ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ахборот хавфсизлиги /

Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифларини аниқлаш мезонлари ҳамда уни экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.10.2018 й. 848-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 22 октябрдаги

848-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифларини

аниқлаш мезонлари ҳамда уни экспертизадан

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш учун ахборот маҳсулотини ёшга оид таснифлашда ёшга оид таснифлаш мезонлари ва ахборот маҳсулоти экспертизасини амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматга эга бўлган ахборот маҳсулотининг айланиши соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилмайди. Шунингдек, ўқув жараёнида фойдаланишга тавсия қилинган ўқув нашрлари, таркибида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўлган нашрлар, атроф-муҳит ҳолати ёки давлат органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот, уяли алоқа хизматлари кўрсатувчи компаниялардан келадиган смс-хабарлар ҳам ушбу Низомнинг қўлланиш соҳасига кирмайди.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ахборот маҳсулоти - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида айланиш учун мўлжалланган оммавий ахборот воситалари маҳсулоти, босма маҳсулот, ҳар қандай турдаги ташувчилардаги аудиовизуал маҳсулот, дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда тарқатиладиган, телекоммуникация тармоқларига, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириладиган ахборот, компьютер ўйинлари, шунингдек, томошабоп тадбирлар воситасида тарқатиладиган ахборот;


тақиқланган ахборот маҳсулоти - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида айланиш учун мўлжалланмаган оммавий ахборот воситалари маҳсулоти, босма маҳсулот, ҳар қандай турдаги ташувчилардаги аудиовизуал маҳсулот, дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда тарқатиладиган, телекоммуникация тармоқларига, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириладиган ахборот, компьютер ўйинлари, шунингдек, томошабоп тадбирлар воситасида тарқатиладиган ахборот;


ахборот маҳсулотининг айланиши - ахборот маҳсулотини тақдим этиш ва (ёки) тарқатиш, шу жумладан уни сотиш (шу жумладан обуна бўйича тарқатиш), ижарага, прокатга бериш, ахборот-кутубхона муассасалари фондларидан тарқатиш, бериш, оммавий намойиш қилиш, оммавий ижро этиш (шу жумладан, эфир ёки кабель узатуви, томошабоп тадбирлар воситасида), телекоммуникация тармоқларига, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш;


ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи - ахборот маҳсулотини унинг мавзусини, жанрини, мазмунини ва бадиий безагини, муайян ёш тоифасидаги болалар томонидан ундаги ахборотни қабул қилиш хусусиятларини, унинг таркибидаги ахборотнинг болалар соғлиғига зарар етказиш эҳтимолини инобатга олган ҳолда, болаларнинг ёш тоифалари бўйича тақсимлаш;


ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси - ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифасининг график ва (ёки) матнли белгиси;


болалар - ўн саккиз ёшга тўлмаган (вояга етмаган) шахслар;


болаларнинг соғлиғи - болаларнинг жисмоний, руҳий ва ижтимоий жиҳатдан соғломлик ҳолати;


томоша тадбири - болаларнинг кириши учун очиқ бўлган ҳамда оиланинг одатдаги даврасига мансуб бўлмаган шахслар кўплаб ҳозир бўлган жойда ахборот маҳсулотини намойиш этиш, жумладан, театр-саҳналаштириш, маданий-маърифий ва томоша-кўнгилочар тадбирларни ўтказиш;


болаларнинг ахборот хавфсизлиги - болаларнинг жисмоний, руҳий, маънавий ҳамда ахлоқий ривожланишига ахборот орқали зарар етказилиш хавфидан холи, ҳимояланганлик ҳолати;


болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот - болалар ўртасида тарқатилиши Қонунга мувофиқ равишда тақиқланган ёки чекланган ахборот маҳсулоти;


порнография хусусиятига эга бўлган ахборот - бадиий қимматга эга бўлмаган ва илмий, тиббий ёки ўқув мақсадлари учун мўлжалланмаган, одам жинсий аъзоларининг ёхуд одам томонидан ҳақиқатда, хусусан, ғайритабиий усулда содир этилаётган ёки шунга ўхшатилган жинсий алоқанинг тавсифини ёхуд фото, видео ёки бошқа тасвирини ўз ичига олган материаллар ва буюмлар;


болаларнинг кириши учун очиқ бўлган жойлар - болаларнинг кириши ва (ёки) бўлиши тақиқланмаган жамоат жойлари, шу жумладан, болаларнинг оммавий ахборот воситалари маҳсулотлари ва (ёки) ахборот-телекоммуникация тармоқларида жойлаштириладиган ахборот маҳсулотларидан фойдаланиш имконияти бўлган жамоат жойлари;


натуралистик тасвирлар ёки тавсифлар - инсон, ҳайвон, инсон ва (ёки) ҳайвон танасининг алоҳида қисмлари, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик), шунингдек, ҳодисалар ва уларнинг оқибатларини эътиборни майда жиҳатлар, анатомик тафсилотлар ва (ёки) физиологик жараёнларга қаратган ҳолда ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалардан фойдаланган ҳолда тасвирлаш ёки тавсифлаш;


эксперт - ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш ва эксперт хулосасини бериш ёки ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга ошириш учун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) аккредитациядан ўтган шахс.


2-БОБ. АХБОРОТ МАҲСУЛОТИНИ ЁШГА ОИД

ТАСНИФЛАШ МЕЗОНЛАРИ ВА УНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


§ 1. Ахборот маҳсулотининг ёшга

оид тоифалари


4. Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи уни болаларнинг қуйидаги ёш тоифаларидан бирига киритиш йўли билан амалга оширилади:

етти ёшга тўлмаган болалар учун ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси "0+" ёзувини акс эттириши керак);

етти ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси "7+" ёзувини акс эттириши керак);

ўн икки ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси "12+" ёзувини акс эттириши керак);

ўн олти ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси "16+" ёзувини акс эттириши керак);

болалар учун тақиқланган ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси "18+" ёзувини акс эттириши керак).


5. Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга оширишда:

унинг мавзуси, жанри, мазмуни ва бадиий безаги;

муайян ёш тоифасидаги болалар томонидан ундаги ахборотнинг идрок этилиш хусусиятлари;

ундаги ахборотнинг болалар соғлиғига зарар етказиш эҳтимоли баҳоланади.



§ 2. Болалар соғлиғига зарар етказувчи

ахборот таснифи


6. Муайян ёш тоифаларидаги болалар ўртасида тарқатилиши чекланган ахборот маҳсулотларига:

шафқатсизлик, жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонлик, жиноят ёки жамиятга қарши бошқа хатти-ҳаракатлар тасвири ёки баёни тарзида тақдим этиладиган;

болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотадиган, жумладан, куч ишлатилмаган ўлимни, касалликни, ўз жонига қасд қилишни, бахтсиз ҳодисани, аварияни ёки фалокатни ва (ёки) уларнинг оқибатларини инсон қадр-қимматини камситадиган шаклда тасвирлаш ёки баён этиш тарзида тақдим этиладиган;

жинсий муносабатларни тасвирлаш ёки баён этиш тарзида тақдим этиладиган;

уятли сўзлар жумласига кирмайдиган ҳақоратли сўзлар ва ибораларни ўз ичига олган ахборот маҳсулотлари киради.


7. Етти ёшга тўлмаган болалар учун ахборот маҳсулотига ("0+") болаларнинг соғлиғи ва ривожланишига зарар етказмайдиган ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулоти (шу жумладан, жанри ва (ёки) сюжетига мувофиқ асосли равишда, эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қозониши ҳамда зўравонлик қурбонига нисбатан раҳм-шафқат ифода этилиши ва (ёки) зўравонлик қораланиши шарти билан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонликнинг (жинсий зўравонлик бундан мустасно) эпизодик, натуралистик бўлмаган тасвири ёки баёнини ўз ичига олган ахборот маҳсулоти, бошқа ёшга оид тоифага кирмайдиган ахборот маҳсулоти киради.


8. Етти ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулотига ("7+") етти ёшга тўлмаган болалар учун ахборот маҳсулоти ("0+"), шунингдек, жанри ва (ёки) сюжетига мувофиқ асосли равишда:

одам касалликлари (оғир касалликлар бундан мустасно) ва (ёки) улар оқибатларининг инсон қадр-қимматини камситмайдиган шаклдаги қисқа муддатли ва натуралистик бўлмаган тасвирлари ёки баёнини;

бахтсиз ҳодиса, авария, фалокат ёхуд куч ишлатилмаган ўлимнинг уларнинг болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотиши мумкин бўлган оқибатлари намойиш этилмаган, натуралистик бўлмаган тасвири ёки баёнини;

жамиятга қарши хатти-ҳаракатлар ва (ёки) жиноят содир этишга ундамайдиган, уларни содир этишга йўл қўйиш мумкинлиги асосланмаслиги ва оқланмаслиги ҳамда уларни содир этаётган шахсларга нисбатан салбий, қораловчи муносабат ифода этилиши шарти билан шундай хатти-ҳаракатлар ва (ёки) жиноятларнинг эпизодик тасвири ёки баёнини ўз ичига олган ахборот маҳсулотлари киради.


9. Ўн икки ёшга тўлган ("12+") болалар учун ахборот маҳсулотига "0+" ва "7+" ахборот маҳсулоти, шунингдек, жанри ва (ёки) сюжетига мувофиқ асосли равишда:

шафқатсизлик ва (ёки) зўравонликнинг (жинсий зўравонлик бундан мустасно) қурбонига нисбатан раҳм-шафқат ва (ёки) шафқатсизлик, зўравонликка нисбатан салбий, қораловчи муносабат ифода этилиши шарти билан (фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда жамият ёки давлатнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қўлланадиган зўравонлик бундан мустасно) ҳаётдан маҳрум этиш ёки жароҳат етказиш жараёни натурал кўрсатилмаган эпизодик тасвири ёки баёнини;

жамиятга қарши хатти-ҳаракатлар содир этишга (жумладан, алкоголь ва таркибида спирт бўлган маҳсулотлар, пиво ва унинг асосида тайёрланадиган ичимликларни истеъмол қилишга, қимор ўйинларида иштирок этишга, дайдилик ва тиланчилик билан шуғулланишга) ундамайдиган тасвирни ёки баённи, наркотик воситалар, психотроп ва (ёки) гангитувчи моддалар, тамаки маҳсулотлари жамиятга қарши хатти-ҳаракатларни содир этишга йўл қўйиши мумкинлиги ва улар қўллаб-қувватланмаслиги ва оқланмаслиги, уларга нисбатан салбий, қораловчи муносабат ифода этилиши ҳамда юқоридаги маҳсулотлар, воситалар, моддалар ва буюмларни истеъмол қилиш хавфли эканига кўрсатма берилиши шарти билан эпизодик равишда тилга олинган (намойиш қилинмаган) ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулоти киради.


10. Ўн олти ёшга тўлган болалар ("16+") учун ахборот маҳсулотига "0+", "7+", "12+" ахборот маҳсулоти, шунингдек, жанри ва (ёки) сюжетига мувофиқ асосли равишда:

бахтсиз ҳодиса, авария, фалокат, касаллик, ўлимнинг болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотиши мумкин бўлган оқибатлари натуралистик равишда намойиш этилмаган тасвири ёки баёнини;

шафқатсизлик ва (ёки) зўравонликнинг (жинсий зўравонлик бундан мустасно) қурбонига нисбатан раҳм-шафқат ва (ёки) шафқатсизлик, зўравонликка нисбатан салбий, қораловчи муносабат ифода этилиши шарти билан (фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда жамият ёки давлатнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қўлланадиган зўравонлик бундан мустасно) ҳаётдан маҳрум этиш ёки жароҳат етказиш жараёни натуралистик равишда кўрсатилмаган тасвири ёки баёнини;

наркотик воситалар ёки психотроп ва (ёки) гангитувчи моддалар тўғрисидаги (уларни кўрсатмасдан), уларни истеъмол қилишнинг хавфли оқибатлари тўғрисидаги бундай воситалар ёки моддаларни истеъмол қилишга салбий ёки қораловчи муносабат ифода этилиши ёки уларни истеъмол қилиш хавфли экани тўғрисида огоҳлантириш мавжуд бўлиши шарти билан шундай ҳолатларни намойиш этувчи ахборотни;

уятли сўзлар жумласига кирмайдиган алоҳида ҳақорат сўзлар ва (ёки) ибораларни;

жинсий муносабатларнинг жинсий алоқага нисбатан бўлган қизиқишдан фойдаланмайдиган ҳамда қўзғатувчи ёки ҳақоратловчи тусга эга бўлмаган эпизодик натуралистик бўлмаган тасвир ёки баёнини (жинсий тусдаги хатти-ҳаракатларнинг тасвири ёки баёни бундан мустасно) ўз ичига олувчи ахборот маҳсулотлари киради.


11. Болалар ўртасида тарқатиш тақиқланган ("18+") ахборот маҳсулотига:

болаларни уларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга, жумладан, ўз соғлиғига зарар етказишга, ўз жонига қасд қилишга ва шундай ҳаракатларни тарғиб қилишга ундайдиган;

болаларда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиш, қимор ўйинлари, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш, фоҳишабозлик, дайдилик, тиланчилик ёки ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг бошқа шакллари билан шуғулланиш истагини пайдо қиладиган;

одамларга ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиш мумкинлигини асослайдиган ёки оқлайдиган ёхуд зўравонлик хатти-ҳаракатларини амалга оширишга ундайдиган;

оилавий қадриятларни инкор этадиган, ахлоқсизликни тарғиб қиладиган, шунингдек, ота-онасига ва оиланинг бошқа аъзоларига, теварак-атрофдагиларга нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантирадиган;

ғайриқонуний хулқ-атворни оқлайдиган ва ҳуқуқбузарлик содир этишга олиб келадиган;

жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга даъват қиладиган;

уятли сўзларни ўз ичига олган;

порнография хусусиятига эга бўлган ахборотни ўз ичига олган;

ғайриқонуний ҳаракатлар натижасида жабрланган болалар тўғрисидаги, жумладан, бундай боланинг фамилияси, исми, отасининг исми, ота-онаси ва бошқа қонуний вакилларининг фото ва видеотасвирлари, бундай боланинг туғилган санаси, унинг овози ёзилган аудиотасма, яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи, ўқиш ёки иш жойи тўғрисидаги, бундай боланинг шахсини бевосита ёхуд билвосита аниқлашга имкон берадиган бошқа ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулотлари киради.


12. Ёшга оид тоифа белгиси бўлмаган ахборот маҳсулотини тарқатиш тақиқланади.

Ёшга оид тоифа белгиси нотўғри тайинланган ахборот маҳсулоти ёшга оид тоифа белгиси бўлмаган ахборот маҳсулотига тенглаштирилади.



3-БОБ. АХБОРОТ МАҲСУЛОТИНИ ЁШГА ОИД

ТАСНИФЛАШ ТАРТИБИ


§ 1. Ахборот маҳсулотининг ёшга оид

таснифини белгилаш


13. Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ва (ёки) тарқатувчилар томонидан, шу жумладан, экспертларни жалб этган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш бошлангунига қадар ушбу Низомда кўрсатилган мезонларга мувофиқ амалга оширилади.


14. Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш эксперт ёки экспертларни жалб этган ҳолда бажарилганда, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш билан боғлиқ хизматлар учун ҳақ тўлаш ва харажатлар ушбу хизматларга буюртма берган ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ёки тарқатувчилар томонидан амалга оширилади.



§ 2. Ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси

белгисини жойлаштириш (маркалаш)


15. Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи тўғрисидаги маълумотлар ушбу маҳсулотга ахборот маҳсулоти ёшга оид тоифасининг тегишли белгисини жойлаштириш (маркалаш) учун асос бўлади.


16. Ахборот маҳсулотини маркалаш унинг ишлаб чиқарувчиси ва (ёки) тарқатувчиси томонидан унга ахборот маҳсулотининг тегишли ёшга оид тоифаси белгисини жойлаштириш орқали амалга оширилади:

"7 ёшгача" - айлана ичидаги "0+" белгиси;

"7 ёшдан" - айлана ичидаги "7+" белгиси;

"12 ёшдан" - айлана ичидаги "12+" белгиси;

"16 ёшдан" - айлана ичидаги "16+" белгиси;

"18 ёшдан" - айлана ичидаги "18+" белгиси.


17. Ахборот маҳсулотининг тоифаси Қонун ва ушбу Низом талабларига мувофиқ белгиланади ҳамда ахборот маҳсулотининг ишлаб чиқарувчилари ёки тарқатувчилари томонидан техник регламентларга риоя этган ҳолда жойлаштириладиган ёшга оид тоифа белгиси билан ифодаланади.


18. Ёшга оид тоифаси турли бўлган бир неча қисмдан иборат ахборот маҳсулоти тарқатилаётганда у энг катта ёшга оид тоифага мос тоифа белгиси билан маркаланади.


19. Ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифа белгиси ўз ўлчамига кўра қуйидагилар майдонининг камида беш фоизини эгаллаши лозим:

театр-томоша, маданий-маърифий, кўнгилочар томоша, кино ва видеонамойиш ёки бошқа томоша тадбири афишаси ёки репертуар эълони, шунингдек, кириш чиптаси, таклифнома ва тадбирга кириш ҳуқуқини берувчи бошқа ҳужжат;

аудиовизуал асар, компьютер ёки бошқа электрон ўйин, компьютер дастури ёки маълумотлар базасининг ҳар бир нусха манбаи (жумладан, компакт диск ёки бошқа электрон манбаи)нинг корпуси ва (ёки) қадоғи (бокс, қути). Компьютер ва бошқа электрон ўйинлардаги белги ёшга оид тоифа тўғрисидаги маълумотлардан ташқари уят сўзлар мавжудлиги, ўйинга қарамлик вужудга келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришни ўз ичига олиши лозим.

Интернет тармоғидаги ахборот ресурсларида ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифа белгиси ахборот ресурсининг барча саҳифаларида жойлаштирилади. Ёшга оид тоифа белгиси умумий манзарадан ажралиб туриши ва ўқиш учун қулай бўлиши лозим.


20. Томоша тадбирининг намойиш қилиниши бошлангунига қадар ахборот маҳсулоти тегишли белги билан белгиланади. Ёши турлича бўлган болаларга мўлжалланган бир неча турдаги ахборот маҳсулоти намойиш қилинаётганда у энг катта ёшга оид тоифа белгиси билан маркаланади.

Ушбу белги афишаларда ҳамда томоша тадбири ўтказилиши тўғрисидаги бошқа эълонларда, шунингдек, кириш чипталари, таклифномалар ва ушбу тадбирга кириш ҳуқуқини берувчи бошқа ҳужжатларда жойлаштирилади.


21. Даврий ва нодаврий босма нашрларда ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси нашрнинг биринчи саҳифаси ва (ёки) титул варағига жойлаштирилади, у кўз илғаши учун қулай бўлиши ҳамда унинг ўлчами маҳсулотнинг номида ишлатилган шрифт ўлчамига мос бўлган шрифтда ишланган бўлиши лозим.


22. Телевидение ва радиода узатишга, шунингдек, чакана савдо, ижара ёки прокат учун мўлжалланган аудио ва аудиовизуал маҳсулотнинг ёшга оид тоифаси белгиси тегишли равишда оммавий ахборот воситалари ва босма нашрларда эълон қилинадиган, шунингдек, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларида жойлаштириладиган телекўрсатувлар ва радио эшиттиришлар дастурларида, шунингдек, ахборот маҳсулотининг ассортимент рўйхатлари ва каталогларида жойлаштирилади.

Ахборот маҳсулотини тарқатувчилар унинг телевидение ва радио орқали, кино ва видеохизмат кўрсатиш давомида ҳар бир намойиши бошланишидан аввал, шунингдек, компьютер ёки ахборот-коммуникация тармоқларидаги электрон ўйинлар ҳар сафар ишга туширилганда (юкланганда) махсус кадр (саҳифада) унинг ёшга оид тоифа белгиси ҳамда ёшга оид чекловлар тўғрисида овоз (товуш сигнали) ҳамроҳлигида матнли огоҳлантириш жойлаштирилишини таъминлашлари шарт.

Аудиовизуал асар учун ёшга оид тоифа белгиси унинг намойиши бошланганидан сўнг ҳамда ҳар бир реклама танаффусидан сўнг экраннинг бурчагида камида 8 сония давомида намойиш қилинади, фильмнинг кинозалда очиқ намойиши бундан мустасно. Ушбу белгининг ўлчами экран (кадр) майдонининг камида беш фоизини ташкил этиши лозим.

Агар аудиовизуал асарнинг давомийлиги 8 сония ёки ундан кам бўлса, ёшга оид тоифа белгиси бутун намойиш давомида кўрсатилади.


23. Болалар учун тақиқланган босма асар(нашр)ларда ахборот маҳсулотининг белгиси нашр муқовасининг олд тарафида жойлаштирилиши шарт. Ўлчамига кўра белги муқовада ишлатилган шрифт ўлчамига мос бўлиши лозим.

Босма нашрнинг электрон версиялари, электрон ва аудио китоблар нашрнинг босма версиясида кўрсатилган белгининг айни ўзи билан маркаланади.



4-БОБ. АХБОРОТ МАҲСУЛОТИНИ ЭКСПЕРТИЗАДАН

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


§ 1. Ахборот маҳсулотининг экспертизаси


24. Ахборот маҳсулотининг унда болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини, болаларнинг муайян ёш тоифасига мослигини ёки мос эмаслигини аниқлаш бўйича экспертиза Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги қарорига кўра эксперт ёки экспертлар томонидан ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ ўтказилади.


25. Экспертиза учун эксперт ёки экспертлар Агентлик томонидан экспертизадан ўтказилиши лозим бўлган ахборот маҳсулотининг туридан келиб чиқиб, тасодифий танлаб олиш усули асосида белгиланади.

26. Ахборот маҳсулотининг экспертизаси бир хил мутахассисликка (комиссиявий экспертиза) ёки турли мутахассисликка (комплекс экспертиза) эга икки ва ундан ортиқ эксперт томонидан амалга оширилиши мумкин.


27. Ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Агентлик томонидан белгиланган тартибда ахборот маҳсулотининг ишлаб чиқарувчилари ёки тарқатувчилари томонидан қопланади.

28. Манфаатдор шахсларнинг аккредитация қилинган экспертлар реестридаги маълумотлардан фойдаланиши Агентликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти орқали таъминланади.

29. Экспертларни аккредитациядан ўтказиш тартиби, шунингдек, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга оширишга ва ахборот маҳсулотининг унда болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини, болаларнинг муайян ёш тоифасига мослигини ёки мос эмаслигини аниқлаш учун экспертизасини ўтказишга жалб этиладиган экспертлар реестрини юритиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган тегишли низомга асосан белгиланади.



§ 2. Ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш


30. Ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш тўғрисидаги қарор Агентлик томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида мурожаат келиб тушганидан кейин кўпи билан беш кундан кўп бўлмаган муддатда қабул қилинади.

31. Ахборот маҳсулотининг экспертизасини ўтказиш муддати ахборотнинг ҳажмига боғлиқ бўлади, бироқ мурожаат келиб тушган пайтдан эътиборан ўттиз кундан ошмаслиги керак.


32. Ахборот маҳсулотининг экспертизаси тугагач, экспертлар ахборот маҳсулотида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, унинг муайян ёш тоифасига мослиги ёки мос эмаслиги тўғрисида Агентликга уч кун ичида эксперт хулосаларини юборади.

33. Эксперт хулосасида қуйидагилар кўрсатилади:

ахборот маҳсулотининг экспертизаси ўтказилган сана, вақт ва жой;

экспертлик ташкилоти ва эксперт тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, мутахассислиги, мутахассислик бўйича иш стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими, иш жойи);

эксперт, экспертлар олдига қўйилган саволлар;

ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган тадқиқот объекти ва материаллар;

қўлланган усулларни кўрсатган ҳолда тадқиқотнинг мазмуни ва натижалари;

эксперт, экспертлар олдига қўйилган саволларга асослантирилган жавоблар;

ахборот маҳсулотида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, унинг болаларнинг муайян ёш тоифасига мослиги ёки мос эмаслиги, ахборот маҳсулоти белгисига мослиги ёки мос эмаслиги тўғрисида хулоса.


34. Комиссиявий экспертизада экспертлар қўйилган масалалар бўйича якдил фикр билдирсалар, эксперт хулосаси шу экспертизанинг ўтказилишида иштирок этган барча экспертлар томонидан имзоланади. Зиддиятлар вужудга келганда ҳар бир эксперт зиддият келиб чиқишига сабаб бўлган масалалар бўйича алоҳида эксперт хулосасини беради. Комплекс экспертизанинг ўтказилишида иштирок этган ҳар бир эксперт эксперт хулосасининг у ўтказган тадқиқотлар баён этилган қисмини имзолайди ва шу қисм учун жавобгар бўлади.


35. Агентлик эксперт хулосасини олгандан сўнг уч кун ичида уни мурожаат эгасига юборади.

36. Эксперт хулосаси мавжуд бўлган ахборот маҳсулотининг айланиш соҳаси ўзгарган тақдирда ушбу ахборот маҳсулоти учун бошқа эксперт хулосасини олиш талаб этилмайди.


37. Умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларида экспертиза жараёнида мазмунида:

Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;

уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш;

давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатувчи маълумотлар, шунингдек, фуқароларнинг шаъни, қадр-қимматини таҳқирловчи, уларнинг шахсий ҳаётларига аралашувчи ахборотларни тарқатиш;

гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

порнографияни тарғиб қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни келтириб чиқарувчи материаллар аниқланганда, эксперт (экспертлар) зудлик билан Агентликни, Интернет тармоғидаги мазкур ахборот ресурс(лари)ининг идентификацион маълумотларини тақдим этган ҳолда хабардор қилади.

Агентлик эксперт(лар)дан ушбу Низомнинг 37-бандида кўзда тутилган маълумотларни олгандан сўнг, Интернет тармоғининг идентифакация қилинган ахборот ресурси тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда экспертизадан ўтказиш ва мазкур ресурсларга киришни чеклаш учун ваколатли органга юборади.


§ 3. Ёшга оид таснифнинг ва ахборот маҳсулоти

экспертизасининг ҳуқуқий оқибатлари


38. Ахборот маҳсулотининг муайян ёш тоифаси белгисига мослиги учун жавобгарлик ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга оширган, шунингдек, ёш тоифаларига мувофиқлиги юзасидан экспертиза ўтказган экспертлар зиммасига юкланади.


39. Эксперт хулосасига мувофиқ Агентлик томонидан ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчиларга болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги ҳолларини, шунингдек, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш учун кўрсатма юборилади.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


40. Ўзбекистон Республикасининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилигига риоя этилиши юзасидан давлат назорати Агентлик, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа ваколатли давлат органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.

41. Қонунда ва ушбу Низомда белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ахборот билан болаларнинг ҳаёти ва соғлигига етказилган зарар қонунчиликка мувофиқ қопланиши лозим.


42. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Ахборот маҳсулотларини экспертизадан ўтказиш

СХЕМАСИ

  

Босқич

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддати


1-босқич

Юридик ёки жисмоний шахс

Ахборот маҳсулотларини уларда болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, уларнинг муайян ёшдаги болалар тоифасига мослиги ёки мос эмаслиги юзасидан экспертизадан ўтказиш бўйича Агентликга мурожаат киритади

Мурожаат қиладиган шахснинг хоҳишига кўра


2-босқич

Агентлик

Мурожаат асосида ахборот маҳсулотларини уларда болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, уларнинг муайян ёшдаги болалар тоифасига мослиги ёки мос эмаслиги юзасидан экспертизадан ўтказиш бўйича қарор қабул қилади

5 кунда

3-босқич

Агентлик томонидан тасодифий танлов асосида танлаб олинадиган эксперт (экспертлар)

Ахборот маҳсулотларини экспертизадан ўтказади

Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб кўпи билан 30 кунда

4-босқич


Агентлик томонидан тасодифий танлов асосида танлаб олинадиган эксперт (экспертлар)

Ахборот маҳсулотларини уларда болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, уларнинг муайян ёшдаги болалар тоифасига мослиги ёки мос эмаслиги тўғрисидаги экспертиза хулосасини Агентликга жўнатади

Экспертиза тугаганидан кейин 3 кунда


5-босқич


Агентлик

Хулосани мурожаат эгасига жўнатади

Экспертиза хулосаси олингандан сўнг 3 кунда



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 23 октябрь














































Время: 0.1888
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск