язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Транспорт (автомобиль, темирйўл, ҳаво, дарё)/ Маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.04.2018 й. 278-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 9 апрелдаги

278-сон қарорига

1-ИЛОВА



Маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича

темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни

ташиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси деб аталади) томонидан амалга оширилади.


3. Аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйган ҳамда авария-қутқариш ва тиклаш ишларини амалга оширишни талаб этадиган табиий офатлар, эпидемиялар, йирик авариялар оқибатларини тугатиш ҳамда Ҳукумат қарорларига биноан мурувват юкларини етказиб бериш билан боғлиқ бўлган ташишларни амалга ошириш, шунингдек, "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасида назарда тутилган ташкилотларга маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия (кейинги ўринларда лицензия деб аталади) олиш талаб этилмайди.


4. Маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия олинган фаолият тури фақат лицензияни олган юридик шахс томонидан амалга оширилиши мумкин. Лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.


5. Маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра, лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг қуйидаги қисмларига берилади:

маҳаллий йўналишда йўловчилар ташиш;

халқаро йўналишда йўловчилар ташиш;

маҳаллий йўналишда юклар ташиш;

халқаро йўналишда юклар ташиш.


6. Лицензия амал қилиш муддати чекланмасдан берилади.

7. Маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ

ВА ШАРТЛАРИ


8. Қуйидагилар темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

қонун ҳужжатларига, шунингдек, юкларни ташиш қоидалари, темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багажларни ташиш қоидаларига ҳамда темир йўлда ташишлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасида техник тартибга солиш, темир йўл транспортининг ҳаракатланувчи таркиби, объектлари ва техник воситаларини сақлаш, таъмирлаш, уларга хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатларга мажбурий риоя қилиш;

ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган, темир йўлда ташишлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасида техник тартибга солиш, темир йўл транспортининг ҳаракатланувчи таркиби, объектлари ва техник воситаларини сақлаш, таъмирлаш, уларга хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва норматив ҳужжатларни билиш бўйича "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси томонидан белгиланган тартибда аттестациядан ўтган мансабдор шахсларнинг штатда мавжуд бўлиши;

локомотив, йўловчи ёки юк ташиш вагонининг тегишли темир йўл ҳаракатланувчи таркиби томонидан режали таъмирлаш турларидан ўтганлигини тасдиқловчи техник паспортининг (формуляри) мавжуд бўлиши;

темир йўлда ташишлар хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва экологияси, ҳаракатланувчи таркибни техник соз ҳолатда сақлаш, унинг бутлигини таъминлаш, техник кўрикдан ўтказиш, техника хавфсизлигини таъминлаш, локомотивни рейсдан олдин техник кўрикдан ва тегишли ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича талаблар ва нормаларнинг бажарилиши;

йўловчилар ва юкларни ташишда фойдаланиладиган ҳаракатланувчи таркибнинг, шунингдек, ходимларнинг темир йўл транспортида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши;

ҳаракатланувчи таркибнинг хизмат муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги зарур гувоҳномаларнинг, янгидан сотиб олинган ҳаракатланувчи таркиб учун сертификатларнинг, кириши йўлининг техник паспорти ҳамда кириш йўлида хизмат кўрсатиш, ҳаракатни ташкил этиш ва манёвр ишларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномаларнинг мавжуд бўлиши;

лицензияланадиган фаолиятнинг лицензияда кўрсатилган ҳаракат зонаси доирасида амалга оширилиши;

шартномалар тузишда - мижозларнинг талабига кўра ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширишлар ўтказиш пайтида - назорат қилувчи органларга лицензияни тақдим этиш;

"Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясининг талабига кўра лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида юзага келадиган масалалар бўйича зарур ахборотни унга тақдим этиш.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


9. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банкнинг номи ва юридик шахснинг банкдаги ҳисобрақами, юридик шахс амалга оширишни кўзлаётган фаолиятнинг лицензияланадиган тури (унинг бир қисми), шунингдек, аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган ҳолда ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда лицензия бериш тўғрисидаги ариза. Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия талабгорининг электрон манзили ҳам кўрсатилиши мумкин;

талабгорга мулк ҳуқуқи, бошқа ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномаси асосида тегишли бўлган ҳаракатланувчи таркибнинг ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги рўйхати;

темир йўл транспортида ташиш жараёнига жалб қилинган раҳбар ходимлар ва мутахассисларнинг ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шакл бўйича рўйхати;

темир йўл транспортида ташиш жараёнига, кириш йўлларининг, ҳаракатланувчи таркибнинг техник ҳолатига, тормоз бошмоқларининг сақланиши ва ҳисобини юритишга, ҳаракатланувчи таркибнинг ҳаракатланиш хавфсизлиги ва бутлигини таъминлашга масъул шахсларни тайинлаш тўғрисида юридик шахс раҳбарининг буйруғидан нусха;

аризани кўриб чиқиш учун белгиланган йиғимнинг лицензия талабгори томонидан тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (тўлов топшириқномасининг нусхаси).


10. Лицензия талабгоридан ушбу Низомнинг 9-бандида назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


11. Лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясига бевосита, почта алоқа воситалари ёки уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда Ягона портал деб аталади) орқали электрон шаклда тақдим этилади.

Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия талабгори электрон манзилининг кўрсатилиши унинг аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақидаги хабарномани электрон шаклда олишга розилиги ҳисобланади.

Лицензия олиш учун "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясига тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади ва рўйхатнинг нусхаси ариза берувчига ҳужжатлар белгиланган орган томонидан қабул қилинган сана қайд этилган ҳолда топширилади (юборилади).


12. Лицензия талабгори томонидан лицензия олиш учун тақдим қилинган зарур ҳужжатлар "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси уларнинг аксини тасдиқламагунича барча ҳолатларда ишончли ҳисобланади.

Ишончли бўлмаган ёки сохталаштирилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.


13. "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясига лицензиялаш учун бошқа ташкилотлар томонидан бериладиган ҳужжатларни олиш талаб қилинган ҳолатларда, лицензиялаш соддалаштирилган тартибда "ягона дарча" тамойили бўйича амалга оширилади ва бунда "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси кўрсатилган ҳужжатларни юридик шахснинг иштирокисиз мустақил равишда олади.



4-БОБ. АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ

РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


14. Лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун ариза берилган кунда қонунчиликда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия талабгорининг аризаси, шу жумладан Ягона портал орқали тақдим этилган аризалар кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясининг банк ҳисобрақамига ўтказилади.

Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


15. Лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб йигирма кундан ошмайдиган муддатда қабул қилинади.

16. Лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ва зарур ҳужжатларни (кўрик далолатномаси, техник, эксперт хулосалари ва бошқаларни) тайёрлаш "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясининг лицензиялашни ташкил қилиш бўлими (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.


17. Ишчи орган ҳужжатларни ариза олинган кундан бошлаб, ўн иш кунидан ошмайдиган муддатда кўриб чиқади, жойларга бориб лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларини бажариш имкониятини ўрганади, ўрганиш натижалари бўйича эксперт хулосасини тайёрлайди ва уни "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси раҳбарига (раҳбар бўлмаганда - унинг ўринбосарига) лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги баённома қарорининг тегишли лойиҳаси билан бирга тасдиқлаш учун тақдим этади.

"Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси раҳбари (раҳбар бўлмаганда - унинг ўринбосари) ишчи органнинг эксперт хулосаси олингандан сўнг беш иш кунидан ошмайдиган муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисидаги баённомани тасдиқлайди.

"Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясининг лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарори лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш учун асос ҳисобланади.

"Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати мобайнида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаган тақдирда кўрсатиб ўтилган ушбу муддат тамом бўлгандан кейин лицензия талабгори, бу ҳақда "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясини хабардор қилган ҳолда, аризада кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси лицензия талабгорининг ёзма билдиришномасини олгандан кейин беш иш куни мобайнида лицензия талабгорига лицензия беришга мажбур.

18. "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган кундан кейин уч иш куни мобайнида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисобрақамининг реквизитлари, давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади (топширилади).

Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этиш сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда, шу жумладан электрон шаклда ахборот тизими орқали юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

Лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар лицензия талабгори томонидан "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси билдиришномасида белгиланган муддатда бартараф этилган тақдирда, ҳужжатлар "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси томонидан лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан бошлаб беш иш кунидан ошмайдиган муддатда қайта кўриб чиқилади. Лицензия талабгорининг аризаси қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада аввал кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

"Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича лицензия бериш рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясининг лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарори, шунингдек, мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


19. Лицензия талабгори томонидан лицензия беришни рад этиш ҳақидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин тақдим этилган ариза янги берилган деб ҳисобланади.


20. Лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясига лицензия бериш учун давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёки лицензия битимини имзоламаса, "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси мазкур лицензияни бекор қилиш ҳуқуқига эга.


21. Лицензияловчи орган билан лицензиат ўртасидаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи лицензия битими "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси билан лицензиат ўртасида тузилади ва қуйидагиларни ўз ичига олган бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган аниқ фаолият турининг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

"Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси томонидан лицензиатнинг лицензия битими талаблари ва шартларини бажаришини назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси учун бир нусхадан тузилади.


22. Лицензия махсус бланкада расмийлаштирилади. Лицензия бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжат ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланиш даражасига эга бўлади. Лицензия бланкасининг намунаси "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси томонидан ишлаб чиқилади ва "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида босмахона усулида тайёрланади. Лицензиялар бланкаларининг ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси раҳбари жавоб беради.


23. Лицензиялар лицензия талабгори давлат божи тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганидан ва лицензия битимини имзолаганидан кейин икки кун муддатда "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси томонидан расмийлаштирилади ва берилади.

Лицензиялар "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясининг бошлиғи (раҳбар бўлмаганда - унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА ДУБЛИКАТ БЕРИШ

24. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясига кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Янги ташкил этилган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган санада бир хил турдаги лицензияланган фаолиятни амалга ошириш лицензиясига эга бўлган лицензиатлар - юридик шахслар қўшилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Лицензиянинг лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун амал қилиши тўхтатилганда лицензия қайта расмийлаштирилади.


25. Лицензия қайта расмийлаштирилгунига қадар лицензиат унда белгиланган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


26. Лицензия қайта расмийлаштирилганда "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.

Лицензиялар "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси томонидан қайта расмийлаштириш тўғрисида тегишли ҳужжатлар илова қилинган ариза олинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида қайта расмийлаштирилади.

Лицензия қайта расмийлаштирилганда, лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясининг банк ҳисобрақамига ўтказилади.

28. Йўқотиб қўйилган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилади.

Лицензия дубликатларини беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА

ШАРТЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


29. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.


30. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишда "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

лицензиатнинг лицензия талаблари ва шартларига риоя этишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширувдан ўтказиш пайтида юзага келувчи масалалар бўйича лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларини бажариш имкониятини жойига бориб ўрганиш;

текширишлар натижалари асосида лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилиш ҳолатларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган камчиликларни бартараф этиш мажбуриятини юклайдиган қарорлар чиқариш ва бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан темир йўл транспорти соҳасида йўловчилар ва юкларни ташиш фаолияти лицензиясиз амалга оширилган ҳолатлар аниқлангани тўғрисидаги материалларни солиқ органларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриш учун белгиланган тартибда юбориш.

"Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


31. Назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз ваколатлари доирасида лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларини бузиш ҳолатлари аниқлаганда "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясига аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар беради.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ

ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ,

ТЎХТАТИШ, ЛИЦЕНЗИЯНИ

БЕКОР ҚИЛИШ


32. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки уни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22, 23 ва 24-моддаларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.


33. Амал қилиш муддати тўхтатиб турилган ёки тўхтатилган лицензиялар, шунингдек, бекор қилинган лицензиялар тўғрисидаги маълумотлар "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси томонидан тегишли ахборот ресурсларига киритилади.


34. Қуйидаги ҳолатлар лицензиянинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиш учун асос бўладиган лицензия талаблари ва шартларининг қўпол бузилиши ҳисобланади:

лицензиат томонидан темир йўлда ташишлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасида техник тартибга солиш, темир йўл транспортининг ҳаракатланувчи таркиби, объектлари ва техник воситаларини сақлаш, таъмирлаш, уларга хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатлар талабларининг мунтазам (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ) бузилиши;

темир йўл транспортида ташишлар жараёни билан боғлиқ ишларнинг тегишли йўналишлари бўйича олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумоти тўғрисидаги дипломга эга бўлмаган мутахассислар томонидан амалга оширилиши;

лицензияни олишда қалбаки ҳужжатлардан фойдаланилгани тўғрисидаги далилларнинг аниқланиши.


35. "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясининг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки уни бекор қилиш асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


36. "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси лицензиялар реестрини юритади.

Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

умуман фаолият турига ёки унинг бир қисмига лицензия бериш тўғрисидаги маълумотлар;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асоси ва санаси;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилиш асослари ва санаси;

дубликат беришнинг асослари ва санаси.


37. Лицензиялар реестридаги мавжуд маълумот "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.


9-БОБ. ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


38. Темир йўл транспортида йўловчилар ва юкларни ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензиялар берилгани учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорларда давлат божи ундирилади.

Лицензиялар берилганлиги учун давлат божи маблағлари Транспорт вазирлигининг махсус ғазначилик ҳисобварағига ўтказилади ва қуйидаги тарзда тақсимланади:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармасига;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига - 80 фоиз.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


39. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл

транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни

ташиш фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

                 

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари





































1-босқич

Лицензия талабгори -

юридик шахс

  

1. Лицензия олиш учун аризани ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни тайёрлайди.


2. "Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясига ариза ва ҳужжатларни бевосита, почта алоқа воситалари ёки улурнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан Ягона портал орқали электрон шаклда тақдим этади.

  

лицензия талабгори ҳоҳишига кўра

2-босқич

"Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияснинг

лицензиялашни ташкил

этиш бўлими (ишчи орган)

1. Ариза ва ҳужжатларни рўйҳат бўйича қабул қилади. ва унинг нусҳасини ҳужжатлар қабул қилиб олинган санани кўрсатган ҳолда ариза берувчига юборади (топширади).

ҳужжатлар қабул қилинган кунда


2. Жойига бориб, лицензияланаётган фаолият турини амалга ошириш учун шароитлар мувофиқлигини экспертизадан ўтказади (текширади), текширув натижалари бўйича шароитларнинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ ёки номувофиқлиги юзасидан эксперт хулосасини ҳамда лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор баённомаснинг лойиҳасини тайёрлайди ва уларни "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси рахбарига кўриб чиқиш учун киритади.

"Ўздавтемирйўлназорат" инспекциясига ариза келиб тушган кундан эътиборан 10 иш куни мобайнида

3. Илгари лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан кейин лицензия талабгори томонидан ҳужжатлар қайта тақдим этилган тақдирда, ҳужжатларни кўриб чиқади ва эксперт ҳулосасини тайёрлайди.

ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин 5 иш куни мобайнида

3-босқич

"Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси рахбари

 

Рахбар ишчи органнинг эксперт ҳулосасини  кўриб чиқади ва баённомани унда лицензия беришни ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни кўрсатган ҳолда тасдиқлайди.

  

эксперт ҳулосаси тақдим этилагандан кейин 5 иш куни (қайта кўриб чиқилаётганда 3 иш куни мобайнида)

4-босқич

"Ўздавтемирйўлназорат"

инспекцияси

  

1. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади. Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилингани тўғрисидаги хабарнома билан бир вақтнинг ўзида лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия шартномаси юборилади.


2. Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ҳолларда рад этиш тўғрисидаги хабарнома лицензия  талабгорига рад этишнинг аниқ сабабларини ҳамда лицензия талабгори томонидан кўрсатилган сабаблар бартараф этилиб, ҳужжатлар қайта кўриб чиқиш учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

  

тегишли қарор қабул қилинганидан кейин 3 иш куни мобайнида







5-босқич

Лицензия талабгори

1. Лицензия бериш учун давлат божини тўлайди ва лицензия битимини имзолайди.

лицензиатга лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) пайтдан уч ойдан

кечикмасдан

2. Лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларнинг қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга.

лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада белгиланган муддатда

6-босқич

"Ўздавтемирйўлназорат"

инспекцияси

  

1. Лицензия талабгори давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиб, лицензия битимини имзолаганидан кейин лицензия бланкасини  расмийлаштиради ва лицензия реестрига тегишли ёзувларни киритади.


2. Лицензиатга тегишли лицензияни беради.

  

лицензия битими имзоланиб, давлат божи тўлаганидан кейин икки кун муддатда

       





Низомга

2-ИЛОВА



НАМУНА


Лицензия бериш тўғрисида

АРИЗА

    

1. Юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли:


   

2. Юридик шахснинг жойлашган жойи (почта манзили):

     

Индекси:


           

Телефон рақами


факс:


электрон манзили


        

3. Банк номи ва банк реквизитлари:

   

Юридик шахснинг банк ҳисобрақамлари


   

МФО


СТИР


ОКНХ


       

4. Юридик шахс амалга оширишни кўзлаётган фаолият тури (унинг қисми)

 

         

5. Аризага илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати:





    

(Маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 9-банди талабларига мувофиқ)

 

    

Ариза берувчи ташкилот раҳбари





(имзо)


(Ф.И.О.)





Низомга

3-ИЛОВА



НАМУНА



________________________________________________________________ нинг

(юридик шахс номи)


мулк ҳуқуқи, бошқа ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномаси

асосида тегишли бўлган ҳаракатланувчи таркибнинг

РЎЙХАТИ

    

1. Вагонлар:












Т/р

Мулкчилик шакли (шахсий,

ижарага олинган ёки бошқа

ашёвий ҳуқуқ асосида)

Вагон тури

Вагон

рақами

Ишлаб чиқарилган йили

Охирги таъмирлаш санаси,

амалга оширилган жойи

ТМ

ТЖ

1







2







3







...







2. Тепловозлар:












Т/р

Мулкчилик шакли (шахсий,

ижарага олинган ёки бошқа

ашёвий ҳуқуқ асосида)

Тепловоз

серияси

Тепловоз

рақами

Ишлаб чиқарилган йил

Охирги таъмирлаш санаси,

амалга оширилган жойи

ТМ

ТЖ

1







2







3







...







     

         

Ариза берувчи ташкилот раҳбари





(имзо)


(Ф.И.О.)





Низомга

4-ИЛОВА



НАМУНА



Темир йўл транспортида ташиш жараёнига жалб

қилинган раҳбарлар ва мутахассислар

РЎЙХАТИ

     

______________________________________________________________

(юридик шахс номи)

     

Т/р

Ф.И.О.

Лавозими

Маълумоти, қайси ўқув муассасасини

тугатган ва тугатган йили

Мазкур лавозимдаги

иш стажи

1.





2.





3.





...





     

Изоҳ. Ушбу рўйхатга локомотив бригадаси ходимининг (машинист ва машинист ёрдамчиси) юк тортувчи ҳаракатланувчи таркибни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномасининг нусхаси ҳам илова қилиниши лозим.


       

Ариза берувчи ташкилот раҳбари





(имзо)


(Ф.И.О.)


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 9 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 16 апрель, 15-сон, 311-модда