язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Матбаа-нашриёт фаолияти/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.05.2018 й. 376-сон "Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш ва нашр этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.05.2018 й.

N 376




ЖАҲОН АДАБИЁТИНИНГ ЭНГ САРА

НАМУНАЛАРИНИ ЎЗБЕК ТИЛИГА ҲАМДА

ЎЗБЕК АДАБИЁТИ ДУРДОНАЛАРИНИ ЧЕТ

ТИЛЛАРИГА ТАРЖИМА ҚИЛИШ ВА НАШР

ЭТИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида" 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3271-сон ҳамда "Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3652-сон қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш бўйича давлат буюртмаси бериш тизимининг аниқ механизмини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2018 йилдан бошлаб ҳар йили:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда келгуси йил учун жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш ва нашр этиш режалаштирилган адабиётлар рўйхати ҳамда уларнинг адади бўйича таклифларни 2018 йилда 15 июнгача, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили 1 апрелгача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига тақдим этади;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида тузилган махсус комиссия ҳар йили 1 июнгача Республика Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда келгуси йилда таржима қилиниши ва нашр этилиши режалаштирилаётган жаҳон адабиётининг энг сара намуналари ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарининг мазмуни ва ғоясини ўрганиб чиқиб, уларни нашр этишга тавсия этади;

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ёзувчилар уюшмасининг тавсияси асосида жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш юзасидан давлат буюртмасини шакллантиради ҳамда ҳар йили 1 июлгача тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.


2. Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш бўйича давлат буюртмаси бериш схемаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки, ушбу қарорнинг 1-бандида назарда тутилган давлат буюртмаси қуйидаги мезонларга асосан шакллантирилади:

аҳоли, айниқса‚ ёшларнинг интеллектуал савиясини ўстиришга хизмат қиладиган юксак инсоний фазилатларни улуғлайдиган, одоб-ахлоққа чақирадиган жаҳон адабиётининг бадиий жиҳатдан етук энг сара намуналарига бўлган талабни ўрганиш;

халқимизнинг, айниқса, ёш авлоднинг маънавияти юксалиши, миллий тафаккури ривожланиши учун маънавий муҳит яратиш;

хорижий давлатлар нашриётлари, таҳририятлари, таниқли чет эл адабиёти намояндалари билан ижодий алоқалар ўрнатиш ўқувчиларни хориж адабиётининг ёрқин намуналари билан яқиндан таништириб бориш;

жаҳон адабиётидаги жараёнларни холис ва ҳаққоний таҳлил қилиш орқали ўзбек адабиётини янги ижодий тажрибалар билан бойитиб бориш;

ўзбек ва жаҳон адабиёти намояндаларининг ҳамкорлигини кучайтириш, халқлар ўртасида дўстлик ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш.


4. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик институти билан ҳамкорликда таржима ишларига малакали таржимон-ёзувчилар ҳамда мутахассислар белгиланган тартибда жалб этилишини таъминлаш тавсия этилсин.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда ўзбек тилига таржима қилинган жаҳон адабиётининг энг сара намуналари ҳамда чет тилларига таржима қилинган ўзбек адабиёти дурдоналарини хатловдан ўтказсин ва келгуси беш йилда таржима қилинадиган асарлар рўйхатини шакллантирсин.


5. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган давлат буюртмалари белгиланган тартибда юқори сифатда нашр этилишини;

нашр этилган адабиётлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тақсимот бўйича вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларга тарқатилишини таъминласин.


6. Белгилаб қўйилсинки:

а) таржима қилиниши ва нашр этилиши режалаштирилаётган асарлар ушбу асарлар муаллифлари ёки муаллиф ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг розилигини олган ҳолда таржима қилинади ва нашр этилади;

б) қуйидагилар:

жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш билан боғлиқ ҳаражатлар манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг ушбу мақсадлар учун бюджетдан ажратиладиган маблағлари доирасида ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига;

очиқ савдо учун чиқариладиган адабиётларни нашр этиш ҳаражатлари китоб савдоси ташкилотлари ҳамда нашриётларнинг ўз маблағлари ҳисобига қопланади.


7. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ўзбек тилида янги нашр этилган жаҳон адабиётининг энг сара намуналари ҳамда чет тилларига таржима қилинган ўзбек адабиёти дурдоналари ҳақида оммавий ахборот воситаларида туркум мақолалар эълон қилиш, эшиттиришлар ва кўрсатувлар тайёрлаш тавсия этилсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Х. Тангриев зиммасига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ҳамда Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментларига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                             А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 18 майдаги

376-сон қарорига

ИЛОВА



Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини

ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини

чет тилларига таржима қилиш бўйича

давлат буюртмаси бериш

СХЕМАСИ

   

Босқич

Чора-тадбирлар номи

Маъсул вазирликлар ва идоралар

Бажариш муддати







1-босқич

Жахон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш ва нашр этиш режалаштирилган адабиётлар рўйхати ҳамда уларнинг адади бўйича таклифларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига тақдим этиш.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Халқ таълими вазирлиги,

Мактабгача таълим вазирлиги,

Фанлар академияси,

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, бошқа

манфаатдор вазирликлар ва идоралар

Ҳар йили

1 апрелгача





2-босқич

Таржима қилиниши ва нашр этилиши режалаштирилаётган жаҳон адабиётининг энг сара намуналари ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарининг мазмун ва ғоясини ўрганиб чиқиб, уларни нашр этишга тавсия этиш.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси,

Республика Маънавият

ва маърифат маркази

Ҳар йили

1 июнгача

3-босқич

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тавсияси асосида жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш юзасидан давлат буюртмасини шакллантириш ҳамда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Ўзбекистон Матбуот

ва ахборот агентлиги

Ҳар йили

1 июлгача







4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган давлат буюртмаси берилган асаралар белгиланган тартибда юқори сифатда нашр этилиши ҳамда нашр этилган адабиётлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тақсимот бўйича вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларга тарқатилишини таъминлаш.

Ўзбекистон Матбуот

ва ахборот агентлиги


Доимий

равишда





  

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 22 май