язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Монополияга қарши сиёсат. Табиий монополиялар/ Монополист корхоналар нархларини тартибга солиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.03.2018 й. 249-сон "Товар бозорларида монополияга қарши тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.03.2018 й.

N 249



ТОВАР БОЗОРЛАРИДА

МОНОПОЛИЯГА ҚАРШИ ТАРТИБГА

СОЛИШНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёқилғи-энергетика ресурслари ҳамда бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар билан таъминлаш борасида рақобат муҳитини такомиллаштириш, суиистеъмолчиликлар ва талон-тарожликлар шароитини тугатиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сон қарорини ижро этиш, шунингдек, монопол маҳсулотлар рўйхати ва турларини тубдан қисқартириш, монополияга қарши тартибга солишнинг халқаро принципларига ўтишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Товар бозорида сотиладиган товарларнинг (ишлар, хизматларнинг) монопол юқори ва монопол паст нархларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилаб қўйилсин, нархларни давлат томонидан тартибга солиш (декларация қилиш, тасдиқлаш, қатъий белгиланган ёки чекланган нархларни (тарифларни) ўрнатиш, тартибга солувчи коэффициент, устама ва рентабелликнинг чегараланган даражаси ва нархни тартибга солишнинг бошқа усуллари) фақат:

ушбу қарорга 2-иловада келтирилган товарларга (хизматларга);

табиий монополия шароитларида ишлаб чиқариладиган товарларга (кўрсатиладиган хизматларга);

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида нархларини (тарифларини) тартибга солиш назарда тутилган товарларга (хизматларга) нисбатан амалга оширилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов ва Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Р.А. Ғуломов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                          А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 30 мартдаги

249-сон қарорига

2-ИЛОВА



Нархлари (тарифлари) давлат томонидан

тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли

товарлар (хизматлар) ва уларнинг

стратегик турлари

РЎЙХАТИ


1. "Ўздонмаҳсулот" АЖ корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган ун.


2. Қолипли нон (чакана нарх).

4. Ижтимоий муҳим дори воситалари ва тиббий буюмлар (махсус тасдиқланадиган рўйхат бўйича).


5. Турмушда истеъмол қилинадиган сиқилган газ ва "Ўзтрансгаз" АЖ ва/ёки унинг ҳудудий бўлинмалари орқали сотиладиган табиий газ.


6. Аҳолига ҳамда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича бюджет ташкилотлари ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчаларига сотиладиган автомобиль бензини (Аи-80 ва Аи-91 маркалари).


7. Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича бюджет ташкилотларига, давлат буюртмаси бўйича пахта хомашёси ва дон етиштирадиган фермер хўжаликлари, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, "Тошшаҳартрансхизмат" АЖга, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиш бўйича давлат корхоналарига сотиладиган, шунингдек, бошқа истеъмолчиларга чакана нархда сотиладиган дизель ёнилғиси.


8. Пахта маҳсулоти (пахта хомашёси, пахта толаси, техник уруғлик).

10. Этил спирти.


11. Дон (харид нархлари).


12. Минерал ўғитлар.


13. Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича аҳолига, бюджет ташкилотларига ва "Ўзбекэнерго" АЖ корхоналарига, шу жумладан, "Ўзбекистон темир йўллари"АЖ "Темирйўлёнилғитаъмин" бошқармалари орқали сотиладиган кўмир.


14. "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида махсус ҳимоя даражасига эга бўлган қоғоздан тайёрланадиган маҳсулотлар (қимматли қоғозлар, паспорт, ҳаракатланиш ҳужжати ва шу кабилар).


15. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни ташиш хизматлари.


16. Шаҳар йўловчи ташиш транспортида йўловчиларни ташиш хизматлари (йўналишли ва линияли таксилардан ташқари).


17. Телевизион, радио эшиттириш дастурларини узатиш, йўлдош алоқа орқали теле ва радио дастурларни қайта узатиш хизматлари, радиоалоқа хизматлари.


18. Грифланган пакетларни (жўнатмалар, посилкаларни) жўнатиш.


19. Маълумотларни халқаро етказиш хизматлари ва халқаро каналларнинг ижараси.


20. Хўжалик субъектларининг пул маблағлари инкассацияси ва пул маблағлари ва бошқа қимматликларни банклараро ташиш хизматлари.


21. "Ўзбекистон товар-хомашё биржаси" АЖ томонидан кўрсатиладиган биржа хизматлари (биржа битимлари, ҳисоб-клиринг ва ахборот операцииялари, савдоларни ўтказиш ва шу кабилар).


22. Умумий ўрта таълим муассасаларига тегишли умумтаълим фанлари бўйича дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этиш хизматлари (Халқ таълими вазирлигининг махсус тасдиқланадиган рўйхати бўйича).

23. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг "Ўқув таълим-таъминот" давлат унитар корхонаси томонидан кўрсатиладиган хизматлар.

Изоҳ. Ушбу рўйхатга қуйидаги мезонларга жавоб берадиган товарлар (хизматлар) киритилган:

товарларнинг (хизматларнинг) истеъмолчилар ўртасида харидоргирлиги;

товарларни ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) аниқ ташкилотларга юклангани;

алоҳида товарларни ишлаб чиқаришга давлат монополияси ўрнатилгани;

товарлар (хизматлар)нинг нархи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ тартибга солинади.






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 30 мартдаги

249-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартиришлар


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 й., 10-сон, 53-модда):


а) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"1. Белгилансинки:

Табиий монополиялар субъектлари давлат реестрига киритилган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқариладиган;

ижтимоий аҳамиятли ва стратегик ҳисобланган, нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган, хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқариладиган;

нархларни тартибга солиш органи томонидан уларни тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган товарларга (ишларга, хизматларга) (кейинги ўринларда товарлар деб аталади) нархлар (тарифлар) давлат томонидан тартибга солинади";


б) 1-иловада:


1-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"1. Ушбу Низом хўжалик юритувчи субъектлар, монополист корхоналар, табиий монополиялар субъектларининг товарларига (ишларига, хизматларига) (кейинги ўринларда товарлар деб аталади) нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ҳамда уларнинг қўлланилиши устидан давлат назорати тартибини белгилайди";


4-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"4. Ушбу Низом:

табиий монополиялар субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган;

нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солиниши керак бўлган ижтимоий аҳамиятли ва стратегик ҳисобланган;

нархларни тартибга солиш органи томонидан уларни тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган товарларга нархларни (тарифларни) шакллантиришда ва декларация қилишда (белгилаш, тасдиқлашда) қўлланилади";


5-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"5. Нархларни давлат томонидан тартибга солиш:

нархларни тартибга солиш органи ва ўз ваколатлари доирасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли ва стратегик товарларга қатъий белгиланган ёки чекланган нархларни (тарифларни) белгилаш;

ижтимоий аҳамиятли ва стратегик ҳисобланган, уларга нархлар (тарифлар) давлат томонидан тартибга солинадиган, монополист корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган товарларга нархларни (тарифларни) ёки уларнинг чекланган даражаларини, тартибга солувчи коэффициентни, устама ёки чекланган рентабелликни декларация қилиш (кейинги ўринларда товарларга нархларни (тарифларни) декларация қилиш деб аталади);

табиий монополиялар субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган товарларга нархларни тартибга солиш органи томонидан нархларни (тарифларни) ёки уларнинг чекланган даражаларини тартибга солувчи коэффициентни, устама ёки чекланган рентабелликни тасдиқлаш (кейинги ўринларда нархларни (тарифларни) тасдиқлаш деб аталади);

нархларни тартибга солиш органи билан келишиш ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ алоҳида товарларга қатъий белгиланган ёки чекланган нархларни (тарифларни) ва устамаларни белгилаш йўли билан амалга оширилади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ нархларни (тарифларни) давлат томонидан тартибга солишнинг бошқа усуллари ҳам қўлланилиши мумкин.

Қолган товарларга шартномавий (эркин) нархлар (тарифлар) қўлланилади";


5-1-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"5-1. Хўжалик юритувчи субъект (шу жумладан, монополист корхона, табиий монополия субъекти) декларация қилинган (тасдиқланган, белгиланган) нархларни (тарифларни) мустақил пасайтириш ҳуқуқига эгадир. Бунда:

монопол паст нархлар белгилаш мақсадида нархларни (тарифларни) пасайитиришга йўл қўйилмайди;

нархларни (тарифларни) пасайтириш бир вақтнинг ўзида барча истеъмолчилар учун амалга оширилади, кейничалик нархларни тартибга солиш органи хабардор қилинади";


II бўлимнинг номи қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:


"Товарлар нархларини (тарифларини) давлат

томонидан тартибга солиш";


6-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


7-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"7. Нархларни (тарифларни) декларация қилиш (тасдиқлаш) нархларни тартибга солиш органида:

ишлаб чиқариш табиий монополия шароитларида амалга ошириладиган товарга табиий монополия субъекти томонидан, шунингдек, нархи давлат томонидан тартибга солинадиган товарга монополист корхона томонидан унинг тегишли Давлат реестрига киритилганлиги тўғрисида билдиришнома олинган кундан бошлаб бир ой муддатда;

нархи давлат томонидан тартибга солинадиган товарга хўжалик юритувчи субъект томонидан у сотилгунга қадар;

юқорида кўрсатиб ўтилган товарларга нархлар (тарифлар), устамалар, чекланган рентабеллик ошганда ва тегишли коэффициент ўзгарганда таъминланади";


9 -банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Товарларни экспорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар (шу жумладан, монополист корхоналар ва табиий монополия субъектлари) улар бўйича ҳисоб-китобларни шартномавий (эркин) нархлар бўйича амалга оширадилар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно";


IV бўлимнинг номи қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:


"IV. Нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган монопол

корхоналарнинг ва табиий монополиялар субъектларининг товарларига

нархларни (тарифларни) декларация қилиш (тасдиқлаш тартиби)"


25-банддаги "табиий монополиялар субъектлари бундан мустасно" сўзлари чиқариб ташлансин;


V бўлимнинг номи қуйидаги таҳрирда қилинсин:


"V. Нархларни тартибга солиш органи ва ўз ваколатлари доирасида

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан нархлари давлат томонидан

тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли ва стратегик товарларга, шунингдек,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида нархларини тартибга солиш

назарда тутилган айрим товарларга қатъий белгиланган ёки чекланган

нархларни (тарифларни) ва устамаларни белгилаш тартиби";


32-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"32. Нархларни тартибга солиш органи ва ўз ваколатлари доирасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли ва стратегик товарларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида нархларини тартибга солиш назарда тутилган айрим товарларга қатъий белгиланган ёки чекланган нархларни (тарифларни) ва устамаларни шакллантириш ва белгилаш тартиби ушбу Низомнинг III ва IV бўлимларига мувофиқ амалга оширилади.

Нархлари (тарифлари) Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ тартибга солинадиган товарларни ишлаб чиқарувчи ва сотувчи хўжалик юритувчи субъектлар нархлар (тарифлар)ни:

норматив ҳужжат чиққан кундан бошлаб бир ой муддатда (агар унда бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса);

нархлар (тарифлар), устама нарх, чекланган рентабеллик ошганда ва тартибга солувчи коэффициент ўзгарганда нархларни тартибга солувчи органда тасдиқлаши (келишиб олиши) шарт";


36-бандда:

саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;

ўнинчи - ўн тўртинчи хатбошилар саккизинчи - ўн иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


38-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


41-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"41. Табиий монополия субъекти, монополист корхона томонидан декларация қилинмасдан (тасдиқланмасдан) нархлар (тарифлар) қўлланилиши ҳолатлари аниқланганда асоссиз олинган маблағлар (даромадлар) корхона тегишли Давлат реестрига киритилган санада амал қилган нарх (тариф) билан корхона тегишли Давлат реестрига киритилган санадан бошлаб давр учун товарни сотиш ҳажмига кўпайтирилган унинг кейинчалик оширилиши натижасида шаклланган нарх ўртасидаги тафовут сифатида аниқланади.

Хўжалик юритувчи субъект томонидан давлат томонидан тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) нархларни тартибга солиш органида тасдиқланмасдан қўлланилиши ҳолатлари аниқланганда асоссиз олинган маблағлар (даромадлар) нархларни тартибга солиш органида тасдиқланган санада амал қилган нарх (тариф) билан кўрсатиб ўтилган санадан бошлаб бутун даврда товарни сотиш ҳажмига кўпайтирилган унинг кейинчалик оширилиши натижасида шаклланган нарх ўртасидаги тафовут сифатида аниқланади.

Хўжалик юритувчи субъект томонидан нархларни тартибга солиш органи томонидан тасдиқланмасдан (келишилмасдан) нархларни (тарифларни) қўллаш ҳолатлари аниқланганда, агар уларни тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган бўлса, асоссиз олинган маблағлар (даромадлар) Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида назарда тутилган нархларни тартибга солиш органида тасдиқлаш (келишиш) санасида амал қилган нарх (тариф) билан кўрсатиб ўтилган санадан бошлаб бутун даврда товарни сотиш ҳажмига кўпайтирилган унинг кейинчалик оширилиши натижасида шаклланган нарх ўртасидаги тафовут сифатида аниқланади".


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги 230-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 й., 8-сон, 60-модда) билан тасдиқланган Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) 33-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


б) 43-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"43. Хўжалик юритувчи субъект ёки уларга нархлар (тарифлар) давлат томонидан тартибга солинадиган товарларни ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича Реестрга киритилган шахслар гуруҳи ушбу нархлар (тарифлар) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нархларни тартибга солиш органида тасдиқланишини амалга оширадилар".


Низомга 2-илов анинг матни қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:


"___-сон БИЛДИРИШНОМА

             

нинг

(монополияга қарши орган номи)


    

манзилида жойлашган

(почта манзили)


       

ни

(хўжалик юритувчи субъект ва (ёки) шахслар гуруҳи номи)


       

нинг

(монополияга қарши орган номи)


           

20__ йил "__"________даги ___-сон буйруқига асосан 20__ йил "__" _______дан бошлаб Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритиш тўғрисида


Реестрга киритилган товарлар (хизматлар) турлари ва номи:

      

1.

       

2.

  

Ушбу билдиришнома муносабати билан Сиз 30 кун мобайнида кўрсатиб ўтилган устун мавқени эгаллаб турган товар (хизмат)га нархлар (тарифлар)ни

    

да

(нархларни бошқариш органи номи)


      

декларация қилишингиз (ёки илгари тасдиқланган декларацияни қайта расмийлаштиришингиз), шунингдек уларнинг кейинги ҳар бир ошишини декларация қилишингиз зарур*.

Ушбу билдиришнома муносабати билан Сиз йилнинг ҳар чорагида чоракнинг биринчи ойи 10-кунигача

      

га юқорида кўрсатилган

(монополияга қарши органнинг номи)


         

товарларга нархларни тақдим этишингиз зарур**.


Ушбу билдиришнома ўз вақтида ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда Сизга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланади.

      

(раҳбар)


(имзонинг ёйилмаси)

            

           

Изоҳ: Билдиришнома монополияга қарши орган бланкида юборилади.

*) Ушбу билдиришнома нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинмайдиган товарларни ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича Реестрга киритиладиган хўжалик юритувчи субъектга юборилганда ушбу хатбоши чиқариб ташланади.


**) Ушбу билдиришнома нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган товарларни ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича Реестрга киритиладиган хўжалик юритувчи субъектга юборилганда ушбу хатбоши чиқариб ташланади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 31 март