Кадровый Консультант
Кадрлар бўйича маслаҳатчи / Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар / Фуқаролик. Мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари /Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 05.01.2011 й. ПФ-4262-сонли Фармонига 1-илова)
Ўзбекистон Республикаси
Президентининг
2011 йил 5 январдаги
ПФ-4262-сонли Фармонига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг
биометрик паспорти тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортидан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти (кейинги ўринларда - паспорт) - Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ва эгасининг шахсини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тасдиқловчи, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат;
персоналлаштириш - паспорт эгасининг биографик маълумотларини ва биометрик параметрларини паспорт бланкасига киритиш;
верификация - паспортга киритилган биометрик параметрларнинг паспорт эгасининг биометрик параметрлари билан мослигини машина ёрдамида текшириш;
хорижда доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари - Ўзбекистон Республикасидаги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиб, хорижга доимий яшашга чиқиш учун белгиланган тартибда рухсатнома расмийлаштирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
хорижда вақтинча бўладиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари - Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, хорижга чиқиб, вақтинча у ерда бўладиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
консуллик муассасаси - Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг консуллик бўлими, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатда таъсис этиладиган бош консулхонаси, консулхонаси, вице-консулхонаси ва консуллик агентлиги;
консуллик рўйхати - тегишли консуллик округи ҳудудига келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари қошида белгиланган тартибда қайддан ўтказиш;
доимий консуллик рўйхати - доимий яшаш учун хорижга чиқиш рухсатномаси белгиланган тартибда расмийлаштирилган, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаси консуллик округи ҳудудида доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайддан ўтказиш;
вақтинча консуллик рўйхати - Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, хорижда вақтинча бўладиган, хорижга вақтинча чиқиш рухсатномасини белгиланган тартибда расмийлаштирган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари томонидан қайддан ўтказиш;
консуллик округи - консуллик муассасасига консуллик вазифаларини
...