язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Матбаа-нашриёт фаолияти/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.05.2018 й. 335-сон "Болалар ва ўсмирлар адабиётини нашр этиш тизимини янада такомиллаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.05.2018 й.

N 335




БОЛАЛАР ВА ЎСМИРЛАР АДАБИЁТИНИ НАШР

ЭТИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ВА ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Мамлакатимизда китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилган сиёсатни изчил давом эттириш, болалар ва ўсмирлар адабиётини нашр этиш тизимини такомиллаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, болалар ва ўсмирларнинг маънавий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топиши, адабиётга қизиқишини, китобга ҳурматини ошириш, китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018-2022 йилларда болалар ва ўсмирлар адабиётини нашр этиш тизимини янада такомиллаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини икки ой муддатда ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш;

болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган китобларни нашр қилишга ихтисослаштирилган нашриётларни аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

болалар ва ўсмирлар дунёқарашини кенгайтириш, уларни эртанги куннинг чинакам қаҳрамонлари сифатида тарбиялашга қаратилган асарлар яратилишини рағбатлантириб бориш;

яратилаётган янги асарларни мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида кенг тарғиб қилиш мақсадида ушбу асарлар муаллифлари иштирокида мунтазам ижодий учрашувлар ташкил этиш;

болалар ва ўсмирлар мавзусида ижод қилаётган адибларга "Ижод" жамоат фонди маблағлари ҳисобидан аниқ ижтимоий буюртмалар бериш тизимини такомиллаштириш;

болалар ва ўсмирлар мавзусида ижод қиладиган ёш адиб ва шоирларни тарбиялаш, уларнинг ижод намуналарини чоп этиб бориш.


2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда:

умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасалари учун болалар ва ўсмирларга мўлжалланган китобларни нашр этиш квоталари ўқувчилар (тарбияланувчилар) сони ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда белгиланишини;

квоталар асосида болалар дунёқарашини кенгайтиришга, уларнинг маънавий, интеллектуал оламини бойитишга қаратилган, болалар психологиясига мос адабиётларнинг босқичма-босқич чоп этилишини таъминласин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

а) Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги белгиланган квоталарга асосан ҳар йили чоп этиладиган болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган китобларнинг оригинал макетларини ишлаб чиқиш ва тайёрлаш учун тегишли ташкилотни энг мақбул таклифлар асосида аниқлайди;

б) умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг кутубхоналарини юқори сифат билан чоп этилган болалар ва ўсмирларга мўлжалланган китоблар билан таъминлаш учун харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланади:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги, уларнинг тизимидаги муассасаларга ушбу мақсадлар учун ажратилган бюджет маблағлари, шунингдек, ушбу ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари.


4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда икки ой муддатда:

2018-2019 ўқув йилидан бошлаб, болалар ва ўсмирлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш ва мутолаа кўникмаларини ошириш мақсадида болалар ва ўсмирлар ўқиши зарур бўлган адабиётлар рўйхатини шакллантирсин;

умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларида ҳар ойнинг охирги шанба кунини "Иншолар куни" деб эълон қилган ҳолда, ўқувчи ва талабалар ўртасида ўзлари ўқиган китоблар бўйича иншолар танловини ташкил этиш ҳамда уларни рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқсин.


5. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг нашриёт-матбаа ижодий уйлари, "Шарқ" нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия қилинадиган болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган адабиётларни арзон нархларда чоп этиш чораларини кўрсин.


6. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ёшлар иттифоқи ва "Шарқ" нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясига ўз тизимидаги китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан ҳудудларга китобларни етказиш билан боғлиқ харажатларни ҳисоб-китоб қилишда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган китоблар нархининг асоссиз равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик чораларини кўриш тавсия этилсин.


7. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун ва моҳияти юзасидан аҳоли ва китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб борсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Л.Х. Тангриев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                        А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 4 май