язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.01.2019 й. 17-сон "Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

10.01.2019 й.

N 17



ДАСТУРИЙ МАҲСУЛОТЛАР ВА АХБОРОТ

ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ТЕХНОЛОГИК ПАРКИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси билан Ҳиндистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 4 октябрдаги ПҚ-3958-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасини ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ушбу соҳадаги стартап-лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорларда дастурий ва юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматларни тарғиб қилишга кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Ҳиндистон Республикасининг Электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги қошидаги Дастурий технологиялар парклари жамияти ўртасида Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси асосида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини (кейинги ўринларда Технопарк деб аталади) ташкил этиш бўйича келишувга эришилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар Технопаркнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулотлар ва хизматларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ички ва ташқи бозорларда илгари суриш, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш;

Технопарк резидентларини ўз фаолиятини ривожлантириш учун зарур бўлган юқори технологик инфратузилма ва замонавий лабораториялар билан таъминлаш, уларга молиявий, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматлари, шунингдек, бизнес-акселератор хизматлари кўрсатиш;

ахборот технологиялари соҳасида янгидан иш бошлаган ва кичик корхоналарга стартап-лойиҳаларни амалга оширишда, инновация фаолияти натижаларини тижоратлаштиришда, шу жумладан, венчур молиялаштириш асосида кўмаклашиш;

резидентларга лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилишда, шу жумладан, замонавий технологиялар ва дастурий маҳсулотлар трансферини амалга ошириш орқали кўмаклашиш;

юқори технологияли маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқариш тармоғини амалга ошириш учун илмий, таълим ва ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолиятини интеграциялашга кўмаклашиш;

ахборот технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар синфини яратиш мақсадида ёш мутахассисларни ўқитишни ташкил этиш;

етакчи компаниялар ва мутахассислар иштирокида ахборот технологиялари соҳасида маҳорат дарслари, тренинглар ва малака ошириш курслари, шунингдек, илмий-амалий конференциялар ва семинарлар ўтказиш.


3. Белгилаб қўйилсинки, Технопаркнинг фаолиятини бошқариш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги муассислигида масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этиладиган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) томонидан амалга оширилади.


4. Белгилансинки:

а) хўжалик шартномалари асосида Технопаркнинг фаолияти ихтисослигига тегишли ишлар бажарилишидан олинган маблағлар:

халқаро молия ташкилотлари ва институтларидан ажратилган грантлар ва кредитлар;

Технопаркни молиялаштиришнинг етишмаётган қисми юзасидан  Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг идоравий мансуб ташкилотлари маблағлари Технопаркнинг фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш билан боғлиқ чораларни молиялаштириш манбалари ҳисобланади;

б) Технопарк резидентлари томонидан амалга ошириладиган истиқболли стартап-лойиҳаларни молиялаштириш, улар белгиланган тартибда танлаб олингандан кейин Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг идоравий мансуб ташкилотлари маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 30 июндаги ПФ-5099-сон Фармони билан берилган имтиёзларнинг амал қилиши Технопарк резидентларига ҳам татбиқ этилсин.


6.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Технопаркка туташ ҳудудларни ободонлаштиришда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига кўмаклашсин.


7. Технопаркни ташкил этиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига истисно тариқасида:

Технопарк бинолари ва иншоотларини қуриш ва реконструкция қилишни белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда бир вақтда лойиҳалаш ва молиялаштириш шартлари асосида бажаришга;

Технопарк фаолиятини ташкил этиш учун лойиҳалаш ва пудрат ташкилотларини, шунингдек, асбоб-ускуналар, компьютер ва бошқа техника, ўқитишнинг техник воситалари, адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари, дастурий маҳсулотлар, инвентарь ва бошқа моддий-техника ресурсларини етказиб берувчиларни тендер (танлов) савдолари ўтказмасдан энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида аниқлашга рухсат берилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда Технопарк резидентларини рўйхатга олиш, истиқболли стартап-лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш тартибини назарда тутадиган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун киритсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Электрон ҳукумат, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                        А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 11 январь