язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.02.2018 й. ПҚ-3550-сон "Лойиҳаолди, лойиҳа, тендер ҳужжатлари ва контрактларни экспертизадан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

20.02.2018 й.

N ПҚ-3550



ЛОЙИҲАОЛДИ, ЛОЙИҲА, ТЕНДЕР

ҲУЖЖАТЛАРИ ВА КОНТРАКТЛАРНИ

ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Лойиҳаолди, лойиҳа, тендер ҳужжатлари ва контрактларни экспертизадан ўтказишнинг самарали ва аниқ механизмларини яратиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида" 2017 йил 18 декабрдаги ПҚ-3437-сонли хамда "Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва рўёбга чиқариш, давлат харидларини амалга ошириш доирасида ҳужжатларни комплекс экспертиза қилишнинг самарали тизимини яратиш тўғрисида" 2018 йил 8 январдаги ПҚ-3464-сонли қарорларига мувофиқ:


1. Қуйидагилар:

Инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, комплекс экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Давлат томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилиш учун тендер ҳужжатларини ва техник вазифаларни комплекс экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Контрактларни экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, "Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК (кейинги ўринларда - Марказ) қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган ваколатлар билан бирга:

а) лойиҳаолди ҳужжатларини, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун техник вазифаларни комплекс экспертизадан ўтказади;

б) қуйидагиларни:

энг кам иш ҳақининг 5 минг бараваридан ошадиган суммадаги;

стратегик харид қилувчи томонидан, шунингдек, устав фондида (капиталида) стратегик харид қилувчи улуши бўлган ташкилот томонидан амалга ошириладиган эквиваленти 50 минг АҚШ долларига тенг суммадан ортиқ бўлган суммадаги товарларни (ишлар, хизматларни) давлат томонидан харид қилиш учун техник вазифаларни комплекс экспертизадан ўтказишни амалга оширади;

в) қуйидагиларни:

стратегик харид қилувчи билан, шунингдек, устав фондида (капиталида) стратегик харид қилувчининг улуши бўлган ташкилотлар билан тузиладиган эквиваленти 50 минг АҚШ долларига тенг суммадан ортиқ бўлган суммадаги контрактлар ва импорт контрактлар ҳамда уларга қўшимча битимларни;

давлат органлари, бюджет ташкилотлари, харид тартиб-таомилларини амалга ошириш учун йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар, давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқни ташкил этадиган давлат корхоналари ва юридик шахслар, устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фондида (капиталида) 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар билан тузиладиган эквиваленти 100 минг АҚШ долларига тенг суммадан ортиқ бўлган суммадаги импорт контрактларини ва уларга қўшимча битимларни;

бюджет тизими бюджетлари, Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, шунингдек, давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан тузиладиган эквиваленти 100 минг АҚШ долларига тенг суммадан ортиқ бўлган суммадаги импорт контрактларини ва уларга қўшимча битимларни экспертизадан ўтказади ва рўйхатга олади.

Бунда Марказ билан харид қилинаётган буюмга нарх белгилаш ва/ёки етказиб берувчини аниқлаш масалалари келишиб олинмаган тақдирда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда муайян етказиб берувчиларнинг номини ва/ёки товарлар (ишлар, хизматлар) қийматини кўрсатиш тақиқланади.

3. Белгилансинки:

тендер ҳужжатларини, контрактларини, импорт контрактларини ва уларга қўшимча битимларни (контракт ва импорт контрактлари қиймати оширилган тақдирда) комплекс экспертизадан ўтказиш хизмати учун қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмаган ҳолда улар умумий суммасининг 0,1 фоизи миқдорида (тендер ҳужжатлари бўйича - ҳар бир лот суммасидан, қўшимча битимлар бўйича - қўшимча битим суммасидан), бироқ энг кам иш ҳақининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда ҳақ ундирилади;

лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини комплекс экспертизадан ўтказиш учун қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмаган ҳолда лойиҳа умумий суммасининг 0,03 фоизи миқдорида, бироқ эквиваленти 4 минг АҚШ долларига тенг миқдордан кам бўлмаган ва 50 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда ҳақ ундирилади.

Экспертиза 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш шарти билан ўтказилади.

Қуйидаги ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш учун ҳақ ундирилмайди:

лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шунингдек, давлат томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилиш учун техник вазифа;

харид қилинадиган товарларнинг (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилари ва ёки нархи белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари асосида тузиладиган контрактлар ва импорт контрактлари;

тендерлар ўтказиш якунлари бўйича тузиладиган импорт контрактлари, Марказда экспертизадан ўтказилган тендер ҳужжатлари;

инфратузилмавий лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ҳужжатлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати остида жалб этиладиган кредит (қарз) маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидлари бўйича тендер ҳужжатлари ва импорт контрактлари.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2019 йилнинг 1 февралигача бўлган муддатда Марказ томонидан экспертиза қилиш ва рўйхатдан ўтказишда экспериментал тартибда шартномалар тузиш, ҳисоб-китоблар ўтказиш, ахборот узатишнинг электрон айирбошлаш тартибини, шунингдек, ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланиш учун электрон ҳужжат жорий этилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда экспериментал тартиб якунлари бўйича электрон ҳужжат айирбошлашни кенг қўллаш мақсадида ахборот тизими орқали электрон ҳужжат айирбошлашни жорий этишга доир таклифларни, қонун ҳужжатларига мувофиқ қоғоздаги ҳужжатларга тенг мақомга эга бўлган электрон ҳужжатлардан фойдаланиш бўйича стандартлар, нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқишга доир таклифларни киритсин;

Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда ушбу қарор қоидаларидан келиб чиқиб, Марказнинг ваколатларини такрорлайдиган давлат органларининг ваколатларини мақбуллаштириш, шунингдек, уларнинг тегишли таркибий бўлинмаларини соддалаштириш тўғрисидаги таклифларни бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 5-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатлари 6-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг директори Ш.М. Содиқов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 20 февралдаги

ПҚ-3550-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти ва

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим ҳужжатларига киритиладиган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 15 январдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи фармонларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги ПФ-3194-сон Фармони 6-бандининг учинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-4954-сон Фармони 8-бандининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига, шу жумладан, автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш объектларининг иш ҳужжатларини ва автомобиль йўлларини жиҳозлаш бўйича танлов ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича буюртмачи функциялари Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасига юкланади".


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 мартдаги "Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида"ги ПФ-4996-сон Фармони 2-бандининг ўн учинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги "Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5215-сон Фармони 1-банди учинчи ва тўртинчи хатбошилари учинчи хатбоши деб ҳисобланиб, қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"импорт контрактларини экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш, шунингдек тендер ҳужжатлари ва техник вазифаларни экспертизадан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади".


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 24 июлдаги "Хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш ҳамда ўзлаштириш жараёнини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-927-сон қарорининг рус тилидаги матнида:


а) 1-илованинг 4-бандида:

"б" кичик банднинг бешинчи хатбошидаги "а также обеспечение своевременной экспертизы инвестиционных проектов в случаях, предусмотренных законодательством" сўзлари чиқариб ташлансин;

"в" кичик банди бўйича:

биринчи хатбошидаги "Министерство внешних экономических связей, инвестиций и торговли Республики Узбекистан" сўзлари "Госкоминвестиций" сўзи билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбошидаги "а также своевременное проведение экспертизы инвестиционных проектов и импортных контрактов в случаях, предусмотренных законодательством" сўзлари чиқариб ташлансин;

"г" кичик бандининг тўртинчи хатбошидаги "а также своевременную экспертизу инвестиционных проектов в случаях, предусмотренных законодательством" сўзлари чиқариб ташлансин;

"д" кичик бандининг иккинчи хатбошидаги "а также своевременную экспертизу инвестиционных проектов" сўзлари чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги "л" кичик банди билан тўлдирилсин:

"л) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказиривожланиш давлат дастури доирасида,шунингдек, давлат харидларини амалга оширишда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини комплекс экспертиза қилади";


б) 2-илованинг II бўлимидаги "Министерство экономики, Министерство финансов" қатори чиқариб ташлансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-3150-сон қарорига 2-илованинг 8-банди "д" кичик банди:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи-олтинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурига киритиладиган лойиҳаларни комплекс экспертизадан ўтказади, уларнинг амалга оширилишини мониторинг ва таҳлил қилади;

Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурини амалга ошириш доирасида, шунингдек давлат харидларини амалга оширишда ишлаб чиқиладиган лойиҳаолди, лойиҳа ва тендер ҳужжатлари, техник вазифаларни комплекс экспертизадан ўтказади;

Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурини амалга ошириш доирасида, шунингдек давлат харидларини амалга оширишда тузиладиган импорт контрактларини экспертизадан ўтказади ва рўйхатга олади;";

тўртинчи-саккизинчи хатбошилар тегишинча еттинчи-ўн биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

бешинчи хатбошисидаги "Инвестиция дастури" сўзлари "Ривожланиш давлат дастури" сўзлари билан алмаштирилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги "Хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3487-сон қарори 2-бандида:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар суммасидан қатъи назар, хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар томонидан тузиладиган ва уларнинг раҳбарлари бошқарадиган идоравий танлов комиссиялари баҳолайдиган энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли орқали товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш шартномаларини, шу жумладан, импорт шартномаларини тузиш ҳуқуқига эга";

учинчи хатбошидаги "марказида мажбурий келишувдан ўтказилади" сўзлари  "Марказда мажбурий экспертизадан ўтказилади" сўзлари билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"мазкур банд билан назарда тутилган тартибда, энг яхши таклифларни танлаб олиш натижалари бўйича, эквиваленти 50 минг АҚШ долларидан ортиқ суммага тузилган барча контрактлар, шу жумладан, импорт контрактлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида мажбурий экспертизадан ўтказилиши ва  рўйхатга олиниши лозим".


8. Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 ноябрдаги 456-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., 11-сон, 72-модда) билан тасдиқланган Хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар харид қилиш бўйича тендер савдолари ўтказиш тўғрисида низомда:


а) қуйидаги мазмундаги 8-1-банд билан тўлдирилсин:

"8-1. Ривожлантириш давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш доирасида ишлаб чиқиладиган тендер ҳужжатлари ва техник топшириқлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида экспертизадан ўтказилади";


б) 55-банднинг учинчи хатбошисидагиқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Товар бозорлари конъюнктурасини ўрганиш ҳамда инвестиция лойиҳалари ва дастурларини экспертиза қилиш республика маркази ёки Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" сўзлари билан алмаштирилсин; 


в) 62-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошидаги "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида" сўзлари билан алмаштирилсин.


9. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 3 июлдаги 302-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 7-сон, 57-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида капитал қурилишда танлов савдолари тўғрисида низомда:


а) 89-банддаги "Давархитектқурилиш" қўмитаси томонидан" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази томонидан" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 92-банддаги "Давархитектқурилиш" қўмитаси томонидан" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги томонидан" сўзлари билан алмаштирилсин;


в) 95-бандда:

биринчи хатбошидаги "Давархитектқурилиш" қўмитаси ҳудудий бошқармасига" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказига" сўзлари билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошидаги "Давархитектқурилиш" қўмитаси томонидан" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази томонидан" сўзлари билан алмаштирилсин;


г) 96-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"96. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппаратига таҳлилий маълумотномани таклифлар билан бирга тақдим этади".


10. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 августдаги 225-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 й., 8-сон, 55-модда) билан тасдиқланган Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхатининг рус тилидаги матнида 33-36 позициялар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"

33.

Лицензия на экспорт и импорт специфических товаров

Экспорт и импорт специфических товаров, перечень которых установлен законодательством

Кабинет Министров



34.

Заключение по импортному контракту

Импорт товаров (работ, услуг)

Центр комплексной экспертизы проектов и импортных контрактов при Национальном агентстве проектного управления при Президенте Республики Узбекистан



35.

Свидетельство о регистрации экспортного контракта

Экспорт товаров (работ, услуг)

Министерство внешней торговли



36.

Разрешение на вывоз объектов экспортного контроля

Вывоз объектов экспортного контроля







".

11. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 январдаги 15-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 й., 4-сон, 35-модда) билан тасдиқланган Шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг рус тилидаги матнида:


а) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. Государственная экспертиза проводится:

Центром комплексной экспертизы проектов и импортных контрактов при Национальном агентстве проектного управления при Президенте Республики Узбекистан - по предпроектной и проектной документации инвестиционных и инфраструктурных проектов, включаемым в государственные программы развития;

Госархитектстроем Республики Узбекистан, территориальными управлениями государственной экспертизы и организациями, имеющими лицензию на осуществление данного вида деятельности - по всем остальным проектам, а также по рабочей и проектно-сметной документации объектов, включаемых в государственные программы развития”;


б) 21-банднинг "а" кичик банди учинчи хатбоши чиқариб ташлансин.


12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 апрелдаги 221-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 4-модда, 48-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тўғрисида низомнинг 11-банди "д" кичик банди иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"автомобиль йўлларини, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари, шу жумладан автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш объектларининг иш ҳужжатларини ва автомобиль йўлларини жиҳозлаш бўйича танлов ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича буюртмачи функцияларини амалга ошириш".


13. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 майдаги 285-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 20-сон, 365-модда) билан тасдиқланган Тармоқ илмий-техник кенгашларини ва уларнинг фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг рус тилидаги матнида "определенных постановлением Кабинета Министров от 7 июня 2007 г. N 110" сўзлари чиқариб ташлансин.


14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 июндаги "Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 415-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 8-сон, 79-модда):


а) 2-банднинг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;


б) "Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси тўғрисидаги низомда:


6-банднинг ўн учинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;


7-банднинг "е" кичик банди бўйича:

биринчи хатбошидаги "импорт контрактларини экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш," сўзлари чиқариб ташлансин;

иккинчи, бешинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошилар чиқариб ташлансин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 20 февралдаги

ПҚ-3550-сон қарорига

6-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти

ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз

кучини йўқотган деб топилган айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 9 февралдаги "Хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-1924-сон Фармони.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 20 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи фармонларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ПФ-3661-сон Фармонига илованинг 5-банди.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 ноябрдаги "Инвестиция лойиҳаларини тасдиқлаш ва амалга ошириш мониторинги механизмларини такомиллаштириш, мурувват ёрдами юкларини ва техник кўмаклашиш маблағларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 251-сон қарорининг  (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 11-сон, 61-модда) 1-банди иккинчи хатбошиси ва қарорга 2-илова.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 1 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Идоралараро экспертлар кенгаши томонидан енгил саноат корхоналарини қуриш, қайта ихтисослаштириш ва модернизация қилиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 247-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 48-50-сон, 484-модда).


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 7 июндаги "Инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 110-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2007 й., 6-сон, 34-модда).


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 21 майдаги 101-сон "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 20-21-сон, 176-модда) илованинг 2-банди.


7. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 23 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 октябрдаги ПҚ-1630-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи аппарати тузилмасига қисман ўзгартириш киритиш тўғрисида" ҳамда 2012 йил 13 январдаги ПҚ-1686-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасига ўзгартириш киритиш тўғрисида" қарорлари)" 48-сон қарорига 1-илованинг 20-банди.


8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 августдаги "Истиқболли инвестиция таклифларини келишиш механизмини ҳамда хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш жараёнини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 215-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 8-сон, 79-модда).


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Товар бозорлари конъюнктурасини ўрганиш ҳамда инвестиция лойиҳалари ва дастурларини экспертизадан ўтказиш республика маркази фаолиятининг айрим масалалари тўғрисида"ги 113-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 й., 5-сон, 35-модда).



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 20 февраль