язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Уруғчилик. Наслчилик иши. Селекция. Тажриба хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.10.2017 й. 830-сон "Наманган вилоятида гулчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

16.10.2017 й.

N 830




НАМАНГАН ВИЛОЯТИДА

ГУЛЧИЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Наманган вилоятида гулчиликни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий гул навларини парваришлаш, замонавий ландшафт ва дизайн асосида гулзорлар ташкил этиш, гулчилик санъати сир асрорларини ўрганиш, илғор мамлакатлар билан тажриба алмашиш, аҳоли даромадларини ошириш, республика ва чет эллик туристларни жалб этиш ҳамда Наманган шаҳрини гуллар марказига айлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Наманган вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузурида давлат унитар корхонаси шаклидаги гулчиликни ривожлантириш марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ҳамда Наманган вилоятининг туманларида Марказнинг филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Наманган вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда гулчиликни ривожлантириш Маркази уставини ишлаб чиқиб, тасдиқласин.


2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

маҳаллий табиий-иқлим шароитларига мослаштирилган гулларнинг замонавий плантацияларини яратиш, шунингдек, гул етиштиришнинг илмий асосланган усулларини ва ресурсларни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш;

вилоятда гул етиштириш ҳажмини кўпайтириш чораларини кўриш, маҳсулотни сотиш бозорларини кенгайтириш мақсадида маркетинг тадқиқотларини олиб бориш;

вилоят ҳудудларининг табиий-иқлим шароитларига мос манзарали ва бута гул ниҳолларини лаборатория шароитларида етиштиришни ташкил этиш;

инновация технологияларини гул етиштириш жараёнига жорий қилиш учун илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

гул кўчатларини парвариш қилишга жалб этиладиган мутахассисларнинг махсус тайёрлов курсларида малакасини оширилишини ташкил этиш.


3. Белгилаб қўйилсинки, Марказ фаолиятини молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари, гулчилик соҳасида фаолият кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


4. Наманган вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда:

вилоятда гулчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан фермер хўжаликларига маҳаллий ва хорижий гул навларини парваришлаш мақсадида плантация ва иссиқхоналар ташкил этиш учун ер майдонлари ажратилишини;

ҳар бир туманда 5 тадан ва Наманган шаҳрида 10 та замонавий ва доимий фаолият олиб борадиган гул сотиш шахобчалари ташкил этилишини таъминласинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Наманган вилоятида замонавий ландшафт асосида гулзорлар ва хиёбонлар барпо этиш мақсадида гулчилик билан шуғулланувчи ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларининг талаб ва эҳтиёжлари асосида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Наманган муҳандислик-технология институтида "Манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш" таълим йўналиши бўйича мутахассислик кафедраси ташкил этилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги. Матбуот ва ахборот агентлиги Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда гулчилик санъати сир-асрорларига бағишланган қўлланма, монографиялар ишлаб чиқиб, нашр эттириш ва аҳоли ўртасида кенг тарғиб этилишини таъминласин.


7. Наманган вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ташки савдо вазирлиги билан биргаликда замонавий ва манзарали хорижий гул навларини олиб келиш, уларни маҳаллий иқлимга мослаштириш, қурғоқчиликка чидамли ва вируссиз навларини ўзлаштириш, гулчилик соҳасида илғор мамлакатлар билан тажриба алмашиш ва ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш юзасидан икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


8. "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ўзбекэнерго" АЖ ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳудудларда ташкил этиладиган маҳаллий ва хорижий гул навларини парваришлаш плантация ва иссиқхоналарни табиий газ, оқова сув ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўрсин.


9. Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг вилоятда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Гул байрами" тадбирларини ҳар йили май ойининг охирги ҳафтасида ўтказилиши тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


10. Наманган вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда:

вилоятда "Гул байрами"ни ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;

Наманган шаҳрини "Гуллар шаҳри" сифатида акс эттирадиган рамзини яратиб, шаҳарнинг марказий йўлларига ўрнатиш ҳамда шаҳар марказий кўчаларида архитектура талаблари ҳамда замонавий ландшафт асосида гул павильонларини ташкил этсин.


11. Вазирлар Маҳкамасининг "Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини Наманган муҳандислик-технология институтига айлантириш тўғрисида" 2011 йил 25 июлдаги 212-сон қарори 2-бандининг иккинчи хатбошиси "автоматлаштириш" сўзидан кейин "гулчилик" сўзи билан тўлдирилсин.


12. Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, "Тасвирий ойна" уюшмасига Наманган вилоятида анъанавий "Гул байрами"ни кўтаринки руҳда ўтказиш, республика ва чет эллик меҳмонларни таклиф этиш, ғолибларни рағбатлантириш ҳамда оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ҳамда гулчилик соҳасини ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшаётган тадбиркорлар ва аҳоли хонадонларида амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.


13. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев ва Наманган вилояти ҳокими Х.Х. Бозаров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                           А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 17 октябрь