язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Апрель, 2019 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш/ Маданият марказлари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 30.03.2019 й. 264-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 30 мартдаги

264-сон қарорига

1-ИЛОВА



Маданият марказлари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Намунавий низом маданият марказларининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) мақсади ва вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Марказ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги давлат муассасаси бўлиб, аҳолининг маданий эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий ва кўнгилочар хусусиятга эга бўлган турли маданий хизматлар кўрсатиш, ҳаваскорлик, бадиий ижод ва амалий санъат билан шуғулланувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш унинг асосий фаолияти ҳисобланади.


3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Намунавий низомга (кейинги ўринларда Низом деб аталади), шунингдек, бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Марказ юридик шахс ҳисобланади, унинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисоб рақами, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳри, штампи, бланкалари бўлади.


5. Туманлар ва шаҳарлар марказларининг ҳар бирида биттадан марказий маданият марказлари, қишлоқ ва шаҳарчаларда аҳоли сони 7 минг нафар ва ундан ортиқ бўлганда Марказлар ташкил этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тегишли равишда республика ва вилоят бўйсунувидаги Марказлар ташкил этилади, уларга штатлар меъёрлари, ходимлар меҳнатига хақ тўлаш ва рағбатлантириш шартлари бўйича туман (шаҳар) марказий маданият марказларининг штатлар меъёрлари, ходимлар меҳнатига хақ тўлаш ва рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.



2-БОБ. МАРКАЗНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Марказнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш, аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, уларнинг маданий эҳтиёжларини қондириш ва бўш вақтларининг мазмунли ўтишини таъминлаш, ижодий жамоаларнинг миллий қадрият, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган намунали дастурларни шакллантириш, халқ ижодиёти ва бадиий ҳаваскорлик санъатини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, турли хил тўгараклар, студиялар, курслар, қизиқувчилар клублари, бадиий ҳаваскорлик жамоаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.


7. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, уларнинг маданий эҳтиёжларини қондириш ва бўш вақтларининг мазмунли ўтишини таъминлаш, ижодий жамоаларнинг миллий қадрият, урф-одат ва анъаналарни ўзида мужассам этган намунали дастурларини шакллантириш;

халқ ижодиёти ва бадиий ҳаваскорлик санъатини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, бадиий ва амалий ижодий жамоалар, ҳаваскорлик гуруҳлари ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ижодий жараённи тизимли равишда бойитиб бориш;

болаларни тўгаракларга жалб этиш, хорижий тилларни ўрганиш ва "нутқ маданияти" бўйича курслар ташкил этиш, халқ ижодиётининг барча жанр ва йўналишлари, ҳаваскорлик санъати ва номоддий маданий меросни кенг тарғиб қилиш ҳамда уларни асл ҳолича келажак авлодга етказиш;

адабиёт ҳамда санъат арбоблари ва профессионал ижодий гуруҳлар билан маънавий-маърифий, маданий-оммавий тадбирлар ташкил этиб, улар иштирокида аҳоли, хусусан, ёшлар билан бевосита бадиий учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказиш;

танловлар, халқ ижодиёти ва томоша санъатининг туман (шаҳар) фестивалларини ўтказиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш;

оммавий байрам, томоша ва халқ сайилларини ташкиллаштириш, ижтимоий-маданий соҳада юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартномалар бўйича уларга пулли хизматлар кўрсатиш;

турли хил тўгараклар, студиялар, курслар, қизиқувчилар клублари, бадиий ҳаваскорлик жамоаларини (кейинги ўринларда Марказ тузилмалари деб аталади) иловага мувофиқ йўналишларда ташкил этиш.



3-БОБ. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Марказ:

маданият ва санъат соҳасида давлат дастурларини ҳамда бошқа мақсадли дастурларни амалга оширишда қатнашиш;

белгиланган тартибда чет давлатлардаги ижодий бирлашмалар ва уюшмалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда халқаро фаолиятда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Марказлар қуйидагиларга мажбур:

меҳнатга ҳақ тўлашни ташкил этиш, техника хавфсизлиги, ходимларни ижтимоий таъминлаш ва аниқ тарзда ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган шартларни амалга ошириш;

ходимлар ва Марказ тузилмалари қатнашчиларининг, шунингдек, мижозларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган, Марказ фаолияти кўрсаткичларини аниқлаш ва назорат қилиш учун асос ҳисобланган талабларга мувофиқ иш журналларини юритиш;

Марказнинг мол-мулкидан мақсадли ва самарали фойдаланиш;

ўз фаолияти соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларни амалга ошириш.

Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам олиши мумкин.


10. Марказларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши юзасидан Марказ раҳбари шахсан жавоб беради.



4-БОБ. МАРКАЗНИ БОШҚАРИШ

ВА УНГА РАҲБАРЛИК ҚИЛИШ


11. Марказ ўзи бевосита бўйсинадиган Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) маданият бўлимлари раҳбарлари томонидан лавозимга тайинланадиган директор томонидан бошқарилади.


12. Қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйсунувидаги Марказлар директорлари - Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси раҳбарлари томонидан;

туман ва шаҳар бўйсунувидаги Марказлар директорлари - Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси билан келишган ҳолда туман (шаҳар) маданият бўлимлари раҳбарлари томонидан;

қишлоқ ва шаҳарчалар бўйсунувидаги Марказлар директорлари - туман (шаҳар) маданият бўлимлари раҳбарлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


13. Марказ устави ўзи бевосита бўйсинадиган ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.


14. Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси бошлиқлари, туман (шаҳар) маданият бўлими мудирлари ўз бўйсунувидаги Марказлар фаолиятининг қонун ҳужжатларига, ушбу Низом талабларига ҳамда Марказ уставида қайд этилган мақсад ва вазифаларга мувофиқлигини назорат қилади.


15. Марказ фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш Марказ директори томонидан амалга оширилади. Марказ директори билан меҳнат шартномасини (контрактни) Марказ ўзи бевосита бўйсинадиган ташкилот раҳбари тузади.


16. Марказ директори Марказ уставига мувофиқ ўз ваколатлари доирасида Марказ номидан ишончномасиз иш кўради, Марказ ходимлари учун мажбурий бўлган кўрсатмалар беради ҳамда Марказ фаолияти учун жавоб беради.


17. Марказларда жамоатчилик асосида бадиий кенгаш, методик кенгаш ва шу каби бошқа маслаҳат органлари ташкил этилиши мумкин.


18. Туман ва шаҳар Марказлари қишлоқ ва шаҳарчалардаги Марказларга қуйидагича методик ёрдам кўрсатади:

ўзининг хизмат кўрсатиш чегарасига кирадиган туман (шаҳар) марказида ва аҳоли пунктларида яшовчилар ўртасида турли оммавий, маданий-маърифий ва тарбиявий тарғибот ишларини ташкил этишда методик ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш;

аҳолининг, айниқса ёшларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб Марказ тузилмалари ҳамда Марказ томонидан кўрсатиладиган бошқа хизматларни ташкил этиш юзасидан методик қўлланмалар ва янги репертуар тўпламлар билан таъминлаш;

қишлоқ ва шаҳарчаларда жойлардаги Марказлар билан биргаликда номоддий маданий мерос объектларини сақлаш, тарғиб қилиш билан боғлиқ бўлган ҳар йилги тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.



5-БОБ. МАРКАЗ ДИРЕКТОРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19. Директор ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг буйруқ ҳамда кўрсатмаларига, шунингдек, ушбу Низомга асосан олиб боради.


20. Директор Марказ фаолиятига яккабошчилик асосида раҳбарлик қилади ҳамда Марказга юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


21. Директор Марказ ўзи бевосита бўйсинадиган ташкилот раҳбарига қуйидаги тартибда бевосита бўйсинади:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Марказлари директорлари - Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига;

туман (шаҳар), қишлоқ ва шаҳарчалар Марказлари директорлари - туман (шаҳар) маданият бўлимларига.


22. Директорнинг ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:

Марказни юксак, намунали фаолияти орқали давлат, жамоат ташкилотлари ва муассасаларга танитиш;

меҳнат қонунчилигига асосан ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш, шунингдек, алоҳида ҳолатларда уларга нисбатан тегишли чоралар кўриш ва рағбатлантириш;

Марказ фаолиятини яхшилаш борасида тегишли ташкилотларга таклиф ва тавсиялар киритиш;

Марказнинг молиявий ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш, тегишли тартибда ўз фаолияти доирасида шартномалар тузиш;

Марказ биноси, шунингдек, тадбир ўтказилиши мўлжалланган бошқа объектлар фойдаланишга яроқсиз, авария ҳолатида бўлса, тегишли идоралар ва мутасаддиларни огоҳлантирган ҳолда ишни тўхтатиш, тадбирни бошқа жойга кўчириш;

Марказ ходимлари меҳнатини тўғри ташкил этиш, вазифаларни самарали тақсимлаш, жамоада тарбиявий ишларни кенг йўлга қўйиш ва соғлом маънавий муҳитни барпо этиш;

Марказ ишини режалаштириш, ҳисобга олиб бориш, ҳужжатларни тўплаш, ҳисоботларни тайёрлаш ва топшириш, аҳолига пулли хизмат кўрсатиш режасини ўз вақтида ва тўғри йўналиш асосида амалга ошириш.


23. Директор:

ўзига юкланган лавозим мажбуриятларининг тўлақонли бажарилиши учун жавоб беради;

ўз меҳнат фаолияти давомида Марказнинг ички тартиб-қоидалари ва низомларига қатъий риоя қилади.



6-БОБ. МАРКАЗ ҲУЗУРИДАГИ МАСЛАҲАТ

ОРГАНЛАРИНИ (БАДИИЙ ВА МЕТОДИК

КЕНГАШНИ) ТАШКИЛ ЭТИШ


24. Марказларда тузиладиган жамоатчилик кенгашлари таркиби Марказ ўзи бевосита бўйсинадиган ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.


25. Марказда фаолият турларидан келиб чиққан ҳолда жамоатчилик асосида бадиий ва методик кенгашлар тузилади.


26. Жамоатчилик асосида тузиладиган:

бадиий кенгаш - Марказ томонидан ташкил этиладиган ва ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар, театрлаштирилган концерт-томошалари дастурларини, "Халқ ҳаваскорлик жамоаси" ва "Болалар намунали жамоаси" унвонига эга бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг репертуар режаларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

методик кенгаш - Марказ тузилмаларининг ўқув-режа ва дастурларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, Марказнинг фаолиятидан келиб чиқиб, янги тўгарак ва жамоаларни ташкил этиш бўйича қарорлар қабул қилиш ҳамда унинг фаолиятини янада яхшилаш борасидаги масалаларни муҳокама этиб, тегишли хулосаларни Марказ директорига киритади.



7-БОБ. МАРКАЗЛАР ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


27. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Марказ томонидан мазкур Намунавий низомда белгиланган асосий вазифалардан келиб чиқиб, пулли асосда ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлар, тўгараклар, турли хизматлар ва бошқалар ҳисобидан олинадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


28. Марказларда ташкил этилган пулли тўгараклардан тушадиган маблағларнинг 50 фоизи уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, қолган 50 фоизи тўгарак раҳбарларининг иш ҳақига ҳамда уларни рағбатлантиришга сарфланади.



8-БОБ. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


29. Марказларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари бўйича ҳисоб-китоби ва ҳисоботи туман (шаҳар) маданият бўлимларининг марказий бухгалтерияси томонидан бюджет муассасалари учун белгиланган тартибда юритилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўйсунувидаги Марказларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари бўйича ҳисоб-китоби ва ҳисоботи ўзининг бухгалтерияси томонидан амалга оширилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


30. Марказлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда (унинг тегишли хулосасига асосан) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорларига асосан ташкил этилади ва тугатилади.






Низомга

ИЛОВА



Маданият марказларида ташкил этиладиган

тўгараклар, студиялар, курслар, қизиқувчилар

клублари ва бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг

ЙЎНАЛИШЛАРИ

Т/р

Йўналишлар


ТЎГАРАКЛАР

1.

Ашула ва рақс тўгараги


2.

Хореография, рақс тўгараги


3.

Драма тўгараги


4.

Вокал-чолғу тўгараги


5.

Рубоб тўгараги


6.

Ғижжак тўгараги


7.

Европа зарбли чолғулари (зарблилар мажмуаси) тўгараги


8.

Урма зарбли чолғулар (доира, ноғора ва бошқалар) тўгараги


9.

Танбур тўгараги


10.

Дуторчилар тўгараги


11.

Карнай ва сурнай тўгараги


12.

Хор, вокал ва академик тўгараги


13.

Аккордеон тўгараги


14.

Классик гитара (акустик гитара) тўгараги


15.

Филармония (таркибига асосан)


16.

Макраме ва тўқиш тўгараги


17.

Кийимни бичиш ва тикиш (кашта) тўгараги


18.

Пазандачилик тўгараги


19.

Халқ чолғулари устахонаси тўгараги


20.

Ўймакорлик (ёғоч ва ганч ўймакорлиги) тўгараги


21.

Заргарлик тўгараги


22.

Наққошлик тўгараги


23.

Кулолчилик тўгараги


24.

Лапар, алла, ўлан ва айтишув, бахши, халфа ижрочилиги тўгараги


25.

Мақомчилар тўгараги


26.

Кўҳна чолғулар ижрочилиги тўгараги


27.

Аския тўгараги


28.

Фольклор қўшиқлари ижрочилиги тўгараги


29.

Катта ашула тўгараги


30.

Шахмат-шашка тўгараги


31.

Стол тенниси тўгараги


32.

Соғломлаштириш гимнастикаси тўгараги


33.

Бадиий гимнастика тўгараги


СТУДИЯЛАР

34.

Дизайн студияси


35.

Театр студияси (бадиий ўқиш, драма)


36.

"Замонавий рақс" студияси


37.

Овоз ёзиш студияси


38.

Халқ амалий санъати студияси


39.

Тасвирий санъат студияси


40.

Қўғирчоқсозлик студияси


41.

Интернет ва ахборот алмашув технологияларини ўрганиш студияси


42.

Фото-видео студияси


КУРСЛАР

43.

"Нутқ маданияти" курси


44.

Рус тилини ўрганиш курси


45.

Инглиз тилини ўрганиш курси


46.

Немис тилини ўрганиш курси


47.

Француз тилини ўрганиш курси


48.

Корейс тилини ўрганиш курси


ҚИЗИҚУВЧИЛАР КЛУБЛАРИ

49.

"Қувноқлар ва зукколар" клуби


50.

"Заковат" клуби


51.

"Ўзбегим ўғлонлари" клуби


52.

"Қўли гул аёллар" клуби


53.

"Оила - муҳаббат қасри" клуби


54.

Тарих-ўлкашунослик клуби


55.

Табиат-экология клуби


56.

Коллекция тўплашга қизиқувчилар клуби


БАДИИЙ ҲАВАСКОРЛИК ЖАМОАЛАРИ

57.

Театр жамоаси


58.

Халқ чолғулари жамоаси (оркестр)


59.

Рақс жамоаси


60.

Эстрада жамоаси


61.

Хор, вокал ва мақом жамоалари


62.

Ашула ва рақс жамоалари, фольклор-этнографик жамоалар


63.

Цирк жамоалари


           

Изоҳ. Тўгараклар, студиялар, курслар, қизиқувчилар клублари ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари маданият марказларининг моддий-техника базаси ва аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 апрель