язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.06.2018 й. ПҚ-3774-сон "Навоий" эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш ва Навоий вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.06.2018 й.

N ПҚ-3774



"НАВОИЙ" ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИ

ФАОЛИЯТИНИ КЕНГАЙТИРИШ ВА НАВОИЙ

ВИЛОЯТИДА КИЧИК САНОАТ ЗОНАЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Давлат мулки бўлган объектлар ва ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш, инвестицияларни фаол жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, рақобатбардош янги замонавий ишлаб чиқаришлар ва кичик корхоналарни ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, уларни муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси ташкил этилган алоҳида ҳудудларда жойлаштиришни таъминлаш ва шу аснода ишлаб чиқариш соҳасида янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолининг бандлик ва фаровонлик даражасини ошириш мақсадида:


1. Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:

фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини 1-иловага мувофиқ "Навоий" эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда - ЭИЗ деб аталади) ҳудудига киритиш;

фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида 2-иловага мувофиқ Навоий вилоятида кичик саноат зоналарини (кейинги ўринларда - КСЗ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор давлат бошқаруви органлари билан биргаликда фойдаланилмаётган тегишли ишлаб чиқариш майдонлари ва давлат мулки объектларини ушбу қарорнинг 2-иловасига мувофиқ бир ой муддатда Навоий вилояти ҳокимлигига белгиланган тартибда ўтказилишини таъминласин.


3. Белгилансинки:

КСЗ ҳудудидаги давлат кўчмас мулки тадбиркорлик субъектларига бизнес-режаларни бажариш, иш ўринларини яратиш ва сақлаш, барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш шарти билан кейинчалик мулк ҳуқуқи тақдим этилган ҳолда 10 йиллик узоқ муддатли ижарага берилади;

КСЗ ҳудудидаги кўчмас давлат мулкидан ижара даврида фойдаланиш учун ижарага олинган майдонда амалга оширилаётган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда ортиб борадиган коэффициентни қўлламасдан ижара тўловининг энг кам ставкаси белгиланади;

КСЗ иштирокчиларига инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиб бериш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 25 октябрдаги ПҚ-3356-сон қарори билан ташкил этилган Навоий вилояти Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши томонидан қабул қилинади.


4. Навоий вилояти Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши бир ой муддатда КСЗ дирекциясини ташкил этиш чораларини кўрсин.


5. Белгилансинки, КСЗ дирекцияси ва иштирокчиларига 2020 йилнинг 1 февралига қадар улар эгаллаб турган майдондан келиб чиққан ҳолда ҳисобланадиган ер солиғининг белгиланган энг кам миқдоридан - уч баравардан кам бўлмаган ягона солиқ тўлови бўйича қонунчиликда назарда тутилган талаблар татбиқ этилмайди.


6. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси КСЗ ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун тижорат банклари орқали 50 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари икки ой муддатда белгиланган тартибда очилишини таъминласин.


7. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит линияси маблағлари импорт ускуналар ва уларга бутловчи қисмлар харид қилиш учун ажратилади;

кредитларни сўндириш унинг жадвалига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг кредитни узиш кунидаги курси бўйича миллий валютада амалга оширилиши мумкин.


8. Навоий вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ билан биргаликда икки ой муддатда Навоий вилояти КСЗларини муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш юзасидан таклифларни уларни молиялаштириш манбалари кўрсатилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Навоий вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари билан биргаликда белгиланган тартибда:

Навоий вилояти иқтисодиётининг талаб-эҳтиёжлари, шунингдек, мавжуд минерал-хомашё, қишлоқ хўжалиги ресурсларини ва инфратузилмани инобатга олган ҳолда, Навоий вилояти КСЗлари ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича икки ой муддатда аниқ таклифлар - "йўл хариталари" ишлаб чиқилишини;

Навоий вилояти КСЗлари ҳудудида ўзлаштириш учун таклиф қилинаётган импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турлари тўғрисидаги маълумотларнинг тадбиркорлик субъектларига етказилишини;

КСЗлар ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларини жалб этиш, улар билан тизимли ишлар олиб бориш, шунингдек, Навоий вилояти КСЗлари ҳудудида ишлаб чиқаришларни жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомалари сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишини;

Навоий вилояти КСЗлари ҳудудида ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режаларини ишлаб чиқишда тадбиркорлик субъектларига кўмаклашишни таъминласинлар.

Амалга оширилган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига 2018 йил 15 июль ва 2019 йил 15 январга қадар ахборот берилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов, Иқтисодиёт вазири Б.А. Ходжаев ва Навоий вилояти ҳокими К.Б. Турсунов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 5 июндаги

ПҚ-3774-сонли қарорига

1-ИЛОВА



"Навоий" эркин иқтисодий зонаси ҳудудига киритилаётган

фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг

РЎЙХАТИ

       

N

Объектнинг номи

Жойлашган манзили

Ҳудуди (га)*

Бино ва нншоотлар майдони

(кв.м)

1

Собиқ "УПП" АЖга қарашли ишлаб чиқариш базасининг бино ва иншоотлари

Навоий шаҳри,

С.Айний кўчаси,

27-уй

34,1

42 199,7

2

Собиқ "УПП" АЖга қарашли қурилиш материаллари заводининг бино ва иншоотлари

Навоий шаҳри,

С.Айний кўчаси,

27-уй

23,0

49 323,0

3

Собиқ "Автотрансстрой-механизация" АЖнинг бино ва иншоотлари

Навоий шаҳри,

С.Айний кўчаси,

69-уй

24,3

83 200,0

Жами:

81,4

174 722,7

              

*) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари билан биргаликда аниқланади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 5 июндаги

ПҚ-3774-сонли қарорига

2-ИЛОВА



Навоий вилоятида фойдаланилмаётган давлат мулки

объектлари негизида ташкил этилаётган кичик

саноат зоналарининг

РЎЙХАТИ

        

N

Ташкил этилаётган

КСЗнинг номи

Объектнинг номи

Ҳудуди (га)*

Бино ва

нншоотлар

майдони

(кв.м)

1

Зарафшон шаҳар КСЗ

Зарафшон 18-дала қидирув экспедицияси

бино ва иншоотлари

0,8

1 013,5

2

Навоий шаҳар КСЗ

Собиқ нон комбинатининг бино ва иншоотлари

1,2

4 352,9

3

Кармана тумани КСЗ

Вино ишлаб чиқариш пунктининг

бино ва иншоотлари

1,2

1 516,4

4

Хатирчи тумани КСЗ

"Мустақиллик" МФЙ ҳудудидаги

фойдаланилмаётган ер майдони

35,0

-

Жами:

38,2

6 882,8

         

*) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия. картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари билан биргаликда аниқланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 11 июнь, 23-сон, 473-модда