язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Маданият/ Мусиқа. Хореография. Театр/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.04.2019 й. 329-сон "Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.04.2019 й.

N 329




ДАВЛАТ ТЕАТРЛАРИ ВА КОНЦЕРТ-ТОМОША

МУАССАСАЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Вазирлар Маҳкамасининг "2018-2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида" 2018 йил 5 январдаги 9-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Давлат театрлари тоифаларини белгилаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг билет нархларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

Давлат театрларида саҳналаштириладиган саҳна асарларини яратиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Қуйидагилар давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

миллий истиқлол ғояларига ҳамоҳанг, бадиий жиҳатдан юксак, халқчил саҳна асарларини саҳналаштириш, томоша ва концерт дастурларини яратиш;

халқимиз, айниқса, ёшлар қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат, инсонпарварлик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб саҳна асарлари, томошалар ва концерт дастурлари билан ҳисса қўшиб бориш;

аҳолининг турмуш маданиятини ошириш, миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар, миллий байрамларни тиклаш ҳамда давом эттиришда кўмаклашиш;

театр ва томоша санъатини кенг тарғиб этиш мақсадида мамлакатимиз ва хорижий муассасалар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш;

театр ва томоша санъати олдига қўйилган вазифаларни самарали ташкил этиш учун ходимларнинг малакасини ошириш чораларини кўриш, уларни маънавий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ташаббускорликни рағбатлантиришнинг самарали усулларини жорий этиш;

кўргазмалар, фестиваль, кўрик-танлов, маърузалар, маданият, санъат, илм-фаннинг атоқли арбоблари билан учрашувлар, бенефис, театр спектакллари, махсус тайёрланган дастурлар, дам олиш ва ижодий кечалар, мақсадли театрлаштирилган маросим кечалари ва бошқа томоша тадбирларини ташкил қилиш ва ўтказиш;

мамлакатда ва хорижда театр ва концерт-томоша гастроль фаолиятининг кенг кўламли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


3. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари ўз уставларини бир ой муддатда мазкур қарорга мувофиқ қайта кўриб чиқсинлар.


4. Қуйидагилар давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

пулли хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар;

мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар;

халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бунда давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларига бюджет маблағлари ўз даромадлари билан қопланмаган қисми учун ажратиб берилади.


5. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси давлат театрлари ва концерт ташкилотларининг мақоми тўғрисида" 1992 йил 13 январдаги 11-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                        А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 19 апрель