язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Нефть. Газ. Нефть маҳсулотлари. Энергетика/ Магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.06.2018 й. 444-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 12 июндаги

444-сон қарорига

2-ИЛОВА



Магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари

ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш,

қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш

фаолиятини лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.

Лицензияланиши керак бўлган магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш бўйича фаолият ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ ишлар турларини ўз ичига олади.


2. Магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.


3. Магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.


4. Лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар "Ўздавнефтгазинспекция"нинг Нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш, магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан қабул қилинади.


5. Комиссия фаолияти Комиссия томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ ташкил этилади.


6. Ҳужжатларни қабул қилиш, улар бўйича эксперт хулосалари тайёрлаш, лицензияларни бериш, лицензия битими тузиш ва унинг бажарилишини назорат қилишни "Ўздавнефтгазинспекция" (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) амалга оширади.


7. Лицензия бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишда лицензияловчи орган тегишли хулосаларни тайёрлаш учун мутахассислар - экспертларни жалб этиш ҳуқуқига эга.


8. Магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини амалга оширишга лицензия амал қилиш муддати чекланмасдан берилади.


9. Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг бир қисмига берилиши мумкин.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ

ВА ШАРТЛАРИ


10. Қуйидагилар магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) лицензиат томонидан магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, шунингдек, амалдаги экология, санитария, метрология, ёнғинга қарши ва техник нормалар, нормативлар ва қоидаларга риоя этиш;

б) юридик шахс штатида лицензияда кўрсатилган фаолият тури бўйича тегишли маълумотга ва камида уч йил иш стажига эга бўлган раҳбарлар ва муҳандис-техник ходимларнинг, шунингдек, хизмат кўрсатувчи техник ходимларда махсус тайёргарликнинг мавжуд бўлиши;

в) фаолиятнинг лицензияланаётган аниқ турини амалга ошириш, шу жумладан, тегишли моддий-техника базадан (бинолар, иншоотлар, муҳандислик коммуникациялари, технология асбоб-ускуналари, транспорт, назорат ва ўлчов воситалари, ташкилий техника, компьютерлар, норматив-техник ҳужжатлардан) ва бошқа техника воситаларидан фойдаланиш учун шароитларнинг яратилганлиги;

г) лицензиат томонидан давлат сири ҳисобланадиган маълумотлардан фойдаланиш билан боғлиқ ишлар бажарилган тақдирда режим органининг мавжудлиги.

д) лицензия эгасида эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ёки бошқа ҳуқуқ асосида лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун фойдаланиладиган бинолар, иншоотлар, муҳандислик коммуникациялари ва технологик жиҳозлар мавжудлиги.


11. Лицензия битимида ушбу Низомнинг 10-бандида санаб ўтилганлардан аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.


12. Магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолиятининг тегишли турини амалга ошириш учун зарур бўлган раҳбарларга, ходимларга, моддий-техник базага, асбоб-ускуналарга ва бошқа техника воситаларига минимал талаблар Комиссия томонидан белгиланади.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН ЗАРУР

БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


13. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақамининг тартиб рақами, лицензия бериш тўғрисида фаолиятнинг (ёхуд унинг бир қисмининг) лицензияланадиган тури кўрсатилган лицензия бериш тўғрисида ариза;

б) лицензия бериш тўғрисидаги ариза лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилиши учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

в) лицензияланадиган ишлар турларини бажарадиган мутахассислар тўғрисида маълумотлар (сони, маълумоти, мутахассислиги бўйича иш стажи);

г) техник жиҳатдан жиҳозланганлиги ва лицензияланадиган ишларни бажариш бўйича норматив-техник ҳужжатларнинг мавжудлиги тўғрисида маълумотлар;

д) фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга оширишда фойдаланиладиган бинолар, иншоотлар, муҳандислик коммуникациялари ва технология асбоб-ускуналарига мулк ҳуқуқининг ёки бошқа ашёвий ҳуқуқнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;

е) Ўзбекистон Республикаси "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясининг тармоқ инспекцияси лицензия талабгори моддий-техника базасининг меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлигига оид қонун ҳужжатларига мувофиқлиги, шунингдек, ходимларнинг билимлари текширилганлиги тўғрисидаги хулосаси (магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш фаолияти бундан мустасно);

ж) "Ўздавнефтгазинспекция" ҳудудий бўлимларининг технология жараёнларининг ва технология асбоб-ускуналари ҳолатининг амалдаги нормалар ва қоидаларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси (магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш фаолияти бундан мустасно);

з) Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг моддий-техник базаси ва ишларни амалга ошириш технологиясининг табиатни муҳофаза қилиш ва экология талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси (магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари  ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш фаолияти бундан мустасно);

и) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги ҳудудий бошқармаларининг моддий-техник базанинг ёнғин хавфсизлиги нормалари  ва қоидалари талабларига мувофиқлиги ва ходимларнинг улар бўйича тайёргарлик даражаси тўғрисидаги хулосаси;

к) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг моддий-техник базанинг, ишларни амалга ошириш технологиясининг лойиҳалаштириш ва қурилиш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси (магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларидан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш фаолияти бундан мустасно);

л) лицензияланадиган ишларнинг назоратини ва қабул қилинишини ташкил этиш тўғрисидаги маълумотлар.


14. Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва маълумотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан, электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу Низомнинг 13-бандида назарда тутилган ҳужжатлар ва маълумотлар бундан мустасно.


15. Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


16. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита, олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этиладиган ҳужжатлар лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


17. Лицензия талабгори томонидан лицензия олиш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар рўйхат бўйича бевосита, почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда лицензияловчи органнинг масъул ходими томонидан қабул қилинади, рўйхат нусхаси қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда лицензия талабгорига юборилади (топширилади) ҳамда Низомнинг 13-бандида кўрсатилган ҳужжатлар рўйхатига мувофиқлик юзасидан текширилади.

Масъул шахс вақтинча бўлмаган тақдирда унинг функцияларини лицензиялаовчи орган томонидан белгиланган тартибда белгиланадиган шахс бажаради.


18. Лицензия бериш тўғрисидаги аризанинг кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия бериш юзасидан ҳужжатларнинг кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензия талабгори берилган аризани рад этган тақдирда тўланган йиғим қайтарилмайди.



4-БОБ. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


19. Магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомга 2-иловага биноан схемага мувофиқ амалга оширилади.


20. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати лицензия олишга ариза ва барча зарур ҳужжатлар тушган кундан бошлаб йигирма кунни ташкил қилади.


21. Лицензияловчи орган ариза олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади, улар юзасидан эксперт хулосасини тайёрлайди ва лицензия талабгори учун лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни қарор протоколининг тегишли лойиҳаси билан бирга Комиссияга тасдиқлаш учун тақдим этади.


22. Комиссия лицензияловчи орган таклифи олингандан кейин ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади. Зарур ҳолларда Комиссия қарори сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.


23. Агар лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати мобайнида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, лицензия талабгори кўрсатилган муддат ўтганидан сўнг лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда аризада кўрсатилган фаолият турини амалга оширишга ҳақлидир. Бунда лицензияловчи орган лицензия талабгорининг ёзма билдиришномаси олингандан кейин беш иш куни мобайнида унга лицензия бериши шарт.


24. Лицензияловчи орган лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма ёки электрон шаклда юборилади (топширилади).


25. Лицензия битими лицензияловчи орган ҳамда лицензиат ўртасида тузилади ва унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаб турган лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини амалга оширишни лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби;

магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолияти хусусиятларига тааллуқли бошқа шартлар.


26. Лицензия битими лицензияловчи орган томонидан лицензияловчи орган раҳбари томонидан имзоланади.


27. Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.


28. Лицензия белгиланган шаклдаги бланкаларда лицензияловчи орган томонидан расмийлаштирилади ва Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.


29. Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.


30. Лицензия бланкалари намуналари лицензияловчи орган томонидан ишлаб чиқилади, Комиссия томонидан тасдиқланади ва лицензияловчи органнинг буюртмасига асосан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида рўйхатдан ўтган, ички ишлар органлари рухсатномасига эга бўлган ва қатъий ҳисобдаги бланкаларни чоп этиш ҳуқуқига эга ташкилотлар рўйхатига киритилган ташкилотларда босмахона усулида тайёрланади. Лицензияловчи орган раҳбари лицензия бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва мақсадли ишлатишига шахсан жавоб беради.

31. Лицензия лицензия талабгори томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин уч кун муддатда берилади.


32. Давлат божи суммаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилади.


33. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида билдиришнома юборилган (топширилган) пайтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


34. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.


35. Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек, лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


36. Лицензия бериш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги билдиришномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.


37. Лицензия талабгори томонидан лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.


38. Бунда лицензияловчи орган ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин олти кун мобайнида улар юзасидан эксперт хулосаси тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни қарор протоколининг тегишли лойиҳаси билан биргаликда Комиссияга тасдиқлаш учун тақдим этади.


39. Комиссия лицензияловчи орган таклифи олингандан кейин тўрт кун муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.


40. Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


41. Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда олдин лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


42. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ, УЗАЙТИРИШ,

ДУБЛИКАТ БЕРИШ


43. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.


44. Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензияга эга юридик шахслар бўлмиш лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, ушбу Низомнинг 43-бандида белгиланган тартибда лицензияни қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.


45. Лицензиянинг амал қилиши лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тугатилган тақдирда, лицензия қайта расмийлаштирилади.


46. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


47. Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


48. Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияларни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.


49. Лицензияларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.


50. Амал қилиш муддати ўтмаган йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.


51. Лицензия дубликати беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА

ШАРТЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


52. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган:

лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва битимлари шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текширади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун бузилишлари тўғрисидаги мурожаатларига кўра махсус ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашининг қарорига асосан лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қисқа муддатли текширувлар ўтказади;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўрайди ва олади;

текширишлар натижалари асосида лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузади;

лицензиатга лицензия талаблари ва шартларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқаради, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилайди;

Комиссияга лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш учун киритади.

Назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўз ваколатлари доирасида лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилиши аниқланганда лицензияни берган органга аниқланган бузилишлар тўғрисида хабар қиладилар.


53. Лицензияловчи орган лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда тегишли давлат органлари мутахассисларини жалб қилиш ҳуқуқига эга. Текширишлар натижалари бўйича икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ

ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ,

ТЎХТАТИШ, ЛИЦЕНЗИЯНИ

БЕКОР ҚИЛИШ


54. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Комиссия қарорига кўра амалга оширилади.


55. Комиссиянинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Қарорнинг асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида кўрилган зарар миқдорида жавоб беради.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


56. Лицензияловчи орган белгиланган тартибда лицензиялар реестрини юритади.


57. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

а) лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар: юридик шахснинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, унинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар (рўйхатдан ўтказиш санаси, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг берилган санаси ва тартиб рақами), почта манзили, телефони ва факс рақами, электрон почта манзили;

б) фаолиятнинг лицензияланаётган тури;

в) лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

г) лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш, тиклашнинг асослари ва санаси;

д) лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

е) лицензияларни бекор қилишнинг асослари ва санаси.


58. Лицензиялар реестрида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


59. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари

ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш,

қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш

фаолиятини ўз ичига олувчи ишлар тури

Рўйхати


1. Магистрал газ қувурларини лойиҳалаштириш


2. Нефть қувурларини лойиҳалаштириш


3. Нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш


4. Магистрал газ қувурларини қуриш


5. Нефть қувурларини қуриш


6. Нефть маҳсулотлари қувурларини қуриш


7. Газ қувурларини ишлатиш


8. Нефть қувурларини ишлатиш


9. Нефть маҳсулотлари қувурларини ишлатиш


10. Магистрал газ қувурларини таъмирлаш


11. Нефть қувурларини таъмирлаш


12. Нефть маҳсулотлари қувурларини таъмирлаш






Низомга

2-ИЛОВА



Магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва

нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш,

қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни

таъмирлаш фаолиятини лицензиялаш

схемаси

           

Босқичлар


Субъектлар




Тадбирлар

Бажариш

муддати

    

1-босқич

Лицензия

талабгори -

юридик шахс

    

1. Магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Лицензияловчи органга ҳужжатларни бевосита, олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда тақдим этади.

  

Лицензия талабгори

хоҳишига кўра




    


2-босқич

Лицензияловчи

орган

   

1. Лицензия талабгори томонидан лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни бевосита, рўйхат бўйича почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда қабул қилади, ҳужжатлар нусхаси қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда лицензия талабгорига юборилади (топширилади) ва тасдиқланган ҳужжатлар рўйхатига мувофиқлик юзасидан текширилади.

Ҳужжатлар қабул

қилинган кунда













2. Эксперт хулосасини тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни қарор протоколининг тегишли лойиҳаси билан бирга Комиссияга тақдим этади.


Ариза олинган кундан

бошлаб 10 кундан

ошмайдиган муддатда




3. Лицензия талабгори томонидан лицензия беришни рад этишга асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан сўнг ҳужжатлар такроран тақдим этилган тақдирда ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли хулосани тайёрлайди.

   


Ҳужжатлар қайта

тақдим этилгандан сўнг

6 кун мобайнида




   


3-босқич

Комиссия

   

1. Лицензияловчи органнинг таклифини кўриб чиқади ва Комиссия қарори протоколини тасдиқлайди.


2. Комиссия томонидан қабул қилин-ган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.

  

     

10 кундан ортиқ бўлмаган

муддатда (қайта кўриб

чиқишда - Комиссия қарори

протоколи лойиҳаси тақдим

этилгандан кейин

4 кун мобайнида)

   


   

4-босқич



Лицензияловчи

орган

   

1. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор тўғрисида лицензия талабгорини ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.


2. Лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия битимини тақдим этади.


3. Комиссиянинг лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарори қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисида ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).

  


Комиссиянинг тегишли

қарори қабул қилингандан

кейин 3 кун мобайнида








    



5-босқич

Лицензиат

  

Лицензияловчи органга лицензия берганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда Комиссия лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

        

Лицензия талабгорига лицензия

бериш тўғрисидаги қарор қабул

қилинганлиги ҳақидаги

билдиришнома юборилган

вақтдан бошлаб 3 ойдан кечикмай

   


Лицензия

талабгори

   

Олдин лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга

  

Лицензия бериш рад

этилганлиги тўғрисидаги

билдириш-номада

кўрсатилган муддатда


   

6-босқич

Лицензияловчи

орган

       

1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда у томонидан лицензия битими имзоланган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.

Лицензия битими

имзолангандан ва давлат

божи тўлангандан кейин бир

кун муддатда

2. Лицензиатга Комиссия раиси томонидан имзоланган лицензияни беради ва лицензиялар реестрига тегишли маълумотни киритади.

Лицензия расмийлаш-тирилган

ва имзолангандан кейин бир

кун муддатда

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 14 июнь