язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш/ Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.07.1999 й. 327-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 3 июлдаги

327-сон қарорига

ИЛОВА


Молия-хўжалик фаолиятини амалга

оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган

муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини

шакллантирмаган корхоналарни тугатиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Мазкур Низом молия-хўжалик фаолиятини олти ой мобайнида амалга оширмаётган корхоналарни (талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари бўйича уч ой мобайнида операцияларни ўтказмаган савдо, савдо-воситачи корхоналарни), шунингдек қонунчиликда белгиланган муддатда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартибини белгилаб беради.

1.2. Мазкур Низомда "молия-хўжалик фаолияти" атамаси остида корхоналарнинг маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ҳамда бухгалтерия-молия, ҳисоб-китоб ва товарга илова ҳужжатларини юритиш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш фаолияти тушунилади.

1.3. Корхоналарни тугатиш учун:

корхона муассислари (қатнашчилари)нинг қарори (ихтиёрий тугатиш);

иқтисодий суд қарори асос бўлиб ҳисобланади;

оилавий корхонада ягона қатнашчи қолиши.

Корхонани ихтиёрий тугатиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

1.3-1. Ушбу Низом қоидалари:

банклар ва кредит бюроларини;

давлат органларини, нодавлат нотижорат ташкилотларини, шу жумладан уларнинг юридик шахслар ҳисобланадиган алоҳида бўлинмаларини (ваколатхоналари ва филиалларини), шунингдек халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиалларини;

суд томонидан банкрот деб эълон қилинган корхоналарни тугатишда қўлланилмайди.

1.4. Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналар фаолиятини бундан буён давом эттиришининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш, шунингдек корхоналарни тугатиш жараёнини иқтисодий судлари қарорлари бўйича амалга ошириш (уларнинг муассислари, қатнашчилари уларни тугатишга рози бўлмаган, шунингдек кўрсатиб ўтилган шахслар турар жойини аниқлаш ва уларни тугатиш жараёнига жалб этишни таъминлаш мумкин бўлмаган ҳолатларда) туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар (кейинги ўринларда махсус комиссия деб аталади) томонидан амалга оширилади.

1.5. Мазкур Низом 3-бўлимининг амал қилиши давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарга ҳамда муассислари (қатнашчилари)нинг ёки улар томонидан вакил қилинган органларнинг турар жойини аниқлаш мумкин бўлмаган корхоналарга, 4 ва 5-бўлимларда назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган, жорий этилади.



II. ТУГАТИЛАДИГАН КОРХОНАЛАРНИ

АНИҚЛАШ ВА ҲИСОБГА ОЛИШ ТАРТИБИ


2.1. Савдо ва савдо-воситачи корхоналар томонидан уч ой мобайнида, бошқа хўжалик юритувчи субъектлар - юридик шахслар томонидан эса - олти ой мобайнида банк ҳисоб рақамлари бўйича пул операцияларини ўтказган ҳолда молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаган ҳолларда тижорат банклари уч кун муддатда у ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ хизмати органига ахборот тақдим этади, ахборотда қуйидагилар кўрсатилади:

банкда ҳисоб рақами очилган ва охирги операция ўтказилган сана;

банк ҳисоб рақамларида пул маблағларининг мавжудлиги;

мавжуд дебиторлик ва кредиторлик қарзларнинг, кредиторлар рўйхати кўрсатилган ҳолдаги 2-картотеканинг мавжудлиги;

корхонанинг мансабдор шахслари.

Банк ҳисоб рақамлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида суднинг тегишли қарори тақдим этилган тақдирда банклар кейинги иш кунидан кечикмай хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб рақамларини ёпадилар.

Бунда хўжалик юритувчи субъектларнинг ёпилаётган ҳисоб рақамларидаги маблағлар қолдиқлари фойдаланиш ҳуқуқисиз тижорат банклари томонидан махсус ҳисоб рақамларига ўтказилади, хўжалик юритувчи субъектнинг тўлов учун банкга тақдим этилган кредиторлик қарзи эса кўзда тутилмаган ҳолатлар алоҳида ҳисоб рақамига ўтказилади.

Хўжалик юритувчи субъектлар номига тушган маблағлар уларнинг банкдаги ҳисоб рақамлари ёпилгандан кейин фойдаланиш ҳуқуқисиз махсус ҳисоб рақамларига ўтказилади.

Фойдаланиш ҳуқуқисиз махсус ҳисоб рақамларида жамланган маблағлар тижорат банклари томонидан биринчи навбатда хўжалик юритувчи субъектларнинг бюджетдан ва бюджетдан ташқари фондлардан қарзини тўлашга, қолган сумма эса - тўловларнинг календарь навбати бўйича уларнинг кредиторлик қарзини тўлашга йўналтирилади.

2.2. Солиқ органи банк муассасасидан мазкур Низомнинг 2.1-бандида кўрсатилган маълумотлар олинган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда молия-хўжалик фаолиятини сўнгги олти ой мобайнида амалга оширмаган корхоналарни (банк операцияларини уч ой мобайнида амалга оширмаган савдо, савдо-воситачи корхоналарни), шу жумладан:

давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини бошламаган;

мол-мулкка эга бўлмаган ва (ёки) мол-мулкини аниқлаш мумкин бўлмаган (бундан кейин мол-мулки бўлмаган корхоналар деб аталади);

муассислари (қатнашчилари)нинг турар жойини аниқлаш, тугатиш жараёнига мазкур шахсларни жалб қилишни таъминлаш имкони бўлмаган (бундан кейин муассислари бедарак бўлган корхоналар деб аталади, корхоналарни аниқлайди.


2.3. Қонунчиликда белгиланган муддатда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни аниқлаш рўйхатдан ўтказган орган томонидан амалга оширилади.


2.4. Солиқ органлари, қонунчиликда белгиланган муддатларда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарнинг аниқланишига кўра, рўйхатдан ўтказувчи органга мол-мулки бўлмаган ва (ёки муассислари бедарак бўлган корхоналарни тугатиш тўғрисида тақдимнома юборади.

Қолган корхоналар бўйича корхоналарни тугатиш бўйича тегишли ҳудудий махсус комиссияга корхоналар фаолиятини бундан кейин давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида сўровномалар юборилади.


2.5. Рўйхатдан ўтказувчи орган махсус комиссияга қонунчиликда белгиланган муддатда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналар фаолиятини бундан кейин давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида сўровнома юборади.


2.6. Махсус комиссия корхона фаолиятини бундан кейин давом эттиришнинг мақсадга мувофиқ эканлиги ёхуд мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида:

солиқ органига - қонунчиликда белгиланган муддатда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган корхоналар бўйича;

рўйхатдан ўтказувчи органга - қонунчиликда белгиланган муддатда ўз устав жамғармасини шакллантирмаган корхоналар бўйича бир ҳафта муддатда хулоса (қарор) юборишга мажбурдир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорларига мувофиқ ташкил этилган корхоналар бўйича хулоса махсус комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда қабул қилинади.


2.7. Махсус комиссия томонидан корхона фаолиятини бундан кейин давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда:

молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналар бўйича - протокол билан молия-хўжалик фаолиятини тиклаш учун муддат белгиланади ва назорат қилиб борилади;

қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналар бўйича - устав жамғармасини шакллантириш учун муддат белгиланади ва назорат қилиб борилади.


2.8. Солиқ органи махсус комиссиянинг мазкур Низомнинг 2.6-бандида назарда тутилган хулосасини (қарорини) олган кундан бошлаб уч кун муддатда корхоналарнинг давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар бўйича қарзларини аниқлайди ва:

солиқлар ҳамда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар бўйича қарзлари бўлмаган корхоналар бўйича - уларни тугатиш тўғрисидаги тақдимномани ва махсус комиссия хулосасини рўйхатдан ўтказувчи органга юборади;

давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар бўйича тўланмаган қарзлари мавжуд корхоналар бўйича - уларнинг солиқ қарзларини ундиради ёки умидсиз солиқ қарзлари мавжуд корхоналарни белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш чораларини кўради.

Агар давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар бўйича тўланмаган қарзлар солиқ хизмати органи томонидан ундирилса, у ҳолда солиқ хизмати органи уч кун муддатда корхонани тугатиш тўғрисидаги тақдимномани ва махсус комиссия хулосасини рўйхатдан ўтказувчи органга юборади.

2.9. Рўйхатдан ўтказувчи орган молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (фаолият кўрсатмаётган корхоналар) ва қонунчиликда белгиланган муддатда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган сифатида тугатиладиган корхоналар реестрини юритади.


2.10. Рўйхатдан ўтказувчи органлар фаолият кўрсатмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддат мобайнида устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналар реестрига киритилган корхоналар тўғрисида улар бўйича алоҳида ҳисоб олиб борувчи тегишли статистика органларига ҳар ойда маълумотлар тақдим этади.

Кўрсатиб ўтилган реестрга устав жамғармасини қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида шакллантирмаган акциядорлик жамияти шаклидаги корхона тўғрисида ёзувлар киритишда рўйхатдан ўтказувчи орган бундай ёзувлар киритилган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда бу тўғрида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи давлат ваколатли органини хабардор қилади.


III. КОРХОНАЛАРНИ ТУГАТИШ ТАРТИБИ


3.1. Рўйхатдан ўтказувчи орган молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатда ўз устав жамғармасини шакллантирмаган корхоналар фаолиятини бундан кейин давом эттиришнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида солиқ органининг тақдимномасини ёки махсус комиссиянинг хулосасини олган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда муассисларга (қатнашчиларга) асосларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда, корхонани ихтиёрий тугатишни таклиф этади.

Агар корхона икки ҳафта муддатда (акциядорлик жамияти - бир ой муддатда) ихтиёрий тугатишга киришмаган ёхуд корхона муассислари (қатнашчилар) ихтиёрий тугатишни амалга оширишни рад этган, шунингдек кўрсатиб ўтилган шахсларни аниқлаш мумкин бўлмаган тақдирда, рўйхатга олувчи орган бир ҳафта муддатда иқтисодий судга корхонани тугатиш тўғрисидаги даъво аризасини белгиланган тартибда юборади.

Иқтисодий суд томонидан корхонани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда тугатиш жараёни унинг топшириғига кўра махсус комиссия томонидан амалга оширилади.

3.2. Корхонани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган иқтисодий суд бу ҳақда корхонани давлат рўйхатидан ўтказган органга, махсус комиссияга, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи давлат ваколатли органига (агар корхона акциядорлик жамияти бўлса) ёзма равишда хабар бериши шарт. Бунинг асосида:

рўйхатдан ўтказувчи орган юридик шахсларнинг давлат реестрига корхона тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади;

махсус комиссия корхонани тугатишни амалга оширишга киришади;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи давлат ваколатли органи Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқариш Ягона давлат реестрига тегишли ёзувларни киритади.

3.5. Иқтисодий суднинг қарори кучга кирган вақтдан бошлаб корхона ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар махсус комиссияга ўтади.

3.6. Махсус комиссия корхонанинг пул маблағларини миллий ва хорижий валютадаги ягона ҳисобварақларини (тугатиш ҳисоб рақамини) жамлаш бўйича корхонага хизмат кўрсатувчи банкка топшириқ юборади. Корхонага хизмат кўрсатувчи банк бир ҳафта муддатда корхонанинг пул маблағларини миллий ва хорижий валютадаги ягона ҳисобварақларида жамлайди ва тугатиш ҳисоб рақамидаги қолдиқлар тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда махсус комиссияга тақдим этади.

Махсус комиссия уч кун муддатда бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълон берилишини ташкил этади. Тугатиш тўғрисидаги эълонда юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, кредиторларнинг талаблари кўрсатилган аризаларни қабул қилиш муддати кўрсатилади, бу муддат мазкур эълон чиқарилган вақтдан бошлаб икки ойдан кам бўлмаслиги керак.

Махсус комиссия:

кредиторларни аниқлаш чора-тадбирларини кўришга ва уларни юридик шахснинг тугатилиши тўғрисида хабардор қилишга;

дебиторлик қарзларни ундириб олишга;

корхонанинг мавжуд мол-мулкини хатловдан ўтказишга мажбур.

Кредиторлар томонидан талаблар тақдим этиш муддати тугагандан сўнг махсус комиссия тугатилаётган корхона мол-мулки таркиби тўғрисидаги маълумотлар, Кредиторлар томонидан қўйилган талаблар рўйхати, шунингдек уларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилган оралиқ тугатиш баланси лойиҳасини тузади ва келишиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга юборади, унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

корхонани тугатиш жараёни бошланганлиги тўғрисида матбуот органларида берилган эълоннинг нусхаси;

хизмат кўрсатувчи банкнинг тугатиш ҳисобварағида маблағларнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотномаси ва мавжуд кредиторлик қарзлари бўйича маълумотлар;

Кредиторлар ёзма равишда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси.

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар олинган вақтдан бошлаб уч кун мобайнида рўйхатдан ўтказувчи орган оралиқ тугатиш баланси лойиҳасига розилик берганлиги ёки рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда розилик беришни рад этганлиги тўғрисида ёзма хабар бериши шарт.

Оралиқ тугатиш баланси рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишилгандан кейин махсус комиссия томонидан тасдиқланади.

3.7. Тугатилаётган корхона кредиторларига пул маблағлари оралиқ тугатиш балансига мувофиқ, у тасдиқланган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 56-моддасида белгиланган навбатга кўра махсус комиссия томонидан тўланади.

Агар тугатилаётган корхонанинг мавжуд пул маблағлари Кредиторлар талабларини қондириш учун етарли бўлмаса махсус комиссия корхонанинг мол-мулкини қонунчиликда белгиланган тартибда сотади.

Молия хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган тугатилаётган корхоналарнинг маблағлари ва мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда, уларнинг бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий тўловлар бўйича тўланмаган қарзлари давлат солиқ хизмати органлари томонидан умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш учун белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.

Давлат солиқ инспекциялари ҳисобдан чиқарилган умидсиз солиқ қарзи суммаларининг ҳисобини юритади.

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича тўланмаган қарзларнинг пайдо бўлишига йўл қўйган тугатилаётган корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан материаллар давлат солиқ хизмати органлари ва бюджетдан ташқари жамғармалар томонидан айбдор шахсларни қонун билан белгиланган жавобгарликка тортиш ва давлатга етказилган моддий зарарни қоплаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига берилади.


3.8. Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тугаллангандан кейин махсус комиссия кредиторлар билан ҳисоб-китобларни тасдиқловчи банк тўлов ҳужжатлари нусхаларини илова қилган ҳолда тугатиш баланси лойиҳасини тузади ва келишиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга юборади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган ҳужжатлар олинган вақтдан бошлаб уч кун мобайнида тугатиш баланси лойиҳаси келишилганлиги ёхуд, рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда, келишиш рад этилганлиги тўғрисида ёзма билдиришнома бериши шарт.

Тугатиш баланси ҳудудий махсус комиссия томонидан тасдиқланади.

3.9. Юридик шахснинг Кредиторлар талаблари қондирилгандан ва тугатиш баланси тасдиқлангандан сўнг қолган мол-мулки, қонунчиликда бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, унинг ушбу мол-мулкка мулкий ҳуқуқларга ёки шу юридик шахсга нисбатан мажбурий ҳуқуққа эга бўлган муассислари (қатнашчилари)га берилади.


3.10. Махсус комиссия банкдаги тугатиш ҳисоб рақамини ёпади, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ҳамда муҳрни, бурчакли ва бошқа штампларни йўқ қилиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга топширади.

Махсус комиссия томонидан корхонанинг муҳри, бурчакли ва бошқа штампларини, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани топиш имкони мавжуд бўлмаса, уларнинг бекор қилиниши тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон беради ва мазкур эълонни рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этади.

Корхонанинг товар белгиси мавжуд бўлса махсус комиссия тегишли органларга корхонанинг тугатилиши муносабати билан товар белгисининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ҳақида хат жўнатади.

Махсус комиссия тугатиш ишлари тугалланганлиги тўғрисидаги (қолган мол-мулк тақсимотини ҳисобга олган ҳолда) протоколни расмийлаштиради ва тасдиқлайди.

3.11. Корхонанинг тугатиш ҳужжатлари тўлиқ пакети тўплангандан сўнг махсус комиссия тугатилаётган корхонани юридик шахсларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилади:

солиқ органининг давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар бўйича қарзларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосаси;

тугатиш ишлари якунланганлиги тўғрисидаги Махсус комиссия протоколи;

корхона ҳужжатларининг Давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотнома.

3.12. Рўйхатдан ўтказувчи орган юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар асосида уч кун муддатда корхонани унинг тугатилиши муносабати билан юридик шахслар давлат реестридан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади ва юридик шахслар давлат реестрига бу ҳақда ёзиб қўяди ҳамда туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига, корхонага хизмат кўрсатувчи банкка, статистика ва солиқ органига хабар юборади, улар корхонани бир иш куни мобайнида ҳисобдан чиқаришлари шарт.

Юридик шахслар давлат реестрига тугатиш ҳақида ёзиб қўйилгандан сўнг корхонани тугатиш якунланган, корхона эса мавжуд эмас деб ҳисобланади.



IV. ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИЛГАН ВАҚТДАН

БОШЛАБ МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА

ОШИРМАЁТГАН КОРХОНАЛАРНИ ТУГАТИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


4.1. Давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилишда ҳудудий махсус комиссия қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

корхонанинг тугатилиши тўғрисида матбуотда эълон беради;

хизмат кўрсатувчи банк ҳисобварағини ёпади;

рўйхатдан ўтказувчи органга корхонани давлат реестридан чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади ҳамда агар, мавжуд бўлса, йўқ қилиш учун муҳр ва штампларни топширади.

Махсус комиссия томонидан корхонанинг муҳри, бурчакли ва бошқа штампларини, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани топиш имкони мавжуд бўлмаса, уларнинг бекор қилиниши тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон беради ва мазкур эълонни рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этади.

4.2. Матбуотда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълон чиққандан сўнг камида бир ойдан кейин қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилганда корхона рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат реестридан чиқарилиши мумкин:

корхонани унинг тугатилиши муносабати билан юридик шахслар давлат реестридан чиқариш тўғрисидаги ариза;

иқтисодий суднинг корхонани тугатиш тўғрисидаги қарори;

агар мавжуд бўлса - давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

хизмат кўрсатувчи банк ҳисобварағи ёпилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

солиқ органининг корхона давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги тўғрисидаги маълумотномаси;

корхонанинг тугатилиши тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

Шундан кейин тугатиш жараёни мазкур Низомнинг 3.12-бандига мувофиқ амалга оширилади.


V. МУАССИСЛАРИ БЕДАРАК БЎЛГАН

КОРХОНАЛАРНИ ТУГАТИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


5.1. Муассислари бедарак бўлган корхоналар бўйича рўйхатдан ўтказувчи органлар матбуотда улар томонидан корхоналарни тугатиш жараёнининг бошланиши тўғрисида эълон берадилар ҳамда айни пайтда:

ички ишлар органларига муассислар ва мансабдор шахсларни қидириш чора-тадбирларини кўриш;

мазкур корхоналарга хизмат кўрсатувчи банк муассасаларига -уларнинг банк ҳисобварақларини белгиланган тартибда ёпиш учун тегишли ахборот юборадилар.


5.2. Агар уч ойдан сўнг муассислар (қатнашчилар) келмаса ёки топилмаса, рўйхатдан ўтказувчи орган бир ҳафта муддатда корхонани тугатиш тўғрисида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилади.

5.3. Иқтисодий суд томонидан корхонани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда тугатиш жараёни унинг топширигига кўра ҳудудий махсус комиссия томонидан амалга оширилади. Корхонани тугатиш мазкур Низомнинг 3.5.-3.12 ёки 4.1-4.2-бандларига мувофиқ амалга оширилади.

5.4. Корхонани тугатиш жараёни тугаллангандан сўнг қолган мол-мулк тегишли орган томонидан эгасиз мол-мулк сифатида ҳисобга олинади. Тугатиш жараёни тугаллангандан сўнг қолган пул маблағлари мавжуд бўлган тақдирда махсус комиссия улар ҳисобига мол-мулк сақланишини ташкил қилади. Сақлаш муддати тугатиш жараёни тугаллангандан кейин уч йилдан ошмаслиги керак. Пул маблағлари мавжуд бўлмаганда ёки уч йиллик муддат мобайнида сақлаш учун сарфланиб бўлган тақдирда, мол-мулк сақланмайди ва сотиб юборилади. Тушган маблағлар, операция харажатларидан ташқари, банкда ушбу мақсад учун махсус очиладиган ҳисобвараққа ўтказилади. Кўрсатиб ўтилган маблағлар бедарак бўлган муассислар (қатнашчилар) мулки ҳисобланади ва корхона тугатилган вақтдан камида уч йилдан сўнг маҳаллий бюджетга ўтказилиши керак.