидан амалга оширилади.

14. Марказлаштирилган жамғарма маблағлари ЖИЭД бошлиғи, ЖИЭД бошлиғининг ўринбосари - Молия-иқтисодиёт бошқармаси бошлиғининг қарори билан сарфланади, Марказлаштирилган жамғармадан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ортиқ суммадаги маблағларни сарфлаш эса - ЖИЭДнинг Марказлаштирилган жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) қарори билан амалга оширилади.

15. Комиссия таркиби 5 кишидан кам бўлмаган аъзо, шунингдек котибдан иборат бўлиб, ЖИЭД бошлиғининг буйруғи билан тасдиқланади.

ЖИЭД бошлиғи Комиссия раиси ҳисобланади.

16. Холислик, очиқлик ва қарорлар қабул қилишда ошкоралик Комиссия ишининг асосий принциплари ҳисобланади.


17. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ушбу Низомда белгиланган тартибда Марказлаштирилган жамғарма ишларини ташкил этиш ва унинг маблағларини тасарруф этиш;

Марказлаштирилган жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини доимий мониторинг қилиш;

ушбу Низомда назарда тутилган мақсадлар учун маблағлар ажратиш ҳақидаги буюртманомаларни кўриб чиқиш ва умумлаштириш, нисбатан долзарб бўлган ва асослантирилган буюртманомаларни танлаш;

ажратилган маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланилмаган ҳолатлар аниқланганда ажратилган маблағларни ундириш ва молиялаштиришни тўхтатиб қўйиш чораларини кўриш;

Марказлаштирилган жамғарма фаолиятига тегишли масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш.


18. Комиссия Марказлаштирилган жамғарма маблағларидан ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган тадбирлар учун фойдаланиш масаласини кўриб чиқади ва қарорлар қабул қилади.


19. Комиссия мажлислари заруратга кўра ўтказилади.

Комиссия мажлислари унинг ишида аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Комиссия қарорлари унинг мажлисида иштирок этган Комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Комиссия аъзоларининг овозлари тенг бўлиб қолган тақдирда раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


20. Комиссия қарори Комиссия мажлиси баёни билан расмийлаштирилади, Комиссиянинг раиси ва мажлисда иштирок этган барча аъзолари томонидан имзоланади ҳамда ЖИЭДнинг муҳри билан тасдиқланади.

21. Комиссия раиси:

Комиссия ишида холислик ва очиқликни;

Комиссия томонидан ўзининг зиммасига юкланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилишини;

Комиссия томонидан Марказлаштирилган жамғарма маблағларини тасарруф этиш бўйича қарорлар қабул қилишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини таъминлайди.


22. Комиссия котиби:

ЖИЭДнинг тегишли хизматлари ва жазони ижро этиш муассасаларидан Комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш учун зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраб олади;

Комиссия мажлисини ўтказиш учун зарур ахборотларни тайёрлайди ва мажлисдан камида учун кун олдин уларни Комиссия раиси ва аъзоларига тақдим этади;

Комиссия мажлиси баёнларининг расмийлаштирилиши, Комиссия ҳужжатларининг юритилиши ва сақланишини таъминлайди.


23. Марказлаштирилган жамғарма маблағларидан жазони ижро этиш муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, таъмирлаш ҳамда ушбу Низомда назарда тутилган бошқа мақсадларга маблағ ажратиш учун Комиссияга мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, маблағларни сарфлаш мақсадлари ва кутилаётган натижалар кўрсатилган тушунтириш хати, зарур жиҳозлар ва эҳтиёт қисмлар рўйхати, сўралаётган сумманинг ҳисоб-китоби, шунингдек бажариладиган ишлар ҳажми кўрсатилган таъмирлаш бўйича камчиликлар далолатномаси ва бошқа зарур ҳужжатлар тақдим этилади.



5-БОБ. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ


24. Марказлаштирилган жамғарма маблағларининг тушуми ва уларни сарфлаш ҳисоби қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Марказлаштирилган жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботни юритиш ЖИЭДнинг Молия-иқтисодиёт бошқармаси томонидан амалга оширилади.

25. Марказлаштирилган жамғарма маблағларининг тушуми ва уларни сарфлаш ҳақида ҳисобот бюджет ташкилотлари учун белгиланган тартибда ва муддатларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.


26. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ЖИЭДнинг кейинги йил учун харажатлар сметасини тасдиқлашда Марказлаштирилган жамғарманинг даромадлари ва харажатлари мажбурий тартибда инобатга олинади.

27. ЖИЭД ва жазони ижро этиш муассасаларининг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари Марказлаштирилган жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши, бухгалтерия ҳисобининг тўғри юритилиши, маблағларнинг тушуми ва сарфланиши тўғрисидаги молиявий ҳисоботларнинг тузилиши ва тақдим этилиши учун шахсан жавоб берадилар.

Марказлаштирилган жамғарма маблағларидан белгиланган мақсадда фойдаланилмаган ҳолатлар аниқланганда белгиланган мақсадда фойдаланилмаганлиги аниқланган барча сумма айбдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли жавобгарлик чораларини қўллаган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадига ўтказилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


28. Марказлаштирилган жамғарма маблағларидан белгиланган мақсадда фойдаланилиши юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Назорат-тафтиш инспекцияси ва бошқа соҳавий хизматлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 23 октябрь

















































Время: 0.1839
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск