язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборот хавфсизлиги/ Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаларидан фойдаланишни чеклаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.09.2018 й. 707-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 5 сентябрдаги

707-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан

тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган

Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт

саҳифаларидан фойдаланишни чеклаш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотга (кейинги ўринларда тақиқланган ахборот деб аталади) эга бутунжаҳон Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаларидан (кейинги ўринларда Интернет тармоғи ахборот ресурслари деб аталади) фойдаланишни чеклаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш мумкин бўлган барча Интернет тармоғи ахборот ресурсларига татбиқ этилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


Интернет тармоғи барча ахборот ресурслари идентификация маълумотлари - ноёб домен номлари, Интернет ахборот тармоғида идентификациялашга имкон берадиган веб-сайт саҳифалари кўрсаткичлари ва тармоқ манзиллари;


фойдаланишни чеклаш - фойдаланувчининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муайян Интернет тармоғи ахборот ресурсидан фойдаланишини тўхтатишга доир ташкилий ва дастурий-техник чора-тадбирлар мажмуаси;


тақиқланган ахборот мавжуд бўлган бутунжаҳон Интернет тармоғи ахборот ресурслари Реестри (кейинги ўринларда Реестр деб аталади) - тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурслари рўйхати.


4. Интернет тармоғи ахборот ресурсларидан фойдаланишни чеклаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурсларини аниқлаш;

тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларини Реестрга киритиш;

Интернет тармоғи ахборот ресурсидан фойдаланишни чеклаш.



2-БОБ. ТАҚИҚЛАНГАН АХБОРОТ МАВЖУД

БЎЛГАН ИНТЕРНЕТ ТАРМОҒИ АХБОРОТ

РЕСУРСЛАРИНИ АНИҚЛАШ


5. Тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурсларини аниқлаш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда Интернет тармоғи ресурсларининг мониторинги юритилади.

6. Интернет тармоғи ресурсларининг мониторинги, шунингдек, Марказга белгиланган тартибда келиб тушган юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари асосида ҳам олиб борилади.


7. Мониторинг натижасида тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси аниқланган тақдирда Марказ томонидан бир иш куни мобайнида Интернет тармоғи ахборот ресурсида тақиқланган ахборот мавжудлиги юзасидан хулоса тайёрланади.


8. Марказ хулосасида қуйидагилар акс этган бўлиши керак:

хулоса қабул қилинган сана;

мониторинг ўтказиш учун асос;

ўрганиш предмети (тақиқланган ахборот аниқланган ахборот ресурслари рўйхати);

ўтказилган мониторинг натижалари.


9. Мониторинг натижаларини экспертизадан ўтказиш учун Марказ Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 августдаги 228-сон қарори билан ташкил этилган Оммавий коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссиясига (кейинги ўринларда Эксперт комиссияси деб аталади) мурожаат қилишга ҳақли.


10. Интернет тармоғи ахборот ресурсининг идентификация маълумотлари Реестрга киритилишига асос бўлган Марказ хулосаси ёки Эксперт комиссияси қарори юзасидан судга мурожаат қилиниши мумкин.



3-БОБ. ИНТЕРНЕТ ТАРМОҒИ АХБОРОТ РЕСУРСИ

ИДЕНТИФИКАЦИЯ МАЪЛУМОТЛАРИНИ

РЕЕСТРГА КИРИТИШ ТАРТИБИ


11. Реестрни шакллантириш ва юритиш Марказ томонидан электрон шаклда амалга оширилади.


12. Тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларини Реестрга киритиш учун қуйидагилар асос бўлади:

Интернет тармоғи ахборот ресурсида тақиқланган ахборот мавжудлиги юзасидан Марказ хулосаси;

бутунжаҳон Интернет тармоғида тарқатилаётган ахборотни тақиқланган деб эътироф этиш тўғрисида Эксперт комиссиясининг қарори.


13. Хулоса тайёрлангандан кейин ёки Эксперт комиссиясининг тегишли қарорини олгандан кейин Марказ кечиктирмай тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларини Реестрга билан киритади. Бунда тегишли асос - хулоса (қарор) кўрсатилиши шарт.


14. Реестрга киритилган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотлари ўзгарган тақдирда, Марказнинг олдинги хулосаси ёки Эксперт комиссияси қарори янги аниқланган ўзгарган маълумотларни Реестрга киритиш учун асос бўлади.



4-БОБ. ИНТЕРНЕТ ТАРМОҒИ АХБОРОТ

РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ЧЕКЛАШ


15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Интернет тармоғи ахборот ресурсларидан фойдаланишни чеклаш бўйича махсус ваколатли орган (кейинги ўринларда махсус ваколатли орган деб аталади) ҳисобланади.


16. Махсус ваколатли орган Реестрга киритилган Интернет тармоғи ахборот ресурсларидан фойдаланишни чеклашга доир ташкилий ва дастурий-техник чора-тадбирлар кўради.


17. Фойдаланишни чеклаш фақат идентификация маълумотлари Реестрга киритилган Интернет тармоғи ахборот ресурсларига нисбатан татбиқ этилади.


18. Фойдаланишни чеклаш чораларини кўриш Интернет тармоғи ахборот ресурслари идентификация маълумотлари Реестрга киритилгандан кейин ўн икки соат мобайнида амалга оширилади.


19. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилиши чекланган Интернет тармоғи ахборот ресурслари Ўзбекистон Республикаси фойдаланувчилари мурожаатларига жавобан махсус ваколатли орган қуйидаги маълумотлар берилишини таъминлайди:

тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларининг Реестрга киритилгани ҳақида хабар;

мурожаат учун боғланиш маълумотлари.



5-БОБ. ТАҚИҚЛАНГАН АХБОРОТ МАВЖУД

БЎЛГАН ИНТЕРНЕТ ТАРМОҒИ АХБОРОТ РЕСУРСИ

ИДЕНТИФИКАЦИЯ МАЪЛУМОТЛАРИНИ

РЕЕСТРДАН ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


20. Қуйидагилар Марказ томонидан тақиқланган ахборот мавжуд Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларининг бир сутка давомида Реестрдан чиқарилиши учун асос бўлади:

Интернет тармоғи ахборот ресурси эгасининг тақиқланган ахборотни Интернет тармоғи ресурсидан ўчирилгани тўғрисида ёзма (электрон) мурожаати;

тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларининг Реестрга киритилиши учун асос бўлган Марказ хулосаси ёки Эксперт комиссияси қарорини асоссиз деб ҳисоблаш ёки бекор қилиш тўғрисида суд қарорининг қонуний кучга кириши.

Шу билан бирга Реестрда тегишли маълумотлар ва уларнинг ўзгариши тарихи сақланади.


21. Интернет тармоғи ахборот ресурси эгасининг тақиқланган ахборотнинг Интернет тармоғи ресурсидан ўчирилгани тўғрисида ёзма (электрон) мурожаати олингач Марказ бир сутка мобайнида ҳолатни текширади ва Интернет тармоғи ахборот ресурси тегишли идентификация маълумотларини Реестрдан чиқаради.


22. Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотлари Реестрдан чиқарилгач, махсус ваколатли орган фойдаланишни чекловчи тўсиқларни бир сутка мобайнида олади.



6-БОБ. РЕЕСТР МАЪЛУМОТЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ


23. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига уларнинг ваколатлари доирасида, шунингдек, Интернет тармоғи ахборот ресурси эгаси бўлган юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг мурожаатларига кўра Реестр маълумотларидан фойдаланишга рухсат этилади.


24. Реестр маълумотларидан фойдаланишга рухсат бериш тартиби Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан белгиланади.


7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


25. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 6 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 10 сентябрь, 36-сон, 729-модда