язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Нефть. Газ. Нефть маҳсулотлари. Энергетика/ Нефть, газ ҳамда газ конденсати қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.06.2018 й. 444-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 12 июндаги

444-сон қарорига

1-ИЛОВА



Нефть, газ ҳамда газ конденсати

қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш

фаолиятини лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом нефть, газ ва газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ва сотиш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Нефть, газ (шу жумладан, сиқилган табиий ва суюлтирилган углеводород газини) ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича фаолият лицензияланиши керак.


3. Нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича фаолият фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.


4. Нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.


5. Лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар "Ўздавнефтгазинспекция"нинг Нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш, магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан қабул қилинади.


6. Комиссиянинг фаолияти унинг томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ ташкил этилади.


7. Ҳужжатларни қабул қилиш, улар бўйича эксперт хулосалари тайёрлаш, лицензияларни бериш, лицензиат билан лицензия битими тузиш ва унинг бажарилишини назорат қилишни "Ўздавнефтгазинспекция" (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) амалга оширади.


8. Лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда лицензияловчи орган тегишли хулосаларни тайёрлаш учун мутахассислар - экспертларни жалб этиш ҳуқуқига эга.


9. Нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича фаолиятни амалга оширишга лицензия 5 йил муддатга берилади.


10. Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг бир қисмига берилиши мумкин.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ

ВА ШАРТЛАРИ


11. Қуйидагилар нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича фаолиятни амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) лицензиат томонидан нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, шунингдек, амалдаги экология, санитария, метрология, ёнғинга қарши ва техник нормалар, нормативлар ва қоидаларга риоя этиш, шунингдек, автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станцияларида санитария ва шаҳарсозлик норма ҳамда қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчаларининг мавжудлиги;

б) юридик шахс штатида лицензияда кўрсатилган фаолият тури бўйича тегишли маълумотга ва камида уч йил иш стажига эга бўлган раҳбарлар ва муҳандис-техник ходимларнинг, шунингдек, махсус тайёргарликдан ўтган хизмат кўрсатувчи техник ходимларнинг мавжуд бўлиши;

в) қазиб олинадиган ва сотиладиган маҳсулот турларига сифат сертификатининг мавжудлиги ва амалда уларнинг сифат сертификатига мувофиқлиги;

г) фаолиятнинг лицензияланаётган аниқ турини амалга ошириш, шу жумладан, тегишли моддий-техника базадан, нефть омборидан ва ёнилғи қуйиш қурилмаларидан, бошқа техника воситаларидан, шу жумладан замонавий ўлчов асбобларини Табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига улаш орқали фойдаланиш учун шароитларнинг яратилганлиги;

д) лицензиат томонидан давлат сири ҳисобланадиган маълумотлардан фойдаланиш билан боғлиқ ишлар бажарилган ҳолларда режим органининг мавжудлиги;

е) лицензия талабгорига мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган, лицензияланадиган фаолият турини амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ тўлиқ ҳажмда бажариш учун зарур бўлган моддий-техника базанинг (бинолар, хоналар, қурилиш машиналари, механизм ва транспорт, асбоблар, энергетика қурилмалари, назорат ва ўлчов воситалари, ташкилий техника, компьютерлар) мавжуд бўлиши.


12. Лицензия битимида ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатиб ўтилган аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.


13. Нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича фаолиятнинг тегишли турини амалга ошириш учун раҳбарларга, ходимларга, моддий-техник базага, қурилмалар ва бошқа техник воситаларга нисбатан минимал талаблар Комиссия томонидан белгиланади.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


14. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб-китоб рақамининг тартиб рақами, лицензияланадиган фаолият тури (ёки унинг бир қисми) кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисида ариза;

б) лицензия бериш тўғрисидаги ариза лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилиши учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

в) лицензия талабгори ходимларининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ келувчи малакага эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари, шу жумладан, штатдаги ходимларнинг эгаллаб турган лавозимлари, маълумоти бўйича мутахассислиги, мутахассислиги бўйича иш стажи кўрсатилган рўйхати;

г) фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун зарур бўлган қурилиш машиналари, механизмлар ва транспорт, асбоблар, электр қурилмалари, назорат ва ўлчов воситалари, ташкилий техника, компьютерларга эгалик ҳуқуқини ёки бошқа ашёвий ҳуқуқнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;

д) "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси тармоқ инспекциясининг лицензия талабгори моддий-техника базасининг меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникасига оид қонун ҳужжатларига мувофиқлиги, шунингдек, ходимларнинг билими текширилганлиги тўғрисидаги хулосаси;

е) "Ўздавнефтгазинспекция" ҳудудий бўлимларининг ўрнатилган технологик жараёнлар ва асбоб-ускуналарнинг ҳолати техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжат талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;

ж) Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг моддий-техник базаси ва ишлаб чиқариш технологиясининг табиатни муҳофаза қилиш ва экология талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;

з) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ёнғин хавфсизлиги ҳудудий бошқармаларининг моддий-техник базаси ва ходимларнинг ёнғин хавфсизлиги бўйича норма ва қоидаларга тайёргарлик даражаси тўғрисида хулосаси;

и) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳудудий санитария-эпидемиология осойишталиги марказларининг автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали газ (шу жумладан, сиқилган табиий газ ва суюлтирилган углеводород гази) сотиш бўйича фаолиятни амалга оширишда санитария-гигиена шохобчаларининг санитария норма ҳамда қоидалари талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси.

15. Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва маълумотларни, ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган ҳужжатлар ва маълумотлардан ташқари, белгиланган тартибда ўзаро ахборот алмашинув орқали, шу жумладан, электрон шаклда мустақил равишда олади.


16. Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилиши талаб қилинишига йўл қўйилмайди.


17. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита, почта алоқаси орқали ёки электрон шаклда лицензия талабгорига уларни қабул қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан биргаликда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


18. Лицензия талабгори томонидан лицензия олиш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар рўйхат бўйича бевосита, почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда лицензияловчи органнинг масъул ходими томонидан қабул қилинади, рўйхат нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда лицензия талабгорига юборилади (топширилади) ҳамда ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ҳужжатлар рўйхатига мувофиқлиги юзасидан текширилади.

Масъул шахс вақтинча бўлмаган тақдирда унинг функцияларини лицензияловчи орган томонидан белгиланган тартибда белгиланадиган шахс бажаради.


19. Лицензия бериш тўғрисидаги аризанинг кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия бериш юзасидан ҳужжатларнинг кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензия талабгори берилган аризани рад этган тақдирда тўланган йиғим қайтарилмайди.



4-БОБ. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


20. Нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш ушбу Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати лицензия олишга ариза ва барча зарур ҳужжатлар тушган кундан бошлаб йигирма кунни ташкил қилади.


21. Лицензияловчи орган ариза олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади, улар юзасидан эксперт хулосасини тайёрлайди ва лицензия талабгори учун лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни қарор протоколининг тегишли лойиҳаси билан бирга Комиссияга тасдиқлаш учун тақдим этади.

Комиссия лицензияловчи орган таклифи олингандан кейин ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади. Зарур ҳолларда Комиссия қарори сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.


22. Агар лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати мобайнида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, лицензия талабгори кўрсатилган муддат ўтганидан сўнг лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда аризада кўрсатилган фаолият турини амалга оширишга ҳақлидир. Бунда лицензияловчи орган лицензия талабгорининг ёзма билдиришномаси олингандан кейин беш иш куни мобайнида унга лицензия бериши шарт.


23. Лицензияловчи орган лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисобрақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма ёки электрон шаклда юборилади (топширилади).


24. Лицензия битими лицензияловчи орган ҳамда лицензиат ўртасида тузилади ва унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаб турган лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби;

нефть, газ (шу жумладан сиқилган табиий ва суюлтирилган углеводород гази) ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича фаолият хусусиятларига тааллуқли бошқа шартлар.

Лицензияловчи орган томонидан лицензия битими лицензияловчи орган раҳбари томонидан имзоланади.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.


25. Лицензия белгиланган шаклдаги бланкаларда лицензияловчи орган томонидан расмийлаштирилади ва Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.

Лицензия бланки қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.

Лицензия бланкалари намуналари лицензияловчи орган томонидан ишлаб чиқилади, Комиссия томонидан тасдиқланади ва лицензияловчи орган буюртмасига асосан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида рўйхатдан ўтган, ички ишлар органлари рухсатномасига эга бўлган ва қатъий ҳисобдаги бланкаларни чоп этиш ҳуқуқига эга ташкилотлар рўйхатига киритилган ташкилотларда босмахона усулида тайёрланади. Лицензияловчи орган раҳбари лицензия бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва мақсадли ишлатишига шахсан жавоб беради.

26. Лицензия лицензия талабгори томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин уч кун муддатда берилади.

Давлат божи суммаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилади.


27. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида билдиришнома юборилган (топширилган) пайтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


28. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек, лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


29. Лицензия бериш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги билдиришномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.


30. Лицензия талабгори томонидан лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.


31. Бунда лицензияловчи орган ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин олти кун мобайнида улар юзасидан эксперт хулосаси тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни қарор протоколининг тегишли лойиҳаси билан биргаликда Комиссияга тасдиқлаш учун тақдим этади.


32. Комиссия лицензияловчи орган таклифи олингандан кейин тўрт кун муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.


33. Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


34. Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда олдин лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


35. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ, УНИНГ АМАЛ

ҚИЛИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ,

ДУБЛИКАТ БЕРИШ


36. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.


37. Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензияга эга юридик шахслар бўлмиш лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, ушбу Низомнинг 36-бандида белгиланган тартибда лицензияни қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.


38. Лицензиянинг амал қилиши лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тугатилган тақдирда лицензия қайта расмийлаштирилади.


39. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


40. Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


41. Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияларни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.


42. Лицензияларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.


43. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни узайтиришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади.


44. Амал қилиш муддати ўтмаган йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензия дубликати беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА

ШАРТЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


45. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган:

лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва битимлари шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текширишлар ўтказади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун бузилишлари тўғрисидаги мурожаатларига кўра махсус ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашининг қарорига асосан лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қисқа муддатли текширишлар ўтказади;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур маълумотларни сўрайди ва олади;

текширишлар натижалари асосида лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузади;

лицензиатга лицензия талаблари ва шартларининг аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқаради, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилайди;

Комиссияга лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш учун киритади.

Назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўз ваколатлари доирасида лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилишлари аниқланганда лицензияни берган лицензияловчи орган аниқланган бузилишлар тўғрисида хабар қиладилар.


46. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи орган тегишли давлат органларининг мутахассисларини жалб қилиш ҳуқуқига эга. Текширишлар натижалари бўйича икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


47. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Комиссия қарорига кўра амалга оширилади.


48. Комиссиянинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Қарорнинг асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида кўрилган зарар миқдорида жавоб беради.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


49. Лицензияловчи орган белгиланган тартибда лицензиялар реестрини юритади.


50. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

а) лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар: юридик шахснинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, унинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар (рўйхатдан ўтказиш санаси, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг берилган санаси ва тартиб рақами), почта манзили, телефони ва факс рақами, электрон почта манзили;

б) фаолиятнинг лицензияланаётган тури;

в) лицензия берилган санаси ва тартиб рақами;

г) лицензиянинг амал қилиш муддати;

д) лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш, тиклашнинг асослари ва санаси;

е) лицензиянинг амал қилишини тўхтатишнинг асоси ва санаси;

ж) лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси.


51. Лицензиялар реестрида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


52. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб

чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича

фаолиятни лицензиялаш

схемаси

    

Босқичлар


Субъектлар




Тадбирлар

Бажариш

муддати

    

1-босқич

Лицензия

талабгори -

юридик шахс

   

1. Нефть, газ ҳамда газ конденсатни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Лицензияловчи органга ҳужжатларни бевосита, олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда тақдим этади.

  

Лицензиия талабгори

хоҳишига кўра




    


Лицензияловчи

орган

  

1. Лицензия талабгори томонидан лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни рўйхат бўйича бевосита, почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда қабул қилади, рўйхат нусхаси қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда лицензия талабгорига юборилади (топширилади) ва тасдиқланган ҳужжатлар рўйхатига мувофиқлик юзасидан текширилади.

Ҳужжатлар қабул

қилинган кунда

2-босқич




2. Эксперт хулосасини тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни қарор протоколининг тегишли лойиҳаси билан бирга Комиссияга тақдим этади.

Ариза олинган кундан

бошлаб 10 кундан

ошмаган муддатда

3. Лицензия талабгори томонидан лицензия беришни рад этишга асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан сўнг ҳужжатлар такроран тақдим этилган тақдирда ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли хулосани тайёрлайди.

    


Ҳужжатлар қайта тақдим

этилгандан сўнг 6 кун

мобайнида



  


Комиссия


1. Лицензияловчи органнинг таклифини кўриб чиқади ва Комиссия қарори протоколини тасдиқлайди.


2. Комиссия томонидан қабул қилин-ган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.



10 кундан ортиқ бўлмаган

муддатда (қайта кўриб

чиқишда - Комиссия қарори

протоколи лойиҳаси

тақдим этилгандан кейин

4 кун мобайнида)


3-босқич

   

Лицензияловчи

орган

  

1. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор тўғрисида лицензия талабгорини ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.


2. Лицензия битимини лицензия талабгорига имзолаш учун тақдим этади.

3. Комиссиянинг лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарори қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).



Комиссиянинг тегишли

қарори қабул қилингандан

кейин 3 кун мобайнида


4-босқич











Лицензиат

Лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда Комиссия лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

  

Лицензия талабгорига

лицензия бериш тўғрисидаги

қарор қабул қилинганлиги

ҳақидаги билдиришнома

юборилган пайтдан бошлаб

3 ойдан кечикмай


5-босқич


Лицензия

талабгори

Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга.

Лицензия бериш рад

этилганлиги тўғрисидаги

билдириш-номада

кўрсатилган муддатда


Лицензияловчи

орган

1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда у томонидан лицензия битими имзоланган тақдирда, тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.

Лицензия битими

имзолангандан ва давлат

божи тўлангандан кейин

бир кун муддатда

6-босқич

2. Лицензиатга Комиссия раиси томонидан имзоланган лицензияни беради ва лицензиялар реестрига тегишли маълумотлар киритади.

Лицензия

расмийлаштирилган ва

имзолангандан кейин

бир кун муддатда

  


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 14 июнь