язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Таълим/ Умумий масалалар/ Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.03.2018 й. 241-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 27 мартдаги

241-сон қарорига

1-ИЛОВА



Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш

соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш учун юридик шахсларга лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Ушбу Низом юридик шахсларнинг автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш билан боғлиқ йўналишлар бўйича фаолиятни лицензиялашга татбиқ этилмайди.

3. Нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларга таълимнинг ҳар бир тури учун алоҳида лицензия берилади. Лицензияда фаолиятнинг лицензияланаётган тури, таълим фаолияти йўналишлари рўйхати аниқ кўрсатилади.

Олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим турлари бўйича лицензияда, шунингдек кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда мактабдан ташқари таълим турлари бўйича хабардор қилиш тартибида фаолият юритишга қўйиладиган талаб ва шартларда масофавий таълим бериладиган йўналишлар ва ихтисосликлар кўрсатилади.

Нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


4. Нодавлат таълим хизматлари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чекланмаган муддатга берилади.

4-1. Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасида таълим турлари бўйича лицензия давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига ҳужжат топшириш асосида олинади.

Бунда давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўртасидаги ахборот алмашинуви лицензия талабгори бўлган юридик шахснинг электрон рақамли имзосини мажбурий тартибда қўллаш орқали амалга оширилади.


2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


5. Қуйидагилар нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги қонун ва қонуности ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш;

таълим-тарбия жараёнини давлат таълим стандартларига (давлат талабларига), ўқув режаларига ва таълим дастурларига мувофиқ ташкил этиш;

лицензия даъвогарида лицензияланаётган фаолиятни бажариш учун мўлжалланган, унга мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан тегишли бўлган, белгиланган талабларга мувофиқ биноларнинг (хоналарнинг) мавжуд бўлиши;

аудиторияларни, ўқув хоналарини замонавий ахборот-коммуникация асбоб-ускуналари, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлар билан жиҳозлаш;

таълим дастурларининг белгиланган даражасини амалга ошириш учун ўқув биноларини зарур дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ва бошқа кутубхона-ахборот ресурслари ҳамда воситалари билан таъминлаш;

таълим дастурларини умумий ўрта, касб-ҳунар ва олий таълим давлат таълим стандартларига мувофиқ, шунингдек, мактабгача таълим, мактабдан ташқари таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ амалга ошириш;

таълимнинг мажбурий равишда дунёвий характерда бўлиши, таълим жараёнида урушни, зўравонликни тарғиб қилишдан фойдаланишга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинлиги камситилишига, мамлакатдаги хавфсизлик ва ижтимоий-сиёсий барқарорликка, жамиятнинг ҳуқуқий ва маънавий асослари, фуқаролар осойишталигига, миллатлараро ва динлараро тотувликка рахна солинишига, Ўзбекистон Республикаси тўғрисида нотўғри ахборотлар тарқатилишига ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятлари бузиб кўрсатилишига йўл қўймаслик;

нодавлат таълим ташкилоти, унинг таълим олувчилари, педагоглари ва таълим-тарбия жараёни тўғрисидаги ишончли маълумотларни "Нодавлат таълимни бошқариш ахборот тизими"га киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига ёзма ёки электрон шаклда тақдим этиш;

мактабгача таълим билан боғлиқ йўналиш бўйича нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, унинг тарбияланувчилари, педагоглари ва таълим-тарбия жараёни тўғрисидаги ишончли ахборотни Мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизимига киритиш;

иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш орқали таълим-тарбиянинг юқори сифатини таъминлайдиган қулай шарт-шароитлар яратиш;

илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, ўқитишнинг инновацион шакллари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида таълим соҳасидаги самарадорлик ва натижадорликни ошириш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида муассасадаги жами тарбияланувчилар, ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бепул ўқишга қабул қилиш;

битирувчиларга белгиланган тартибда таълим тўғрисида ҳужжат бериш.

Мазкур банднинг тўртинчи - олтинчи хатбошилари нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг масофавий таълим бериладиган йўналишлари ва ихтисосликларига нисбатан татбиқ этилмайди.


3-БОБ. НОДАВЛАТ ТАЪЛИМ ХИЗМАТЛАРИ

КЎРСАТИШ СОҲАСИДАГИ ФАОЛИЯТ

БЎЙИЧА ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


7. Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасида таълим турлари бўйича лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни давлат хизматлари марказларига тақдим этади ёки электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари порталига юборади:

лицензия бериш тўғрисидаги ариза (унда юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи, почта манзили, таълим фаолиятини амалга ошириш жойининг манзили, банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисобрақами, фаолиятнинг лицензияланаётган тури, таълим фаолияти йўналишлари рўйхати. Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиши тўғрисидаги розилиги ва электрон манзили кўрсатилади);

ёнғин ва санитария-эпидемиология хизмати органларининг мавжуд бинолар ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига ва санитария-гигиена нормаларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосалари;

педагог кадрлар ҳақида маълумот;

ўқув режаси ва дастурларининг электрон нусхалари;

ихтисослаштирилган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган рухсатномалар нусхалари;

ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия талабгорининг электрон манзили кўрсатилгани унинг аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақида электрон шаклда хабарнома олишга бўлган розилиги ҳисобланади.

Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали зарур маълумотлар киритилгандан сўнг лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

8. Ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия даъвогари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



4-БОБ. НОДАВЛАТ ТАЪЛИМ ХИЗМАТЛАРИ

КЎРСАТИШ СОҲАСИДА ФАОЛИЯТ КЎРСАТИШ УЧУН

АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ

ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


9. Лицензия даъвогарининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Ягона портал орқали мурожаат қилинганда, ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия бериш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинганда йиғим сумасининг:

11,25 фоизи - "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУКнинг ваколатли банкдаги махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган маблағлар лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади;

б) давлат хизматлари марказларига шахсан мурожаат қилинган тақдирда йиғим суммасининг:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган маблағлар лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензия даъвогари берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.


10. Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

Ариза давлат хизматлари марказлари орқали топширилганда масъул ходим рўйхат асосида лицензия бериш учун ариза ва бошқа маълумотларни қабул қилади. Давлат хизматлари марказининг масъул ходими аризачига ариза қабул қилинган сана қайд этилган рўйхатга олиш нусхасини беради.

Давлат хизматлари марказларининг масъул ходими лицензия даъвогарининг аризасини зарур маълумотлари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига ҳужжат қабул қилинган куни юборади.

Ариза Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборилганда, лицензия даъвогарининг аризаси қабул қилинганлиги ҳақидаги электрон хабар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг масъул ходими томонидан лицензия даъвогарининг электрон манзилига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси аризани қабул қилгандан сўнг 15 иш куни ичида, олий таълим тури бўйича 30 иш куни ичида ҳужжатларнинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини ўрганади, ижобий қарор қабул қилинганда электрон лицензияни генерация қилади, электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб, давлат божи тўланганидан кейин давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали лицензия даъвогарига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда ҳар бир туман (шаҳар) мактабгача ва халқ таълими бўлимларидан малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш учун экспертиза хулосаларини тайёрлаш ва лицензия даъвогарига тақдим этиш жараёнини ташкил этади.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, 3 иш куни ичида лицензия даъвогарига рад этиш сабаблари ва лицензия даъвогари уларни бартараф этган ҳолда қайта кўриб чиқиш учун ариза бериши мумкин бўлган муддат кўрсатилган билдиришномани давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборади.

Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия даъвогарининг аризаси олинган кундан бошлаб 15 иш кунидан, олий таълим тури бўйича 30 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

11. Лицензиялар қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Берилган, тўхтатиб турилган, янгиланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган, шунингдек, амал қилиши тўхтатилган лицензиялар "Лицензия" ахборот тизимлари комплекси реестрига киритилади.


12. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган сабаблар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия даъвогари лицензия беришнинг рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


13. Лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар лицензия даъвогари томонидан бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия даъвогарининг аризаси олинган кундан бошлаб 10 кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Лицензия даъвогарининг аризасини қайта кўриб чиқишда лицензия беришни рад этиш тўғрисида аввалги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия даъвогарларининг аризалари такроран кўриб чиқилгани учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия бериш рад этилгани тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

14. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.


15. Лицензиат таълим фаолиятини олиб бориш манзили ўзгарса, қўшимча манзилда фаолият олиб борса, қўшимча таълим йўналишлари бўйича фаолият олиб бормоқчи бўлса, қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза бериши шарт.


16. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни аввал берилган лицензия асосида амалга оширади.


17. Лицензия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза олинган кундан бошлаб 10 кундан ортиқ бўлмаган муддатда қайта расмийлаштирилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия даъвогарининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилгани учун тўланадиган йиғимнинг 50 фоизи ундирилади.

Лицензияни қайта расмийлаштириш учун йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинганда йиғим сумасининг:

11,25 фоизи - "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУКнинг ваколатли банкдаги махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган қисми лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади;

б) давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилганда йиғим сумасининг:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган қисми лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

20. Лицензия бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш серияси, тартиб рақами ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.


21. Лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб икки ой мобайнида, лицензияловчи органга лицензия берилгани учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


22. Лицензия даъвогари томонидан нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш мақсадида лицензия олиш учун ариза топширгани лицензия шартлари ва талабларига риоя этишига бўлган розилиги ҳисобланади


23. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, таълим тизими бошқаруви ва ваколатли органлар лицензия шартлари ва талабларига лицензиат томонидан риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилади.


24. Лицензияловчи орган лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишда ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензия талаблари ва шартларига лицензиат томонидан риоя этилишини режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар бўйича зарур ахборотни лицензиатдан талаб қилиш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида лицензия талаблари ва шартларининг лицензиат томонидан бузилишларини аниқ кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) расмийлаштириш;

лицензиатга лицензия талаблари ва шартларининг бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, уларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш ёхуд лицензияни бекор қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор чиқариш.


25. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишда лицензияловчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида қолади.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ ВА ТУГАТИШ, ЛИЦЕНЗИЯНИ

БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


26. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш, лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси қарорига кўра амалга оширилади.

Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузилганда, унга тегишли лицензиянинг амал қилиши бевосита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси қарорига кўра тугатилади.

27. Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, уни бекор қилиш тўғрисидаги қарор юзасидан судга шикоят қилиши мумкин.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИНИ

ЮРИТИШ ТАРТИБИ


28. Лицензияловчи орган таълим турлари бўйича "Лицензия" ахборот тизимлари комплексида лицензиялар реестрини юритади.

Лицензиялар реестрларида қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар, шу жумладан, юридик шахснинг номи ва индентификация рақами, ташкилий-ҳуқуқий шакли, ташкилот раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;

нодавлат таълим хизматининг тури, лицензияланаётган таълим йўналиши, амалга ошириладиган манзил, иш жойи телефони, факс;

лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияни қайта расмийлаштиришнинг асослари ва санаси;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси.


29. Лицензиялар реестридаги маълумотлар "Лицензия" ахборот тизимлари комплексидаги веб-сайтда жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.



9-БОБ. ДАВЛАТ БОЖИНИ УНДИРИШ ТАРТИБИ


30. Нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларга фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берганлик учун "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.

31. Тўланадиган давлат божи суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Ягона портал орқали электрон шаклда мурожаат қилинган тақдирда давлат божининг:

11,25 фоизи - "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУКнинг ваколатли банкдаги махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

22,5 фоизи - ахборот-коммуникация хизматларидан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун лицензияловчи органнинг ваколатли банкдаги махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилади;

б) давлат хизматлари марказларга ўзи келиб мурожаат қилинган тақдирда давлат божининг:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

20 фоизи - ахборот-коммуникация хизматларидан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун лицензияловчи органнинг ваколатли банкдаги махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилади.


10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


32. Мазкур Низомнинг қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.






Низомга

ИЛОВА



Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш

соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш

СХЕМАСИ

    

        

Босқичлар

Ижрочилар

Амалга ошириш механизми

Бажариш

муддати

1-босқич

Лицензия

даъвогари

Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасида лицензия олиш учун хужжатларни давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига юбориш.

Лицензия

даъвогарининг

хоҳишига кўра


2-босқич

Давлат хизматлари

марказлари ходимлари

ёки Ягона интерактив

давалат хизматлари

порталини юритиш

учун маъсул ходим

1. Лицензия бериш учун ариза ва рўйхатда кўрсатилган маълумотларни қабул қилиш. Лицензия даъвогарига ариза қабул қилинган сана қайд этилган рўйхатга олиш нусхасини бериш ёки лицензия даъвогарининг электрон манзилига юбориш.


2. Лицензия даъвогаридан қабул қилинган барча хужжатларни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси электрон манзилига юбориш.

Ариза қабул

қилинган куни


3-босқич

Таълим сифатини

назорат қилиш давлат

инспекцияси

1. Лицензия даъвогарининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини ўрганиш.


2. Электрон лицензияни рақамли имзо билан тасдиқлаб давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари порталига бориш.


3. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, лицензия даъвогарига рад этиш сабаблари ва лицензия талабгори уларни бартараф этган ҳолда қайта кўриб чиқиш учун ариза бериши мумкинибўлган муддат кўрсатилган билдиришнома юбориш.

Ариза қабул қилинган

вақтдан бошлаб

9 кун ичида



Ҳужжатлар

ўрганилгандан

сўнг 1 кун ичида



Ҳужжатлар

ўрганилгандан сўнг

1 кун ичида








  

4-босқич

Давлат хизматлари

марказлари ходимлари

ёки Ягона интерактив

давалат хизматлари

порталини юритиш

учун маъсул ходим

1. Лицензиатни банк ҳисобрақами реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати ҳақида хабардор қилиш.


2. Давлат божи тўлангандан сўнг лицензияни тақдим этиш.


Электрон лицензия

келиб тушган куни


Давлат божи

тўлангандан сўнг

1 кун ичида


               

    

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 29 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 2 апрель, 13-сон, 247-модда