язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Билет операцияларининг ягона электрон тизими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.01.2019 й. 18-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 10 январдаги

18-сон қарорига

1-ИЛОВА



Билет операцияларининг ягона

электрон тизими тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Билет операциялари ягона электрон тизимига (кейинги ўринларда БОЯЭТ деб аталади) уланиш ва унинг ишлаш тартибини, БОЯЭТдан фойдаланиш бўйича ваколатли органнинг, БОЯЭТда билет операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларни амалга ошириш бўйича юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий атамалардан фойдаланилади:


абонент - билетларни автоматик равишда сотиш тизими ушбу Низом билан белгиланадиган тартибда БОЯЭТга уланган, электрон билетларни чиқариш, қайтариш ва сотиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;


билетларни автоматик равишда сотиш тизими (кейинги ўринларда АСТ деб аталади) - абонентлар билет операциялари текширувини амалга ошириш учун мўлжалланган дастурий-аппаратли таъминот мажмуаси;


электрон билетларни сотиш бўйича агент (кейинги ўринларда агент деб аталади) - фойдаланувчиларга электрон билетларни бронлаштириш, сотиш ва қайтариш хизматларини, шунингдек, ушбу Низомда белгиланган тартибда электрон билетларни сотиш билан боғлиқ бошқа хизматлар кўрсатувчи абонент;


билет операциялари - электрон билетларнинг нархларини белгилаш ва ўзгартириш, билетларни сотиб олиш, сотиш, қайта сотиш, бошқа абонентлар орқали сотиш, чиқариш, қайтариш, алмаштириш, бронлаштириш, тиклаш, тақсимлаш, расмийлаштириш, бекор қилиш ва билетларнинг бошқа хатти-ҳаракатлари бўйича БОЯЭТдан фойдаланишни таъминлайдиган фойдаланувчилар ва ваколатли орган томонидан амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар мажмуи;


билет боти - кейинчалик қайта сотиш мақсадларида бир ёки бир неча шахсларнинг манфаатлари йўлида электрон билетларни бир неча марта сотиб олиш учун фойдаланиладиган, маълумотлар базасини идентификацияловчи рақамли имзолар генерацияси алгоритмларидан фойдаланувчи дастурий таъминот;


фойдаланувчини текшириш - электрон билет сотиб олинганда АСТ қайд этиладиган фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон билетни санашда уни идентификацияловчи ноёб код таркибидаги маълумотларга мослигини тасдиқлаш жараёни;


электрон билет чиқариш - абонентнинг электрон билет кўринишидаги электрон тасвирни фойдаланувчига юбориш ёки шундай тасвирни, муҳр қурилмаси ёрдамида билетни бевосита сотишдан аввал амалга ошириладиган моддий манбада босиш бўйича хатти-ҳаракатлари;


буюртмачи - БОЯЭТга уланиш учун БОЯЭТ ишлашини таъминловчи ваколатли органга буюртма юборадиган юридик шахс;


билет операцияларининг ягона электрон тизими (БОЯЭТ) - билет операцияларига, шунингдек шундай операциялар билан боғлиқ бўлган ёки бошқача тарзда уларга кирадиган маълумотларга ишлов беришни таъминлайдиган дастурий-аппарат мажмуаси;


билетлар жамланмаси - муайян тадбирлар учун томоша зали ўринлари схемасига, тик туриладиган томоша ўринларини жойлаштириш зонасига, уларга киритиш ёки уларга боғланмаган секцияларга биноан эмитентнинг фаолият турига қараб шакллантирилган, ушбу тадбир учун билет нархлари тасдиқланган электрон билетларнинг тартибга солинган мажмуи;


тадбирлар - эмитентлар ёки ташкилотлар томонидан ўтказиладиган спектакллар, концертлар, лекциялар, экскурсиялар, кўргазмалар, экспозициялар ва бошқа томошалар, маданий-маърифий тадбирлар;


маданият ва санъат ташкилотлари - театрлар, цирклар, филармониялар, концерт ташкилотлари (профессионал ижодий жамоалар, мусиқа жамоалари ва ансамбллари ва ҳ.к), маданий-маърифий муассасалар (маданий марказлар, музейлар, бадиий галереялар (кўргазмалар), кўргазма заллари, тарихий-маданий қўриқхоналар, маданият ва истироҳат боғлари, клуб муассасалари, саройлар ва маданият уйлари, маданият ва санъат соҳасидаги таълим муассасалари, маданий-ахборот ва маданий-маърифий марказлар ва ҳ.к.), идоравий мансублигидан қатъи назар, барча маданий мерос объектлари ва меъморий ёдгорликлар;


ташкилотчи - эмитентнинг хонасида тадбир ўтказадиган юридик ёки жисмоний шахс;


фойдаланувчи - БОЯЭТда рўйхатдан ўтган, электрон билетларни сотиб олиш, бошқа фойдаланувчиларга қайта сотиш, қайтариш, алмаштириш, бронлаштириш ва тиклаш бўйича билет операцияларини амалга оширувчи жисмоний шахс;


электрон билет реквизитлари - электрон билетга, у чиқарилганда киритилиши шарт бўлган маълумотлар мажмуи (билетнинг нархи, серияси, рақами, тадбирнинг номи, унинг ўтказиладиган жойи, санаси ва вақти, шунингдек, зарурат бўлганда, томоша қатори ва ўрнининг рақами, тик туриладиган жойларнинг жойлашган жойи), шу жумладан электрон билетни идентификацияловчи ноёб код;


сервис йиғими - электрон билетларнинг бирламчи сотуви ва сотилиши бўйича муваффақиятли билет операциялари қийматидан олинадиган мажбурий йиғим;


махсус ахборот портали - билет операциялари, абонентларни, фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказиш, тадбирларда қатнашиш бўйича шакллантирилган таҳлилий ва статистик ҳисоботларни акс эттириш тўғрисидаги маълумотларни очиқ-ойдин жойлаштириш учун ваколатли орган томонидан ташкил этиладиган веб-сайт;


билет сотиш - тадбирларни тасдиқлаш, электрон билетлар нархларининг ўзгартирилишини белгилаш, электрон билетларни қайтариш сиёсатини шакллантириш, йўқолган билетларни тиклаш ҳамда абонентлар томонидан амалга ошириладиган, электрон билетларнинг ҳисобини юритиш ва сотуви билан боғлиқ бўлган бошқа билет операциялари бўйича билет операциялари мажмуи;


БОЯЭТ ишлашини таъминлаш бўйича ваколатли орган (кейинги ўринларда ваколатли орган деб аталади) - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси;


электрон билетни идентификацияловчи ноёб код (кейинги ўринларда ИНК деб аталади) - электрон билетни текширишни амалга ошириш имконини берадиган, АСТ билан шакллантириладиган, ҳар бир электрон билет учун ноёб бўлган, белгиланган шаклдаги кодланган тасвир (QR-код);


муҳр қурилмаси - электрон тасвирни қоғозда ёки бошқа материалда босиб чиқаришни амалга ошириш имконини берадиган, АСТнинг бир қисми ҳисобланадиган аппарат таъминоти (принтер, термопринтер, билетларни сотиш автомати ва ҳ.к.);


электрон билетнинг нархи - эмитентнинг фаолият турига қараб билетлар нархларини белгилашда қўлланиладиган, нарх тоифалари ёки бошқа мезонлар бўйича томоша залидаги ўринларни тақсимлаш схемасига биноан, маълум давр мобайнида ўтказиладиган бир ёки бир неча тадбирлар учун, эмитент ёки ташкилотчининг ихтиёрига кўра белгиланадиган миқдорда тадбирга бориш қиймати;


электрон билет - тадбирга бориш ҳуқуқини тасдиқловчи, шу жумладан тартибга солинган тарзда билет реквизитлари ҳақидаги маълумотлардан иборат бўлган, АСТ шакллантирган маълумотлар мажмуи;


билетнинг электрон тасвири - фойдаланувчининг босма қурилмасида ёки электрон қурилмасида сканерлаш орқали кўриб чиқиш ва текшириш учун яроқли бўлган форматдаги, билет реквизитларининг график тасвири ва унинг идентификацияловчи ноёб кодидан (ИНК) иборат бўлган, бундай тасвирни босмадан чиқариш учун билет чиқариладиган вақтда АСТ томонидан шакллантириладиган маълумот;


эмитент - электрон билетларнинг бирламчи чиқарилишини амалга оширувчи маданият ва санъат ташкилоти ёки бошқа юридик шахс тарзидаги абонент.

Буюртмачиларнинг БОЯЭТга уланиши мазкур Низомга 1-иловага биноан схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. АБОНЕНТЛАР, ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР

ВА ВАКОЛАТЛИ ОРГАННИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


3. Мазкур Низомнинг 3-бобига биноан белгиланган тартибда БОЯЭТга улангандан сўнг, эмитентлар қуйидаги ҳуқуқларга эга бўладилар:

электрон билетлар учун нархлар белгилаш;

тадбирнинг бошланиш санасига қараб электрон билетлар нархларини ошириш ставкасини белгилаш;

мазкур Низомда белгиланган доирада агентларни мукофотлаш миқдорини белгилаш.


4. Агентлар эмитентларга эмитентнинг электрон билетлари тўпламидан фойдаланишига рухсат бериш ҳақидаги офертани юборишга ҳақлидирлар.


5. БОЯЭТ самарали ишлашини таъминлаш учун ваколатли орган қуйидаги хатти-ҳаракатларни амалга оширади:

а) Мазкур Низом талабларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича:

абонентлар ва фойдаланувчилар томонидан мазкур Низом талабларига риоя қилинишини таъминлайди;

фойдаланувчилар ва абонентларга мазкур Низом талабларининг бузилганлиги тўғрисида кўрсатмалар юборади;

мазкур Низомга биноан абонентлар ва фойдаланувчиларнинг БОЯЭТга уланишини тўхтатиб туради, шунингдек, узиб қўйилишини амалга оширади;

б) БОЯЭТ ишлашини таъминлаш бўйича:

сервис йиғимини ундиради;

БОЯЭТ самарали ишлаши учун зарур бўлган ҳолатда дастурий-аппарат таъминотини қўллаб-қувватлайди;

БОЯЭТ дастурий-аппарат таъминотини янгилайди;

абонентлар ва фойдаланувчиларга БОЯЭТ ишлаши масалалари бўйича техник маслаҳатлар беради;

билет ботлари, шунингдек тегишли дастурий-аппарат таъминотини сотиб олиш, ўрнатиш, абонентларни маълум тадбирларда билет ботларидан фойдаланиш хатарлари ҳақида хабардор қилиб туриш орқали электрон билетларнинг сотиб олинишини бартараф этиш борасида самарали чоралар кўради;

в) Ўзбекистон Республикасида тадбирлар бозорининг рақамли интеграцияланишини таъминлаш бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда, БОЯЭТга мажбурий тартибда уланадиган маданият ва санъат давлат ташкилотлари рўйхатини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилган ҳолда абонентларнинг АСТга қўйиладиган техник талабларни белгилайди;

г) билет операцияларининг шаффофлигини таъминлаш қисмида:

тегишли турдаги тадбирлар учун фойдаланувчиларни текшириш даражасини белгилайди;

махсус ахборот порталида фойдаланувчилар, буюртмачилар ва абонентларга қўйиладиган талабларга киритиладиган барча ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотларни чоп эттиради.



3-БОБ. АБОНЕНТЛАРНИНГ БОЯЭТга УЛАНИШИ


6. БОЯЭТга уланиш тартиботи қуйидаги босқичлардан иборат:

Буюртмани юбориш;

Буюртмани кўриб чиқиш;

АСТ техник экспертизасини амалга ошириш (зарурат бўлганда);

шартнома тузиш;

буюртмачи АСТни БОЯЭТга улаш.


7. БОЯЭТга уланиш учун буюртмачилар ваколатли органга мазкур Низомнинг 2-иловасига биноан шакл бўйича уланиш учун буюртма юборадилар, БОЯЭТга мазкур Низомнинг 5-банди "в" кичик бандига биноан мажбурий тартибда уланадиган маданият ва санъат ташкилотларидан ташқари.


8. Буюртма олинган санадан бошлаб 10 иш куни ичида ваколатли орган уни мазкур Низомнинг 4-бандида белгиланган талабларга мослигини кўриб чиқади. Буюртма белгиланган талабларга мос келмаган тақдирда, ваколатли орган буюртмачига номувофиқликларни бартараф этиш ва такрорий буюртма киритиш бўйича тавсиялар беради. Зарурат бўлганда, буюртмани кўриб чиқиш босқичида ваколатли орган буюртмачининг юридик манзили бўйича жойига бориб, унинг АСТ техник экспертизасини амалга оширишга ҳақлидир. Шунингдек, Ваколатли орган томонидан буюртмани кўриб чиқиш ҳақида қарор қабул қилинганда АСТ техник экспертизаси натижаларидан фойдаланишга ҳақлидир.


9. Буюртма талабларга мос келмаган тақдирда, ваколатли орган буюртмачига БОЯЭТга уланиш учун шартнома тузиш ҳақида таклиф юборади.

БОЯЭТга уланиш учун шартнома шакли, унинг шартлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилик талабларига биноан Ваколатли орган томонидан белгиланади.

Шартномада кўрсатилган муддатда, бироқ у тузилган санадан бошлаб 20 иш кунидан кечиктирмасдан ваколатли орган буюртмачи АСТнинг БОЯЭТга ҳақиқий уланишини амалга оширади.

Абонент АСТга қўйиладиган техник талаблар ваколатли орган томонидан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.



4-БОБ. СЕРВИС ЙИҒИМИ


10. Ваколатли орган абонентлардан электрон билетлар сотуви ва сотилиши бўйича муваффақиятли операциялар қийматидан 6 фоиз миқдорида сервис йиғимини ундиради. Сервис йиғими бирламчи сотуви ва сотилиши бўйича барча билет операцияларидан автоматик тарзда ундирилади ва тегишли билет операцияси амалга оширилган вақтда ваколатли органнинг махсус ҳисобрақамига ўтказилади.

Электрон билетларнинг сотуви ва сотилиши бўйича муваффақиятли операциялар қийматидан қолган қиймат суммаси тегишли абонентнинг ҳисобига ўтказилади.


11. Билетлар сотувидан олинадиган валюта маблағлари улар абонентлар ўртасида тақсимлангунга қадар қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг электрон билет сотилган санадаги курси бўйича миллий валютага алмаштирилади.


12. Сервис йиғимидан олинган маблағлар, БОЯЭТ таъминлаш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган харажатлар ўрни қоплангандан сўнг ваколатли орган вазифаларининг бажарилиши бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.



5-БОБ. ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИ

ТЕКШИРИШ ДАРАЖАЛАРИ


13. Тадбирларга қатнашишнинг тахминий даражаси ва аҳамиятига қараб ваколатли орган фойдаланувчиларни текширишнинг қуйидаги даражаларидан бирини белгилайди:

базавий - электрон почта ёрдамида текшириш (фойдаланувчининг кўрсатилган манзилига тўловни ва электрон билет олиш учун иловани тасдиқлайдиган хат юборилади);

ўртача - телефон рақами ёрдамида текшириш (фойдаланувчи электрон билет сотиб олиш учун абонентнинг веб-сайтидаги махсус устунга киритиши лозим бўлган СМС-кодни олади);

юқори - Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан (ЖШШИР) фойдаланиш ёрдамида текшириш. Ваколатли орган томонидан юқори даражали текширув белгиланган тадбирга электрон билет сотиб олинганда, телефон рақамидан ташқари фойдаланувчи шахсий ЖШШИРни кўрсатиши лозим.

Юқори даражали текширув белгиланган тадбирга бориш учун билетлар текширилганда, фойдаланувчи Ягона идентификациялаш коди (FaceID технологияси) ёрдамида, томоша залига, концерт майдонига ёки абонентнинг бошқа хоналарига кирганда, бевосита тадбир бошланишидан аввал ўз шахсини тасдиқлаши керак.



6-БОБ. АСТдан ФОЙДАЛАНГАН ҲОЛДА

ЭМИТЕНТЛАР ТОМОНИДАН БИЛЕТ

СОТУВИНИ ЮРИТИШ


14. АСТдан фойдаланган ҳолда билет сотувини амалга ошириш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:

абонент томонидан тадбирнинг ўтказилиш фактини тасдиқлаш;

тадбир учун билетлар тўпламини шакллантириш;

билетларни сотиш;

тадбирларга бориш назоратини амалга ошириш;

билетларнинг сотилиши ҳақида ҳисобот тузиш.


15. Эмитент АСТга тегишли ёзувларни киритиш йўли билан тадбирнинг ўтказилишини тасдиқлайди ва унда албатта қуйидагилар кўрсатилади:

тадбирнинг номи;

тадбир ўтказиладиган давр;

томоша жойининг, киритиладиган зонанинг, тик туриладиган томоша жойларининг жойлашув зонаси туркуми ва бошқа омиллар ва билет нархини шакллантиришга таъсир кўрсатувчи қўшимча хизматларга қараб режа тузиб олган ҳолда, сотувнинг тахминий бошланиш санасида тадбир билетларининг нархлари;

тадбирдаги томоша жойларининг сони (агар қўллашга яроқли бўлса);

эгалланадиган жойларнинг лойиҳалаштирилган сони;

билетлар сотиб олиш учун залдаги томошабинлар жойларининг схемалари, тик туриладиган томоша жойларининг жойлашуви, киритиладиган зоналар (агар қўллашга яроқли бўлса).


16. Эмитент томонидан тадбир тасдиқлангандан сўнг АСТ автоматик тарзда ёзувларда кўрсатилган параметрларга биноан электрон билетлар тўпламини шакллантиради ҳамда агентлар ва ваколатли органга эмитент томонидан оферта олиш учун тадбирнинг тасдиқланганлиги ҳақида хабарнома юборилади.

Ваколатли орган 48 соат давомида тадбир учун мос келадиган фойдаланувчиларни текшириш даражасини белгилайди.

Тадбирни тасдиқлаш ҳақидаги ҳар қандай ёзувларни фақат ваколатли орган билан келишилган ҳолда киритишга рухсат берилади.


17. Абонентлар билетлар сотувини абонентнинг кассаси, унинг веб-сайти, автоном босма қурилмалари (билет автоматлари) орқали, шунингдек, сотувлар бўйича агентларга электрон билет тўпламидан фойдаланишга рухсат берувчи электрон билетларни тақдим қилиш йўли билан амалга оширадилар. Бунда эмитентнинг кассаси орқали билетлар сотилганда АСТга уланган босма қурилмадан фойдаланилади.


18. Электрон билетлар чиқарадиган абонентлар, АСТдан фойдаланиб сотиладиган барча билетларда ИНК мавжудлигини таъминлайдилар. Электрон билет қайтариб берилган ва кейинчалик бундай билет сотиш учун такроран жойлаштирилган тақдирда, билетга аввалгисидан фарқ қиладиган янги ИНК берилади.

Маданият ташкилоти томонидан билетлар қийматини ўзгартириш зарурати юзага келган тақдирда, тегишли буйруқ берилиб, унинг асосида сотилмай қолган билетларнинг ҳисоби юритилади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади. Юқорида кўрсатиб ўтилган тартиботлар якунлангандан сўнг, билет хўжалигини юритиш учун жавобгар бўлган шахс АСТ маълумотлар базасига билетнинг янги қийматини белгилаш билан боғлиқ бўлган тегишли ўзгартиришлар киритади.


19. Концерт томошалари ҳамда давлат маданият ва санъат муассасаларининг маданий-маърифий тадбирларига бориш учун электрон билетларни агентлар томонидан сотиш тартиби, шунингдек, электрон билетлар сотилгандаги агентларнинг агентлик йиғимлари миқдори агентлар ва абонентлар ўртасида тузиладиган алоҳида шартномалар билан белгиланади. Бунда билетлар агент томонидан сотилганда уларни электрон билетлар чиқарадиган абонент томонидан белгиланган нархдан ошиб кетадиган нархда сотиш тақиқланади.


20. Билет ботлари ёрдамида сотиб олинишини бартараф этиш учун мўлжалланган дастурий таъминотдан келадиган хабарнома билан тасдиқланган, электрон билетлар хариди сонининг нотўғри тарзда кескин ошиб кетишини намоён қилувчи статистик маълумотлар билан асосланган ваколатли органнинг кўрсатмасига биноан, билет ботларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган барча билет операциялари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Билет операцияси ҳақиқий эмас деб тан олинганда, томонларнинг ҳар бири қонунчиликда белгиланган тартибда битим бўйича олинган барча нарсаларни бошқа томонга қайтариб бериши шарт.


21. Тадбир тугагандан сўнг, билет хўжалигини юритиш учун жавобгар бўлган шахс АСТда шаклни шакллантиради.

АСТдан фойдаланадиган маданият ташкилотлари (бюджет муассасаларидан ташқари), бухгалтерлик ҳисоби низомлари (стандартлари) ва бухгалтерлик ҳисоби масалаларини тартибга соладиган бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга биноан билетлар сотувидан олинган даромадларнинг ҳисобини амалга оширади.

АСТдан фойдаланадиган бюджет муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси ва бюджет ташкилотларида бухгалтерлик ҳисоби масалаларини тартибга солиб турадиган бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига биноан билетлар сотувидан олинган даромадларнинг ҳисобини амалга оширади.


22. Томоша залига, концерт майдонига ёки бошқа хонага, шунингдек тадбир ўтказиладиган очиқ ҳудудга кириш жойида, маданият ва санъат ташкилоти назоратчиларга назоратни амалга ошириш тартибида билетларни тўсиқларсиз идентификацияланишини таъминлаб бериши керак.

Тадбир ўтказиладиган хонага (очиқ майдонга) кириш жойида билетларни назорат қилиш ва идентификациялаш АСТга уланган аппаратли таъминот ёрдамида ИНКни санаш йўли билан амалга оширилади.

АСТ битта билет бўйича тадбирга кириш ҳуқуқини фақат бир марта беради.

Билетларнинг ИНК саналганлиги ҳақидаги маълумот АСТда қайд этилади ва сақланади.

ИНК саналган ва АСТда қайд этилган ёки АСТ томонидан аниқлаш имкони бўлмаган билетни кўрсатиш унинг кўрсатаётган шахсга тадбирда қатнашиш ҳуқуқини бермайди.


23. АСТдан фойдаланадиган абонентлар, электрон билетлар ҳаракатини ташкил этиш ва сақлаш бўйича фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги Қонуни талабларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширади.


24. Тадбир репертуари бекор қилинган, кўчирилган ёки ўзгартирилган тақдирда, тадбирга келганлар (томошабинлар, тингловчилар) сотиб олинган электрон билетларни қайтариб беришга ҳақлидирлар. Тадбирга келганларга (томошабинларга, тингловчиларга) пул маблағларини қайтариб бериш, тадбирга келганлар (томошабинлар, тингловчилар) томонидан қайтариб берилиши лозим бўлган билет кўрсатилганда маданият ва санъат ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Фойдаланилмаган электрон билет учун маблағларни қайтариб бериш сервис йиғими ва банк фоизларини чегириб қолган ҳолда амалга оширилади.



7-БОБ. БИЛЕТЛАРНИ АГЕНТЛАР

ТОМОНИДАН СОТИШ


25. Электрон билетларнинг сотилишини ташкил этиш учун агентлар ушбу Низомнинг 2-бобига биноан БОЯЭТга уланишни амалга оширадилар.


26. Электрон билетлар мажмуидан фойдаланишга рухсат олиш учун агентлар эмитентларга электрон билетларни сотиш учун шартнома тузиш тўғрисидаги офертани юборадилар. Офертада, билет қийматига билет агент томонидан сотилганда билетнинг тўлиқ қийматини олиши, эмитент эса агентга электрон билетларни сотиш учун шартнома тузишдан бош тортишга ҳақли эмаслиги кўзда тутилган устама ҳақ белгилаш ҳисобига агентни мукофотлашни шакллантириш назарда тутилади. Бошқа барча ҳолларда эмитент агентга электрон билетлар мажмуини шакллантириш босқичи мобайнида асосланган воз кечишни юбориш йўли билан офертани акцептлашдан бош тортишга ҳақли.

Электрон билетларни сотиш бўйича шартномада агентга электрон билетларни сотганлиги учун бериладиган мукофот миқдори кўрсатилади. Мукофот миқдори электрон билетлар нархининг 25 фоизидан ошиб кетиши мумкин эмас. Бунда шартномада агентга сотиш учун бериладиган электрон билетларнинг максимал ёки минимал миқдори чегараланмаган бўлиши керак.


27. Эмитент билетлар сотиш бошланганидан сўнг, агентлар томонидан билетларни сотиш уларнинг веб-сайтлари, босма қурилмалари орқали реал вақт мобайнида амалга оширилади.


28. Эмитент билетларни сотганда агентлар фойдаланувчиларга электрон билетларни сотиш ва тадбирлар билан боғлиқ бўлган қўшимча хизматлардан фойдаланишларини таклиф қилишга ҳақлидирлар.



8-БОБ. ТАШКИЛОТЧИЛАР ТОМОНИДАН

ТАДБИРЛАР ЎТКАЗИШ


29. Ташкилотчилар тадбирларни фақат маданият ва санъат ташкилотлари ҳисобланадиган абонентлар билан тадбирларни ўтказиш ҳақида тузилган битимлар асосида ўтказадилар. Бунда шундай тадбирларга билетлар чиқариш фақат мазкур Низом талабларига биноан ташкилотчи тадбирининг ўтказилишини ташкил этиш учун шартнома тузилган абонентнинг АСТ орқалигина амалга оширилади.


30. Электрон билетлар сотувчи агент ташкилотчи ҳисобланса, бундай ташкилотчи электрон билетлар мажмуини шакллантириш босқичида тадбирнинг ўтказилишини ташкил этиш учун шартнома тузилган абонентга ташкил этилаётган тадбирга билетларни электрон билетлар сотувининг босқичи бошланган пайтдан бошлаб 48 соатгача бўлган муддатда сотиш ҳуқуқини бериш тўғрисида акцептсиз оферта юборади.


31. Тадбирни ўтказиш ҳақидаги битим шартлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг мажбурий талабларига мос келиши, шунингдек, қуйидаги қоидалардан иборат бўлиши керак:

тадбирни ўтказиш муддати ва санаси;

абонент тадбир ўтказганлиги учун унга бериладиган мукофот миқдори;

тадбирга электрон билетларни фақат мазкур Низом талабларига биноангина чиқариш учун ташкилотчининг розилиги.



9-БОБ. ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР МАЪЛУМОТЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ШАРТЛАРИ


32. Фойдаланувчилар маълумотларининг махфийлигини ҳимоя қилиш шахсий маълумотлар ва транзакцион операциялар ҳақидаги маълумотларни сақлаш йўли билан таъминланади.

Шахсий маълумотлар (фото ва видеоматериаллар) ваколатли органнинг маълумотлар базасида тасвирга олиш вақтидан бошлаб камида тўққиз ой сақланиши мумкин. Маълумотдан фақат фойдаланувчи шахсини текшириш учунгина фойдаланиш мумкин. Маълумотларни бошқа мақсадларда оммавий тарзда тарқатиш ва улардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.

Транзакциялар ҳақидаги маълумотлар (электрон билетлар, тўлов қоғозлари) билетлар бўйича ҳисоботлар тузиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва назоратини таъминлаш мақсадида, ваколатли органнинг ягона маълумотлар базасида сақланиши керак. Ваколатга эга бўлмаган шахснинг ушбу маълумотларни оммавий тарзда тарқатиши ва улардан фойдаланиши қатъиян тақиқланади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


33. Билетларни сотиш жараёнида юзага келадиган низо ва келишмовчиликлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.






Низомга

1-ИЛОВА



Аризачиларни билет операциялари

ягона электрон тизимига уланиш

СХЕМАСИ


Босқичлар


Иштирокчилар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари





































Буюртма юбориш


Аризачи


Буюртмани ва унга иловаларни тайёрлайди


-















































Буюртмани кўриб чиқиш


Ваколатли орган


Буюртмани ва унга иловаларни кўриб чиқади


10 иш куни давомида















































АСТ техник экспертизаси (зарурат бўлганда)


Ваколатли орган


Абонент АСТ ва БОЯЭТ мослигини баҳолашни амалга оширади


5 иш куни давомида















































АГАР ЭЪТИРОЗЛАР МАВЖУД БЎЛМАСА


Буюртмани кўриб чиқиш натижалари

































АГАР ЭЪТИРОЗЛАР МАВЖУД БЎЛСА































































Буюртмани ва (ёки) АСТ ушбу Низом талабларига биноан мослаштириш


Аризачи


Ваколат органининг танбеҳларини бартараф этади (АСТни техник талабларга мос ҳолатга келтириш) ва буюртмани такроран кўриб чиқиш учун юборади)


-

























































БОЯЭТга уланиш бўйича шартнома тузади


Ваколатли орган


Буюртмачи билан БОЯЭТга уланиш ва уни имзолаш тўғрисида драфт шартнома тузади


5 иш куни давомида

























































Ҳақиқий уланиш


Ваколатли орган


Абонентнинг АСПни БОЯЭТга ҳақиқий улаш бўйича техник хусусиятга эга бўлган тадбирларни амалга оширади


20 иш куни давомида



























        





Низомга

2-ИЛОВА



Билет операциялари ягона электрон

тизимига уланиш учун

БУЮРТМА


Фирма бланкасида

Ўзбекистон Республикаси

Маданият вазирлиги ҳузуридаги

Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди

Ушбу билан Сиздан



(буюртмачининг номи)

Билет операциялари ягона электрон тизимига (кейинги ўринларда БОЯЭТ деб аталади) уланишини амалга оширишингизни сўраймиз.

БОЯЭТга мос келадиган АСТ мавжудлигига кафолат берамиз. Қуйида ташкилотимиз техник-рухсатнома параметрлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмоқдамиз:

Фаолият тури (музей, концерт, оммавий спорт ва ҳ.к.)



Юридик шахснинг қўшилиш шакли



Томошага келганларнинг максимал рухсат этилган сони)



Уланишдан аввалги йилда қатнашувчиларнинг сони



Томоша зали ёки тадбир ўтказиладиган бошқа жойдаги кириш ва чиқиш жойларининг сони



Фойдаланиладиган АСТ техник параметрлари


ДТ рухсат бериш қобилияти: ИНК тури: Серверлар сони: Фойдаланилаётган бухгалтерлик ДТ тури: Фойдаланилаётган ўтказгичнинг тури:


Фойдаланилаётган электр тармоғининг параметрлари



АСТнинг ишлашини таъминлаш учун муқобил тўйинтириш манбаининг мавжуд эканлиги




   

   


Буюртмачи ваколатли шахсининг фамилияси, исми ва лавозими


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 12 январь