язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар/ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.10.2017 й. 882-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 30 октябрдаги

882-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан алоқалар бошқармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси (кейинги ўринларда Бошқарма деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда ИИВ деб аталади) марказий аппаратининг таркибий тузилмаси ҳисобланиб, ички ишлар органлари матбуот хизмати ишини ташкил этиш ва мувофиқлаштиришни таъминлайди.


2. Бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, "Ахборотлаштириш тўғрисида", "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида", "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида", "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги ва бошқа Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ички ишлар вазирининг буйруқлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Бошқарма ўз фаолияти масалалари бўйича белгиланган тартибда ички ишлар бошқа органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда давлат бошқа органлари, ташкилотлар, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилади.


4. Ички ишлар органлари матбуот хизмати тизимига қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси;

"Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг "Postda" - "На посту" газеталари ва "Qalqon" - "Щит" журналлари бирлашган таҳририяти" давлат унитар корхонаси;

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг матбуот гуруҳлари;

ички ишлар органлари тармоқ хизматлари ва таълим муассасаларининг матбуот гуруҳлари.


5. Бошқарма Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга эга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири тасдиқлаган бошқарма фаолияти спецификаси тасвирланган рамзга эга бўлиши мумкин.



2-БОБ. БОШҚАРМАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Бошқарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ички ишлар органлари фаолиятини ахборот кузатуви ишларини мувофиқлаштириш, улар мансабдор шахсларининг фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув ва брифингларини, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш масалалари бўйича фуқаролар билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотларини ташкил этиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ички ишлар органлари фаолияти тўғрисида аҳолига ўз вақтида ва ишончли ахборот етказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш ва зарур шарт-шароитлар яратиш;

ҳудудий ички ишлар органларининг матбуот хизматлари фаолиятига ташкилий-услубий ёрдам кўрсатиш, уларни республиканинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатишларини таъминлаш;

оммавий ахборот воситалари ва бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи материалларини туну-кун мониторинг ва таҳлил қилишни таъминлаш, нотўғри хабар ёки ички ишлар органлари обрўсига путур етказувчи материалларга зудлик билан муносабат билдириш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги расмий веб-сайтининг самарали фаолиятини ташкил этиш, унга доимий равишда ахборот материалларини жойлаш ҳамда ички ишлар органлари таркибий бўлинмаларининг веб-ресурсларини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш.


7. Бошқарма ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги асосий функцияларни амалга оширади:

а) ички ишлар органлари мансабдор ходимларининг учрашув ва брифингларини эфирга узатиш шартлари билан доимий равишда жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш масалалари бўйича фуқаролар билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш соҳасида:

ички ишлар органлари ахборот кузатуви ишлари тизимида таҳлил ва режалаштириш, ушбу йўналишда ташкилий тадбирларни ишлаб чиқиш ва ўтказиш;

ички ишлар органлари ўтказадиган тадбирлар, чиқишлар ва учрашувларни белгиланган тартибда кенг ёритиш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ваколати доирасидаги қонунчилик ва ҳуқуқ-тартибот, ички ишлар органларига жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда кўмаклашиш масалалари бўйича фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан учрашувларини ташкил этиш;

ички ишлар органлари мансабдор ходимларининг жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан учрашув ва брифингларини ташкил этиш чораларини кўриш;

ички ишлар органлари мансабдор ходимларининг аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотини амалга оширишда кўмаклашиш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг долзарб масалаларини ва фуқароларнинг кундалик муаммоларини муҳокама этиш ва ҳал қилиш учун кенг жамоатчиликни жалб этиш;

Бошқарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва унда иштирок этиш;

б) аҳолини ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолияти ҳақида ўз вақтида ва ишончли хабардор қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш ва зарур шарт-шароитлар яратиш соҳасида:

оммавий ахборот воситалари ва бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи орқали ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти бўйича долзарб масалаларни аҳолига доимий равишда етказиб туриш;

ички ишлар органлари фаолияти тўғрисида нотўғри ва бошқа ахборотлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида,мамлакатдаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги вазиятнинг ўз вақтида ва ҳаққоний ёритилишини таъминлаш;

"Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг "Postda" - "На посту" газеталари ва "Qalqon" - "Щит" журналлари бирлашган таҳририяти" давлат унитар корхонаси фаолиятини мувофиқлаштириш, тизимли таклифлар асосида унинг ишлаш шакл ва услубларини такомиллаштириш, тармоқ босма нашрларини чоп этишга кўмаклашиш;

аҳолини жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг обрўсини кўтариш, уларнинг намунали образини шакллантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган ташвиқот ва ахборот-тушунтириш тусидаги тадбирларни ўтказишни ташкил этиш;

в) ҳудудий ички ишлар органлари матбуот хизматлари фаолиятига ташкилий-услубий кўмаклашиш, республика жамоатчилиги ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш соҳасида:

ички ишлар органлари тармоқ хизматлари, ўқув муассасалари ва ҳудудий бўлинмалари матбуот гуруҳлари фаолиятини таҳлил ва мониторинг қилиш ишларини ташкил этиш бўйича тавсия ва услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш;

ички ишлар органлари фаолиятини ахборот кузатуви соҳасида "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг "Postda" - "На посту" газеталари ва "Qalqon" - "Щит" журналлари бирлашган таҳририяти" давлат унитар корхонаси фаолиятига баҳо бериш;

ички ишлар органларининг оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, жамоат бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш комплекс чора-тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

ички ишлар органлари фаолияти ахборот таъминотида фуқаролик жамияти институтларининг самарали иштироки учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

ички ишлар органлари матбуот хизмати ходимларининг мутахассислик йўналишлари бўйича малакаларини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этиш чораларини кўриш;

г) оммавий ахборот воситалари ва бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи материалларини туну-кун мониторинг ва таҳлил қилиб боришни таъминлаш, ички ишлар органлари ходимлари обрўсига путур етказувчи, нотўғри ахборотга эга материалларга дарҳол муносабат билдириш соҳасида:

оммавий ахборот воситалари ва бутунжаҳон Интернет ахборот тизими материалларини туну-кун мониторинг ва таҳлил қилишни таъминлаш, нотўғри хабар ёки ички ишлар органлари обрўсига путур етказувчи материалларга зудлик билан муносабат билдириш;

ички ишлар органлари фаолиятининг ахборот таъминотига хавф туғдиришини аниқлаш, баҳолаш ва кўра билиш, мазкур хавфларга қарши курашиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига оммавий ахборот воситалари ва бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғида ички ишлар органлари фаолиятига берилган баҳо ҳақида ахборот бериш;

д) Ўзбекистон Республикаси ИИВ расмий веб-сайтининг самарали ишлашини ташкил этиш, тизимли равишда унда ахборот материаллар, шунингдек ички ишлар органлари таркибий бўлинмалари веб-ресурсларини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш соҳасида;

ички ишлар органларида ўтказиладиган учрашув ва чиқишлар ҳақидаги материалларни доимий равишда тўплаб бориш ва умумлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ расмий веб-сайтида ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги натижалар ҳақидаги маълумотларни мунтазам жойлаштириш;

ички ишлар органлари таркибий бўлинмалари расмий веб-сайтлари фаолиятини назорат қилиш ва услубий кузатиб бориш.

Бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. БОШҚАРМАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Бошқарма ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тегишли давлат идоралари бўлинмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, бошқа ташкилотлардан ҳамда фуқаролардан - ахборот, маълумот ва бошқа бошқармалар фаолиятига доир масалалар бўйича материалларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Бошқармага юкланган вазифаларни бажаришда ички ишлар органлари бўлинмалари маълумотлар базасидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

ички ишлар органлари расмий вакили сифатида оммавий ахборот воситалари ва бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғида чиқишлар қилиш, шунингдек, улар орқали ички ишлар органлари фаолияти ҳақида ахборот ва видеоматериаллар тарқатиш;

ички ишлар органлари томонидан берилган ахборот ва материаллардан келиб чиқиб оммавий ахборот воситаларига ва бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғига жойлаштиришга мўлжалланган маълумотларнинг зарурлиги ва ҳажмини белгилаш;

ички ишлар органлари томонидан тақдим этилган ахборот ва материалларни таҳрир қилиш ва оммавий ахборот воситаларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ расмий веб-сайтида охирги таҳрирда жойлаштириш;

ўз ваколати доирасида ички ишлар органлари матбуот хизмати бўлинмалари томонидан бажариш учун мажбурий бўлган ёзма ва оғзаки кўрсатмалар бериш;

ички ишлар органлари матбуот хизмати раҳбарлари ва ходимларининг хизмат тайёргарлигини ошириш доирасида ўқув-услубий йиғинларни белгиланган тартибда ташкил этиш;

ички ишлар органлари матбуот хизмати моддий-техника таъминотини яхшилаш, ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича таклифлар киритиш.

Бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларни ҳам амалга ошириши мумкин.


9. Бошқарма қуйидагиларга мажбур:

ўз ваколатлари доирасида ички ишлар органи фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, ўтказилаётган тадбирларининг ҳар тарафлама ахборот кузатувини, шу жумладан, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни, Ёнғинлар профилактикаси куни доирасида зарур чора-тадбирлар кўриш;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига ички ишлар органлари матбуот хизмати ишлари тўғрисида зарур маълумотларни тайёрлаш ва тақдим этиш.

Бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.


10. Бошқарма зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. БОШҚАРМА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Бошқармага Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

Бошқарма бошлиғи лавозимига кўра бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг матбуот котиби ҳисобланади ва белгиланган тартибда тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бир нафар ўринбосари бўлади.


12. Бошқарма бошлиғи:

ишларни ташкиллаштиради ва бошқарма фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, зиммасига юкланган вазифаларни бажаришга шахсан жавоб беради, ўз ўринбосари ва ички ишлар органлари тармоқ хизматлари, таълим муассасалари ва ҳудудий бўлинмалар матбуот гуруҳларининг функционал вазифаларини белгилайди;

Бошқарманинг иш режасини тасдиқлайди;

ўз ваколати доирасида кўрсатмалар беради ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига ички ишлар органлари барча шахсий таркиби бажариши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар лойиҳаларини киритади;

ички ишлар органлари матбуот хизматига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ишлари бажарилишини назорат қилади, уларнинг касбий даражасини ошириш, қайта тайёрлаш, хизмат ва меҳнат интизомига риоя қилишига қаратилган тадбирларни ташкил этади;

Бошқарма шахсий таркиби ўртасида профилактик ва тарбиявий ишларни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига ўзининг ўринбосари, матбуот хизмати бошлиқлари ва шахсий таркибини тайинлаш, иш жойини ўзгартириш, эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ва бўшатиш тўғрисида таклифлар киритади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига бошқарма ходимларига махсус унвонлар бериш, уларни рағбатлантириш ёки уларга нисбатан интизомий жазо қўллаш ҳақида тақдимнома киритади;

Бошқарма ходимларини (ишчиларини) белгиланган тартибда хизмат сафарларига юборади;

Бошқарма ходимларига (ишчиларига) ўз ваколати доирасида меҳнат таътили беради;

ички ишлар органлари соҳавий хизматлари, таълим муассасалари ва ҳудудий бўлинмалари матбуот гуруҳлари раҳбарлари ҳисоботини эшитади;

Бошқарманинг сафарбарлик тайёргарлигини белгиланган тартибда ташкил этади ва таъминлайди;

Бошқармада махфийлик тартиботига риоя этилиши учун жавоб беради.

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


13. Бошқарма бошлиғи йўқлигида унинг вазифаларини ўринбосар бажаради.


14. Бошқарма ходимлари (ишчилари) белгиланган тартибда Бошқарма бошлиғи тавсиясига кўра лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;


15. Ички ишлар органлари соҳавий хизмат, ўқув муассасалари ва ҳудудий бўлинмалари матбуот гуруҳлари раҳбарлари ва ходимлари (ишчилари) ушбу бўлинмалар бошлиқлари томонидан Бошқарма бошлиғи билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


16. Иш юритиш ва махфийлик тартибининг ташкил этилиши ва таъминланиши Бошқарма томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


17. Ички ишлар органлари матбуот хизматини техника, жиҳозлар ва бошқа моддий-техника воситалари билан таъминлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 1 ноябрь