язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назорати/ Умумий қоидалар/ Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш Методикаси (АВ томонидан 19.04.2019 й. 3155-сон билан рўйхатга олинган Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 19.03.2019 й. 01-11/01-05-сон қарори билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 19 апрелда 3155-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Монополияга қарши

курашиш қўмитасининг

2019 йил 19 мартдаги

01-11/01-05-сон қарорига

ИЛОВА



Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш

МЕТОДИКАСИ


Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 январдаги ПҚ-4126-сон "Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳаларини (бундан буён матнда лойиҳалар деб юритилади), шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларини товар ва молия бозоридаги рақобатга таъсирини баҳолаш (бундан буён матнда рақобатга таъсирни баҳолаш деб юритилади) тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Методикада қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси;


норматив-ҳуқуқий ҳужжат - "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ қабул қилинган, умум мажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжат;


рақобатга таъсирни баҳолаш - лойиҳалар ва амалдаги қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатларда товар ва молия бозорларида рақобатни бевосита ёки билвосита чеклайдиган ҳолатларни аниқлаш.


2. Лойиҳалар ва амалдаги қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатларда товар ва молия бозорларида рақобатни бевосита ёки билвосита чеклайдиган ҳолатларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда тегишли чоралар кўриш мақсадида амалга оширилади.


3. Мазкур Методика фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва лойиҳаларга нисбатан татбиқ этилмайди.


4. Қуйидагилар рақобатга таъсирни баҳолашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

лойиҳаларни ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларининг ҳуқуқий оқибатларини товар ёки молия бозорларида рақобатни чеклаш қисми бўйича умумий баҳолаш;

қонун ҳужжатларини қўллаш жараёнида товар ёки молия бозорларида рақобатни чеклаш хавфини аниқлаш;

бизнес юритиш учун рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва қисқартириш масалаларини ўрганиш;

товар ва молия бозорининг барча иштирокчиларига товарлар (ишлар, хизматлар) учун тенг имкониятлар яратишда тўсқинлик қилиши мумкин бўлган омилларни аниқлаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда товар ва молия бозорларида рақобатни чеклайдиган лойиҳаларни ёки амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар киритиш.


5. Рақобатга таъсирни баҳолаш ваколатли орган томонидан қуйидаги усуллар асосида амалга оширилади:

"ex-ante" - лойиҳаларнинг рақобатга таъсирини баҳолаш;

"ex-post" - амалдаги қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш.



2-БОБ. РАҚОБАТГА ТАЪСИРНИ БАҲОЛАШНИНГ

АСОСИЙ МЕЗОНЛАРИ


6. Лойиҳа ёки амалдаги қонун ҳужжатининг рақобатга таъсири қуйидаги оқибатларнинг бирига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлганда унинг таъсири рақобат учун салбий деб баҳоланади:

а) товар ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларининг (бундан буён матнда етказиб берувчилар деб юритилади) доираси ва сонини чеклашга олиб келса, жумладан:

товар ёки молия бозорининг алоҳида иштирокчиларига рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, эксклюзив ҳуқуқлар, кафолатлар, енгилликлар, преференцияларни берса ёки муддатини узайтирса;

фаолият юритиш шарти сифатида рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи лицензиялаш ёки рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартибини ўрнатса;

айрим етказиб берувчиларнинг ўз товар ва хизматларини реализация қилиш имконини чекласа;

етказиб берувчининг товар ва молия бозорига киришидаги ёки ундан чиқишидаги харажатларини сезиларли даражада оширса;

товар ёки молия бозори иштирокчиларига уларнинг бозорга киришига тўсқинлик қиладиган техник тартибга солишнинг янги шартларини ўрнатса;

хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ва хизматларини реализация қилиш ёки иш ўринларини яратиш, шунингдек инвестиция киритиш имконини чекловчи географик тўсиқ ўрнатса.

б) етказиб берувчиларнинг ўзаро рақобатлашиш имкониятини чегараласа, жумладан:

етказиб берувчиларнинг товарларга ва хизматларга нарх белгилаш имкониятини чегараласа;

етказиб берувчиларнинг ўз товар ва хизматларининг рекламаси ёки маркетингини амалга ошириш эркинлигини чегараласа;

айрим етказиб берувчиларга бошқалар олдида афзаллик берувчи ёки товар ва хизматлар харид қиладиган хўжалик юритувчи субъектлар ёки жисмоний шахслар (бундан буён матнда истеъмолчилар деб юритилади) танлаши мумкин бўлган даражадан ошувчи товар сифати стандартларини ўрнатса;

ишлаб чиқариш харажатларини оширса, шунингдек ресурсларни (моддий, молиявий ва меҳнат) айрим етказиб берувчиларга, шу жумладан товар ёки молия бозорининг янги иштирокчисига ажратиш йўли билан, бошқаларнинг харажатларига нисбатан кўпроқ сарфланишига олиб келса;

товар ёки молия бозорларида тадбиркорлик субъектлари иштирокида давлат корхонаси ёки давлат улуши бор корхоналар тузишни назарда тутса ва унинг натижасида рақобатни чеклайдиган ҳолат юзага келса;

в) етказиб берувчиларнинг бозор муносабатларида ўзаро рақобатлашишга қизиқишини пасайтирса, жумладан:

рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи ўзини ўзи бошқарадиган ёки биргаликда бошқариладиган тартиб яратса;

рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи маълумотларни, шу жумладан етказиб берувчиларнинг ишлаб чиқариш, нархлар, айланмалар ёки харажатлар бўйича ахборотларини ёритишни талаб этса ёки рағбатлантирса;

рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг амал қилишидан ҳар қандай алоҳида тармоқ ёки етказиб берувчилар гуруҳи фаолиятига иммунитет тақдим қилса;

г) истеъмолчилар учун керакли ахборотни танлаш имконини чегараласа, жумладан:

истеъмолчиларнинг ўз хоҳишлари асосида улар кимдан товар (иш, хизмат) сотиб олиш масаласини ҳал қилиш имкониятларини чегараласа;

истеъмолчиларнинг бир товар ёки маҳсулот етказиб берувчилардан бошқасига ўтишида нархни ошириб, уларнинг имкониятларини камайтирса;

истеъмолчи учун товар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олишда зарур бўлган ахборотнинг асл моҳиятини ўзгартириб, натижада уларнинг адашишига олиб келса.



3-БОБ. "EX-ANTE" УСУЛИ БЎЙИЧА РАҚОБАТГА

ТАЪСИРНИ БАҲОЛАШ


7. Қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳалар ваколатли органга мажбурий тарзда киритилади:

а) янги чекловларни, рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар ва лицензиянинг янги турларини киритиш;

б) лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни, шунингдек қўшимча техник тартибга солиш шартларини жорий этиш;

в) товар ёки молия бозори иштирокчиларида ортиқча харажатларга олиб келиши мумкин бўлган талаблар (шартлар)ни киритиш;

г) товар ёки молия бозори иштирокчиларига солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёз, кафолат ҳамда бошқа преференциялар белгилаш, шунингдек айрим товар ёки молия бозори иштирокчиларига эксклюзив ҳуқуқларни бериш;

д) табиий монополия субъектларининг товар (иш, хизмат)лари нархи (тариф)ини ва бошқа тартибга солинадиган нарх (тариф)ни ошириш;

е) истеъмолчилар ёки товар ва молия бозори иштирокчилари учун инфратузилма ва табиий монополия субъектларининг товар (иш, хизмат)ларидан фойдаланиш шартларини ўзгартириш;

ж) табиий монополия субъектларининг товар ва молия бозорларида иштирокининг мавжудлиги;

з) давлат корхоналари ва табиий монополия субъектларини ташкил этиш ва қайта ташкил этиш;

и) товар ва молия бозорларида давлат иштироки ёки давлат органларининг исталган кўринишдаги ҳаракатларининг мавжудлиги;

к) товар ва молия бозори иштирокчиларининг исталган кўринишдаги ресурслар, жумладан хом ашё, материаллар, ишчи кучи ва молиявий ресурслардан фойдаланиш шартларининг ўзгариши.


8. Ушбу Методиканинг 7-бандида келтирилган масалалар ишлаб чиқилаётган лойиҳада мавжуд бўлган тақдирда, лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан тегишли масаласига кўра қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:

а) товар ва молия бозори иштирокчиларининг товар ва молия бозорига кириш харажатлари (бевосита ёки билвосита) ҳисоб-китоби;

б) лойиҳани қабул қилинишидан барча манфаатдор бўлган томонлар учун фойданинг (бевосита ёки билвосита) ҳисоб-китоби;

в) рақобатчи хўжалик юритувчи субъектларининг харажатлари ва фойдалари ҳисоб-китоби;

г) лойиҳанинг қабул қилиниши юзасидан манфаатларига таъсир кўрсатадиган тегишли товар ва молия бозори иштирокчиларининг сони;

д) муқобил нархлар ва тарифлар, шу жумладан бозорга кириб келувчи импорт маҳсулотларнинг нархи;

е) лойиҳа билан тартибга солинадиган товар (иш, хизмат)га эҳтиёжнинг даражаси;

ж) лойиҳани тайёрлашга асос бўлган ҳужжатлар ва таҳлилий маълумотлар.

Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот тақдим қилинган ҳисоб-китоблар ва маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавоб беради.


9. Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳалари (бундан буён матнда юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатлари лойиҳалари деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги ПФ-5519-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Администрацияси Регламенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг регламентида (бундан буён матнда Регламент деб юритилади) белгиланган тартибда мазкур Методиканинг 8-бандида назарда тутилган тегишли ҳужжатлар билан бирга ваколатли органга киритилади.


10. Ваколатли орган томонидан юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини кўриб чиқиш Регламентда белгиланган тартибда амалга оширилади.


11. Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари (бундан буён матнда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари деб юритилади) Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларида (рўйхат рақами 2565, 2014 йил 28 февраль) белгиланган тартибда мазкур Методиканинг 8-бандида назарда тутилган тегишли ҳужжатлар билан бирга ваколатли органга киритилади.

Ваколатли орган томонидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган Қоидаларда белгиланган тартибда амалга оширилади.


12. Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳалари ишлаб чиқилгач, мазкур Методиканинг 8-бандида назарда тутилган тегишли ҳужжатлар билан бирга ваколатли органнинг ҳудудий органларига киритилади.

Ваколатли органнинг ҳудудий органлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқиш Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномада (рўйхат рақами 2420, 2013 йил 1 февраль) белгиланган тартибда амалга оширилади.


13. Ваколатли орган Регламентда белгиланган муддатларга мувофиқ рақобатга таъсирни баҳолаш ўтказилаётган лойиҳа юзасидан хулоса тақдим этади.

Хулоса икки нусхада тузилади. Бир нусхаси ваколатли органда қолади, иккинчи нусхаси ҳужжатни ишлаб чиққан ташкилотга юборилади.


14. Лойиҳа юзасидан рақобатга таъсирни баҳолаш натижалари ваколатли органнинг хулосаси лойиҳа ишлаб чиқувчи томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим.


15. Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан Регламентга асосан ваколатли органнинг хулосаси лойиҳа билан бирга ҳуқуқий экспертизадан ўтказиши учун Адлия вазирлигига тақдим этилади.


16. Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилганда унга ваколатли органнинг хулосаси мажбурий тартибда илова қилинади.



4-БОБ. "EX-POST" УСУЛИ БЎЙИЧА РАҚОБАТГА

ТАЪСИРНИ БАҲОЛАШ


17. Рақобатга таъсирни баҳолашнинг "ex-post" усули бўйича рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлаш юзасидан амалдаги қонун ҳужжатлари йилига камида икки маротаба хатловдан ўтказилади.


18. Ваколатли органнинг ташаббусига, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига, жамоатчилик назорати субъектларининг таклиф ва тавсияларига, оммавий ахборот воситалари орқали ўрганилган ёки чоп этилган бошқа материалларни ўрганиб чиқиш натижаларига асосан амалга оширилади.


19. Рақобатга таъсирни баҳолашнинг "ex-post" усули бўйича ўтказилганда ваколатли орган ҳамда унинг ҳудудий органлари амалдаги қонун ҳужжатларининг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан хатловдан ўтказади.


20. Ваколатли органнинг ҳудудий органлари ўтказилган хатловлар натижаси юзасидан ваколатли органга белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.


21. Ваколатли орган амалдаги қонун ҳужжатини рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид деб топганида:

юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатлари юзасидан - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тегишли тартибда таклифлар киритади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатлари юзасидан - рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатини белгиланган муддатда бартараф этиш тўғрисида қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдимнома киритади.

Ваколатли органнинг ҳудудий органлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатларини рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид деб топганда улар юзасидан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатини белгиланган муддатда бартараф этиш тўғрисида қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдимнома киритади.



5-БОБ. РАҚОБАТГА ТАЪСИРНИ БАҲОЛАШ

УЧУН АХБОРОТ МАНБАЛАРИ


22. Рақобатга таъсирни баҳолашни ўтказишда расмий ва норасмий ахборотлардан фойдаланилади.


23. Расмий ахборотларга қуйидагилар киради:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

халқаро шартномалар;

расмий эълон қилишлар, шу жумладан интернет жаҳон ахборот тармоғининг расмий ресурслари;

ваколатли давлат органларининг статистик маълумот ва ҳисоботлари;

суд амалиёти.


24. Норасмий маълумотларга қуйидагилар киради:

ваколатли органга нодавлат ташкилотлар ҳамда фуқаролар томонидан киритилган мурожаатлар;

интернет тармоғининг норасмий жаҳон ахборот ресурслари;

тижорат маълумотлари;

жамоатчилик орасидан ўтказиладиган сўровномалар;


25. Ваколатли орган қуйидагиларга ҳақли:

рақобатга таъсирни баҳолаш ўтказилаётган ҳужжат предметига тааллуқли бўлган маълумотлар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда танишишга;

рақобатга таъсирни баҳолаш ўтказилаётган ҳужжатларнинг нормаларига аниқлик киритишга ва улар бўйича тегишли тушунтиришлар олишга;

лойиҳа бўйича манфаатларига алоқадор томонларнинг, шунингдек мустақил экспертлар ва бошқа малакали мутахассисларнинг фикрларини ўрганишга.


26. Ваколатли орган қуйидагиларга мажбур:

рақобатга таъсирни баҳолашни ташкиллаштириш ва ўтказиш учун қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган талабларга риоя қилишга;

рақобатга таъсирни баҳолашни ўтказишда унга маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор этмасликка;

тақдим этилган ҳужжатларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланишини таъминлашга.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


27. Ваколатли органнинг лойиҳалар бўйича берган хулосаси ушбу ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун асос бўлади.


28. Мазкур Методикада қайд этилган масалалар юзасидан келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.


29. Мазкур Методика талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


30. Мазкур методика Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Бош прокуратураси билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 19 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 22 апрель, 16-сон, 329-модда