язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Банклар. Кредит ташкилотлари. Ломбардлар. Микрокредит ташкилотлари/ Ломбард фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 10.12.2003 й. 1291-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 22.09.2003 й. 23/3-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2003 йил 10 декабрда 1291-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқарувининг

2003 йил 22 сентябрдаги

23/3-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ломбард фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, 12-сон, 247-модда), "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги қонунлари (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, 5-6-сон, 142-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 17 сентябрдаги 402-сонли "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ломбардларни рўйхатдан ўтказиш ва улар фаолиятини лицензиялаш масалалари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 17-18-сон, 149-модда) қарорига мувофиқ ломбардлар фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ломбард фаолиятини амалга оширишга махсус рухсатнома (лицензия)га эга бўлган ҳолда ломбардлар фаолияти фақат ихтисослаштирилган юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Улар фаолиятининг асосий мақсади фуқаролардан шахсий истеъмол учун мўлжалланган кўчар мол-мулкни гаровга олинган ҳолда, қисқа муддатли кредитлар ажратишдан иборатдир.


2. Ломбардлар фаолиятини лицензиялашни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (кейинги матнда - лицензияловчи орган) амалга оширади.


3. Ломбардлар фаолиятини амалга ошириш учун лицензия белгиланмаган муддатга берилади.


4. Ломбардлар фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш, лицензияни амал қилишини тугатиш, бекор қилиш, тўхтатиб туриш ёки қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарори билан расмийлаштирилади.

5. Юридик шахсга ломбард фаолиятини амалга ошириш учун ҳуқуқ лицензия берилган вақтдан бошлаб кучга киради.


6. Лицензияни бошқа юридик шахсга бериш тақиқланади.



II. ЛИЦЕНЗИЯГА ОИД ТАЛАБЛАР ВА ШАРТЛАР


7. Ломбард ўз фаолиятини амалга оширишда, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик талабларига амал қилиши шарт.


8. Ломбардлар фаолиятини амалга оширишга лицензия, 500 млн. сўм миқдорида энг кам устав фонди шакллантирилган ҳолда, ломбард сифатида қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган юридик шахсга берилиши мумкин.

Ломбарднинг устав фонди ломбард муассислари тўлаган пул маблағларидан шакллантирилади.

Кредитга ва гаровга олинган маблағлардан ҳамда бошқа жалб этилган маблағлардан ломбарднинг устав фондини шакллантириш учун фойдаланишга йўл қўйилмайди.

9. Лицензия олиш ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганлиги муносабати билан қайта расмийлаштириш учун ариза бериш пайтида, ломбард Марказий банкнинг тегишли ҳудудий бош бошқармасининг бино ва унинг касса хоналари техник мустаҳкамлиги ҳамда ёнғинга қарши қўриқлаш ва фавқулодда огоҳлантирувчи сигнализация воситалари билан таъминланганлиги, ўзаро ишлашни ва ахборот алмашинуви тизимини таъминлаш учун сифатли алоқа линияси, шунингдек бухгалтер ҳисоботи операцияларини ўтказиш бўйича дастурий таъминоти тўғрисидаги хулосасига эга бўлиши керак.

9-1. Ломбард бошқарув органининг раҳбари лавозимига тавсия этиладиган номзодга қўйилган талаблар:

иқтисодий олий маълумот;

банк ёки молия соҳасида икки йилдан кам бўлмаган иш тажрибаси.


III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ТОПШИРИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР


10. Юридик шахс - лицензия даъвогари, ломбард фаолиятини амалга оширишга лицензияни олиш учун лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) ломбарднинг фаолиятини амалга оширишга лицензия бериш тўғрисида ариза, унда юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили) ва банк ҳисобварағининг реквизитлари кўрсатилади. Лицензия бериш тўғрисидаги аризада даъвогарнинг электрон манзили кўрсатилиши мумкин;

в) ломбарднинг бошқариш ваколатига эга орган томонидан тасдиқланган бир йиллик фаолият учун бизнес-режа;

г) муассислар рўйхати, қуйидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда:

жисмоний шахслар учун:

фамилияси, исми, отасининг исми, паспорт маълумотлари, яшаш жойининг почта манзили, телефонлари;

фаолият тури, иш жойи, лавозими (агар ишласа);

ломбарднинг устав фондидаги улуши суммаси, шу жумладан, устав фондининг умумий суммасига нисбатан фоиз ҳисобида;

Юридик шахслар учун:

тўлиқ номи, почта манзили ва телефон рақамлари, тўлов реквизитлари;

ломбарднинг устав фондидаги улуши суммаси, шу жумладан, устав фондининг умумий суммасига нисбатан фоиз ҳисобида.

Барча муассислар (ҳам юридик ва ҳам жисмоний шахслар) учун ариза тақдим қилингунга қадар охирги беш йил мобайнида суд (жумладан, иқтисодий суд) ёки давлат органлари томонидан бу шахсга нисбатан қўлланилган барча ҳуқуқий жазо чоралари тўғрисидаги маълумотлар.

д) ломбарднинг бошқарув органлари тузилмаси ва шахсий таркиби тўғрисида маълумотлар;

е) нақд пул маблағлари ва гаровга олинган мулкларнинг сақланишини таъминлайдиган, махсус жиҳозланган хоналар мавжудлигини тасдиқловчи маълумотлар;

з) лицензия даъвогарнинг аризасини лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилиши учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов топшириқномасининг нусхаси;

Мазкур ҳужжатлар рўйхати тўла-тўкис (тугал) ҳисобланади. Лицензия даъвогаридан ушбу Низомда кўзда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


11. Ҳужжатлар лицензия даъвогари томонидан бевосита лицензияловчи органга ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига ёхуд почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олингани ҳақидаги тасдиқни олган ҳолда, етказиб берилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия даъвогарининг электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

Лицензия даъвогарининг лицензия олиш учун аризасида электрон манзили кўрсатилган тақдирда унинг аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали электрон шаклда хабар берилишига розилигини билдиради.

12. Нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим этганлик учун лицензия даъвогари қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.



IV. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


13. Лицензия олиш учун керак бўлган барча зарурий ҳужжатлар билан ариза лицензияловчи орган томонидан ариза ва зарурий ҳужжатлар тушган кундан 15 иш куни давомида кўриб чиқилади.

14. Лицензия даъвогаридан аризасини лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилиши учун йиғим ундирилади. Аризани қайта кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.

Аризани кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғим суммаси лицензияловчи органнинг махсус ҳисобварағига ўтказилади.

Ҳужжатлар кўриб чиқилиши даврида лицензия даъвогари берган аризасидан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

Лицензияловчи орган томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи ундирилади.

Йиғим ва давлат божининг ставкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

15. Лицензияловчи орган лицензияни бериш тўғрисидаги ёки лицензия берилишни рад этиш тўғрисида тегишли қарор, қабул қилинган кундан сўнг 3 кун ичида қабул қилинган қарор тўғрисида лицензия даъвогарини ёзма шаклда, шунингдек ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилиши керак.

16. Лицензия берувчи орган томонидан лицензия берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тўлов кунидаги энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида давлат божи

17. Лицензияни бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогарига банк ҳисобварағи реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

Лицензиат томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганидан ва у лицензия шартномасини имзолаганидан сўнг, унга иловада келтирилган шаклга мувофиқ лицензия берилади.

Агар лицензиат унга лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан уч ой ичида лицензияловчи органга лицензия берганлик учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган ёки лицензия шартномасини имзоламаган тақдирда лицензияловчи орган мазкур лицензияни бекор қилишга ҳақли.


18. Лицензиатга лицензиянинг асл нусхаси берилади, нусхаси ўрнатилган тартибда лицензияловчи органда сақланади.


19. Лицензияловчи орган, қуйидаги сабабларга кўра, лицензия берилишини рад қилиш ҳуқуқига эга:

ҳужжатлар талаб этилган тартибда расмийлаштирилмаган ҳолда тақдим қилинганда;

ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;

лицензия даъвогарининг лицензия талаблари ва шартларига номувофиқлигида.


20. Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома лицензия даъвогарига ёзма шаклда, рад этишнинг сабаблари ҳамда кўрсатилган камчиликларни лицензия даъвогари бартараф қилиб, ҳужжатларни кўриб чиқиш учун қайта тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб болиши лозим.

Лицензия талабгорининг аризаси қайта кўриб чиқилганда лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асосларга асосан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддатдан кечикиб тақдим этилган лицензия даъвогарининг аризаси янгидан тақдим этилган ҳисобланади.

21. Лицензияловчи орган томонидан ҳужжатларни такроран кўриб чиқилиши барча зарурий ҳужжатлар лицензия даъвогаридан олинган кундан бошлаб, 10 кун муддат давомида амалга оширилади.



V. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА ДУБЛИКАТ БЕРИШ ТАРТИБИ


22. Ломбардлар қайта ташкил қилинганда, уларнинг номланиши ёки жойлашган жойи ўзгарганда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтгандан сўнг, бир ой муддат ичида лицензияловчи органга кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза тақдим қилиши шарт.

Ҳужжатлар лицензия даъвогари томонидан бевосита лицензияловчи органга почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олингани ҳақидаги тасдиқни олган ҳолда, етказиб берилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия даъвогарининг электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

23. Агар лицензия йўқолган ёки яроқсиз ҳолатга келган ҳолда, лицензия эгаси 15 кунлик муддат ичида дубликат олиш учун ариза бериши шарт.



VI. ЛИЦЕНЗИЯНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ,

ТУГАТИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


24. Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини қуйидаги ҳолларда тўхтатиб туриши мумкин:

лицензиат лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларини бузганлиги аниқланганда;

лицензияловчи органнинг лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлари лицензиат томонидан бажарилмаганда.

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор, ушбу қарорни қабул қилган лицензияловчи орган томонидан лицензиатга асосли сабаблар қайд этган ҳолда ёзма шаклда қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай етказилади.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин. Суд лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришни асоссиз деб топган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар бўлади.

Лицензияловчи орган лицензиат томонидан лицензиянинг амал қилишни тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этиш учун муддат белгилаши шарт. Кўрсатилган муддат олти ойдан ошиши мумкин эмас.

Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни лицензиат бартараф этган тақдирда, лицензиянинг амал қилишни тўхтатиб турган лицензияловчи орган кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқномани олган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида лицензиянинг амал қилишини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.

25. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолатларда тугатилади:

лицензиат лицензияни амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганида;

юридик шахс тугатилганда - тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсларда фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда қўшиб юборилиши мустасно;

лицензиат томонидан лицензия шартномасида кўзда тутилган лицензия талаблари ва шартлари мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол бузилганда;

лицензияловчи орган белгилаган муддатда лицензия амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни лицензиат бартараф қилмаганида;

лицензияловчи органнинг лицензияни бериш тўғрисидаги қарори қонунга хилофлиги аниқланганда.

Лицензиянинг амал қилиши, шунингдек, суднинг қарорига биноан ҳам тугатилиши мумкин.

Тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан эътиборан лицензиянинг амал қилиши тугатилади.


26. Лицензияловчи орган томонидан лицензияни бекор қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

агар, лицензия даъвогари лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида билдириш хати жўнатилган (топширилган)дан сўнг уч ой давомида лицензия берувчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилмаса ёки лицензия шартномасини имзоламаса;

лицензиат лицензияни бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганида;

лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.

Лицензия, шунингдек, суднинг қарорига кўра бекор қилиниши мумкин. Бекор қилиш тўғрисидаги қарор лицензия берилган санадан эътиборан амал қилади.


26-1. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тиклаш, тугатиш ва уни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида, шунингдек Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши керак.


VII. ЛОМБАРДЛАР ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


27. Лицензияловчи орган лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши учун назоратнинг амалга оширилишида, ўз ваколатлари доирасида, қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ломбардлардан бухгалтер ҳисоботи ва кредит операциялари тўғрисидаги бирламчи ҳужжатларини олиш ва текшириш, уларнинг амалиётларига оид ахборотларни сўраш ҳамда олиш;

олинган ахборотлар бўйича тушунтириш талаб қилиш;

ломбардларнинг фаолиятини текшириш, тартиббузарларга нисбатан санкциялар қўллаш;

ломбардларга уларнинг фаолиятида аниқланган тартиббузарликларни бартараф қилиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юбориш.



VIII. ЛИЦЕНЗИАТЛАР РЎЙХАТИНИ ЮРИТИШ


28. Лицензияловчи орган лицензиатлар рўйхатини юритади ва унда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

лицензиатларнинг номи ва уни жойлашган жойи (почта манзили), лицензиат тўғрисида асосий маълумотлар (раҳбар ва бош бухгалтер ф.и.о., телефон рақами, банк ҳисобварағи ва б.)

лицензияларнинг берилган вақти ва рақами;

лицензияларнинг қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш асослари ҳамда саналари;

лицензияларнинг амал қилишини тугатиш асослари ва саналари;

лицензияларни бекор қилиш асослари ва саналари;

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

бошқа маълумотлар.


29. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.


IX. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


30. Лицензияловчи орган ва унинг мансабдор шахслари қарорлари ва ҳаракатлари устидан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.






Низомга

ИЛОВА



Ломбард фаолиятини амалга ошириш учун ______-рақамли

ЛИЦЕНЗИЯ

20___ йил "___" _________

Тошкент шаҳри

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 20__ йил "___" ____ даги қарорига мувофиқ ломбард

        

(ломбарднинг тўлиқ номи)

          

(почта манзили ва бошқа реквизитлар)

Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда лицензиялга оид талаб ва шартларга мувофиқ ломбард фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Ушбу лицензия белгиланмаган муддат давомида амал қилади.


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги ҳамда "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"га қонунларида кўзда тутилган ҳолларда мазкур лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриши, тугатиши ёки бекор қилиши мумкин.


Мазкур лицензия 20__ йил "___" ________ да ____-рақам остида ломбард фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар Давлат реестрига киритилди.



Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Раисининг ўринбосари

     

   


(Ф.И.Ш.)

М.Ў

(имзо)

Серия АА N 000000

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)