ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Мусиқа. Хореография. Театр /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.05.2019 й. 370-сон "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги "Турон" театр студияси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.05.2019 й.

N 370




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУДОФАА

ВАЗИРЛИГИНИНГ МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ

МАРКАЗИ ҲУЗУРИДАГИ "ТУРОН" ТЕАТР СТУДИЯСИ

ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил зтилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 13 декабрдаги Ф-5413-сон фармойишига мувофиқ ҳамда театр санъати ёрдамида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинлари шахсий таркибида фуқаролик ва ҳарбий бурчга садоқат, Ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантириш, ҳарбий жамоаларда соғлом ахлоқий-руҳий муҳитни ва ҳарбий интизомни янада мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Маданият вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги "Турон" театр студиясини Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги "Турон" ҳарбий театри" давлат муассасасига (кейинги ўринларда Театр деб аталади) айлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Театрнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши асарларини, шунингдек, ўзбек халқининг бой маданиятини, буюк аждодларимизнинг меросини, урф-одатларимизни, ота-боболаримиз ҳамда замондошларимизнинг юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлидаги жасоратини мадҳ этувчи, халқ ва армия бирлигини, Ватанга муҳаббат ва Ватанга қасамёдга содиқликни тараннум этувчи бадиий асарларни тарғиб қилиш;

ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавиятини ва уларнинг санъатга бўлган қизиқишларини кучайтириш, ёшларга ўзбек миллий театр санъати тарихи асосларини, театр санъати ёрдамида маданий-маърифий ва ижодий-бадиий соҳаларда эришилган ютуқларни таништириш;

ёшларнинг ижодий фаоллигини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, театр санъатига янги усулларни миллий руҳга мослаштирган ҳолда жорий этиш;

ўзида ватанпарварлик, инсонийлик, миллийлик, буюк аждодларимизнинг тарихини акс эттирган спектаклларни намойиш этиш;

турли маданий-маърифий тадбирлар, гастроллар, танловлар, таниқли санъат арбоблари билан учрашувлар ва форумлар, режиссёр ва актёрлар учун маҳорат дарслари ва ўқув тренингларини ташкил этиш, ёшларга жаҳон маданияти ва санъатининг ёрқин намуналарини таништириш орқали уларнинг маънавий ўсишига кўмаклашиш;

давлат ва жамиятда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари обрўсини, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасида ҳарбий хизматнинг жозибадорлигини оширишда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинлари шахсий таркибини Ватанга муҳаббат, конституцион ва ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялашга кўмаклашиш, ҳарбий хизматчиларда юксак маънавий-ахлоқий хусусиятларни шакллантириш ва ривожлантириш;

ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг маънавий эҳтиёжларини қондириш, уларни бадиий ижодга фаол жалб қилиш.


3. Белгилаб қўйилсинки:

Театрнинг бадиий-раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июндаги 458-сон қарори билан тасдиқланган Концерт ташкилотлари ва саройлари (театр-концерт саройлари)нинг маъмурий-бошқарув ва бадиий-раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари миқдорларининг учинчи гуруҳи, ижодий (артист) ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш эса - ушбу қарор билан тасдиқланган Театрлар артист ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари миқдорларининг драма театри ходимлари учун белгиланган миқдорларда амалга оширилади;

Театр фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, чипта сотиш ва пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

бир ой муддатда Театрнинг тузилмаси, штатлар жадвали ҳамда уставини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

Театрни Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Авиасозлар кўчаси, 1/1-уй манзилидаги Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат марказининг биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги мунтазам равишда тажрибали театр ижодкорлари ва мутахассисларини жалб этган ҳолда Театр ижодий жамоасига муассаса фаолиятини йўлга қўйиш, моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, шу жумладан репертуарларнинг ғоявий-бадиий савиясини ошириш, спектаклларнинг таъсирчанлигини кучайтириш юзасидан услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонни амалга ошириш масалалари ҳақида" 1995 йил 28 октябрдаги 415-сон қарорига 1-илованинг "Тошкент шаҳри" кичик бўлимига "Турон" ҳарбий театри давлат муассасаси" сўзлари қўшилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Б.Н. Курбанов ва Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 3 май


































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск