язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Таълим. Маданият. Ноширлик фаолияти/ Диний таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.03.2004 й. 99-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 1 мартдаги

99-сон қарорига

1-ИЛОВА


Диний таълим муассасаларининг

фаолиятини лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом диний таълим муассасалари (диний ўқув юртлари)нинг фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) томонидан қабул қилинади.

3. Қўмитанинг ишчи органи функциясини унинг тегишли бўлинмаси (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) амалга оширади.

4. Фақат юридик шахслар лицензия талабгори бўлишлари мумкин.


5. Диний таълим соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.


6. Диний таълим соҳасида фаолиятни амалга оширишга лицензия чекланмаган муддатга берилади.


II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


7. Қуйидагилар диний таълим соҳасида фаолиятни амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш;

лицензия талабгорида лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш учун белгиланган талабларга жавоб берувчи мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан унга тегишли бўлган бинолар (хоналар) мавжуд бўлиши;

диний фанларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ўқув концепцияси, ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ўқитилиши;

вояга етмаган шахсларни уларнинг иродасига, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (васийлар)нинг хоҳишига хилоф равишда ўқитишга, таълим жараёнида уруш, зўравонлик, прозелитизм ва ҳар қандай миссионерлик фаолияти тарғиб қилинишига, мамлакат хавфсизлиги ва ижтимоий-сиёсий барқарорлик, жамиятнинг ҳуқуқий ва маънавий асослари, фуқаролар тинчлиги, миллатлараро ва динлараро тотувлик бузилишига, Ўзбекистон тўғрисида нотўғри ахборотлар тарқатилишига ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий бойликлари бузиб кўрсатилишига йўл қўймаслик;

диний таълим муассасаларида диний фанларнинг диний маълумотга ҳамда диний ташкилотларни бошқариш тегишли марказий органининг рухсатномасига эга бўлган шахслар томонидан ўқитилиши;

битирувчилари диний фанларни ўқитишга қўйилиши мумкин бўлган диний таълим муассасалари, шу жумладан хорижий диний таълим муассасалари рўйхатини ишчи орган билан келишиш;

диний фанларни ўқитаётган шахсларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган муддатларда даврий аттестациядан ўтказиш;

Ўзбекистон Республикасида белгиланган давлат таълим стандартлари ва талабларига мувофиқ дунёвий фанларни ўқитиш;

ўқув жараёнини таъминлаш учун зарур моддий маблағлар (ёки уларнинг аниқ манбалари) мавжуд бўлиши;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага, унинг талабига кўра, лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотлар бериш;

ўқув жараёнида чет элда нашр этилган, белгиланган тартибда экспертизадан ўтган диний адабиётдан фойдаланиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширишлар ўтказилганда лицензияни назорат органларига кўрсатиш.


8. Лицензия битимида ушбу Низомнинг 7-бандида санаб ўтилганлардан келиб чиқувчи аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.



III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


9. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами, лицензияланадиган фаолият тури кўрсатилган лицензия бериш тўғрисидаги ариза;

юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

диний ташкилотларни бошқариш марказий органининг илтимосномаси;

Қўмита томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича диний таълим муассасаси паспорти;

лицензияланадиган фаолият амалга ошириладиган бинолар (хоналар)га мулк ҳуқуқини ёки бошқа ашёвий ҳуқуқни, шунингдек кўрсатиб ўтилган бинолар (хоналар)нинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

мавжуд бинолар ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига ва санитария-гигиена нормаларига мувофиқлиги тўғрисида ёнғиндан сақлаш ва санитария-эпидемиология органларининг хулосалари;

ўқув концепцияси, ўқув режалари ва дастурлари;

ўқув жараёнини таъминлаш учун зарур бўлган моддий маблағлар (ёки уларнинг аниқ манбаи)нинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

битирувчилари диний фанларни ўқитишга қўйилиши мумкин бўлган диний таълим муассасалари, шу жумладан хорижий диний таълим муассасалари рўйхати;

диний фанларни ўқитувчи шахсларнинг диний маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларнинг ва мазкур фаолиятни амалга оширишга диний ташкилотларни бошқариш марказий органи рухсатномалари нусхаси;

ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.


10. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


11. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан ишчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар ишчи органнинг масъул шахси томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда лицензия талабгорига юборилади (топширилади).


12. Нотўғри ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



IV. АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


13. Лицензия талабгори аризаси кўриб чиқилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензиатнинг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси ишчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


14. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

Ишчи орган ариза олинган кундан бошлаб йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади ва улар бўйича эксперт хулосаси тайёрлайди ҳамда лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан тасдиқлаш учун Қўмитага таклиф тақдим этади.

Қўмита ишчи органнинг таклифи олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ҳамда қабул қилинган қарор протоколини тасдиқлайди. Қўмита томонидан қабул қилинган қарор протоколи Қўмита раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.

15. Ишчи орган тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун муддатда лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

Лицензия бериш тўғрисида қабул қилинган қарор тўғрисидаги билдиришнома билан бир вақтда лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия битими юборилади.

Лицензияловчи орган ва лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи лицензия битими ишчи орган билан лицензиат ўртасида тузилади, унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини ишчи орган томонидан назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.


16. Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензия бланкаси намунаси Қўмита томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади ва "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланади.

Лицензиялар ишчи орган томонидан расмийлаштирилади ва Қўмита раиси томонидан имзоланади.

17. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва лицензия битими имзолангандан кейин уч кун муддатда берилади.


18. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида ишчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса Қўмита лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

19. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори ишчи органнинг лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарори, шунингдек ишчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


20. Лицензия бериш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

21. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Бунда ишчи орган ҳужжатлар такроран тақдим этилгандан кейин етти кун мобайнида улар юзасидан эксперт хулосаси тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан тасдиқлаш учун Қўмитага таклиф тақдим этади.

Қўмита ишчи органнинг таклифи олингандан кейин уч кун муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор протоколини тасдиқлайди. Қўмита томонидан қабул қилинган қарор Қўмита раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.

Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



V. ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УЛАРНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


22. Лицензиат ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда ишчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида диний таълим соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

23. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


24. Лицензияни қайта расмийлаштиришда ишчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияларни қайта расмийлаштириш ишчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.


25. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза ишчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш ҳақидаги қарор лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади.


26. Амал қилиш муддати ўтмаган йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензия дубликати беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.



VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


27. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишчи орган томонидан амалга оширилади.


28. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда ишчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва лицензия битимлари шартларига риоя этилишини режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини режадан ташқари текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисида Қўмитага таклиф киритиш.

29. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда ишчи орган ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


30. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ишчи орган томонидан амалга оширилади.

Ишчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, ишчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.


31. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда Қўмита қарори бўйича амалга оширилади.

Қўмитанинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, Қўмита лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.

32. Лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда Қўмита қарорига кўра амалга оширилади.

Қўмитанинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, Қўмита лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.


VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


33. Ишчи орган лицензиялар реестрини юритади.

Реестрда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияларнинг амал қилиш муддати;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асоси ва санаси;

лицензияларни бекор қилишнинг асоси ва санаси;

дубликат бериш асоси ва санаси.


34. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.


IХ. ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


35. Диний таълим муассасаларига лицензия берилганлиги ва унинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Давлат божи республика бюджети даромадига ўтказилади.






Низомга

ИЛОВА



Диний таълим муассасаларининг

фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар




Субъектлар



Тадбирлар


Бажариш

муддатлари





1-босқич

Лицензия талабгори - юридик шахс

        

1. Диний таълим муассасаларининг фаолиятини  лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Комиссия ишчи органига (Дин ишлари бўйича қўмита) ҳужжатларни бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали тақдим этади.

          

Лицензия талабгори хоҳишига кўра































2-босқич

Ишчи орган

          

1. Ишчи органнинг масъул шахси ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

2. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва эксперт хулосаси тайёрлайди, лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор лойиҳаси билан Комиссияга киритади.

3. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан кейин ҳужжатлар такроран тақдим этилган  тақдирда ҳужжатларни кўриб чиқади ва хулоса тайёрлайди ва қарор протоколи лойиҳаси билан Комиссияга тасдиқлаш учун киритади.

           

1)- ҳужжатлар қабул қилинган кунда

2) - аризалар олингандан кейин 20 кундан ортиқ бўлмаган муддатда

3) - ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин 7 кун мобайнида































3-босқич



Комиссия

    

1.  Ишчи органнинг таклифларини кўриб чиқади ва Комиссия қарори протоколини тасдиқлайди.

2. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.

           

- ҳужжатлар олинган кундан бошлаб

10 кундан ортиқ бўлмаган муддатда;

- ҳужжатлар қайта тақдим этилган тақдирда  3 кун мобайнида































4-босқич

Ишчи орган

         

1. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади. Лицензия бериш тўғрисида қабул қилинган қарор тўғрисидаги билдиришнома билан бир вақтда лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия битими юборилади.

2. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).

3. Реестрга тегишли ёзувни ёзиб қўяди.

            

- тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида









































Лицензиат

      

Комиссиянинг ишчи органига лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

         


- лицензия талаб-горига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилин-ганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб уч ойдан кечикмай


































5-босқич

















Лицензия талабгори

        

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни қайта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

2. Лицензия талабгорларининг аризалари қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

        


- лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда




















6-босқич

Ишчи орган

      

1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда лицензия битими имзоланган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.

2. Расмийлаштирилган лицензия ишчи орган томонидан лицензиатга берилади.

        

1- лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин  1 кун муддатда

2 - лицензия имзолангандан кейин 1 кун муддатда



































7-босқич




Комиссия раиси



      

Ишчи орган томонидан расмийлаштирилган лицензияларни имзолайди.

 


Ишчи орган томонидан лицензиялар тақдим этилгандан кейин 1 кун муддатда














"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 9-сон, 106-модда.