язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.07.2018 й. 542-сон "Давлат таълим муассасалари ҳузурида спорт клубларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

16.07.2018 й.

N 542




ДАВЛАТ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

ҲУЗУРИДА СПОРТ КЛУБЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 мартдаги ПФ-5368-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда ўқувчи ёшлар ва талабаларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши тизимини такомиллаштириш, истеъдодли ёшларни саралаб олиш ва спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар захирасини шакллантириш, шунингдек, спортчиларни тиббий таъминлаш ишларини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон "Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳамда Ўзбекистон талабалар спорти ассоциациясининг:

а) умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, ўрта махсус профессионал таълим ва олий таълим муассасалари ҳузурида спорт клубларини (кейинги ўринларда спорт клублари деб аталади) ташкил этиш;

б) ташкил этилаётган:

умумтаълим мактаблари ҳузуридаги спорт клубларини - Ўзбекистон "Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг (кейинги ўринларда спорт жамияти деб аталади) бюджетдан ташқари маблағлари;

академик лицейлар, ўрта махсус профессионал таълим ва олий таълим муассасалари ҳузуридаги спорт клубларини - таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари ҳамда талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳисобига молиялаштириш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

спорт клублари тегишлича спорт жамияти ҳамда Ўзбекистон талабалар спорти ассоциациясининг (кейинги ўринларда Ассоциация деб аталади) таълим муассасаларидаги филиали ҳисобланади ҳамда мазкур спорт жамияти ҳамда Ассоциациянинг мақсад ва вазифаларини тегишли давлат таълим муассасаларида амалга оширишга кўмаклашади;

спорт клублари раҳбари этиб жамоатчилик асосида спорт клуби ташкил этилган давлат таълим муассасаси раҳбари (директор, ректор) тавсия этилади ва спорт клубларининг тўлиқ ва самарали фаолият юритишига масъул ҳисобланади;

спорт клублари аъзолари ўртасида ўтказиладиган спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ҳамда иштирокчиларни кийим-кечак билан таъминлашни молиялаштириш тегишлича спорт жамиятининг ҳамда клубларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тегишлилиги бўйича давлат таълим муассасаларида спорт клубларининг фаолияти ривожланишига кўмаклашади ва тегишли шарт-шароитлар яратади.


3. Қуйидагилар спорт клубларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ўқувчилар ва талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, уларнинг мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш;

ўқувчилар ва талабалар ўртасида спорт турлари бўйича жамоалар ташкил этиш, улар ўртасида турли спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини, хусусан "мактаб лигаси", "талабалар лигаси" ташкил этиш орқали истеъдодли ёш спортчиларни аниқлаш;

умумтаълим мактабларида - ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш, шунингдек, спорт мусобақаларида иштирок этиш учун спорт турлари бўйича ҳафтасига камида 4 соатдан синфдан ташқари спорт тўгараклари машғулотларини ташкил этиш;

академик лицейлар ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларида - ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаш ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш, шунингдек, спорт мусобақаларида иштирок этиш учун спорт турлари бўйича ҳафтасига камида 6 соатдан спорт тўгараклари машғулотларини ташкил этиш;

олий таълим муассасаларида - истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ва спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар ҳамда республика олий спорт маҳорати мактаблари спорт захирасини шакллантириш, шунингдек, спорт мусобақаларида иштирок этиш учун спорт турлари бўйича ҳафтасига камида 6 соатдан спорт тўгараклари машғулотларини ташкил этиш;

жисмоний тарбия ва спорт жараёнига машғулотлар ўтказиш учун малакали тренерлар ва мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, илғор тажрибани жорий қилиш.


4. Давлат таълим муассасалари ҳузуридаги спорт клублари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Қуйидагилар спорт клубларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

спорт жамиятининг бюджетдан ташқари маблағлари (умумтаълим мактаблари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);

Ассоциация маблағлари (академик лицейлар, ўрта махсус профессионал таълим ва олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

хорижий ва халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг грантлари;

таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари ҳамда талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлари (академик лицейлар, ўрта махсус профессионал таълим ва олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);

спорт клубларига аъзолик бадаллари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда спорт клубларининг самарали фаолият кўрсатиши, уларнинг моддий-техник база ва тренер-ўқитувчилар таркиби билан таъминланганлиги, ўқув-машқ жараёнининг сифати устидан назорат қилиниши, спорт машғулотлари мунтазам ўтказилиши ва ўқувчилар ҳамда талабалар қатнови даражаси мониторингини тизимли асосда олиб борсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда спорт клубларида шуғулланадиган ўқувчилар ва талабаларнинг мусобақаларга тайёргарлик кўришда ва ўқув-тайёргарлик машқлари давомида функционал ҳолати диагностикасини ташкил этиш, маслаҳат-диагностика ҳамда даволаш-профилактика ишларини такомиллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кўп тармоқли тиббиёт марказларида бир йилда икки маротаба тиббий кўрикдан ўтказсин;

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда доимий равишда спорт турлари бўйича халқаро спорт мусобақалари ва уларга тайёргарлик машғулотлари давомида спортчиларни тиббий ходимлар (врач, массажчи, психолог) билан таъминлашни ташкил этиш ва кузатиб боришни таъминласин;

уч ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг спорт тиббиёти бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш.Х. Исроилов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                              А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 17 июль