язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборот, ахборотлаштириш ва алоқа соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.02.2018 й. ПҚ-3549-сон "Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

19.02.2018 й.

N ПҚ-3549



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АХБОРОТ

ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ВАЗИРЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 19 февралдаги ПФ-5349-сонли Фармонига мувофиқ:


1. 2018-2019 йилларда ахборот технологиялари ва коммуникациялари тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича "Йўл харитаси" (кейинги ўринларда - "Йўл харитаси" деб юритилади) 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари "Йўл харитасида" назарда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши юзасидан шахсий жавобгар ҳисобланадилар.


2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида (кейинги ўринларда - Вазирлик):

Электрон ҳукуматни ривожлантириш бош бошқармаси;

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бош бошқармаси;

Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси;

Ахборот хавфсизлиги бошқармаси тузилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари - ахборот-коммуникация технологиялари бўйича консультант, шунингдек, "Хавфсиз шаҳар" комплексини барпо этиш бўйича лойиҳани ўз вақтида, кенг кўламда ва сифатли амалга ошириш учун масъул Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари лавозимлари тугатилсин.


4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ташкилий тузилмаси 2-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг марказий аппарати тузилмаси 3-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳудудий бошқармаларининг намунавий тузилмаси 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


5. Вазирликнинг марказий аппарати бошқарув ходимларининг чекланган сони 129 нафар этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирига:

зарур ҳолларда Вазирликнинг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари тузилмасига чекланган бошқарув ходимларининг белгиланган штат сонига ўзгартиришлар киритиш;

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Вазирликнинг ва унинг ҳудудий бошқармаларининг қўшимча штат бирликларини киритиш;

Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида консультантлар сифатида давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, фан-таълим муассасалари, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида етакчи халқаро ва хорижий компаниялар мутахассисларини жалб этиш;

ишга белгиланган тартибда юқори малакали хорижий мутахассисларни қабул қилиш, шунингдек, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ёки қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобидан уларга эркин муомаладаги валютада меҳнат ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорларини белгилаш ҳуқуқи берилсин.


6. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари мақоми бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига тенглаштирилади;

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари Вазирлик ҳамда Вазирлик ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасини назорат қилиш инспекциясининг молиялаштириш манбалари ҳисобланади.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2015 йил 4 февралдаги ПҚ-2293-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Вазирлик бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б. Муродов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 20 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 26 февраль, 8-сон, 138-модда