язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ёнғин хавфсизлиги. Ёнғинга қарши тадбирлар/ Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.03.2004 й. 136-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 22 мартдаги

136-сон қарорига

ИЛОВА


Ёнғинга қарши автоматика воситаларини,

қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак

берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни

лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш

ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини

лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда фойдаланиладиган тушунчалар ва таърифлар:


ёнғинга қарши автоматика воситалари - объектда (бино, иншоот, хона, ҳудудда) ёнғин чиқиши белгилари тўғрисидаги ахборотларни қабул қилиш ва уларга ишлов бериш, ёнғинни автоматик тарзда ўчириш ҳамда ёнғинга қарши хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлган кучлар ва воситаларни хабардор қилиш учун мўлжалланган техник воситалар комплекси;


қўриқлаш сигнализацияси воситалари - объектни (бино, иншоот, хона, ҳудудни) қўриқлашнинг аҳволи тўғрисидаги ахборотларни қабул қилиш, уларга ишлов бериш, узатиш ва акс эттириш учун мўлжалланган техник воситалар йиғиндиси;


ёнғиндан дарак берувчи сигнализацияси воситалари  ёнғин белгиларини аниқлаш, тегишли ахборотга ишлов бериш ва уларни узатиш, ёнғинга қарши хавфсизликни таъминловчи кучлар ва воситаларни автоматик тарзда хабардор қилиш, шунингдек ёнғинни ўчириш автоматик қурилмаларини ишга туширишга команда бериш учун мўлжалланган техник воситалар йиғиндиси;


қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси воситалари - қўриқлаш сигнализацияси ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациянинг қўшма тизимлари.


3. Объектларда ўрнатиладиган ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолияти лицензияланади ва фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Автотранспорт воситаларида ўрнатиладиган ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолияти лицензияланмайди.


4. Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) амала оширилади.


5. Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун намунавий (оддий) лицензия берилади.


6. Лицензиянинг амал қилиш муддати 5 йил.

7. Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия лицензияланадиган фаолиятнинг бир қисмига берилиши мумкин.



II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


8. Лицензия талабгорига ва лицензиатга қуйидаги талаблар қўйилади:

юридик шахс-лицензия талабгорининг доимий штатида махсус тайёргарликка ва тегишли ихтисослик (ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш) бўйича камида уч йил иш стажига эга бўлган камида иккита ходимнинг мавжуд бўлиши;

лицензия талабгорида лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун зарур моддий-техник базанинг, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситаларнинг мавжуд бўлиши;

лицензиат томонидан қонун ҳужжатларига, ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва стандартлар талабларига риоя этилиши;

лицензияловчи орган томонидан белгиланадиган шакл бўйича лицензияланадиган фаолият бўйича ишларни бажарувчи ходимлар тўғрисида лицензияловчи органга ҳар йили маълумотлар тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ сертификатланган ёки қўллаш учун "Қўриқлаш" республика бирлашмаси ёки Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан рухсат берилган ёнғинга қарши автоматика воситалари, қўриқлаш сигнализацияси, ёнғиндан дарак берувчи сигнализация, қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси воситалари ва тизимларидан фойдаланиш;

ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализациясини, ёнғиндан дарак берувчи ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси воситаларини монтаж қилиш лойиҳаларининг ҳисобини олиб бориш ва уларни ишлатишнинг бутун даврида лойиҳаларнинг (ёки уларнинг нусхаларининг) сақланишини таъминлаш;

лицензиат томонидан объектларда ўрнатилган ёнғинга қарши автоматика воситалари, қўриқлаш сигнализацияси, ёнғиндан дарак берувчи сигнализация ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси тўғрисидаги ахборотларнинг, шунингдек объектни қўриқлаш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш тизими тўғрисида лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш жараёнида маълум бўлиб қолган бошқа маълумотларни муҳофаза қилишга йўналтирилган чора-тадбирларнинг кўрилиши;

лицензиат томонидан ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияси, ёнғиндан дарак берувчи сигнализация ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси воситаларини лойиҳалаштириш ва монтаж қилиш юзасидан бажарилган ишлар тўғрисидаги, жиҳозланган объектларнинг идоравий қарашлилиги, ўрнатилган приборлар ва кўрсаткичларнинг тури ва миқдори кўрсатилган ҳолда маълумотларнинг, шунингдек ишларни бажаришда иштирок этган шахсларнинг рўйхати ҳар йили Ички ишлар вазирлигига тақдим этилиши.


9. Лицензияланадиган фаолиятни амалга оширишда:

илгари судланган ва қасддан жиноят содир этганлиги учун муддати ўталмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсларнинг;

руҳий касалликлар, гиёҳвандлик, токсикомания, алкоголизм юзасидан ҳисобда турувчи шахсларнинг ишга ёлланишига ёки жалб қилинишига йўл қўйилмайди.


10. Лицензияловчи орган ва лицензиат ўртасида тузиладиган лицензия битимида мазкур Низомнинг 8-бандида санаб ўтилганлардан келиб чиқувчи аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.



III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН ЗАРУР ҲУЖЖАТЛАР


11. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб рақами, лицензияланаётган фаолиятнинг (унинг бир қисмининг) юридик шахс томонидан амалга оширилиши мўлжалланаётган тури;

юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

лицензияловчи орган томонидан лицензия бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

лицензияловчи орган томонидан белгиланадиган шакл бўйича мутахассисларнинг малака таркиби тўғрисидаги тегишли ҳужжатлар (меҳнат дафтарчасининг, маълумоти ёки махсус тайёргарлиги тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхаси) илова қилинган рўйхати;

лицензияланаётган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник базанинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар.


12. Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


13. Ҳужжатлар лицензияловчи органга лицензия талабгори томонидан бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар лицензияловчи орган томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


14. Ишончли бўлмаган ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



IV. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


15. Лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун ариза берилган кунда амалдаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади ва лицензияловчи орган йиғимни лицензиялашда иштирок этган бўлинмалар ўртасида тақсимлайди. Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган ёки лицензияловчи орган томонидан лицензия беришни рад этган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

16. Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лицензияловчи орган томонидан лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси ва барча зарур ҳужжатлар олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

Лицензияловчи орган хулоса тайёрлаш учун ўз маблағлари ҳисобига:

лицензия талабгорида лицензияланаётган фаолият турини амалга ошириш учун талаб қилинадиган мавжуд шарт-шароитларни жойига бориб баҳолаш;

тегишли хулосалар тайёрлаш учун шартнома асосида экспертларни жалб этиш ҳуқуқига эга.


17. Лицензияловчи орган лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).


18. Лицензияловчи орган ва лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи лицензия битимида қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият тури (унинг бир қисми)нинг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.


19. Лицензиялар махсус бланкаларда расмийлаштирилади. Лицензия бланкалари намуналари лицензияловчи орган томонидан тасдиланади ва лицензияловчи орган буюртмаси бўйича "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида босмахона усулида тайёрланади. Лицензияловчи орган лицензиялар бланкаларининг сақланиши учун жавоб беради.

Лицензияловчи орган номидан лицензиялар Ички ишлар вазирлиги ваколат берилган шахс томонидан имзоланади ҳамда лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин уч кун муддатда берилади.


20. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги қарорни бекор қилишга ҳақлидир.


21. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.


22. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

23. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар лицензия талабгори томонидан бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензияловчи орган томонидан кўрсатилган камчиликлар лицензия талабгори томонидан бартараф этилганлигини тасдиқловчи зарур ҳужжатлар (далолатномалар, маълумотномалар, сертификатлар, формулярлар ва бошқалар) билан биргаликда аризаси олинган кундан бошлаб ўн кун мобайнида амалга оширилади. Бунда лицензия талабгорининг аризаси такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


24. Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган лицензия бериш муддати тамом бўлгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза деб ҳисобланади.

25. Лицензия талабгори лицензияловчи органнинг лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда ушбу қарор, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



V. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


26. Юридик шахс-лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

27. Лицензияловчи орган тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ариза олинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида лицензияни қайта расмийлаштиради ҳамда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.

Лицензияларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.


28. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


29. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади.


30. Амал қилиш муддати ўтмаган йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин. Бунда лицензиат оммавий ахборот воситаларида йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензиянинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисида ахборот эълон қилиши ва эълонни лицензияловчи органга тақдим этиши шарт.

Лицензия дубликатини беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.



VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


31. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат лицензияловчи орган томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


32. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда лицензиатнинг уларга риоя этишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

аниқланган бузилишларни бартараф этиш юзасидан лицензиатга мажбурият юкловчи қарорлар қабул қилиш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор чиқариш ёки судга мурожаат қилиш.

33. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида лицензияловчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, унинг бир нусхаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


34. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, уни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

35. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензияловчи орган томонидан қабул қилинган қарор асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


36. Лицензияловчи орган берилган лицензиялар реестрини юритади.


37. Ҳар бир реестрда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

лицензияланадиган фаолият турининг номи;

лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияни бекор қилиш асослари ва санаси.


38. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.


IX. ЛИЦЕНЗИЯ БЕРГАНЛИК УЧУН ДАВЛАТ БОЖИ


42. Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берганлик ва унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун тўлов кунида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.


43. Давлат божи республика бюджетига ўтказилади.





Низомга

ИЛОВА



Ёнғинга қарши автоматика воситаларини,

қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак

берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни

лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш

ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Лицензия талабгори - юридик шахс

1. Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш  тўғрисидаги Низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.


2. Ҳужжатларни Ички ишлар вазирлигига бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали тақдим этади.

Лицензия талабгорининг хоҳишига кўра






2-босқич

Ички ишлар вазирлиги

1. Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар лицензияловчи орган томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, унинг бир нусхаси ҳужжатлар олинган сана кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

2. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

3. Лицензия талабгори томонидан лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилиб такроран тақдим этилган тақдирда ҳужжатларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.

1.Ҳужжатларни қабул қилиш кунида.

2. Ариза олинган кундан бошлаб 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатда.

3. Ҳужжатлар такроран тақдим этилгандан кейин  10 кун мобайнида.













3-босқич

  



1. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади. Лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги хабар билан бир вақтда имзолаш учун лицензия битими юборилади.

2. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига хабарнома рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма равишда юборилади (топширилади). 

3. Реестрга тегишли ёзувни ёзиб қўяди.

Тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида.











4-босқич

Лицензия талабгори

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни такроран тақдим этиш ҳуқуқига эга.

2. Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисида хабардор қилингандан кейин ўттиз кундан сўнг берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилиши тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатда.


Лицензиат

Лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги қарорни бекор қилишга ҳақлидир.

Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб 3 ойдан кечикмай.





5-босқич

Ички ишлар вазирлиги


Лицензия талабгори томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ҳамда лицензия битими имзолангандан кейин тегишли лицензияни расмийлаштиради ва беради.

Лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан кейин 3 кун мобайнида.




"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 12-сон, 141-модда.