язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.11.2017 й. ПҚ-3413-сон "Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

29.11.2017 й.

N ПҚ-3413



ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ

КАДРЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ ВА УЛАРНИНГ

ХИЗМАТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИНИ

ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги ПФ-5005-сон "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ, шунингдек ички ишлар органларида хизмат (кейинги ўринларда - хизмат)ни ташкил этишни тубдан такомиллаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг захирасини шакллантириш, шунингдек ички ишлар органлари ходимлари (бундан буён ходимлар)нинг хизмат ўташини ташкил этиш соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилсин.


2. Хизматни ташкил этишни такомиллаштиришнинг қуйидаги устувор йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг бўлинмаларининг энг муҳим вазифаси деб ҳисоблансин:

биринчидан - ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасида тезкорликни, жиноятлар ҳақидаги хабарларни ўз вақтида ҳисобга олиш ва кўриб чиқишни таъминлайдиган, амалга оширилаётган ислоҳотлар шароитида ички ишлар органларининг мавжуд куч ва воситаларини бошқариш ҳамда ҳамкорликни ташкил этишнинг самарали тизимини яратиш;

иккинчидан - ички ишлар органларининг барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий, ишбилармонлик ва касбий фазилатларига эга кадрлар танланиши, уларнинг мақсадли жойлаштирилиши ҳамда "Халқ манфаатларига хизмат қилиш" ўз хизмат бурчини сўзсиз бажариш руҳида тизимли равишда тарбиялаш учун шахсий жавобгарлигини белгилаш;

учинчидан - бўш лавозимларни жамлаш ва кадрлар захирасини, биринчи навбатда, ўз касбий фазилатлари, ахлоқий кўриниши, хулқ-атвори ва маданият даражаси билан намуна бўлган истиқболли бошқарув таркибини шакллантиришнинг таъсирчан механизмини жорий этиш;

тўртинчидан - хизмат ўташни қатъи назорат қилиш ва тарбиявий жараённи таъминлаш соҳасида мувофиқлаштириш, таҳлилий ва услубий ишларни кучайтириш бўйича фаолиятни ташкил қилишнинг сифат жиҳатдан янги тартибни белгилаш;

бешинчидан - иш тажрибасининг ворисийлигини, ёш ходимларнинг хизматга амалий мослашишини, касбий шаклланиш жараёнини тезлаштириш ҳамда уларда хизмат вазифаси бўйича зиммасига юклатилган тезкор-хизмат вазифаларни мустақил бажариш қобилиятини ривожлантиришни таъминловчи самарали мураббийлик тизимимни жорий этиш;

олтинчидан - ички ишлар органларининг барқарор профессионал кадрлар таркибини шакллантириш, кадрлар қўнимсизлигини пасайтириш, ходимларнинг узоқ муддатли хизматини рағбатлантириш, шунингдек шахсий таркибни унинг касбий малакаси, шахсий фазилатлар ва қобилиятларини инобатга олган ҳолда лавозимларга оптимал тақсимлаш;

еттинчидан - қўйилган вазифаларни виждонан ва ташаббускорлик билан бажарувчи ходимларни рағбатлантириш, шунингдек масъулиятсиз ходимларга нисбатан хизматдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо тайинлаш бўйича чораларни ўз вақтида ва холисона кўриш орқали ички ишлар органларида мустаҳкам хизмат интизомини таъминлаш;

саккизинчидан - ички ишлар органларида ижро интизомини, жумладан бошқарув қарорлари ҳар бир бевосита ижрочига ўз вақтида етказилишига ва тизимли узлуксиз назоратни таъминланишига имкон берадиган замонавий ахборот-коммуникацион технологияларини кенг жорий этиш орқали таъминлаш механизмини тубдан қайта кўриб чиқиш.


3. Хизматни ташкил этишни такомиллаштириш бўйича устувор йўналишларни мувофиқлаштирилган ҳолда ва комплекс амалга оширилишини таъминлаш учун қуйидагилар юклатилсин:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига - барча қуйи бўлинмалар томонидан ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларининг муқаррар ва ўз вақтида бажарилишини манзилли мувофиқлаштириш ва унинг устидан мунтазам назорат ўрнатиш, юклатилган вазифалар бажарилишининг аниқ механизмларини кўрсатган холда концептуал бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларига - ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларини ҳамда концептуал бошқарув қарорларини ишни ташкил қилиш бўйича йўриқномавий "йўл хариталари" ишлаб чиққан ҳолда амалга ошириш бўйича аниқ ижрочилар ва ҳаракатларни белгилаш, соҳавий хизматлари ўртасида яқин ҳамкорликни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда мавжуд куч ва воситаларни самарали мувофиқлаштириш;

туман (шаҳар) ички ишлар бошқарма (бўлим)лари, ички ишлар органларининг таълим ва бошқа муассасаларига - бошқарув қарорларини ижро қилиш бўйича белгиланган тадбирларни юклатилган вазифаларни бажаришда кўрсатилган усулларга мувофиқ сифатли амалга оширишда барча мавжуд куч ва воситаларни мақсадли тақсимлаш ва улардан фойдаланиш, ҳар бир ходим томонидан ўз хизмат вазифаларини сўзсиз бажарилишини таъминлаш.


4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосарлари, Ички ишлар вазирлиги бош бошқармалари бошлиқлари:

а) ҳар чоракда жойларга чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари соҳавий хизматлар раҳбарларининг, шунингдек туман (шаҳар) ички ишлар бошқарма (бўлим)лари раҳбарларининг аниқ эришилган натижаларни кўрсатган ҳолда бошқарув қарорлари ижросининг амалга оширилиши ҳақидаги шахсий ҳисоботларини кенгайтирилган мажлисларда тинглайди;

б) ҳар ярим йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳайъатида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, шунингдек хизмат ўташни, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларини инобатга олган ҳолда қилинган ишлар юзасидан шахсан ҳисобот беради. Бунда қуйидагилар бўйича аниқ чоралар кўрилиши назарда тутилади:

ташаббус кўрсатмайдиган ва масъулиятсиз раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш;

ички ишлар органлари бўлинмаларининг ижобий иш тажрибасини татбиқ этиш ва қўллаш.


5. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларига ўқишга кирган фуқаролар билан белгиланган тартибда ўқишни тугатганидан кейин беш йил мобайнида ички ишлар органларида, шунингдек тақсимот бўйича юборилганда бошқа давлат идораларида мажбурий узлуксиз хизмат ўташлари ҳақида шартнома тузилади;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари соҳавий хизматлари, туман (шаҳар) ички ишлар бошқарма (бўлим)ларининг раҳбарлик лавозимлари устунлик асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларининг раҳбар кадрлар тайёрлаш факультети (олий курслари)ни тамомлаган ходимлари билан жамланади;

ички ишлар органлари раҳбар таркибининг ротацияси, қоида тариқасида, тенг мавқели лавозимга, эгаллаб турган лавозимида уч йил ишлаганидан сўнг амалга оширилади;

хизматда бўлишнинг чегара ёши сафдор ва сержантлар таркиби ходимлари, шунингдек аёллар учун (мавжуд махсус унвонидан қатъи назар) - эллик ёш, офицерлар таркиби учун - эллик беш ёш, генераллар таркиби учун олтмиш ёш;

пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддати календарь ҳисобида йигирма йилни ташкил қилади, улардан имтиёзли ҳисобланадиган даври ходимларга пенсия миқдори ҳисобланаётган вақтдагина инобатга олинади;

ходимларнинг болалари давлат мактабгача таълим ташкилотларига яшаш ёки хизмат ўташ жойи бўйича навбатдан ташқари қабул қилинади.

6. Қуйидаги тартиб ўрнатилсин:

ички ишлар органларида мураббийлар мутахассислик бўйича камида беш йил хизмат қилган, юксак касбий фазилатларга, хизматда самарали кўрсаткичларга ва тарбиявий йўналишда кўникмаларга эга бўлган энг тажрибали ходимлар орасидан танлаб олинади;

мураббийларга, қоида тариқасида, кўпи билан бир нафар офицерлар таркибидан бўлган ходим, уч нафаргача сержантлар таркибидан бўлган ходимлар, беш нафаргача сафдорлар таркибидан бўлган ходимлар бириктирилади;

хизматга янги қабул қилинган ходимларга ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларининг, жумладан касбий тайёргарлик факультети битирувчиларига бириктирилган мураббийларга лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади;

мураббийлар ўзларига бириктирилган ходимларнинг таълим-тарбиясига масъулиятсизлик билан ёндашганида, шунингдек ходимлар лавозимга киришиши даврида хизмат интизомини бузган ҳолларда мураббийлар, айблик даражасидан келиб чиқиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазога тортилади.


7. Ички ишлар органлари тизимида ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи интизомий кенгашлар ташкил қилинсин, улар фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

хизмат вазифаларини виждонан бажараётган ва ишда ижобий натижаларга эришган ходимларни уларнинг фаолиятини мукофотлаш чораларини кўриш ва ички ишлар органларида амалда бўлган ижтимоий таъминот соҳасидаги тегишли имтиёзларни бериш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш ва илтимосномалар киритиш орқали рағбатлантириш;

жамоада юзага келадиган низоли вазиятларни ҳал қилиш, ножўя ҳаракат содир этган, хизмат бурчига масъулиятсиз муносабатда бўлаётган ходимларга белгиланган интизомий жазо чораларини қўллаш ҳақида холисона қарор қабул қилиш орқали жамоатчилик таъсирини кўрсатиш.


8. 2018 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилсин:

а) хизмат интизомини қўпол равишда бузган, хизмат бурчига масъулиятсиз ёндашган ёхуд ишда паст кўрсаткичларга эга бўлган ходимларга нисбатан лавозим маошининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима тарзидаги интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин;

б) ҳар чорак якунлари бўйича қуйидагиларга нисбатан лавозим маошининг 50 фоизгача миқдорда бир марталик пул ушланиши ёки мукофот таъсир чораси сифатида қўлланилади:

профилактика (катта) инспекторларига - бириктирилган ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни, биринчи навбатда, оғир ва ўта оғир жиноятларни барвақт олдини олиш, шунингдек жойлардаги муаммоларни ҳал этишда аҳоли билан ишлашни ташкил қилиш аҳволи учун;

бириктирилган ҳудудда тезкор-қидирув фаолиятни амалга оширувчи ички ишлар органлари (катта) тезкор вакилларига - оғир ва ўта оғир жиноятларни аниқлаш ва фош этиш, тергов ва суддан яширинган шахсларни қидириш аҳволи учун;

в) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Махсус бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларининг 10 фоизи ҳар йили хизматда самарали натижаларга эришган ва амалдаги интизомий жазоси бўлмаган ходимларни қуйидаги шаклларда ижтимоий кафолатлашга ажратилади:

яшаш шароитини яхшилашга муҳтож ходимларга беш йилдан ошмайдиган муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваридан ошмайдиган миқдорда фоизсиз қарз бериш;

пул таъминотининг икки бараваригача бўлган миқдорда - тўй тантаналари ва бошқа тадбирлар ўтказиш учун, шунингдек беш бараваригача миқдорда - оғир бетоб ходимларни даволаш учун бир марталик моддий ёрдам тўлаб бериш;

пул мукофоти ёки қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш, маданий-оммавий, кўнгилочар томошалар ва бошқа дастурларига боришларини таъминлаш;

г) интизомий кенгашлар илтимосномасига кўра, зиммасига юклатилган хизмат мажбуриятларини виждонан бажараётган ва ишда ижобий натижаларга эришган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳар йили болалар соғломлаштириш оромгоҳларига ва санатория-курорт муассасаларига бепул йўлланмалар берилади.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг хизмат интизоми ва бенуқсон узлуксиз хизмати учун ташаббускор ва виждонли ходимларни тақдирлаш мақсадида қуйидаги идоравий кўкрак нишонлари таъсис этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин:

I, II ва III даражали "Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун";

"Ички ишлар органларининг фахрий ходими".


10. Қуйидагилар:

Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ички ишлар органларининг Интизом устави 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


17. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига - амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларига мувофиқ ички ишлар органлари зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда фаолият йўналишларининг сифатли ва тўла ҳажмда амалга оширилиши, хизматлар фаолиятининг самарали мувофиқлаштирилиши, ҳамкорлиги ва марказий аппарат томонидан қабул қилинган бошқарув қарорларининг муқаррар ва ўз вақтида ижро этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилиши бўйича;

барча даражадаги ва соҳавий ички ишлар органларининг раҳбарларига - кадрларни танлаш ва жой-жойига мақсадли қўйиш, жиноятларни ҳисобдан қасддан яширишни таъсирчан олдини олиш, ходимларга нисбатан ўз вақтида ва холислик билан рағбатлантириш ҳамда интизомий жазо чораларини кўриш, уларнинг ижтимоий кафолатларини таъминлаш, шунингдек раҳбарлик қилаётган бўлинмада ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича;

ички ишлар органлари раҳбарларининг кадрлар бўйича ўринбосарларига - ўз хизмат вазифаларини виждонан бажараётган ходимларнинг хизматда кўтарилишини таъминловчи кадрлар захирасини шакллантириш, уларни ўқитиш ва улардан тўлақонли фойдаланиш, шахсий таркиб билан самарали тарбиявий ишни олиб бориш ва хизмат ўташни назорат қилишни ташкил этиш бўйича;

мутахассисларга бириктирилган мураббийларга - ходимларга амалга ошираётган фаолиятида натижадорликка ҳамда юклатилган вазифаларни самарали бажаришга интилишни сингдириш, уларда амалий иш кўникмаларини шакллантириш ва хизмат бурчига ташаббускорлик билан муносабатда бўлишини тарбиялаш бўйича шахсан жавобгарлик юклатилсин.


18. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий Мажлис палаталари билан биргаликда икки ой муддатда жиноятларни ҳисобдан қасддан яшириш учун жиноий жавобгарликни кучайтириш бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритсин.


19. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарор талабларини инобатга олган ҳолда пул ушлаш ёки мукофот тизимининг аниқ мезонларини белгилаб берувчи, бириктирилган ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ички ишлар органларининг фаолиятини баҳолаш тартибини тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;

икки ой муддатда "Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун" ва "Ички ишлар органларининг фахрий ходими" идоравий кўкрак нишонлари тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек ушбу қарор талабларини инобатга олган ҳолда ички ишлар органлари интизомий кенгашларининг фаолияти тартибини белгиласин;

икки ой муддатда ички ишлар органларида мураббийлик тўғрисидаги низомни тасдиқласин, бунда мураббийлар захирасини шакллантириш тартиби, рағбатлантириш ва интизомий жазолаш чораларини қўллаш билан мураббийлик ишини ташкил қилишни таъсирчан механизмини назарда тутсин;

2018 йилнинг 1 февралига қадар ходимларнинг хизмат, жисмоний ва ахлоқий-психологик тайёргарлигини сифат жиҳатдан янги тамойиллар асосида ташкил этиш тартибини танқидий қайта кўриб чиқсин, унда унинг мазмуни бўлинмалар эҳтиёжига мос келиши, ҳудуд, лавозим мажбуриятлари ва хизмат хусусияти инобатга олиниши таъминлансин;

2018 йилнинг 1 майга қадар электрон ҳужжат айланиши, ҳужжатларни қайд этиш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартибини, уларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматларига, унинг ҳудудий бўлинмалари ва бевосита жойлардаги ижрочиларга ўз вақтида етказиш механизмини такомиллаштириш бўйича таъсирчан чораларни кўрсин;

уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бириктирилган ходимлар (ишчилар) тоифасини инобатга олиб, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида идоравий даволаш-профилактика муассасаларини қуриш, Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатаётган госпитални реконструкция қилиш, шунингдек идоравий даволаш-профилактика ва санатория-курорт муассасаларининг ётоқ фондини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳақида молиялаштириш манбаларини аниқлаган ҳолда таклифлар киритсин;

уч ой муддатда ходимларнинг умумий ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда улар ўртасидаги ўзаро муносабатларни, асосий мансабдор шахсларнинг мажбуриятларини, шунингдек ички тартиб қоидаларини белгиловчи Ички ишлар органларининг ички хизмат уставини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


20. Белгилансинки, мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига кўра ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 30 ноябрь